FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Қирмизи олма” қўшиғи куйланганлигидан буён ўтган вақт ичида, кутилмаган ўзига хос рекорд ўрнатишга эришди! Бу қўшиқни 14 давлат хонандалари қайта куйлаб чиқишди! Шу пайтгача битта қўшиқнинг ўзини шунчалик кўп хонандалар куйлашмаган эди! Лекин, улар бу қўшиқни куйлаш олдидан Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўзидан рухсат сўрашмаган. Бу борада Улуғбек Раҳматуллаевнинг фикрларини билиш учун, телефон орқали боғландим.
Улуғбек Раҳматуллаев: - Авваламбор, инсон фақат ўзига ёққан, дилига яқин бўлган қўшиқнигина қайта куйлайди! Демак, ўша қўшиқ, у излаган, у истаган, куйлашни кутган қўшиқ! Шунинг учун ҳам, бошқа миллат хонандалари айтган қўшиқларни олиб куйлашларини тўғри тушуниш керак! Кимдир кимнидир қўшиғини олиб куйлаши, бу нотўғри эмас, фақат бировнинг қўшиғини куйлаб туриб, “бу меники” демаса бўлгани, ҳавас қилиб куйласа, бу яхши, деб ўйлайман. Афсуски, ҳамма ижодкорлар билан ҳам, агар у чет эллик бўлса, ҳар доим боғланиб бўлмайди-ку! Масалан, “Қирмизи олма” қўшиғимни 14 давлат хонандалари куйлашгани, балки ўша ижрочилар шундай қўшиқ қидиришган ва уни репертуаримда кўриб, олиб куйлашди! Ахир ҳар қандай хонанда бастакордан ўз кўнглидаги зўр қўшиқни кутади! Афсуски, ўзи кутгандек қўшиқлар ёзилмаса, ўзига ёққан қўшиқни бошқа санъаткор репертуаридан олиб айтиш мумкин-да. Бу ўғирлаш эмас, ўша қўшиқ унга ёққанлигидан олиб куйлайди! “Вой, шуни қўшиғини олиб, ўғирлаб айтибди!” деб, ваҳима қилиш шарт эмас! Масалан, бировни бир яхши қўшиғини олиб куйласам, мен ҳам, ўша қўшиқ ўзимга ёққани учунгина куйлайман, бошқа хонанда ҳам, шундай қилади! Агар бастакорлар хонандаларга ўз кўнглидагидек, яхши қўшиқ ёзиб бера олмаётган бўлса, бунга хонандалар айбдор эмас! Ахир хонанда ўша қўшиқни фақат куйлаяпти! У “шу қўшиқни мен ёздим” деётгани йўқ! Буни фарқи бор! Лекин, агар бастакор бировнинг қўшиғини олиб, “буни мен ёзиб бердим” деса, бу бошқа ҳолат!!! Бунинг учун, хонандани айблаб, “ўғрига чиқариш” эмас, ўша бастакорга мурожаат қилиш керак! Ўша бастакор бировнинг қўшиғини “меники” деётган бўлиши мумкин, лекин хонанда эмас!!! Масалан, “Қирмизи олма” қўшиғимни Эронлик хонанда сўрамай олиб, ўз тилида куйлади! Дарҳол, буни “ўғирлабди, сўрамасдан айтибди” деб юборишди. Лекин, у бу қўшиқни ҳавас қилиб ижро қилганлиги билиниб турибди! Ахир У мени қаердан топади ва қандай боғланади? Ўзбек тилини билмайди-ку, лекин шу қўшиқ ёққан, куйлагиси келган! Бундан хафа бўлганим йўқ, уни тўғри тушундим, хурсанд бўлдим! Негаки, нечта давлатлар хонандалари орасидан айнан шу қўшиқни танлаб олиб ижро қилибди, демак, шу қўшиқ унинг юрагидан жой олибди! Эртага бир қўшиқни эшитиб қолсам, ўша қўшиқ жуда ёқиб қолса, мен ҳам уни куйлашим мумкин-ку! Лекин, агар бирор қўшиқ ёқса, имкон қадар барибир бир оғиз ўша қўшиқ ижодкорининг олдидан ўтиш керак, деб ўйлайман. Аммо, агар бирор қўшиқ ёқса, куйлагингиз келса, албатта уни биринчи куйлаган хонандани топиб боғлана олмасангиз, буни иложи бўлмаса, кечирасизу, уни вафот этиб кетишини кутиб ўтирмайсиз-ку! Ўша қўшиқ ижрочисининг тириклигида куйланса, нима қилибди? Ахир инсонлар бир-бирининг қўшиқларини тириклигида куйлашса, бу ўша қўшиқлар ижрочиларининг ўзаро бир-бирига бўлган ҳурматининг ифодаси эмасми? Албатта, ижрочининг ўлимидан кейин, уни ёд олиб, “марҳум устоз санъаткор репертуаридан” дейишни кутиш, менимча нотўғри, деб ўйлайман! Шунинг учун ҳам, қўшиқларимни бошқа давлат хонандасими, ёки Ўзбекистонлик санъаткорми, куйласа, асло қарши эмасман! Ҳаттоки, клип суратга олиб, намойиш қилса ҳам, қаршилигим йўқ! Фақат, қўшиқ даражасини тушириб юбормаса! Вокалдан хабардор бўлса, овоз имкониятларига эга бўлса, бемалол куйлаши мумкин! Қўшиқларим бошқалар дилидан жой олиб, шу қадар ҳаммага манзур бўлаётганига шукур қиламан!
Улуғбек Раҳматуллаев билан бу борада узоқ фикрлашдик. Чиндан ҳам, хонанданинг фикрлари бир жиҳатдан тўғри, деб ўйлайман. Чунки, Инсон, фақат ўзига ёққан нарсагагина эътибор қаратади! Ҳозирда чиндан ҳам қўшиқлар бир хиллашиб кетаётгандек... Бир қўшиқ хит бўлса, қарабсизки, унга ўхшаш бир неча “нусхалар”и пайдо бўлади, ёки айрим бастакорлар кейинчалик ҳам, бошқа хонандаларга, фақат шу йўналишда қўшиқ ёза бошлайди! Натижада эса, хонандаларда кўпроқ устоз санъаткорлар, ёки бошқалар ижро қилган қўшиқларни қайта куйлаш учун эҳтиёж кўпайгандек... Бунинг сабаби эса, улар ўзлари истаган яхши қўшиқни топа олмаётганлигида бўлса керак, чунки бастакорларда ҳозирда чиндан ҳам изланиш етишмаяпти, назаримда! Бировнинг бир иши ёки қўшиғи маъқул бўлганлигини тан олиб, уни қайта куйлаш ҳам мардлик, ҳам ўша инсонга нисбатан чинакам ҳурмат ифодаси ҳисобланади! Буни тан олиш учун, чиндан ҳам, хонанда айтгандек, ўша санъаткорнинг ўлимини кутиш шарт эмас, аксинча, қўшиғини бошқа хонанда ижросида тингласа, ўша санъаткор ҳам балки Улуғбек Раҳматуллаев каби бағрикенглик қилиб, қувониши ҳам мумкин.
Суҳбат давомида, хонанданинг ҳозирги кунда яна қандай қўшиқлар устида ишлаётганлиги билан қизиқдим. Улуғбек Раҳматуллаев ҳозирда кетма-кет 2 та янги клип суратга олмоқда! Демак, бу йил Улуғбек Раҳматуллаевнинг ижодида клипларга бой йил бўлиши кутилмоқда! Йил энди бошланди, демак, йил давомида Улуғбек Раҳматуллаевдан яна “Қирмизи олма” каби, қўшиқларни кутиб қоламиз!
Феруза Фаттохова