FATTOHHON.COM
« Все новости14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, мамлакатимиздаги хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Қўшма мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов очди. У юртдошларимиз ўзининг юксак сиёсий маданияти, Ватанимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини намоён этиб, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашганини таъкидлади. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 9-декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида сайлов натижалари кўриб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Шавкат Миромонович Мирзиёев сайлангани тўғрисида қарор қабул қилинганини қайд этди.
Марказий сайлов комиссияси раиси залда ҳозир бўлганлар ва сайловчилар номидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайлангани билан самимий табриклаб, унга Ўзбекистон Республикаси Президенти гувоҳномаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шаҳодатномасини торширди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев қасамёд қилди: “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан”.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Prezident.uz дан олинди.