FATTOHHON.COM
« Все новости- Айни қиш мавсумидаги ижодий янгиликларингиз? Шу кунларда нималар билан бандсиз?
- Мен учун бу мавсум жуда омадли келди, деб айтишим мумкин. Чунки, ўтган 2016 йилнинг 26 декабрь куни мен роль ижро этган учинчи фильм “Масьума” катта экранларга чиқди. 2016 йил мени ҳаётимда ҳам, ижодимда ҳам ўзига хос йил бўлди, айниқса йилнинг якуний ойлари ижодимда премьераларга ҳам бой бўлди! “Устюртга йўл”, “Вирус” фильмлари кинотеатрларда намойиш қилинмоқда. Ижодий натижалардан ўзимнинг ҳам кўнглим тўлди, чунки улардаги ижро этган ролларим ҳам ҳар хил! Масалан, “Масьума” ва “Вирус”ни олсак, иккала фильмдаги ролларим характер тарафлама бир-биридан бутунлай фарқ қилади! Иккита мутлақо бир-биридан фарқ қилувчи инсонларни талқин этганман! “Устюртга йўл”даги ролим кичик бўлгани билан, у ҳам бу иккисидан мутлақо фарқ қилади. Мана шундай характер тарафлама фарқ қиладиган қаҳрамонларни талқин этсам, ўзим ҳам ижодий қониқиш ва завқ оламан. Бунда меҳнатинг ҳам билинади, томошабинларни ҳам ҳайратлантира олиш мумкин.
- Янги 2017 йил ҳам бошланди. Янги йилга оид қандай хотираларингиз билан бўлишишингиз мумкин?
- Билмадим, йиллар ўтган сайин Янги йил туйғуси мендан узоқлашиб бораётгандек... Мен учун энг яхши Янги йиллар, бу болалигимда кутилган Янги йиллар, деб ҳисоблайман! Болаликдаги Янги йиллар, ўзгача бахтли, қувончли эди. Шунинг учун ҳам, Янги йил ҳақида гапирганда, болаликда кутган Янги йил байрамларим ёдга тушади. Шунинг учун ҳам, болаликни ортга қайтариб бўлмаслигини билганлигим учун ҳам, бу ҳақида гапириш мен учун қийинроқ. Чунки, катта ҳаётдаги Янги йил байрамлари, олис болаликдаги Янги йил байрамларидан бутунлай фарқ қилади!
- Оила қургач, эндиликда, турмуш ўртоғингизнинг касбингизга муносабати қандай бўлмоқда? Фильмларда суратга тушишингизга рухсат беряптими?
- Турмуш ўртоғим жуда ҳам замонавий инсон! У аёл киши нафақат оилада, балки ижтимоий ҳаётда ҳам, фаолият олиб бориши, ўз ўрнига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди. У менинг актрисалик фаолиятимга умуман қарши эмас, чунки мен унга бошиданоқ биринчи қўйган шартим, “агар мен билан оила қурмоқчи бўлсангиз, менинг актрисалик фаолиятим, фильмларда суратга тушишимга қаршилик қилмайсиз, суратга олиш ишлари билан, турли тадбирлар билан гастролларга боришимга ҳам тўғри келади, агар буларга ҳам рози бўлсангиз, майли. Лекин, агар менга ҳозир “хўп” деб, кейин мени алдасангиз, танлаш шартини қўйсангиз, яхши бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бошидан келишиб олайлик!” деганман. Шундан сўнг, биз ўзаро маслаҳатлашиб, келишиб олганмиз! У касбимни ҳурмат қилади, мени қўллаб-қувватлайди ҳам. “Фильмларга таклиф қилишаётган экан, демак, қабул қилиб, роль ижро этишинг керак, ўз олдингга қўйган мақсадларингга эришишинг керак” дейди. Касбим, ишим борасида ҳеч қандай қаршиликлар йўқ ва доим шундай бўлиб қолади, деб ўйлайман.
- Касб борасида сиз турмуш ўртоғингизга шарт қўйган экансиз, у-чи, у ҳам сизга қандайдир шарт қўйдими? Ёки ниманидир сўрадими?
- Йўқ, турмуш ўртоғим тарафидан ҳеч қандай шарт қўйилмади. Чунки, турмуш ўртоғим, мени яхши тушунади. Турмуш қургунимча ҳаётим қандай бўлган бўлса, оила қурганимдан сўнг ҳам, унчалик катта ўзгариш бўлгани йўқ! Ҳеч қандай чекловлар ҳам бўлмади! Масалан, баъзилар оила қургач, дейлик, айланишга, ёки дугоналари билан кўришишга чиқа олмай қолади. Шукурки, менда ундай эмас! Бемалол ҳоҳлаган жойимга чиқишим мумкин. Лекин, тунги клублар ва шунга ўхшаш жойларга боришни эса, ўзим ҳеч қачон ҳоҳламаганман ва ҳоҳламайман ҳам. Турмуш ўртоғим замонавий, касбимни тушунадиган инсон, у билан иккимиз жуда ҳам ўхшашмиз десам ҳам бўлади, ҳаттоки ҳаёт тарзимиз ҳам, фикрлашимиз, дунёқарашимиз, мақсадларимиз ҳам ўхшаш. Шунинг учун ҳам, менимча, бир-биримизни тушунишда ҳеч қандай бир қийинчиликка дуч келмадик! Мени ҳам ягона шартим, актрисаликни давом эттиришим ҳақида бўлди ва у буни қабул қилди! Турмуш ўртоғимнинг мендан сўрагани, “муҳими, менга турмушга чиқишга рози бўлсанг бўлгани, сени бахтли қиламан” деди!
- У сиз роль ижро қилган фильмларни кўрганми? Қайси ролингизни ёқтириши ёки ёқтирмаслигини айтганми?
- Тўғрисини айтсам, йўқ, у кўп фильмларимни кўрмаган, қолаверса мен ўзим ҳам уни мен роль ижро қилган ҳамма фильмларни кўрсатишга ҳоҳишим ҳам йўқ. Буни сабаби, мен ўзим табиатан суратга тушган фильмларимни яқинларим кўришларини унчалик хушламайман. Ўзим табиатан тортинчоқ, уятчан қизман. Шунинг учун ҳам, суратга тушган фильмларимнинг премьераларига ҳам фақат Онам борадилар. Шунинг учун бўлса керак, эримга ҳамма суратга тушган фильмларимни кўрсатишга ҳаракат қилмайман, тўғриси, сал ийманаман, ролларим хижолат бўладиган роллар бўлмаса ҳам! Буни сабаби шуки, актриса Шахзода Матчонова экранда бошқа инсон, экран ортидаги ҳаётдаги Шахзода Матчонова эса, бошқа инсон! Шунинг учун ҳам, турмуш ўртоғимни ўзим суратга тушган фильмларни кўришга мажбур қилмайман! Тўғри, биз танишган вақтимизда у бир нечта фильмларимни кўрган, аммо ижодимга жуда бир синчиклаб, саралаб, диққат қилмайди. Агар кўрсатиш керак бўлса, мен унга ўзим суратга тушган клипларимни кўрсатишим мумкин. Унга мен суратга тушган клиплардан Қозоғистонлик хонанда Алишер Каримовнинг клипи жуда ёқди!
- Сиз ҳозиргина экрандаги Шахзода ва ҳаётдаги Шахзодани бир-биридан фарқ қилишини айтганда, ўзингиз нимани назарда тутдингиз ва ўша фарқлар нимада?
- Биласизми, қатъий бир фарқлар йўқ! Мен бутунлай бошқа нарсани назарда тутдим, яъни, масалан, яқинлар даврасида ёки бошқа бир жойда таниш одамлар орасида бўлсам, мендан актрисалик фаолиятим, суратга тушган фильмларим ҳақида ҳадеб сўрайверишса, унчалик хушламайман, сабаби хижолат бўламан. Балки, бу нотўғридир, ахир мен барибир актрисаман ва мендан бу нарсалар ҳақида сўрашлари табиий, чунки улар мени ижодимга, фильмларимга қизиқишади. Бунга кўникишим керак... Лекин, мен ўзимни таниқли актриса Шахзода Матчонова эканлигимни ҳис қилолмайман, мени ўзим учун, фильмлардаги суратга тушадиган актриса Шахзода Матчонова бутунлай бошқа инсон, мен ўзим эса, бошқа оддий инсонман, ўзимни ҳеч қачон машҳур, деб ҳисобламайман! Халқ мени таниганда, олқишлаганда, уларнинг меҳрини ҳис қиламан, албатта, қувонаман, ўзимни севимли эканлигимга шукур қиламан, лекин ҳеч қачон “таниқли эканман, машҳурман, юлдузман” деган фикр хаёлимга ҳам келмаган, келмайди ҳам! Мен оддий инсонман, шунинг учун ҳам, “О... Шаҳзода Матчонова-ку!” деб, баъзида таниб, баланд овозда бақириб қолишса, тўғриси, менга ғалати туюлади ва бундан жуда хижолат бўламан. Шунинг учун ҳам, ҳаётда, яъни суратга олиш ишларидан ташқарида бўлганимда, мен ҳамма қатори, ўз ҳаёти билан яшаётган, ўзини “машҳур” деб ҳисобламайдиган оддий қизман!
- Оилангизда “рашк” қанчалик кучли?
- (самимий кулиб) Турмуш ўртоғим менга “рашк” учун ўрин қолдирмайди! Чунки, мени характеримни билади, мен жуда қаттиққўл бўлишим мумкин! Жуда бир кучли рашк қилинадиган нарса бўлмадию, лекин бир-икки ҳолатлар бўлгандек бўлди. Агар менга нимадир ёқмаса, мен жанжал қилиб, ҳолатимни кўрсатиб ўтирмайман, шунчаки жим бўламан. Аммо, мана шунинг учун ўзидаёқ кўз қарашимдан, яқинларим менга нимадир ёқмаётганини билиб олишади. Бунақа жим турганимдан кўра, гапирганимни афзал кўришади. Тўғрисини айтсам, менда жуда бир кучли рашк туйғуси йўқ! Чунки, мени фикримча, кучли рашк, бу авваламбор, ўзингга ишончсизлик туйғуси! Аммо, севсанг, барибир ҳар қанақасига рашк қиласан. Рашк, бу ўзини ўша севган инсонингга бўлган ишончсизлик ҳисси ҳам бўлиши мумкин. Менда эса, бундай эмас! Турмуш ўртоғим билан бирга яшаб келаётган кунимиздан буён, рашк қилишим учун бирор асос сезганим йўқ! Турмуш ўртоғимга келсак, албатта, мен фильмларда ёш актёрлар билан суратга тушаман, улар менга ҳамкасб сифатида яхши муносабатда бўлишади ва у бундан рашк қилишлари табиий ҳол! Аммо, турмуш ўртоғим ҳеч қачон буни очиқ кўрсатмайди, лекин, савол бериши мумкин. Ана шу берган саволидан уни рашк қилаётганини билиб оламан. Лекин, қандайдир пойлашлар, жанжал, шубҳаланиш ва бошқа бир салбий ҳолатлар бизда умуман йўқ! Сабаби, энг муҳими, биз бир-биримизга ишонамиз! Бир-биримизни севганимиз учун ҳам, ишончимиз кучли! Лекин, бу турмуш ўртоғим мени рашк қилмайди, дегани эмас! У фақат ўз рашкини очиқчасига кўрсатмайди!
- Албатта барчани қизиқтирган савол. Турмуш ўртоғингиз билан қаерда, қандай танишдингизлар?
- Биз Истанбулда танишганмиз. Бизни мени яқин дугоналаримдан бири таништирган. Биз ўшанда шунчаки танишганмиз ва бу жуда бир муҳим аҳамиятга ҳам эга бўлмаган. Лекин, бир неча ойдан сўнг, ўша ўртоғимни фотиҳаси бўлганида, биз яна дўстлар, дугоналар, Истанбулда йиғилдик. Ўшанда у билан яна кўришдик ва шундан сўнг, у менга мулозамат кўрсатиб, мени ёқтиришини билдира бошлади.
- Турмуш қуриш таклифи қандай бўлди?
- (самимий кулиб) Мутлақо мен кутганимдек эмас! Мен ўзимча, ўйлаб, орзу-хаёл қилардим, бўлажак турмуш ўртоғим бундай романтика қилади, мана бундай қўлимни сўрайди, бундай бўлади, деб кўз олдимга келтирганимдек эмас! Ҳаммаси кутилмаганда ва жуда тез юз берди! Ҳаттоки, оқшом вақти ҳам эмас, тушлик вақти эди! Биз тушлик қилгани келгандик, у кутилмаганда қўлимга шартта узук тақиб қўйса бўладими? (самимий кулади) Ҳайрон қолдим, у ҳаттоки розилигимни ҳам сўраб ўтирмади! Шартта қўлимга узук тақди, қўйди! Мен ҳайрат билан унга қараганим эсимда, у эса жуда ҳаяжонда, хижолат бўлиб, ерга қаради, ҳаттоки бироз довдиради ҳам. Мен эса, албатта унинг бу ҳолатидан, уни қанчалик самимийлигини, мени севишини, бу турмуш қуриш таклифи эканлигини тушундим! Мен ҳам, ўшанда “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам, деганим йўқ! Мен ҳам сукут сақладим ва ўзимни худди ҳеч нарса юз бермагандек тутдим. (кулади) Биз овқатланишда давом этдик... Кейин эса, тушлик қилиб бўлиб, хотиржам ҳаммасини юракдан гаплашдик! У менга ўз туйғулари, менга уйланмоқчилиги ҳақида ҳаяжон билан гапирди. Мен ҳам ўйлаб кўришимни айтдим, кейин рози бўлдим. Сўнг, албатта тўйимиздан кейин, унга ҳазил орасида, менга ҳеч қандай романтика қилмаганинию, ўз ҳаракати билан жуда ҳайрон қолдирганини айтиб ўтдим! Албатта, у оддий бўлса ҳам, кутилмаган ҳаракати билан мени ҳайрон қолдирди! Ҳаммаси жуда тез ва оддий юз берди!
- Турмуш қургунингизча қанча вақт ўтди?
- Танишиб, муносабат ўрнатганимиздан, турмуш қуриш таклифига қадар 7 ой ўтди, таклифдан сўнг, 3 ойдан кейин тўйимиз бўлди, жами 10 ой!
- Бунга сизни яқинларингиз, ота-онангизнинг муносабатлари қандай бўлди?
- Онам мени энг яқин инсоним ва у билан танишганимдаёқ, онамни хабардор қилганман. Албатта, турмушга чиқиш таклифини берганини ҳам, биринчи онамга айтганман. Унинг яқинлари Онамлар билан учрашишгач, бу ҳақида Отамни ҳам хабардор қилдик. Табиийки, у киши суриштиришни бошладилар. (самимий кулиб) Ёлғиз қизлариман, қизиқишлари табиий. “Ким у? Қаерда ишлайди? Қандай инсон?” ва ҳоказо. Ҳаммасини сўраб, бу борада тўлиқ гаплашиб олдилар. Шахсий ҳаёт масаласида, ота-онам менга тўғри маънода эркинлик беришган, яъни менга ишонишади. Ҳеч қачон юзларини ерга қаратмаслигимни билишади. Шунинг учун ҳам, менинг танловимни қўллаб-қувватлашди. “Агар сен шуни ҳоҳласанг ва бахтли бўлсанг, биз қарши эмасмиз! Бу сенинг ҳаётинг ва уни ўзинг ҳоҳлагандек яша! Биз сени ҳеч қачон кимгадир турмушга чиқишга мажбур қилмаганмиз ва тезроқ турмушга чиқишинг керак, деб ҳам шоширмаганмиз. Сен бахтли бўлсанг, биз ҳам бахтлимиз!” дейишди. Бу борада ота-онамдан жуда ҳам миннатдорман! Биз бир-биримизни яхши тушунамиз ва энг муҳими, менга ишонишади! Турмуш ўртоғим билан ҳам учрашиб, гаплашиб, ўйлаб кўриб, рози бўлишди! У ота-онамга жуда маъқул бўлди, чунки у жуда ҳам камтар, ҳалол, билимли, ақлли, дунёқараши кенг йигит! Мен ўзим ҳам, биринчи навбатда эркак киши ақлли ва билимли бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Агар инсон ақлли ва билимли бўлмаса, у билан муносабат мен учун қизиқарли бўлмасди. Шунинг учун ҳам, турмуш ўртоғим, ота-онамга ҳам жуда маъқул бўлди!
- Бобонгиз (додангиз) тўйингизда қўшиқ куйлаб, рақсга ҳам тушдилар. Бу олдиндан режалаштирилганмиди, яъни сизга шундай қилишларини айтганмидилар? Чунки, сиз аввалги интервьюда бобонгизни санъаткор эканликларини айтгандингиз.
- (кулади) Йўқ! Бу ўз-ўзидан бўлди! Бобомни ўз-ўзидан қўшиқ айтгилари келди, шекилли, чунки мен уларни севимли набирасиман! Улар мени тўйимни кўраётганларига жуда севиниб кетдилар. Қолаверса, ўзларини энг машҳур қўшиқларини ижро этдилар! Бу қўшиқ менга ҳам ёқади!
- Бобонгиз тўйингизда оқ фотиҳа бердилар. Лекин, ота-онангизни ҳам фотиҳа беришга чиқишмагани, барчада турли саволларни келтириб чиқарди. Ҳаттоки, “тўйида ота-онаси иштирок этмади” дейишди. Қолаверса, эрингизни ҳам ота-онаси, қариндошлари ҳақида ҳар хил гаплар айтишди.
- Тўғриси, мен шундай гаплардан, “ота-онаси тўйига келмабди” деганлардан жуда ҳайрон бўлдим! Ҳаттоки, ижтимоий тармоқларда “Ота-онаси қани? Улар қаерда? Нега тўйга келишмади?” деб ёзилган изоҳларни ҳам ўқидим. Ҳайрон қолганим, ўша гапларни ёзганлар, худди ўзлари тўйга келиб, бошидан охиригача ўтиргандек, қатъий ишонч билан ёзишган! Ғалати эмасми? Уларга “ўзингиз тўйимда бўлмаган бўлсангиз, қандай қилиб, ота-онамни тўйга келмаган деяпсиз?” дегим келди! Бундан ташқари, эримни ота-онаси, оиласи ҳақида ҳам, ҳеч нарса билмай туриб, қандай қилиб ҳар хил гапларни гапиришади? Бизда бир жуда ёқимсиз, менга ёқмаган жиҳат бор, бу бир нарсани яхши билмай туриб, бу ҳақида қатъий ишонч билан, худди ўз кўзлари билан кўргандек гапириш одати! Бу ерда ҳам худди ўзлари тўйда бўлгандек гапиришган! Улар мени ота-онамни танишмайди-ку, ўша изоҳ ёзганларни ўзлари мени тўйимда иштирок этмаган бўлишса, қандай қилиб, ота-онамни “келмаган” деб, ишонч билан гапиришяпти? Мени ота-онам тўйимга келишди, ўтиришди! Лекин, улар жуда ҳам камтар инсонлар, уларни омма олдига чиқишга, бир сўз билан айтганда ўзларини кўрсатишга ҳоҳишлари йўқ! Айниқса, отамни! Ҳаттоки, тўйим куни мени ҳамкасбларим, ота-онамни биринчи марта кўрганлар, уларнинг шунчалик камтарлигидан ҳайрон қолишди ҳам. Улар менга “ота-онанг гўёки, улар Шаҳзода Матчонованинг ота-онаси эмасдек камтарлик билан ўтиришди, шунчалик камтар эканлар” деб, жуда-жуда ҳайрон бўлишди! Тўғри, кўпчилик актёр, актрисаларнинг ота-онаси фарзанди билан фахрланиб, ўзларини актёр, актрисанинг ота-онаси эканликларини билдиришади, фарзанди билан фахрланиб буни кўрсатишга ҳаракат қилишади. Мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Лекин, мени ота-онам жуда ҳам камтар, камсуқум инсонлар, улар омма олдига чиқиб, шунча одамни, таниқли ҳамкасбларим олдида, рақсга тушишга, чиқиб гапириб табриклаб, фотиҳа бериб дуо қилишга ҳам тортинишди. Бу улар учун жуда қийин бўлди! Шунинг учун ҳам, уларнинг номларидан ҳам бобом чиқиб гапирдилар! Қарабсизки, бошқалар дарров “ота-онаси тўйга келмади” деб гапириб юборишди. Эримни ота-онасига келсак, улар оилавий масала сабаб, Истанбулда бўлганликлари туфайли, тўйга кела олишмади, лекин эримнинг бошқа қариндошлари тўйимизда иштирок этишди! Эримни онаси билан ҳам жуда яхши муносабатдаман! Умуман, мени бундай гап-сўзлар борасида айтмоқчи бўлган гапим, фақатгина тўй туфайли эмас, ўзи ҳаётни кузатишим бўйича, ҳаётдан келиб чиқиб айтмоқчи бўлганим, биров ҳақида бирор нарса дейишдан аввал, инсон ўша ерда, ўша нарсани ўзи, ўз кўзи билан кўрган, билган, ишонч ҳосил қилган бўлиши керак! Бирор нарсани гапиришдан аввал, уни қанчалик тўғрилигини яхшилаб текшириб кўриш керак! Тўйимда бўлмай туриб, ўзларича ҳар хил гаплар билан муҳокама қилишлари, ноўрин!
- Тўйда кийган келинлик либосингизга ҳам тўхталиб ўтсак. Уни қандай танладингиз? Келинлик либосингиз борасида ҳам бироз эътирозлар бўлди. Либос танлашга узоқ вақт кетдими ёки бир кўришда ёқдими?
- Тўғрисини айтсам, мен ўзим умуман режалаштирмаган келинлик либосини танлашимга тўғри келди. Мен бутунлай бошқача либос танлайман, деб ўйлагандим! Либосимни очиқлиги ҳақида жуда кўп гапиришди, “мусурмончиликка тўғри келмайди, ўзбекчиликка тўғри келмайди” ҳам дейишди. Ўзи бошида мен бутунлай ёпиқ либос танлаш ниятида эдим! Афсуски, ўзим истагандек, ўзимга ёққан ёпиқ либосни Тошкентдан топа олмадим! Жуда узоқ изладим, узоқ танлашимга тўғри келди. Ниҳоят, шунча кўрган либосларим ичидан, менга маъқул бўлган келинлик либоси, ўша кийган либосим бўлди! Ўша мени “шу либосни кийишга уялмадими?” деганларга жавобим: “йўқ, мен бу либосдан уялмайман”. Чунки, бу мени ҳаётим, мени тўйим, мен истаган, ўзим ёқтирган либосни кияман, муҳими бунга турмуш ўртоғим рухсат берди, ота-онам қарши бўлишмади. Энг асосийси, ким нима деётган бўлса, бу уларни иши! Ҳамма ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фикрлайди! Интернетда “Шундай кийим билан ёш қизларга “намуна” бўлишяпти, уларни тарбиясига таъсир қилади” деган мазмундаги бир-икки изоҳларга ҳам кўзим тушди. Уларга жавобим: ёш қизларни биз тарбияламаймиз! Ҳар бир қиз, умуман ҳар битта инсон ўз уйида, ўз оиласида тарбияланади! Оиласида яхши тарбия кўрган қиз, бировни битта очиқ кийим кийганини кўрса, дарров тарбияси бузилиб кетиб қолмайди! Ёш қизларни тарбиясига ота-онаси қараши керак, биз эмас! Ҳар қандай болани кичкиналигидан ота-онаси тарбиялаши керак! Интернетдаги аудитория эса, кап-катта одамлар, 15-16 ёш ҳам, аллақачон балоғат ёшига етиб қолган, фикрлаши, дунёқараши шаклланиб бўлган ҳисобланади. 15-16 ёшимда мен бемалол ўзимни кундалик харажатларим учун ишлаб, пул топа олардим, ўқирдим, ишлардим. Масалан, мен ҳам, ўз вақтида Америка, хориж фильмларини кўрганман, уларда баъзи бир сал менталитетга хос бўлмаган лавҳалар бор, уларни кўриб, ҳеч қачон “шундай қилиш керак” деган фикрга бормаганман, ёки ўша фильмларда бирор аёл яланғоч чиқса, уни кўриб, дарров “шундай юрса бўлар экан” демаганман! Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон ўз оиласида шаклланади, инсоннинг тарбияси, биринчи навбатда оиласидаги муҳит ва тарбияга боғлиқ! Ҳамма айбни, артистларга, уларни кийинишига ағдариш, менимча, мантиққа тўғри келмайди! Менимча, ҳар бир инсоннинг ўзи, ўз фарзандига тўғри тарбия бериши керак, шунда ҳеч кимни тарбияси ҳам бузилмайди! Шунинг учун ҳам, тўй куни кийган келинлик либосимдан, ким нима дейишидан қатъий назар, уялмайман, норози ҳам эмасман, мен шунчаки ўзим ёқтирган, кийишни ҳоҳлаган либосимни кийдим, холос.
- Илк бор оқ келинлик либосини кийганингизда кўнглингиздан нималар ўтди, нималарни ҳис қилдингиз?
- Афсуски, касбим туфайли, фильмлардаги ролларим сабаб, бундан аввал ҳам оқ келинлик либосини кўп марта кийишимга тўғри келган. Шунинг учун ҳам, менда бошқа биринчи марта оқ келинлик либосини кийган қизлардаги каби, ҳиссиётлар бўлмади! Лекин, кейин шу либосда тўй бўлаётган залга кириб келаётганимда кучли ҳаяжонни ҳис қилдим!
- Келинлик вазифаларига қанчалик улгуряпсиз? Чунки, аввалги интервьюда “таом тайёрлашни билмайман” дегандингиз. Энди-чи?
- Эрим билан иккимиз, уни ота-онасидан алоҳида яшаймиз. Уй йиғиштириш, идиш ювиш, пол артиш каби уй юмушлари, мен учун қийин эмас! Лекин, овқат тайёрлашни унчалик хушламасам ҳам, энди секин-секин ўрганяпман! Бу борада ҳам жуда бир қийинчилик йўқ! Сабаби, эрим овқат қилишни билади! Шунинг учун ҳам, кечқурунлари уни вақти бўлганида, биз бирга овқат тайёрлаймиз, баҳонада мен ҳам ўрганиб оляпман! Турмуш қурганимизга унча кўп вақт бўлгани йўқ, шунинг учун ҳам, баъзида уйда овқатланмай кўпроқ айланиб, кафе, овқатланиш жойларида овқатландик. Уйда қолган вақтларимиз эса, айтганимдек, бирга таом тайёрлаймиз. Тўғри, баъзи нарсалар ўхшаяпти, баъзилари эса, унчалик эмас. (кулади)
- Интернетда эрингизни исмини “Музаффар” дейишди, тўй таклифномаларида эса, “Омар” деб ёзилган. Қолаверса, ўзингиз ҳам уни Омар, деяпсиз? Бу борада ҳам, кўп гап-сўзлар келиб чиқди.
- Омар турмуш ўртоғимнинг иккинчи исми, яқинлари уни шундай чақиришади, унга шу исми ёқади, шунинг учун, мен ҳам турмуш ўртоғимни шу исм билан атайман, шунга таклифномаларга ҳам шу исмни ёздирдик, шу холос! Ахир баъзиларда иккита исм бўлиши табиий ҳол, масалан, иккинчиси тахаллус бўлиши мумкин, ёки оиласида шундай ном билан эркалаб чақиришлари мумкин, баъзида исми ўзига ёқмай, уни ўзгартирган бўлиши мумкин. Санъаткорлар, спортчиларда тахаллус бўлиши табиий ҳол. Эрим аввал футболчи бўлган, шу ном остида тўп сурган, ҳозир эса бир компанияда ишлайди. Тўғрисини айтсам, тўйимдан сўнг, жуда кўплаб инсонлардан, ҳаттоки айрим ҳамкасбларимдан ҳам жуда кўнглим қолди! Чунки, улар ўзлари билмаган нарсалар ҳақида шунчалик кўп гапларни гапиришди! Мен эса, ҳеч кимни олдида ўзимни оқламоқчи ҳам эмасман! Ким нима деса, деяверсин, қандай ўйласа, ўйлайверсин! Муҳими, биз бирга ва бахтлимиз! Бир-биримизга бўлган меҳру муҳаббатимиз бизга куч беради!
- Турмуш ўртоғингиз характерингиздаги қайси жиҳат ёқиши ҳақида ҳеч очиқ айтганми?
- Биласизми, турмуш ўртоғим “комплимент” борасида жуда ҳам камгап ва бундай романтик гапларни жуда кам гапиради! (кулади) У жуда оғир-босиқ инсон. Лекин, мен унга қайси жиҳатим ёқишини биламан. Унга мени ҳам оғир-босиқлигим, хотиржамлигим, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимни хотиржам тутишим ёқади! Ҳаттоки, юқорида айтганим, интернетдаги ҳар хил изоҳларга нисбатан ҳам, хотиржам муносабатда бўлганим уни ҳайрон қолдирди! Мен тўйимиздан 2 кун ўтиб, интернетга кирганимда, ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни ўқиб, аввалига нима бўлаётганини тушунмадим ҳам. Бир соат ўтириб, ҳамма изоҳларни ўқиб чиқдим, кейин эса, яна бир соат ҳайрон бўлиб, ҳаттоки буларни ҳазил ҳам, деб ўйладим. Кейин эса, буларнинг барчаси жуда жиддий эканлигини тушундим, ҳайратландим. Лекин, мен шундай инсонманки, агар ҳақиқатни билсам, ўзим ҳақ бўлсам, ҳеч қачон ўзимни оқлаб, ташвиш тортиб ўтирмайман! Шунинг учун ҳам, хотиржам “ким нима дегиси келса, деяверсин!” дедим. Эрим эса, мени бу ҳодисага бундай хотиржам муносабатимни, ҳаттоки бу нарсалар борасида ҳазиллашиб, изоҳларни ўқиб, кулаётганимни кўриб, ҳайратда қолганлигини айтди! У, мени йиғлаб, асабийлашади, деб ўйлаган экан... Мени шу характерим, яъни ҳар қандай вазиятда ҳам, ўзимни қўлга олиб, хотиржамликни сақлаб қола олишимни кўриб, у “сенга қойилман, баракалла!” деди. Шундан ҳам, шу жиҳатим маъқуллигини билдим. Энди “гўзалсан, чиройлисан” деган гапларга келсак, албатта, унда бундай туйғулар бор, кўзларидан, қарашидан сезаман. Аммо, худди ўзимга ўхшаб камгаплиги туфайли, бундай гапларни кам гапиради. У мендан 2 баравар камгапроқ ва 2 баравар кўпроқ оғир-босиқроқ!
- Тақдирга ишонасизми?
- Ҳа, ишонаман! Лекин, кўп нарса инсоннинг ўз қўлида! Тақдир бизга танлашни таклиф этади, масалан, “мана шу инсон” деб, рўпара қилади, нима қилиш кераклигини эса, биз ўзимиз танлаймиз! Шу тарзда ўз тақдиримизни ўзимиз қурамиз! Масалан, менга тақдир бошқа инсонни туҳфа қилиши ҳам мумкин эди-ку. Тақдир шу инсон билан танишишни насиб қилган экан, аммо мен унинг таклифини рад этишим ҳам мумкин эди! Масалан, “йўқ, унга турмушга чиқмайман”, дейишим ҳам мумкин эди! Мен эса, уни танладим, шундан келиб чиқиб ҳам, инсон ўз тақдирини ўзи яратади, ҳам дейишим мумкин. Тақдир таклиф этади, қолганини инсоннинг ўзи ҳал қилади, деб ўйлайман.
- Бу инсонни айнан тақдирингиз эканлигига қандай амин бўлдингиз?
- Йўқ, мен бунга тўлиқ амин бўлмаган эдим, мен ҳеч қачон ҳеч нарсага тўлиқ амин бўлмайман! Ҳаттоки, охирги дақиқаларгача тўғри иш қилаётганимга, тўғри қадам қўяётганимга тўлиқ амин эмасдим, ишонолмаётган эдим. Лекин, нима бўлишидан қатъий назар, мен шундай инсонманки, мен севсам, демак севги-муҳаббатни танлайман! Мен турмуш ўртоғимни севганим учун танладим! Мен шундай инсонманки, инсонийликни биринчи ўринга қўяман! Инсонлар билан муносабатда ҳам шундай! Масалан, дейлик, ёмон хулқли бир аёл, ёки қиз, лекин у жуда яхши инсон ва мен билан яхши муносабатда, мен ҳам у билан яхши муносабатда бўла оламан! Дўстлашишим ҳам мумкин! У ҳақида бошқалар ёмон гапларни гапиришса ҳам, яхши муносабатимни ўзгартирмайман! Мен учун муҳими, инсоннинг қалбида инсонийлик, муҳаббат бўлиши, агар мен буни сезсам, ўша инсон билан албатта дўстлашаман! Касби, мавқейи, ҳаёт тарзи, оиласи, ижтимоий келиб чиқиши, бу каби нарсалар, мен учун муҳим эмас! Мен учун инсоннинг қалбан қандайлиги муҳим! Энг муҳими, яхши инсон бўлсин! Муҳими, менинг ҳам қалбимда унга нисбатан меҳру муҳаббат бор экан, у билан яхши муносабатда бўламан! Мен учун қалб, биринчи ўринда!
- Ижодингизга тўхталсак, шу кунга қадар, кинода ўзимга етарлича ижодий “багаж” тўплай олдим, деб ўйлайсизми?
- Агар шу кунгача ижро этган ролларимдан келиб чиқсам, фақат бир нечтасинигина ўзим истагандек профессионал чиққан, дея олишим мумкин. Лекин, ижодий “багаж”га келсак, ҳали ижро қилишни орзу қилган, истаган ролларим кўп! Кўпгина тажрибали, профессионал режиссёрлар билан ишлашим керак, актрисалик борасида ҳали жуда кўп меҳнат қилишим керак, жуда кўп ўз устимда ишлашим керак, деб ҳисоблайман ва бундай дейишдан уялмайман! Мукаммалликка интиламан, ҳали хар ҳил характердаги роллар ижро этишим керак, деб ўйлайман. Худога шукур, охирги йилларда бир нечта ўзим истагандек яхши роллар ҳам ижро этдим, лекин барибир ҳали ўзим ўз ижодимдан тўлиқ қониқа олмайман. Ҳали жуда-жуда кўп ишлашим керак!
- Одатда, аёллар, қизлар аслида қалбида қандайдир дард бўлса ҳам, кулиб туришади, дейишади. Чиндан ҳам шундайми?
- Аниқ шундай, деб ўйламайман! Чунки, ҳар бир инсон кулиб турадими, йўқми, барибир қалбида қандайдир ғамгинлик, дарди бўлиши мумкин! Кимдир дардини яшириб, кулиб тура олади, кимдир йўқ! Инсонлар ҳар хил бўлишади. Биз ҳаммамиз инсонмиз, табиийки ҳаммани қалбида қандайдир ўзига аён бўлган оғриқ, дарди бўлиши мумкин. Баъзи инсонларни юзига қараб, унинг қалби оғриётганини бемалол билиш мумкин, баъзилар кулиб яшира олмайди. Баъзилар эса, кулиб туришадию, лекин кўзларига қарасанг, кўзлари маъюс бўлади. Баъзилар эса, чиндан ҳам бахтиёр! Биз ҳаммамиз инсонмиз ва ҳаммамизда юрак бор! Сизда, менда, ҳаттоки ўша қандайдир изоҳлар ёзаётган бераҳмларда ҳам! Ҳаммани ўз юраги, дарди, ўз оғриғи бор. Кимдир бу билан курашади, кимдир эса, ана шунинг аламини боя айтганимдек, изоҳ ёзиб енгмоқчи бўлади. Инсонлар ҳар хил!
- Агар аёл, ёки қиз ташқи кўриниш тарафлама, қанчалик гўзал, нозик ва нафосатли бўлса, қалб, характер тарафлама шунчалик кучли, бир сўз билан айтганда, “темир хоним” ҳам бўлиши мумкин, дейишади. Агар сизни ташқи кўринишингиздан келиб чиқсак, бу қанчалик ҳақиқат?
- Йўқ, буни ташқи кўринишга боғлиқ, деб ўйламайман! Масалан, тарихга назар солсак, актриса Мерилин Монрони олайлик, 20 асрнинг энг гўзал аёли эди, ташқи кўриниш тарафлама ҳам, жуда нозик ва нафосатли бўлган. Аммо, жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтган бўлишига қарамай, унинг қалби ҳам, жуда нозик ва таъсирчан эди! Шунинг учун, ҳар битта ташқи кўриниш тарафлама чиройли ва нозик бўлган аёл, қалбан ва характер тарафлама “темир хоним” бўлавермайди, деб ўйлайман. Қолаверса, мен чиройли бўлмаган аёлнинг ўзи йўқ, деб ҳисоблайман. Фақат ўзига қарамаган, ўзига эътибор қилмаган аёллар бор. Ҳар бир аёл ўзи хос равишда гўзал ва ҳар бир аёлда ўзига хос бир такрорланмас жиҳат мужассам! Агар аёл ўзига эътибор қилмаса, бу уни қалбан жуда шавқатсиз, дегани эмас! Баъзида, гўзал, ёрқин аёллар, қалбан бераҳм, ҳаттоки нафратланарли бўлиши ҳам мумкин. Ўзига қарамаган, баъзи аёллар эса, аксинча жуда бир меҳрибон, самимий бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, инсонга ташқи кўриниш тарафлама баҳо бериш керак эмас, аксинча унинг қандайлигини у бошқалар билан қандай муносабатда бўлганлигига қараб билиш мумкин, деб ўйлайман. Масалан, у юқорироқ мавқедагилар билан қандай муносабатда бўляптию, ҳамда оддий инсонлар билан қандай муносабатда? Шунда унинг қандай инсонлигини билиб олиш мумкин.
- Сиз учун гўзаллик нимани англатади?
- Мен учун гўзаллик, бу биринчи навбатда, инсоннинг ўзини қандай тутишида! У атрофдагилар билан ўзини қандай тутяпти? Агар у кимлигидан қатъий назар, бошқаларга, ҳурмат билан муомала қилса, масалан, машҳур инсон биланми, ёки оддий сотувчи биланми, ҳамма билан ажратмай, бирдек яхши муносабатда бўлса, демак, шу инсонда инсоний гўзаллик бор, деб ҳисоблайман! Мен учун гўзаллик бу, биров инсонга қўпол муносабатда бўлса ҳам, унга нисбатан шундай муносабатда жавоб қайтармаслик, унинг даражасигача тушиб, унга жавобан паст кетмаслик, мана шуни ҳам мен гўзаллик, деб ҳисоблайман! Чинакам гўзаллик, бу бошқаларга бўлган муносабатда, муомалада намоён бўлади! Баъзилар гўзалликни фақат чиройли юзда бўлади, дейишлари мумкин. Аммо, ҳозир юз гўзаллиги муаммо эмас! Бир нечта укол, ёки пластик жарроҳлик билан гўзал бўлиш қийин эмас! Тўғри, гўзал суратга узоқ вақт тикилиш мумкин, аммо унда мазмун ҳам бўлиши керак! Дунёда гўзал инсонлар кўп, айниқса ҳозир маблағ билан гўзал бўлиш имкони бор, ҳамма бирдек гўзаллашмоқда! Юзи гўзал инсонларни топиш жуда осон, аммо қалбан, ҳаракатлари, муомаласи, муносабат тарафлама гўзал инсонларни топиш қийин! Ундайлар афсуски, жуда кам учрайди. Айниқса, инсон ҳасадгўй бўлмаса, ҳақиқий гўзаллик мана шунда! Агар инсонда ҳасад бўлса, юраги қора бўлиб, кўнглида “мана бу билан муносабат ўрнатса бўлади, бу билан йўқ”, деб одам ажратса, “чунки, бу бадавлат, бунисини мавқейи бор, буниси эса оддий одам” деб, танлаб ўтирса, унинг қандайлиги барибир билиниб қолади! Минг пластик жарроҳлик қилдирмасин, минг гўзал бўлмасин, қалбан хунуклиги, ҳасадгўйлиги, барибир ҳатти-ҳаракатларида намоён бўлиб қолади! Мен ўзим шахсан, пластик жарроҳлик ёки киприк улашларга қарши эмасман, аммо, менимча, инсонлар ташқи гўзалликка зўр берган ҳолатда, энг муҳими қалб гўзаллиги ҳақида унутиб қўйишмоқда. Одатда аёллар, эркак киши учун, ташқи гўзаллик муҳим, деб ўйлашади. Йўқ, ақлли эркак учун, биринчи ўринда қалб гўзаллиги, тарбия, билим, ташқи гўзалликдан аввал муҳимроқ бўлади.
- Айни вақтда ўзингиздаги қайси жиҳатдан фахрланишингиз мумкин?
- Мен инсонларнинг ютуғи, муваффақияти, бахтини кўрганда, бундан хурсанд бўла оламан! Тўйимдан сўнг, интернет орқали кўплаб негатив фикрлар ёғилганда, ўйладим, тақдир мени бу билан нимага ўргатмоқчи? Ахир ҳаётимиздаги ҳар бир ҳодиса, бизни нимагадир ўргатади! Узоқ ўйлаб, шундай фикрга келдимки, мен аввал доим Оллоҳдан мени ёмон инсонлардан асрашини сўрардим! Менинг ҳаётимда фақатгина яхши инсонлар учрашини тилардим! Энди эса, мен Оллоҳдан худди шундай ёмон инсонларга ўхшаб қолмасликни сўрайман! Ўша негатив фикрларни ёзган инсонларга ўхшаб қолмасам бас! Бундай негатив фикрларни ёзганлар ичида мутлақо нотаниш инсонлар билан бирга, афсуски, ҳамкасбларим ҳам бор! Ахир шунчаки, бировни бахти учун қувониш қийин эмасди-ку! Икки инсоннинг бахт тўйи бўлди, оила қуришди! Бахтли яшашмоқчи! Йўқ, шу оддий нарсани шунчалик даҳшатли муҳокама қилишдики! Мен Оллоҳдан астойдил сўрайман, мен ҳеч қачон уларга ўхшаб қолмай, улардек бўлишдан ўзи асрагин! Мен улардек эмаслигим, бошқаларни бахтидан астойдил хурсанд бўла олишим билан фахрланаман! Бунинг учун шукур қиламан! Бошқаларнинг бахтли кунидан, бахтидан қувона олиш ҳам, бир фазилат экан! Бундан ташқари, менда баъзи касбдошларим каби, ролларни қизғаниш хусусияти ҳам йўқ! Баъзи профессионал актёрлар, буни ёмон одат, агар роль муҳим ва қизиқарли бўлса, унинг учун курашиш керак, дейишади. Бир тарафдан уларни ҳам фикрига қўшиламан. Аммо, ўша роль барибир бошқа инсонга насиб қилса-чи? Бундай ҳолат менда кўп бўлган! Лекин, мен шунда ўша роль насиб қилганлардан ўша ролларни қизғанмаганман, ёмонлик тиламаганман ва ёмон муносабатда ҳам бўлмаганман! Шундай эканлигимдан фахрланаман ва бунинг учун ҳам шукур қиламан! Яна бир жиҳатим, тўйдан сўнг, мен шоу бизнесда, ўзимни дўстларим даврасида, ким мен ҳақимда ёмон гаплар гапираётганини фамилиясигача аниқ билдим, ҳамда кўплардан кўнглим қолди! Чунки, тўйимга таклиф қилинганларнинг ҳаммаси мен жуда ҳурмат қилган инсонлар эди! Бегонаси йўқ эди! Вақт ўтиб, айнан шу инсонлар, мен ва эрим ҳақида, ҳар хил гапларни гапираётганликларини билдим... Улар орасида энг ҳурмат қилган ҳамкасбларим ҳам бор эди... Мен уларнинг ҳеч бирига ёмонлик қилмаганман! Тўғриси, жуда ҳам кўнглим оғриди! Йўқ, мен ҳеч кимга қўнғироқ қилиб, “нега бундай деяпсиз?” ҳам, демадим. Ўзимни оқламадим ҳам. Мен ҳеч кимга жавобан ёмонлик ҳам тиламайман! Мени билмай туриб гапираётганларга ҳам, билиб туриб гапираётганларга ҳам! Муҳими, ўзим эса, уларга ўхшаб қолмаслик, улардек бўлмаслик учун астойдил ҳаракат қиламан! Чунки шундай яшаш, яхши ва осонроқ, деб ўйлайман!
- Одатда нима учун йиғлашингиз мумкин?
-Мен кўпроқ Янгиликларни кўриб, дунёда бўлаётган баъзи ҳодисаларни кўриб, йиғлаб юборишим мумкин. Шунинг учун ҳам, охирги вақтларда Янгиликлар кўрмай қўйдим. Чунки, ҳозир дунёда бўлаётган воқеалар даҳшатли тус олмоқда, ҳар куни уруш, қон тўкишлар, инсонлар бир-бирларига нисбатан зўравонлик қилишмоқда! Буларни кўриб, беихтиёр йиғлаб юборасан! Аввал, таъсирли фильм кўрсам, ёки китоб ўқисам йиғлардим. Энди эса, улғайдим шекилли, йиғлашим қийин. Агар жуда қаттиқ ранжитишса, йиғлашим мумкин. Аммо, охирги марта қачон йиғлаганимни эслолмайман!
- Ўзингиз роль ижро қилган фильмларингизни қайта кўрасизми?
- Йўқ! Фақат премьера кунида кўраман, шундан сўнг, ҳаттоки телевизорда берса ҳам, режиссёр дискини берганида ҳам кўрмайман! Сабаби, уларни қайта кўрсам, камчиликларимни кўраман ва “мана бу ерида бундай ижро қилиш керак эди, бу ерини бундай қилиш керак эди” деган фикрлар билан, ўзимга нисбатан қаттиқ танқид бошланади! Ўз ижройимни ўзим аёвсиз танқид қиламан, ҳамда ўзимга бўлган ишончим йўқола бошлайди... Шунинг учун ҳам, ҳар битта роль ижро этган фильмимни премьера куни кўраман, минусларини билиб оламан ва кейин ўша минусларни бартараф этиш устида ишлайман! Яна қайта кўришни ёқтирмайман.
- Турмуш ўртоғингиз билан бир-бирингизни қўл телефонингизни текширасизларми?
- Йўқ! Менда бундай одат тўйдан аввал ҳам бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ! Турмуш ўртоғимда ҳам йўқ! Турмуш ўртоғим душга кириб кетганида, ёки ухлаётганидами, уни қўл телефонини текширишни, мен ўзимни ерга уриш, деб биламан! Фикримча, аёл эрини кузатиб, пойлаб, ундай назорат қилгунча, яхшиси, ўзига кўпроқ эътибор қаратгани маъқул! Шунда эрини қўл телефонини пойлаб юришга ҳам ҳожат қолмайди, деб ўйлайман. Мени Онам, “ҳеч қачон эркак кишини пойлаб, ўзингни ерга урма”, деб ўргатганлар. Чунки, эрини назорат қилмоқчи бўлиб, қўл телефонларини текшириб пойлайдиган аёл, менимча, ўзига ишончи бўлмаган, ўзини ўзи ерга урадиган аёл, деб ўйлайман. Эркак киши бу ҳақида билиб қолганида эса, бу иш унда ўша аёлга нисбатан фақат ачиниш ҳиссини уйғотиши мумкин, холос. Бу иш билан эрингизда ўзингизга нисбатан асло ҳурмат уйғота олмайсиз, барибир. Шунинг учун ҳам, менда ҳеч қачон эримни қўл телефонини қараб кўриш фикри ҳам бўлмаган! Ҳаттоки, унинг қўл телефони уйда қолиб кетган тақдирда ҳам, уни ўзини рухсатисиз, телефонига қўлимни текказмайман. Эрининг қўл телефонини яширинча қараш, аёл учун биринчи навбатда ўзини ерга уриш бўлса, яна бир тарафдан жуда хунук, паст иш, деб биламан. Агар у ерда бирор бошқа бир бегона қиз билан ёзишмалар, қўнғироқлар бўлган тақдирда ҳам, буни барибир вақти келиб, уни ўзидан билиш мумкин! Ўзи айтиши мумкин, ёки тасодифан бошқа сабаб билан ҳам билиш мумкин. Бу гапларимни ўқиб, баъзи аёллар “ўзинг ҳаёт ҳақида нимани ҳам билардинг?” ҳам дейишар, лекин, мен ўзим шундай эрини телефонини яширинча текширадиган аёлларни ҳурмат қилмайман! Аёл киши, ўзини ҳурматини билиши, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини муносиб тута олиши керак, деб ўйлайман! Муносиб аёлларни эса, ҳурмат қиламан!
- Ҳозир ҳаётингизда сиз учун энг муҳими?
- Ҳозир ҳаётимда энг муҳими, бу менинг янги оилам, умр йўлдошим! Турмуш қургунимча, менинг ҳаётимда карьера биринчи ўринда эди, тўғри, мен касбимни ташламайман, карьера эндиликда ҳам ҳаётимда ўзига хос ўрин тутишда давом этади, лекин айнан ҳозирги вақтда оила биринчи ўринга ўтган, карьера эса, ундан сўнг, албатта.
- Сиз учун қизиқарли бўлган ва кинода ролини ижро қилишни орзу қилган бирор бир тарихий шахс борми?
- Қорақалпоғистонда “Қирққиз ҳақида афсона” бор! У ерда 40 та қиз тасвирланган бўлиб, улар ўз Ватанини ёвдан ҳимоя қилиш учун, от минишни, қурол ишлатиб, жанг қилишни ўрганишади. Сўнг, ўз юртини жанговар ҳолда ҳимоя қилишади. Уларнинг бошлиғи Гулойим исмли қиз эди. Ёв қўлига тириклайин тушмаслик учун, улар тошга айланишни илтижо қилишади. Мен учун улар ҳақиқий тарихий қаҳрамонлар! Улар қаердан куч олишган, қиз бола бўла туриб, ўз юртини ҳимоя қила олганликлари, жасорати, мени ҳайратда қолдирган. Мана шу қаҳрамонлар ҳақида бадиий фильм олиниши, улардан бирини экранда талқин этишни истардим!
- Озми, кўпми кинода фаолият олиб бораётган актриса сифатида, бугунги кунда актрисаларга нима етишмайди, деб ўйлайсиз?
- Менимча, ўз-ўзига нисбатан танқидий ёндошиш етишмайди! Яъни, ўзини ўзи танқид қила олиш! Мен ҳамма актрисалар номидан ҳам, ҳаммаларига нисбатан ҳам, бундай дея олмайман. Бунга ҳаққим йўқ. Бу мени шахсий фикрим. Ҳар бир актрисани ўз йўли бор, ҳар бир актриса қўлидан келганча ҳаракат қиляпти, деб ўйлайман. Лекин, умумий олиб қаралса, ўзига, ролларига нисбатан танқидий ёндошиш етишмайди. Агар шу нарса бўлса, ўзига ҳам, сценарийларга ҳам, режиссёрларга ҳам талабчанлик билан ёндошиш бўлади. Талабчанлик бўлса, табиийки сифат ҳам ошади. Инсон бошқалардан эмас, ўзидан яхшироқ бўлиши керак! Яъни, бугундан кўра, эртага унинг ўзи янада яхшироқ бўлиши керак! Масалан, мен ўзимни ижро этган ролимни кўриб, “эртага бундан ҳам яхшироқ ижро этишим керак” деб ўйлашим зарур! Менимча, ҳозир мана шу нарса етишмаяпти! Бизда эса, аксинча, “мен мана бу актрисадан кўра яхшироқ ўйнашим керак” деган фикр бор, деб ўйлайман. Менимча, айниқса, энди бошлаётган ёш актрисалар, шундай ўйлашади. Улар ҳозирги кундаги таниқли бўлган актрисалардан кўра, яхшироқ роль ижро қилишни исташади ва бу хато фикр, деб ўйлайман. Инсон уни ўрнига, ўз устида ишлаши, ўз касби борасида мукаммалликка интилиши керак.
- Ҳозирги кунда инсонларни кузатганда, нималар ҳақида ўйлайсиз?
- Биласизми, инсонларни кузатиб, охирги вақтда, бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг, шундай фикрга кела бошладим. Инсонлар аслида янада меҳрибонроқ, раҳмдилроқ бўлишлари керак эмасми? Улар эса, негадир бераҳмлашиб, ёвузлашиб бораётгандек... Кимдадир нимадир яхши бўлса, нимадир муваффақиятли чиқса, уларга ёқмаётгандек... Мен истардимки, инсонлар бошқа инсонларни беҳуда муҳокама қилишни тўхтатишса... ғийбатни тўхтатишса... Масалан, қўшнисини, қариндошларини, актрисаларни, хонандаларни муҳокама қилишни, улар ҳақида ноўрин гапларни гапираверишни тўхтатишса... Чунки, ҳаётда ҳамма нарса қайтади! Бу қайтар дунё! Масалан, сен бугун бирор инсон ҳақида ёмон гап гапиряпсанми, эртага сени фарзандинг ҳақида айнан ўша ёмон гапни гапиришлари мумкин... Энг ёмони, ёмонлик сени ўзингга эмас, фарзандларингга қайтади... Бу ҳақида кўплар унутиб қўйишган... Бутунлай унутишса ҳам ажаб эмас... Кимнидир муҳокама қилиш, ҳаётини синдириш, кимнидир йиғлатиб, озор беришдан аввал, буларнинг барчаси бир кун келиб, яқинларидан кимгадир қайтиши ҳақида ўйлаб кўришса, дунёда ёмонликлар камаярмиди?... Масалан, мен туфайли кимдир ноҳақ кўзёш тўкса, мен туфайли озор чекса, мен ўзимдан нафратланган бўлардим... Мен туфайли кимдир ноҳақ сиқилиши, мени ўзим учун, ўзимдан нафратланарли ҳолат, деб ҳисоблайман ва ҳеч қачон бунга йўл қўймайман! Баъзида тасодифан ўзинг кутмаган ҳолда, бировнинг дилини оғритиб қўйишинг мумкин, агар шундай ҳолат юз берса, мен ҳеч иккиланмай “кечир, мен хато қилдим, узр, мен буни ҳоҳламагандим” деб, кечирим сўрашим мумкин! Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, ҳозир айримларга раҳмдиллик етишмаяпти! Бировларнинг ҳаёти билан яшашни бас қилиб, ўз ҳаёти билан яшашни, бошқаларни ҳаётига зарар етказмасликни, қайтар дунё борлигини, ҳаётда бошқаларга нима берсанг, ўзингга ҳам шу нарса қайтишини унутмасликларини сўрайман! Тилагим, ҳаёт йўлимизда учрайдиган ҳар бир инсон, биз ўзимиз қандай бўлсак, худди шундай инсон бўлсин! Балки, шундагина инсонлар фикрлаб, бошқаларга нисбатан ҳам раҳмдил ва меҳрибонроқ бўлишармиди?
- Янги йилда барчага тилакларингиз?
- Юртимизда яхши янгиликлар кўп! Жуда яхши сиёсий ўзгаришлар бўляпти, Янги йилга Янги Президент билан кириб келяпмиз! Ҳар бир инсоннинг қалбида, юртимизда ижтимоий ҳаётда, янада яхши ўзгаришлар бўлишига умидлар катта! Мени ўзимда ҳам шундай, чунки, мен ўз юртимни жуда ҳам севаман! Шунинг учун ҳам, барчага фақат яхшилик тилайман! Янги 2017 йил давомида ҳар бир ўзбек хонадонида, ўзлари орзу қилган мўъжизалар юз берсин! Кимдир фарзанд кўришни орзу қилган бўлса, 2017 йилда албатта амалга ошсин, фарзандли бўлсин, кимни уйида бемор бўлса, албатта соғайиб кетсин, кимдир оилали бўлишни орзу қилган бўлса, бу йил ниятига етсин, ҳар бир инсоннинг орзулари албатта, амалга ошсин! Энг муҳими, қанчалик кўп яхшиликка интилсанг, яхшиликка ишонсанг, яхши инсонларга ишонсанг, ҳаётингга ҳам шунчалик кўп яхшилик келади! Шунинг учун ҳам, ҳаётда қанчалик негатив ҳолатлар бўлмасин, барибир бу ўткинчи ва албатта унинг ортидан яхшилик ҳам келади! Яхшиликни унутмаслик, яхшиликка ишониш керак!
Саида Вахобова
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган