FATTOHHON.COM
« Все новостиЮртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳар жиҳатдан баркамол ёш авлодни тарбиялаш масалаларига юқори масъулият билан қаралаётганлиги сир эмас, албатта. Бу борадаги қарорларнинг ижроси, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Истиқбол” ёшлар қанотининг асосий фаолиятига айланган. Қўллаб-қувватланаётган иқтидорли ёшлар эса, нафақат, билим ва амалиётда муҳим ютуқларга эришмоқдалар, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳам фаол иштирокчиларига айланишмоқда.
Амалга оширилаётган кўплаб лойиҳалар ва тадбирлар, ёшларнинг қобилиятларини аниқлаш, янада ошириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, уларни келажакда янада маънавий етук, жамиятимиз учун керакли инсонлар бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, “Истиқбол” ёшлар қанотининг “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови бўлиб, унинг иштирокчилари йилдан йилга кўпайиб боришмоқда.
Иқтидорли ёшлар мазкур танловда ўз шаҳри, тумани ва вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этиш каби йўналишлар бўйича, ўз лойиҳалари билан иштирок этишди.
“Ёш сиёсатчи” Республика танловининг финал босқичидан сўнг, ғолибларни тақдирлаш маросими 17 декабрь куни Ўзбекистон Давлат Консерваториясида бўлиб ўтди.
Тақдирлаш маросими олдидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов сўзга чиқиб, ўз фикрларини баён этди ва ёшларга омад тилади.
Финал босқичида иштирок этган 14 та ёш иштирокчилар, чиндан ҳам иқтидорли бўлиб, жамиятимиз келажаги учун керакли лойиҳаларни тақдим этган эдилар. Шунинг учун ҳам, Ҳакамлар ҳайъати шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, анъанавий 3 та ўрин билан белгиланувчи ғолибликдан ташқари, иштирокчи ёшларни қуйидаги номинациялар бўйича ҳам тақдирладилар.
Ҳар бир номинация ғолибини таниқли шоу бизнес вакиллари тақдирлашди.
Жумладан, иштирокчиларни “Энг зукко иштирокчи”, “Энг зийрак иштирокчи”, “Энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши нотиқ” номинациялари бўйича актриса Зуҳра Солиева тақдирлади.
“Энг қатъиятли иштирокчи”, “Энг истеъдодли иштирокчи”, “Энг намунали иштирокчи” ҳамда, “Ҳуқуқ билимдони” номинациялари бўйича эса, иштирокчиларни хонанда Машҳурбек Раимжонов тақдирлади.
“Энг самарали ижтимоий лойиҳа учун”, “Энг кучли тарғиботчи” ҳамда, “Энг ташаббускор иштирокчи” номинациялари эгаларини актёр Йигитали Мамажонов табриклади.
Мутлақ ғолиблар:
1 ўрин: Фарғона вилоятидан Моҳидил Қурбонова
2 ўрин: Тошкент шаҳридан Абдулвоҳид Пазлиддинов
3 ўрин: Хоразм вилоятидан Элнурбек Каримов
Тадбир якунида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов томонидан Ўзбекистон Халқ Демократик партиясига аъзо бўлган бир қатор юртдошларимизга партияга аъзолик гувоҳномаларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Шундан сўнг, анъанага айланган Мазкур кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказишда фаоллик кўрсатиб, яқиндан ёрдам берган ҳамкор ташкилотларга ва шоу бизнес вакилларига ҳам, ташаккурномалар, ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жумладан, актриса Зуҳра Солиева, актёр Йигитали Мамажонов, “Ниҳол” мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳиби Машҳурбек Раимжонов, “Ўзбегим ёшлари” ансамбли солисти хонанда Омадбек Аҳмаджоновга ташаккурномалар тақдим қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Истиқбол” ёшлар қаноти томонидан ўтказилган “Ёш сиёсатчи-2016” Республика кўрик-танловини юқори савияда ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун Fattohhon.com сайти ва Fattohhon гўзаллик салони раҳбари Феруза Фаттохова Ташаккурнома билан тақдирланди.
Феруза Фаттохова Fattohhon гўзаллик салонидан ғолиба қизларга алоҳида ўз совғаларини ҳам тақдим қилди. Шунингдек, ғолиба қизларнинг соч турмаклари ва пардози ҳам, Fattohhon гўзаллик салони стилист-визажистлари тмонидан амалга оширилган.
Тадбир давомида Машҳурбек Раимжонов, ҳамда Омадбек Аҳмаджонов томошабинларга ўз қўшиқларини тақдим этдилар.
“Ёш сиёсатчи-2014” Республика кўрик-танлови ёшларни ватанпарварлик, истиқлол ғоялари, миллий қадриятлар руҳида вояга етишларида аҳамият касб этиб, уларни мақсад сари интилувчан, она Ватанимизнинг келажаги йўлида эзгу ишларга қодир инсонлар бўлиб улғайишларида муҳим ўрин тутади. Танлов иштирокчилари ва ғолиблари келажакда жамиятга керакли инсонлар бўлиб, Ватанимиз равнақига албатта, ўз муносиб ҳиссаларини қўшадилар, деб ўйлаймиз.
Саида Вахобова