FATTOHHON.COM
« Все новостиБундан 16 йил муқаддам, яъни 2000 йил ёшларнинг жамиятимиз маънавий ҳаётини юксалтиришдаги муҳим ўрнини инобатга олиб, ўзининг эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги соҳасидаги маҳорати билан одамларнинг юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган, 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшларни мунтазам рағбатлантириб бориш мақсадида таъсис этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун "Ниҳол” мукофоти танлови, ҳар бир қатнашчининг истеъдоди ва ижро маданиятининг ўзига хослигини, бадиий маҳорати ва савиясини, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлиги билан алоҳида ажралиб туришини, бунинг баробарида халқимиз маънавиятини юксалтириш, мустақиллик ғоялари ва жамиятимизда амалга оширилаётган маданий-маърифий ислоҳотлар моҳиятини санъат воситасида тарғиб қилишида омил вазифасини ўтаяпти.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун "Ниҳол” мукофоти танловининг туман(шаҳар) ҳамда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар саралаш босқичларини ўтказиш ҳақида”ги мажлис баёни ижросини таъминлаш мақсадида изчил ишлар олиб борилди.
Жумладан, 2016 йилнинг 1-2 ноябрь кунлари Урганч шаҳридаги 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси, вилоят халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий-методик маркази, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида танловнинг вилоят босқичи ўтказилди. Танлов иштирокчиларининг профессионал тайёргарлиги, бадиий ижрочилик маҳорати, репертуар савияси (мусиқа, матн), ижтимоий фаоллиги, инсоний фазилатлари, саҳна ва кийиниш маданияти сингари омиллари маданият ва санъат соҳасидаги етук мутахассислар томонидан холисона баҳолаб борилди. Якуний сарҳисобларга кўра, 16 нафар ёш ижрочи вилоят босқичининг ғолиб ва совриндори бўлишди.
Қашқадарё вилоятида ҳам, вилоят, шаҳар ва туман саралаш босқичлари юқори савияда ташкил қилинди. Қашқадарё вилоятининг якуний босқичи 2 кун давом этиб, биринчи куни номзодлар 5 номинация бўйича куч синашдилар ва иккинчи куни эса, танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида гала-концерт ўтказилди.
Танлов Сурхондарё вилоятида ҳам, юқори савияда ташкил қилиниб, номзодлар истеъдоди ва ижро маданиятининг ўзига хослиги, бадиий маҳорати ва савияси, миллий санъатимизнинг юксак намуналаридан бохабарлиги билан ажралиб туриши каби танлов Низомида белгиланган шартлар бўйича беллашдилар.
Ҳакамлар хулосасига кўра, номзодлар “Эстрада санъати”, “Мусиқа ижрочилиги”, “Мумтоз қўшиқ”, “Рақс санъати”, “Опера ижрочилиги” каби йўналишлар бўйича ғолиб деб топилди ва Республика босқичига тавсия қилинди.
«Ниҳол» мукофоти танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат мусиқий театрида ўтказилди.
Танловнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири М.Айтниязов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, давлат мукофотларининг лауреати, Қорақалпоғистон Республикаси бастакорлар уюшмаси раиси Н.Муҳаммеддинов ва Ўзбекистон Қуролли кучлар маркази ашула ва рақс ансамли бастакори М.Нурматовлар сўзга чиқишди.
Танлов якунида “Опера”, “Мусиқа”, “Анъанавий ижро”, “Рақс”, “Эстрада” йўналишлари бўйича ғолиб бўлган иштирокчиларга кейинги босқичга йўлланма берилди.
Эртасига «Ниҳол» мукофоти ғолиблари иштирокида «Биз, Ватан фарзандлари - умид ниҳолларимиз!» шиори остида ҳисобот концерти юқори савияда уюштирилди.
"Ниҳол” мукофоти танловининг Фарғона вилояти босқичи ҳам юқори савияда ўтказилиб, унда 53 нафар иштирокчи эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этишди. Улардан ҳам, ғолиб бўлган энг маҳоратли ёшлар Республика босқичига номзод бўлишди.
"Ниҳол” мукофоти кўрик-танловининг вилоят босқичи Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Унда танловнинг дастлабки шаҳар, туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ёшлардан 83 нафари иштирок этишди ва Номзодлар низом шартларига кўра санъатнинг бешта йўналишида ўз иқтидорларини томошабинлар ва ҳакамлар ҳукмига ҳавола қилишди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир номзоднинг саҳна маданияти, либослари, танланган асарларининг ғоявий жиҳатдан долзарблиги, овоз ва соз уйғунлигининг мутаносиблигига, шунингдек, репертуар танлашдаги иқтидорларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланиб, ғолиб бўлган истеъдодли номзодлар Республика босқичига тавсия этилди.
Ҳакамлар ҳайъатининг ҳал қилув йиғилишида "Ниҳол” кўрик-танлови Республика кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов иштирок этиб, ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Самарқандда бўлиб ўтган "Ниҳол” мукофоти танловининг вилоят босқичида 60 га яқин ёшлар мумтоз қўшиқ, эстрада, мусиқа, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этишди. Тажрибали қўшиқчи ва мусиқашунослар, балетмейстерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати, ҳар бир иштирокчининг чиқишини муносиб баҳолади ва барча йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма берилди.
Наманганда бўлиб ўтган Танловда эса, сараланган 52 нафар истеъдодли ёшлар ўзаро беллашдилар. Танловнинг Республика босқичига 9 нафар истеъдодли ёшлар тавсия этилди. 15 нафар ёшлар эса фаол иштироки учун диплом, фаҳрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят мусиқали драма театрида "Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирокида "Биз, Ватан фарзандлари - умид ниҳолларимиз!” шиори остида концерт дастури ва тақдирлаш маросими уюштирилди.
Вазирлик Матбуот хизмати