FATTOHHON.COM
« Все новостиНилуфар Усмонова яқиндагина “Кел иккимиз” деб номланган ўзгача дардли қўшиғи ва клипини томошабинлар эътиборига ҳавола этган эди. Оз фурсат ичида қўшиқ ва клип томошабинлар қалбларидан жой олди.
Ҳар битта қўшиғига ўзгача ёндашадиган хонанда яна бир кутилмаган янги лойиҳага қўл урди! Бу лойиҳа Gipsу Kings гуруҳининг солисти Manolo y los Gipsy билан биргаликда амалга оширилмоқда!
Бу гуруҳнинг маҳоратли солисти Manolo y los Gipsy Нилуфар Усмонова билан дуэт куйлади!
“Bailа soledad” деб номланган бу қўшиқ испан тилидан таржима қилинганда “Ёлғизлик рақси деган маънони билдиради.
Айни вақтда пойтахтимизда меҳмон бўлаётган бу ижодкорлар бу ҳақида ўз фикрларини баён этишди:
-Бу қўшиқ ҳақида маълумот берсангиз...
- Бу қўшиқни ўзим ёзганман. Сўзи, мусиқа муаллифи ҳам ўзим. Ушбу таронани бир йил олдин ёзганман. Тошкентга гастрол сафари сабабли ташриф буюрдик ва бу қўшиқни сизларнинг машҳур хонандангиз билан биргаликда ижро этдик. Унинг исми Нилуфар.
-Нима учун дуэтдошингиз айнан Нилуфар Усмонова?
- Чунки, мен унинг овозини илк бор эшитганимда лол қолдим. Сўнг, Нилуфар билан танишишга ошиқдим. Уни қидириб топдим ва илк бор у билан Москва шаҳрида учрашдим. Суҳбатимиз давомида у билан биргаликда қўшиқ айтиш таклифини билдирдим. У таронани тинглади ва рози бўлди. Бугунги кунга келиб эса таронани ижро қилиб, унга клип тасвирга олдиришга ҳам улгурдик!
-Олдин мана шундай хонанда борлигини билганмисиз? Уни Примадонна Юлдуз Усмонованинг қизи эканидан хабарингиз бормиди?
-Йўқ, бу хонанда ҳақида эшитмаганман. Бироқ сизнинг примадоннангиз, унинг ижоди ҳақида эшитганман. Лекин, Нилуфар унинг қизи эканлигини билмас эдим.
-Нилуфар Усмонованинг истеъдодига қай даражада баҳо берасиз, бу ижодкор ҳақида фикрларингиз?
-Нилуфар жуда мафтункор ва самимий қиз. У жуда истеъдодли хонанда. Ижроси ҳам ўзгача. Шундай бўлса-да, мени кўпроқ ҳайратлантирган унинг овози.
- Бу қўшиққа клип ҳам олинди. Нима деб ўйлайсиз, бу клип жаҳон сифати даражасида суратга олиндими? Сизга тасвирга олиш гуруҳининг иш услуби қанчалик ёқди?
-Бу клипни биз проффессионал даражада суратга олдик. У дунё миқёси талабига жавоб беради. Шунинг учун уни қўрқмай дунёнинг исталган жойида намойиш қилсак бўлади. Шунингдек, нафақат сизнинг юртингизда, балки, дунёнинг бир нечта давлатларида ҳам премьера қилинади. Ижодий гуруҳга келадиган бўлсак, улар жуда маҳоратли. Улар билан ишлаш жуда мароқли кечди.
-Ҳамкорликда давом эттириш ниятингиз борми?
-Албатта. Биз аллақачон иккинчи дуэт устида ҳам иш бошладик. Нилуфар билан ҳамкорликда узоқ йиллар давомида олиб бориш истагимиз бор. Қолаверса, Нилуфарга биргаликда янги альбом яратишни ҳам таклиф қилдим. Унда фақат иккимиз ижро этган қўшиқлар ўрин олади. Тошкентга кейинги ташрифим чоғида, Нилуфар билан бирга концерт дастурини тақдим этиш истагим ҳам бор. Сўзим сўнгида Ўзбекистоннинг барча аҳолисини Янги йил байрами билан табриклайман! Янги йил юртингизга барака олиб келсин ва мана шундай ҳар доим гуллаб яшнасин. Байрам муборак!
Мазкур қўшиққа суратга олинган Клип режиссёри Сарвар Исаев. Клип трек жанрида суратга олинган. Мазкур тарона ва клип Янги йилнинг илк ҳафтасида премьера қилиниши кўзда тутилган.