FATTOHHON.COM
« Все новости- Маълум бир танаффусдан сўнг, саҳнага чиққанда, концертнинг илк дақиқаларида айнан нимани ҳис қилдингиз?
- Концертнинг биринчи куни, албатта ҳаяжонландим. Концертнинг бошланиши, энг ҳаяжонли дақиқалар бўлди! Кейин, иккинчи, учинчи кунларда эса, томошабинларнинг шунчалик кучли қўллаб-қувватлаётганликларини кўриб, ҳис қилиб, ҳаяжон ҳам ўз-ўзидан йўқолди. Саҳнага чиққанимда ўзимни чинакамига бахтиёр ҳис қилдим!
- Узоқ кутилган бу концертдан сиз ўзингиз қандай натижа кутган эдингиз ва натижа сиз кутгандек бўлдими?
- Натижа кутганимдан ҳам кўпроқ ва юқорироқ бўлди! Мен залдаги томошабинлар билан мулоқотда бўлишни истагандим! Лекин, бу мулоқотни бунчалик бўлишини, яъни томошабинлар ўзларининг севган хонандасига шунчалик дилдан яқин бўлиб, қўллаб-қувватлашларини ўйламаган ҳам эдим! Одатда, томошабинларни концерт дастурларини оғир-босиқлик билан кўришларига кўникиб қолганмиз, лекин бу ерда менинг мухлисларим мени ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қўллаб-қувватлашди! Бунчалик бўлишини кутмаган эдим!
- Концертда сизни энг қийнаган ҳолат?
- Саҳна жуда сирпанчиқ эди! (кулади) Баланд пошнада рақсга тушиш, жуда қийин бўлди! Азотдан фойдаланилганига саҳна янада сирпанчиқ бўлиб қолганди!
- Рақслар жуда ҳам ажойиб бўлди! Қанча вақт тайёргарлик кўрдингиз?
- 3 ой! Шунча вақт давомида тинимсиз тайёрланиб, машқ қилинди! Ғояларни тўлиқ ўйлаб чиқиш учун эса, 1 йил вақт кетди!
- Концертда қалбингизга энг яқин қўшиқ қайси бўлди?
- Ҳар бир қўшиқ қалбимга жуда яқин эди! Бу концерт дастурини тузишимга жуда узоқ вақт кетди! Таҳлил қилишим ва қўшиқлар танлашим учун жуда кўп шаҳарларни кезиб чиқишимга тўғри келди! Дастурдаги ҳар бир қўшиқ шунчаки янграмаслигига ва ортиқча бўлиб қолмаслигига катта аҳамият бердим! Бутун бир йил давомида репертуар туздим! Лекин, қўшиқлар орасида, “Отмагай тонг” қўшиғини куйлаш энг мени катта орзуйим эди! Бу мен учун жуда муҳим қўшиқлардан бири бўлди! Чунки, мен илк бор ўзимни мақом йўналишида синаб кўрдим! Кўпдан шу ҳақида ўйлардим, аммо вақти-соати шу концертда экан!
- Қайси номер концертда сиз учун энг мураккаби эди?
- Бадиий жиҳатдан ҳам, хореография ва театрлаштирилганлиги тарафлама ҳам, янгилик бўлган ва қизиқарли номер, бу “Билмайсан” қўшиғидаги номер бўлди!
- Қизингиз Шаҳинанинг концертингизда “Эркатой” қўшиғини куйлаб чиқиши, бу кимнинг ғояси эди?
- Бу энг ҳаяжонли ва таъсирли лаҳзалар бўлди! (меҳр билан кулиб) Бу қизим иккимизнинг ғоямиз эди! У жуда ақлли қиз, барчасини уддалади! Тўғриси, мендан ҳам кўра концертни у кўпроқ кутди ва ҳаяжонланди, назаримда. Чунки, у ҳар тонг концертга неччи кун қолганлигини менга эслатиб турди! “Ойижон, бугун концертга 20 кун қолди, ойижон бугун концертга 19 кун қолди...” (кулади) Ниҳоят, концерт кунлари ҳам етиб келди ва у ўз вазифасини қойилмақом тарзда амалга оширди!
- Бу йил концертда кўпгина қўшиқларингизни жонли ижрода куйладингиз.
- Биласизми, бу жуда ажойиб бўлди! Мен жуда кўп гастролларда бўлганимда, англадимки, жонли ижро орқали сен томошабинга жонли эмоция бера оласан, бемалол қалбдан куйлайсан, бу шундай бир роҳатки, таърифлаш қийин!
- Концерт режиссёри ким бўлди? Тайёргарликлар қандай кечди? Бу концертингизда экранлардан бутунлай воз кечганингиз кутилмаган ҳолат бўлди!
- Концерт режиссёри Татьяна Круглова. Бу инсон ҳақида алоҳида айтиб ўтишни истардим, чунки бирор ғояни ўйлаш бу ишнинг ярми бўлса, буни амалга ошириш, қолган ярмини ташкил этади. Бу икки жиҳат уйғунлашиши керак, бу инсон эса, айнан мени тўлдириб, ғоямни амалга ошира олган инсон! Биз бир-биримизнинг фикрларимизни жуда яхши тушунамиз! Мен унга концертда, саҳнада ҳеч қандай экранлар бўлмаслиги, улар менга ҳамма шоуларимда ҳалақит бериб, эътиборимни чалғитганлиги ҳақида айтганимда, мени дарҳол қўллаб-қувватлади! Ваҳоланки, кўплар ўша вақтда, бу ғояга қаттиқ шубҳа билан қарашди! Улар экранлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди, деган фикрда бўлишди ҳам. Шундай пайтда, ижодий гуруҳда сен кўра олган жиҳатни кўра оладиган, фикрингга қўшилиб, қўллаб-қувватлайдиган ва уни амалга оширишда ёрдам бера оладиган шундай инсоннинг бўлиши жуда ҳам муҳим!
- Ўз қўшиқларингиз билан бу гал томошабинларга нима демоқчи бўлдингиз?
- Ўйлайманки, айтмоқчи бўлган гапларимнинг барчасини айта олдим ва томошабинлар ҳам буни эшитишди, тушунишди. Чунки, ҳар бир қўшиғимнинг ўз қиссаси бор, ҳар бир қўшиғим шунчаки куйланмаган. Мен ҳар бир қўшиқнинг сўзларига алоҳида аҳамият бераман ва ҳар бир қўшиқ устида жуда узоқ ишлайман! Ҳар бир қўшиқ устида ойлаб ишлаб, ҳар битта сўзини қайта ишлаб, қайта-қайта куйлаб, ҳаттоки қайта аранжеровка қилдириб, токи кўнглим тўлмагунча, мукаммал бўлмагунча қайта ишлайвераман! Битта қўшиғимнинг яратилишига ҳаттоки ярим йиллаб ва ундан узоқ ҳам вақт кетиши мумкин! Одатда мен ҳеч қачон, ҳеч ким билан рақобатлашмайман ҳам! Мен ўзим ёқтирган иш, яъни ижод қиляпман! Мен учун, ўзим кечаги кунимдан бугун яхшироқ бўлишим муҳим. Мен концертда ўз қўшиқларим орқали томошабинлар билан ўз эмоциям ва меҳримни бўлишгим келди, улар билан жонли мулоқотда бўлгим келди ва мақсадимга эриша олдим! Бу концертда мухлисларим мени астойдил қўллаб-қувватлаганликларига гувоҳ бўлдим, уларнинг сони янада кўпайганлигини сездим, уларни қайтадан ўзим учун кашф этдим, мени ижодимга астойдил қизиқишларини билдим! Бу концертдан жуда юқори завқ, роҳат олдим, ҳамда залдаги мухлисларимнинг ҳар бирини меҳрини ҳис қилдим! Бу мен учун жуда қадрли бўлди! Барча мухлисларимга раҳмат!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова