FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАХЗОДА: ПРЕСС-КОНФЕРЕНЦИЯДАН 26.03.2013 17:06

foto_shahzoda(18).jpg
Алишер Навоий номли миллий кутубхонанинг 5 қаватидаги мажлислар залида, хонанда Шахзоданинг яккахон концерти олди матбуот анжумани бўлиб ўтказилди.
Матбуот анжумани ташкилотчилари “TARONA KONSERT” Продюсерлик маркази.
Матбуот анжуани олдидан, ОАВ вакилларига пресс-релиз тарқатилди.
Унга кўра, матбуот анжуманида кун тартибида қуйидаги мавзулар бўйича маълумотлар берилиши кўзда тутилган эди:
“Истиқлол” санъат саройида 1 майдан 7 майгача бўлиб ўтиши кутилаётган Шахзоданинг яккахон концерти, Концерт ҳафталиги кунларида чиқариладиган ўзбек тилидаги янги мусиқий альбом, 2013 йилнинг баҳорида чиқадиган рус тилидаги мусиқий альбом, европанинг таниқли овоз ёзи компанияси билан ҳамкорлик, ҳамда инглиз тилидаги мусиқий альбомнинг ёзилиши, Ҳамкорлик лойиҳалари, Шаҳзоданинг интернет сайтининг янги кўриниши ва бошқа янгиликлар...
Лекин, матбуот анжумани давомида кўплаб бошқа мавзулардаги саволлар ҳам бўлди.
foto_shahzoda(9).jpg
Матбуот анжуманига Шаҳзода “TARONA” студияси директори Даврон Муқимов ва яккахон концерти режиссёри, хореограф Наталья Круглова билан кириб келишди.
foto_shahzoda(2).jpg
Шаҳзода Даврон Муқимов ва Наталья Кругловани йиғилганларга таништиргач, матбуот анжумани бошланди.
Шу йилнинг 18 март куни тонгда актёр Фаррух Соиповнинг бир қариндоши бизга мурожаат қилиб, унинг француз тилидаги “Les neages” қўшиғини оригиналини ҳамда, Шаҳзода ва Шохруххон ижросидаги дуэт “Шошма” қўшиқларининг МР3 вариантини юборган эди. У мазкур қўшиқлар ўртасидаги ўхшашлик ҳақида айтиб, Фаррух Соиповнинг қўшиғи 1 йил аввал ёзилганлиги ва ҳали ҳеч қаерда кетмаганлигини, тарқатилмаганлигини айтиб, ўша кундан бу қўшиқни ҳаммаёққа тарқатишни бошлашини ва биринчи бўлиб бизга берганлигини айтганди! Воқеага ойдинлик киритилмаганлиги учун ҳам, шошмашошарлик қилиб бу ҳақида дарҳол ёзиб юбормаган эдик. Албатта, мени бу ҳолатдан Шахзода хабардормикан, деган савол қизиқтирди ва айнан шу ҳолат юзасидан, 3 та савол билан матбуот анжуманида Шахзодага мурожаат қилдим:
- Бу икки қўшиқнинг ўхшашлигидан хабарингиз бормиди?
- Буни плагиат деб ҳисоблайсизми?
- Нима учун айнан мана шу қўшиқ эътиборингизни тортди ва уни дуэт тарзида куйладингиз?
foto_shahzoda(6).jpg
Шахзода: - Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, мени бундан хабарим йўқ эди! У қўшиқ ва Шохруххон билан куйлаган дуэт қўшиғимиз бастакори битта инсон Жасур Бадалбоев бўлиб, қўшиқ саундида ўхшашлик бор. Табиийки, бу плагиат эмас, чунки икки қўшиқни ҳам битта бастакор яратган, ўхшашлик бўлиши ҳам табиий. Жасур Бадалбоев бу борада узр ҳам сўради ва вазиятни тушунтириб берди. Маълум бўлишича, Фаррух Соиповга бу қўшиқ унчалик маъқул бўлмаган ва қўшиқни оммага тақдим қилмаган. Шундан сўнг, орадан бир йил ўтиб Шохруххон ўзининг “Шошма” қўшиғини мусиқаси ва сўзларини ёзгач, Жасур бизга аранжеровка қилиб, янги қўшиқ яратган ва табиийки, ўз дасхатидан ўзи сезмаган ҳолда фойдаланган. Буни мен ўзим ҳам плагиат деб ҳисобламайман. Шохруххон менга анчадан, яъни деярли 3 йилдан буён дуэт айтишни таклиф қилиб келаётган эди. Лекин, мен узоқ танаффусдан сўнг, эндигина саҳнага қайтгандим ва ўзимнинг қўшиқларим кўп эди, уларнинг ҳаммасини яккахон концертимда ижро қилмоқчи эдим. Бу йил эса, яна шу дуэт мавзуси кўтарилди. Шуни айтиб ўтишим керак, менга Шохруххоннинг композициялари ёқади. У яхши ижодкор ва шу билан бирга инсонийлик хислатларига эга инсон. У дуэт учун кўплаб қўшиқларни таклиф қилди ва улар орасидан мана шу “Шошма” эътиборимни тортди. Қандайдир баҳорий ва ёрқин қўшиқ. Ҳозир баҳор бўлганлиги учун ҳам, ҳамманинг кўнглида баҳорий кайфият ва муҳаббат туйғулари... Шунинг учун ҳам, мен бу қўшиқ шундай вақтга мос қўшиқ, деб ўйладим.
foto_shahzoda(5).jpg
Шундан сўнг, Шахзода ўзининг web сайти ҳақида батафсил маълумотлар билан таништириш учун Наталья Кругловага сўз берди. Шахзоданинг web сайти маълумки, 2012 йилнинг ноябрь ойидан бери янгиланмаётган ва унда янгиликлар берилмаётган эди. Маълум бўлишича, бу вақт ичида сайтнинг янги кўриниши яратилган бўлиб, мутлақо янги дизайнда, классик минимализм асосида, ҳамда ўтган вақт ичида тўпланган жуда кўплаб янгиликлар билан тўлдирилаётган экан. Сайтнинг келгуси ҳафтада ишга туширилиши ҳам маълум қилинди. Сайтнинг янги дизайни, ундаги маълумотларнинг тез-тез янгиланиб туриши, ундан Шахзоданинг янги образдаги фотосуратлари ҳам жой олиши ва бошқа жиҳатлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
foto_shahzoda(15).jpg
Шундан сўнг, Шахзода йиғилганларга мурожаат қилиб, ким рус тилида савол беришга қийналаётган бўлса, ўзбек тилида мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам билдирди. Ўзи ўзбек тилини яхши билишини лекин, ўзбекча жавоб қайтаришда бироз қийналишини ҳам билдирди. Йиғилганлар орасида табиийки рус тилини унчалик билмайдиганлар ҳам бор экан... Натижада, матбуот анжуманида рус ва ўзбек тилидаги саволлар аралаш янграй бошлади.
 
Ҳозирги кунда оммабоп бўлган “Қўллар тепага” қўшиғининг яратилиш тарихи ҳақида...
-Қўшиқнинг муаллифи Калин Морару. У менга инглиз тилидаги мусиқий альбомимга қўшиқлар ёзади. Қўшиқда янграган соз овозини тинглаганимда, менга бу қўшиқ кўпроқ ўзбек тилидаги мусиқий альбомимга мос, деб ўйладим. Аввалига, тинглаганимда, хаёлимга замонавий мавзу келди, чунки қўшиқ замонавий, рақсбоп эди. Лекин, кейин яна ўйлаб кўрдим. Бизнинг менталитет тўйларни, шодиёналарни яхши кўради, қолаверса, ҳар бир қиз ўз шахзодасини кутади ва бахтли бўлишни орзу қилади. Шунинг учун ҳам, менталитетимизга мослаган ҳолда, шу мавзуни танладик. Агар қўшиққа замонавий мавзу қилинганда, бунчалик эътиборни тортмасдими, деб ўйлайман.  
 
Яккахон концерт дастурига хориждан бирор хонанда ташриф буюрадими ёки, Тимберлейк билан дуэт?
- Олдинда кўплаб режалар бор. Дуэтлар масаласига келсак, концертда бир дуэт бўлади. Бу Балканнинг машҳур продюсер ва ижрочиларидан Кости билан! У билан ҳамкорликдаги концертда танишганмиз. Бир-биримизга қўшиқларимизни қўйиб эшиттирдик. Кости билан дуэтимиз тез орада премьера қилинади. Тимберлейк билан дуэтга келсак, бу ҳақида ўйлаб кўрмаганман. Ўзимизда ҳам дуэт айтиш мумкин бўлган истеъдодли Тимберлейклар кўп.
 
foto_shahzoda(1).jpg
Янги ўзбек тилидаги мусиқий альбоми ҳақида, унинг номланиши, ундан қандай қўшиқлар жой олади ва айнан қайси қўшиқни ўзи асосий деб танлаб, урғу бермоқда, қайси қўшиққа кўпроқ ишонч билдирмоқда?
- Биринчи навбатда, бу мусиқий альбомнинг аввалги мусиқий альбомлардан фарқи, унда кўпроқ қўшиқлар ўрин олган, яъни 17 та қўшиқ. Аввалги мусиқий альбомларда эса 12 та қўшиқ эди. Янги мусиқий альбомнинг ишчи номи “Муҳаббат”. Ундан сўнг, рус тилида, кейин эса инглиз тилида ҳам мусиқий альбомлар тақдим қилмоқчимиз. Бу уччала мусиқий альбомларда такрорий қўшиқларни учратмайсиз, ҳаммаси мутлақо янги қўшиқлар бўлади. Бир альбомдаги қўшиқ иккинчисида такрорланмайди! Қайси қўшиққа кўпроқ ишонч, ёки урғу беришга келсак, менимча, бунга концертдан сўнг, эътибор қаратиш керак. Чунки, томошабинларга қайси қўшиқ кўпроқ маъқул келса, ўша қўшиққа кўпроқ эътибор қаратилиб, ўшанга видеоклип ҳам суратга олинади.
 
foto_shahzoda(20).jpg
Нима учун арзон соч бўёғи рекламасида қатнашди? Бу рейтингига таъсир кўрсатмайдими?
- Нима учун,  менинг номим доим фақат жуда бир машҳур компаниялар номи билан боғланиши керак? (самимий) Мен ҳам ҳамма қатори оддий бир инсонман. Реклама берувчилар, мени мос кўришган экан... Тан оламан, тўғриси, бу соч бўёғидан фойдаланмайман. Лекин, бу маҳсулотни реклама қилдим, табиийки бу буёқдан фойдаланмаганлигим учун яхши ёки ёмонлигини ҳам айта олмайман! Мен ўзимизнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаяпман! Агар ҳозир хорижнинг бирор машҳур фирмаси маҳсулотини реклама қилганимда, бу ҳеч кимни ажаблантирмаган бўларди! Нима учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи маҳсулотини реклама қилганим ажаблантиради? Мен ҳам ҳозир ёлғон гапириб, “ҳа, бу маҳсулотдан фойдаланганман” дейишим ҳам мумкин эди. Лекин, мен тўғрисини айтаман, ундан фойдаланмаганман! Аммо, бу маҳсулот ҳақида эшитганман, у табиий воситалардан тайёрланар экан. Ҳозирча, ҳеч қандай зарари бўлмаган. Менимча, агар у ҳеч кимга зарар келмаса, қизларимизнинг гўзал бўлишларига ёрдам берса, нима учун ўзимизнинг маҳсулотни реклама қилмаслигим керак? Агар бу мени рейтингимга таъсир қилади, деб ўйласангиз, аксинча нотўғри фикр, деб ўйлайман.
 
Концерти нима учун бир неча ой олдиндан реклама қилина бошланди? Бу бошқа санъаткорларга йўл бермасликми?
- 3 ой олдиндан рекламани бошладик. Ўтган йили ҳам шундай қилгандик ва буни ўзгартирмоқчи эмасмиз. Концертим 2-3 кун эмас, 7 кун! Табиийки, 7 кун бўлгач, менимча, 3 ойлик реклама, бу нормал. Реклама борасида, бизда режа шундай бўлган. Бу асло бошқаларга йўл бермаслик эмас! Агар бошқа санъаткорга талаб бўлса, менинг рекламам қанча олдин чиқса ҳам, уларга халақит бермайди, деб ўйлайман. Уларни ёқтирганлар, мухлислари уларни яхши кўришда давом этаверадилар.
 
foto_shahzoda(13).jpg
Концертига, ташкилотларга мажбуран чипта ўтказилаётганлиги ростми?
Бу саволга “Тарона” студияси директори Даврон Муқимов жавоб берди: - Бу Шахзодага тегишли савол эмас! Бу концерт ташкилотчиси, “Тарона рекордс” компанияси. Ўтган йили концерт дастуридан сўнг, бир неча катта ташкилотлар бизга хафа бўлиб, мурожаат қилишди. Чунки, улар концерт олди бизга кечроқ мурожаат қилишган ва биз уларга концертга билет етказиб бера олмагандик. Бизда Шахзода, ёки бошқа хонандалар концертида ҳам, билетларни мажбурий йўл билан ўтказилмаган! Сиз айтаётган ташкилотларга келсак, бир неча ташкилотлар бизга таклиф билан чиқишди, яъни билетларни кассадан олиб ўтирмай, уларнинг ходимлари учун, билетлар ажратишимизни сўрашди! Биз ҳеч қандай ойликдан ушлаб қолиб, билет ўтказдирмаймиз!
Шаҳзода: - Биз ҳеч кимни мажбурлаб билет ўтказдирмаймиз! Аксинча, ҳозирда талаб янада ошганлиги учун, концерт кунларига балки яна бир кун қўшармиз... Чипталар етмаётган бир вақтда, билет ўтказиляпти, дейиш, менимча аҳмоқлик бўлса керак.
 
Айнан қайси ташкилотга билет ўтказилганлиги ҳақида, Шахзода тарафидан берилган саволга “Тошшаҳарнур” деб жавоб берилди.
foto_shahzoda.jpg
Шаҳзода (ҳайрон бўлиб): - “Тошшаҳарнур” билан ҳамкорликда ишлаймиз. Уларга билет ҳам сотилмайди, аксинча концертга таклифнома берилади! Бундан гаплар, шунчаки миш-мишлар бўлса керак. Чунки, билмадим, хонанда шуниси билан хонандаки, у агар 3 тагина томошабин келса ҳам, концерт бериши керак. Чипталарни мажбурлаб ўтказиш, ҳақиқий хонандаларга хос иш эмас, деб ўйлайман.
 
foto_shahzoda(21).jpg
“О Марям, Марям” фильми, ундаги роли ҳақида: дейлик, ҳаётда сиз шу аёлнинг ўрнида бўлсангиз, шундай йўл тутиб, ўз турмуш ўртоғингизни бошқа аёлга уйлантира олармидингиз?
- (аввалига кулиб, кейин ўйланиб) Биринчидан бу роль. Роль бўлганда ҳам оғир роль. Ҳаётда унинг ўрнида бўлиш ҳам жуда оғир бўлса керак, деб ўйлайман. Бу фильмдаги қаҳрамон ҳаётининг кўп қирралари, кўпгина инсонлар ҳаётидан олинган, деса ҳам бўлади. Ҳар бир аёл бу фильмда, ўз ҳаётининг қайси бир жиҳатини кўриш мумкин. Қолаверса, бу фильм ва ундаги қаҳрамоннинг ишини ҳаётда қилиш, бегона аёлни ўз умр йўлдошингга раво кўриш... Тўғриси, мен бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканман!
 
Нима учун маъюс қўшиқлар куйлайди?
- Аксинча, охирги вақтларда шўх ва позитив қўшиқлар ижро қила бошладим. Агар ижодимни кузатаётган бўлсангиз, буни ўзингиз ҳам сезасиз. Маъюс қўшиқларга келсак, менинг онамлар, мени сокин қўшиқлар айтишимни жуда яхши кўрадилар. Лекин, ҳадеб сокин қўшиқ куйлавериш ҳам зерикарли. Қолаверса, бу бироз кайфиятимга ҳам боғлиқ. Ҳозир менинг кайфиятим юқори даражада ва мен шундай яхши қўшиқлар куйлашни ҳоҳлаяпман!
 
Хорижий хонандалар билан дуэтлар куйлашни қандай амалга оширмоқда?
- Бу атайлаб қилинмайди. Мен кўплаб гастролларда бўламан. Масалан, Москва, Кавказ, Украина, Дубайда... Табиийки, у ердаги концертларда ўша ердаги машҳур хонандалар ҳам иштирок этишади. Вазиятдан келиб чиқиб, биз суҳбатлашиб қоламиз. Натижада, дуэтга таклифлар бўлади. Масалан, DJ Smаsh билан дуэтимиз тарихи шундай. Россиядаги “Gala Rekords” билан шартномамиз бор. У компания билан DJ Smаsh, Максим, Жанна Фриске ва бошқалар ҳам ҳамкорликда ишлашади. DJ Smаsh билан ўша ерда танишганмиз.
 
foto_shahzoda(19).jpg
Оила ёки каръера?
- Менда бундай муаммо ва танлаш зарурати йўқ! Албатта, агар танлашга тўғри келганда, биринчи навбатда оила! Қўшиқлар, фильмлардаги роллар инсонлар ёдида қолади. Лекин, оила биринчи ўринда! Қолаверса, ҳозирги кунда, аёллар кўп нарсага, оилага ҳам, каръерага ҳам улгуришяпти! Хурсандманки, менга танлаш зарурати тўғри келмаган!
 
Энг катта орзуси...
- Кўплаб хорижий ва ўзбек санъаткорлар,  фақат ишни ўйлаб, иш деб, ишлайверишади. Натижада, оилани иккинчи ўринга қўйишади ва кексайганларида ёлғиз қолишади. Мен ана шуни истамайман! Менинг энг катта орзуйим, кексайганда, невара-чеваралар даврасида бўлиш, улар ардоғида яшаш, ҳамма яқинларим саломат бўлсалар! Мен болалигимдан мустаҳкам оилам бўлишини, фарзандларим кўп бўлишини орзу қилганман. Ҳозирги кунда орзуйимга эришдим, десам ҳам бўлади. Бахтли оилам, фарзандим бор.
 foto_shahzoda(16).jpg
“Жоним” гуруҳи ҳақида...
- “Жоним” гуруҳи ҳозирда йўқ! Мен ўз фаолиятимни “Жоним” гуруҳидан, дугонам Нателла билан бошлаганман. У кейинчалик оилани танлади. Ҳозирда бахтли оила бекаси, иккинчи фарзандини кутяпти. Мен ўзим ҳам, “Жоним” гуруҳини янги составда қайта ташкил қилгандим, лекин у ҳам тарқади. Аммо, ҳозирда яна бир қиз бор, лойиҳани давом эттирмоқда. Бу ҳақида кейинроқ маълум қиламиз.
 
foto_shahzoda(17).jpg
Ўзбек тилида қўшиқ куйлаш унга қанчалик қийинчилик туғдиради?
- Бу саволга кўп жавоб берганман. Менга рус тилида гапириш қулайроқ. Чунки, рус тилидаги мактабда ўқиганман. Фикрлашим ҳам русча! Ўзим ўзбекчани жуда яхши биламан. Менга ўзбек тилида гапиришганда яхши тушунаман. Лекин, фикрларимни рус тилида яхши тушунтира оламан. Агар ўзбек тилини яхши билмаганимда, ўзбекча қўшиқлар куйлай олмасдим ва ундаги ҳолатни томошабинга етказиб бера олмаган бўлардим!
Даврон Муқимов ҳам қўшимча қилади: - Ўзбек тилини мукаммал биладилар! Ҳар бир куйлаётган қўшиқларини матнини ўқиб, мазмунини тушуниб, кейин куйлайдилар!
 foto_shahzoda(7).jpg
Оилада уни қандай исм билан чақиришади?
- Исмим Зилола эканлиги сир эмас. Яқинларим Зилола деб чақиришади. Иккинчи исмим, яъни Шаҳзода тахаллусимни менга умр йўлдошим берган. Умр йўлдошим Равшан Йўлдошев продюсерим эканлигини, “Тарона рекордс” раҳбари эканлигини ҳамма интервьюларимда кўп бор айтганман. Ўша илк “Жоним”дан сўнг, “Тарона рекордс”дан менга яккахон ижод учун таклиф бўлганида, менга “Зилола” исми улар менга танлаган имидж учун мос келмаслигини айтишган. Шунда умр йўлдошим “Шахзода” исмини таклиф қилганди. Менга икки исм билан ҳам мурожаат қилишади.
 
Қандай китобларни ўқишни ёқтиради?
- Ҳозирги кунда, оғир қайғули мазмундаги китобларни ўқимасликка ҳаракат қиляпман. Охирги шундай мазмунда ўқиган китобим афғон ёзувчисининг асари эди. Шундан сўнг, бундай “оғир” мазмундаги асарларни ўқишим керак эмаслигини тушундим, чунки улар инсонга оғирлик беради. Ҳозирги кунда позитив асарларни ўқишга ҳаракат қиляпман. Кўплаб китобларимни ўқиш учун ўғлим ҳам бердим. Менимча, инсон яхши мазмундаги, яхшилик билан якун топадиган асарларни ўқиши керак.
 
foto_shahzoda(4).jpg
Ҳаётдаги армони...
- Мен ҳаётга позитив, яхши тарафлама қарашга ҳаракат қиламан. Ҳар бир инсон ҳаётида қийинчиликлар бўлиши мумкин. Лекин, булар синов... Муаммолар бўлиши мумкин. лекин, улар албатта ўз ечимини топади. Ҳар бир инсоннинг ҳаракатига яраша бўлади. Менинг ҳаётимда армон йўқ, дея оламан. Чунки, ҳамма орзуларим амалга ошмоқда...
 
Чет элга кинода роль ижро қилиш учун таклиф тушса ва айни пайтда бу ерда ҳам фильмга таклиф қилинса, қай бирини танларди?
- Мен позитив инсонман! Шунинг учун ҳам, икковига баравар улгуришга ҳаракат қилардим!
 
foto_shahzoda(10).jpg
Қай бири кўпроқ маъқул, куйлаш ёки кинода роль ижро қилиш?
- Мен кўпроқ куйлаш маъқулроқ. Кинода роль ижро этиш эса мураккаб. Чунки, мен профессионал актриса эмасман! Бу борада таҳсил олган актёрларга осонроқ, улар тез ҳолатдан ҳолатга кира олишади. Менга эса, масалан, “О Марьям, Марьям” фильмида осон бўлгани йўқ. Ролни ҳис қилиш, у билан баравар дипрессия ҳолатларига  кириш жуда ҳам мураккаб бўлди... Шунинг учун ҳам, менга саҳнада бўлиш ва қўшиқ куйлаш маъқул. Чунки, мен саҳнада, ҳаётда қандай бўлсам, шундайман.
 
Жонли ижро ҳақида...
- Жонли ижрода куйлай оламан! Масалан, бошқа давлатларга гастролга борганимда, концертларда ҳамиша жонли куйлайман. Менимча, Ўзбекистонда кўпчилик хонандалар жонли ижрода куйлай олишади. Улар учун “Майрди майдон” жонли ижро қўшиқлар фестивали ҳам ўтказилмоқда! Мен ҳам унда 2 бор қатнашдим ва менга бир йилга имтиёзли лицензия беришди. Мен жонли куйлашни ҳеч бир қаҳрамонлик деб билмайман. Чунки, ҳар бир хонанда жонли куйлай олиш  керак!
 foto_shahzoda(3).jpg
Энг севимли қўшиқ...
- Ҳар бир қўшиғим мен учун қадрли. Яхшиси, онамлар қайси қўшиғимни яхши кўришларини айтаман! Бу “Тилайман” қўшиғим! Онамлар бу қўшиғимни жуда ҳам яхши кўрадилар! Онамлар, “бу қўшиқни энг катта совғанг, деб биламан”, дейдилар. Онам бу қўшиқни кунига камида 20 марталаб тинглайдилар. Яна тинглаганларида, деразаларгача очиб қўядилар ва жуда баланд овозда қўядилар. (самимий кулади) Бу галги яккахон концертимда ҳам “Тилайман” қўшиғини куйлашимга кўндирдилар. Мен “бошқа яхши қўшиқлари ҳам бор, яна кўплаб шундай яхши қўшиқлар куйлайман” десам ҳам, ““Тилайман” қўшиғини мен учун куйлагин” дедилар. Шунинг учун ҳам, бу қўшиқ концертимда онамлар учун куйлайман!
 
foto_shahzoda(12).jpg
Янги концерт дастурининг аввалгисидан фарқи...
- Ўтган йилги концерт дастурим эртакона бўлганди. Шарқона эртакдек, имиджим ҳам шунга хос бўлган.  Эндиликда бу йил эса, умуман ўзгача ва оригинал бўлади! Ўтган йилгисидан тамоман фарқ қилади! Ҳозир концертга оид ҳамма сирларни оча олмайман! Лекин, шуни айтишим мумкин, бутунлай бошқа образлар бўлади! Янги мусиқий альбомларимдан янги қўшиқлар, инглиз ва рус тилларида ҳам бўлади. Шунингдек, бир неча томошабинлар тарафидан тушган таклифга кўра, севимли бўлган қўшиқларимни ҳам янги версияда куйлайман! Ҳаммасига концертда ўз кўзингиз билан гувоҳи бўлишингиз мумкин.
 
Мақом куйлай оладими?
- Менга мақом куйлай оласан, дейишади. Лекин, мен ҳозирча мақом куйлаш фикридан йироқман. Чунки, мен мақомни куйлаш кераклиги, бошқалар куйлаётганлиги учун эмас, ўзим ўшанга тайёр бўлганда, қалбан тайёрлигимни ҳис қилганимда куйламоқчиман! Баъзида ёш қизчаларни ҳам мақом куйлаётганларини кўраман. Менимча, бу уларга она сутидан ўтган, улар мақом тинглаб катта бўлишган, деб ўйлайман. Мен эса, бунга тайёр эканимни ҳис қилганимда, мақом куйлайман.
 
Нима учун кўплаб қўшиқлари севги-муҳаббат ҳақида? Она ва Ватан ҳақида ҳам қўшиқ куйлаш нияти борми? Нима учун уни Наврўз ва Мустақиллик байрамларида иштирок этиб, қўшиқ куйлаганини кўришмаган?
- Адашяпсиз. Мени “Бобожон”, ҳамда она ҳақида ўзбек ва рус тилларида ҳам қўшиқларим бор. Масалан, “Она юраги” қўшиғимни айтишим мумкин! Ватан ҳақидаги қўшиқларим ҳам кўп! Мустақиллик ва Наврўз байрамларидаги иштирок учун биз қоидага кўра, ўз қўшиқларимизни топширамиз. Байрам режиссёрлари эса, у қўшиқлардан танлаб олишлари керак бўлади. Балки, уларга ёқадиган ва мос тушадиган қўшиқ тайёрлай олмагандирман?
 
foto_shahzoda(13).jpg
“Она юраги” қўшиғи ҳақида...
Шундай афсона бор. Бир ёш йигитнинг севгилиси, унга мени севсанг онанг юрагини олиб кел, дебди. Йигит унинг талабини бажариб, онаси юрагини олиб келаётганда, юрак қўлидан тушиб кетади... Бу афсона ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Мен бундан жуда ҳам таъсирланиб, шу ҳақида қўшиқ куйлагим келди!
 
Имиджи ҳақида
Мени стилистим йўқ! Мен ўзимга ўзим стилистман! Ҳаммасини ўзим ўйлаб топаман!
 
foto_shahzoda(14).jpg
Устозлари...
- Менинг устозим, бу менинг ҳаётим... Ҳаётнинг ўзи менга устоз деб биламан. Ўзимни хатоларим, ишим, вақт мени кўп нарсага ўргатди. Менинг яна бир устозим онамлар. Улар ҳам менга кўп нарсаларни ўргатдилар. Кўпчилик, уларга маълум бир даражага етишга ким ёрдам берганини ёддан чиқариб қўядилар, ёки тан олишни ҳоҳламай, “мен ҳамма нарсага бир ўзим эришганман! Мен буюкман, ҳаммасини ўзим қилдим” дейдилар. Бу жуда ҳам нотўғри фикр! Нима учун унга кимлар ёрдам берганини айтишга уяладилар ёки истамайдилар? Масалан, мен ҳақимда, “эри продюсер, албатта хонанда бўлиши осон-да” дейишади. Авваламбор мен эрим продюсерим эканлигидан фахрланаман, қолаверса, у ўз ишининг устаси, профессионал! У доим менга нима тўғрию, нима нотўғри эканлигини тушунтиради, ёрдамини аямайди. Шуни айтишим керак, бир ўзим балки ҳеч нарсага эриша олмасдим. Бошқаларга ҳам, шуни айтмоқчиман, инсон бир ўзи ҳеч нарсага эриша олмайди! Албатта, ёнида унга ёрдам берадиган инсонлар бўлади! Санъаткор ҳам, мухлислари туфайли машҳурликка эришади! Менга ҳаттоки, менга мухлис бўлмаган, мен ҳақимда салбий фикр билдирадиганлар ҳам ёрдам беришади! Уларнинг фикрларидан хулоса чиқараман.
 
Кимларни ўзига рақобатчи деб билади?
- Тўғрисини айтаман, кўплар Райҳон, Шаҳзода, Лола, деб таққослашади. Бу одатий ҳол. Кимгадир Райҳон ёқади, кимгадир Лола? Мен ҳеч қачон бошқаларнинг мухлисларини мени яхши кўришга мажбурлай олмайман. Энг катта хато, санъаткор ўзини ўзига рақобатчи санаши, деб ўйлайман! Энг яхшиси, ишлаш, ўзингни севимли ишинг билан шуғулланганинг маъқул! Яхши қўшиқлар яратиб, халққа етказа олсанг, муҳими шу!
 
 Кумирлар ҳақида...
- Мен аввал ҳам айтганман, ҳеч қачон ҳеч кимни ўзимга кумир деб билмайман. Санъаткорнинг ўз исми, характери, имиджи бўлиши керак, кимгадир тақлид қилиши керак эмас, деб ўйлайман. У халқнинг ёдида ўз исми билан қолиши керак. Менимча эса, ҳар бир инсон ўзлигича қолиши керак!
 
Шундан сўнг, Шахзода ва Шохруххон биргаликда куйлаган “Шошма” қўшиғига суратга олинган видеоклип, мажлислар залидаги катта экранда намойиш этилди.
Мазкур клипни 23 март куни FATTOHHON.COM да ПРЕМЬЕРАСИ бўлиб ўтган эди!
Намойишдан сўнг, бу клип дискдаги вариантини ўша ерда йиғилганларга тарқатилди.
Анжуман якунида, Шахзода барча ОАВ вакиллари ва мухлисларига миннатдорчилик билдирди.
foto_shahzoda(25).jpg
Сўнг, Шахзода ўша ерда мухлислари учун плакатларга дасхат қўйиб ҳам тарқатди.
foto_shahzoda(24).jpg
Шунингдек, “Алишер Навоий” кутубхонаси раҳбарига эса, мажлислар зали учун миннатдорчилик билдириб, ўзининг ўтган йилги концерти DVD дискини тақдим этди.
 
Матбуот анжумани сўнгида, мухлислари Шахзода билан эсдалик учун фотосуратларга тушдилар.

Саида Вахобова

ШАХЗОДАДАН ЖОНЛИ ИЖРО ВИДЕО

КЎРИШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!