FATTOHHON.COM
« Все новости“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 12-17 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Эртанги кун бизники, марра бизники” шиори остида “Ёшлар ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда.
12 декабрь куни мазкурнинг ҳафталикнинг очилишига бағишланган Матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур Матбуот анжуманида Ўзбекистон “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси, Ташкилий Қўмита Раиси Баҳодир Ғаниев, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси Бош директори Фарҳод Жўраев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Отабек Мусаев ва бошқалар масъул шахслар иштирок этишди ва мазкур лойиҳа ва ундаги Тадбирлар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.
Мазкур лойиҳа “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 2015 йил 10 декабрдаги 65-сонли мажлис баёни билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”га мувофиқ ўтказилмоқда.
“Ёшлар ҳафталиги” 7 йўналишдаги лойиҳадан иборат бўлиб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, Истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва рағбатлантиришга хизмат қилади.
“Ёшлар ҳафталиги” доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилиш бошланди.
Жумладан, 5 та олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари ўртасида “Тафаккур синовлари” танловининг финал босқичи, Талабалар театр студиялари фестивали, Киноматография соҳасида “PROlogue”-ёш киноижодкорларнинг қисқа метражли фильмлари фестивали, Мода ва дизайн фестивали, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг якуний босқичи, “Янги нигоҳ” видеороликлар танлови совриндорларини тақдирлаш маросими, “MIT.uz” лойиҳаси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ва бошқа тадбирлар...
Мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларда “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, Халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли илм-фан арбоблари иштирок этишмоқда.
“Эртанги кун бизники, марра бизники!” шиори остидаги анъанавий Ёшлар ҳафталиги мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшларнинг иштирокини янада фаоллаштириш, ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида ташкиллаштирилган.
Матбуот анжумани давомида иштирок ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
Мазкур ҳафталик иқтидорли ёшларни ўз истеъдодларини намойиш қилишларида янада муҳим омил бўлиб, кенг имкониятлар яратади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова