FATTOHHON.COM
« Все новости16 декабрь куни “Ёшлар ҳафталиги” доирасида, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ўтказилган “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар II Республика фестивалининг тантанали ёпилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фестивалда иштирок этиш мақсадида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи профессионал ва ҳаваскор ёш киноижодкорлар томонидан 100 га яқин аризалар келиб тушган бўлиб, тажрибали мутахассислар–киношунослардан таркиб топган Фестивалнинг Саралаш комиссияси кўригидан ўтган 16та фильм орасидан ғолибларни танлаш, Ҳакамлар Ҳайъатига ҳам осон кечмади.
Фестиваль дастуридаги қисқа метражли фильмларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Баҳодир Одилов бошчилигидаги Ҳакамлар ҳайъати аъзолари кўриб чиқиб, баҳолаб бордилар. Мазкур маросимда сўзга чиққан Ҳакамлар ҳайъати аъзоари ёш киноижодкорлар томонидан суръатга олинган қисқа метражли фильмларнинг савияси ошганлиги, уларнинг барчаси тақдирлашга муносиб эканлигини, улғайиб келаётган ёшларнинг салоҳияти замон талабларига тўлиқ жавоб беришини мамнуният билан алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Фестивалнинг асосий дастурида намойиш этилган 16та қисқа метражли фильмлар Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, қуйидагилар 4та асосий ва 3та қўшимча йўналиш бўйича тақдирланишди:
“Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм” учун бош соврин
“Меҳмон”фильмига берилди.
“Энг яхши сценарий” бўйича соврин “Менинг дунёим” фильмига насиб этди.
“Энг яхши режиссёрлик иши” соврини “Чўлдаги кемалар”фильми режиссёри Ольга Хан лойиқ кўрилди.
“Энг яхши операторлик иши” соврини билан “Тинчлик соҳили” фильми учун Жамшид Ғаниев тақдирланишди.
Ҳакамлар ҳайъатининг махсус соврини «Ҳуррият қурбонлари», «Меҳр» ҳамда, «Томошабин меҳрини қозонган фильм» мукофотига «Бизни тушунишмайди» ҳамда, «Адабий асарнинг энг яхши киноталқини» мукофоти билан «Адолат» фильми ижодкорлари тақдирланишди.
Шу билан бирга, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Раҳбариятининг ташаббуси билан «Юрсак деймиз изингиздан, Устозлар» номли махсус номинация таъсис этилиб, ушбу мукофотни “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош Директори Отабек Мусаев, Ўзбекистон санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати ордени” соҳиби Шуҳрат Аббосовга топширди.
Тадбир сўнгида, киноактёрлар Муҳаммадисо Абдулхаиров, Бобур Йўлдошев, Адиз Ражабов, Феруза Норматова, Зарина Низомиддинова ва Акбархўжа Расулов ижросида Муҳаммад Юсуф шеъри билан “Улуғимсан Ватаним” қўшиғи залга йиғилган томошабинлар билан бирга куйланди.
Фестиваль доирасида Ўзбек киносанъати музейида очиқ эшиклар куни, Тошкент шаҳридаги бир қатор коллежларда “Ўзбек миллий кино кунлари” тадбирлари, шунингдек, “Қорақалпоқфильм” киностудияси томонидан суратга олинган “Устюртга йўл” ҳамда, “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олган “Зурриёт” номли бадиий фильмларнинг тақдимотлари ўтказилиб, фестиваль иштирокчилари билан муҳокама қилинди, “Киноактёр” театр студияси томонидан саҳналаштирилган “Тўмарис” спектакли намойиш этилди, маҳорат сабоқлари ўтказилди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, фестивалда иштирок этган фильмлар жамланиб, махсус каталог ва DVD тўплам шаклида тайёрланади ҳамда, Халқаро кинофестивалларга тавсия қилинади.
“PROlogue”кинофестивалида доирасидаги тадбирларда жами 3 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Шерзод Абдумаликовга
миннатдорчилик билдирамиз