FATTOHHON.COM

« Все новости

ВАЗИРЛИКДА ҲАЙЪАТ ЙИҒИЛИШИ! 02.02.2017 03:11

 1485960619_hayeat

Ўзбек Миллий Академик драма театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари Вазирлигининг 2016 йил фаолияти якунлари ҳамда, навбатдаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Ҳайъат аъзолари, Вазир ўринбосарлари, Вазирлик марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари, Вазирлик тизимидаги Республика ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, театрлар, музейлар, тизимдаги таълим муассасалари ҳамда спорт мактаблари раҳбарлари иштирок этишди.

Маданият ва спорт ишлари Вазири Баҳодир Аҳмедов йиғилишни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда, Республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастури энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини белгилашга бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш ҳамда, Вазирликнинг 2016 йил давомидаги фаолияти якунлари таҳлили ва навбатдаги устувор вазифалари тўғрисида маъруза қилди.

-Бугун юртимиздаги оқилона сиёсат, узоқни кўзлаб иш юритиш туфайли барча жабҳаларда ўсиш суръатлари кузатилмоқда. «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган олижаноб ғоя изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. 2017 йил 14 январдаги мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ҳам халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, инсон манфаатларини дастлабки ўринга чиқариш масалалари иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши кераклиги таъкидланди, - дейди Б.Аҳмедов. -  Ҳайъат мажлисимиз нафақат 2016 йилдаги фаолиятимизни умумий таҳлил қилиш ва келгуси вазирлигимиз олдида турган улкан ўзгаришлар, янгиланишларни чуқур тушунган ҳолда келгусидаги устувор йўналишларимизни белгилаб олишга қаратилади.

Б.Аҳмедов, Вазирликнинг ўтган йилги фаолияти ҳақида сўз юритар экан, қўлга киритилган ютуқлар билан бир қаторда тизимда ечимини кутаётган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар батамом барҳам топмаётганлиги, улар соҳа ривожига ўз таъсирини ўтказаётганлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди. 

 

Кун тартибидан жой олган ҳудудларда 2016 йил давомида маданият ва спорт соҳасини ривожлантириш, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада ошириш, аҳолига юксак маданий хизмат кўрсатиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ўтказилаётган маданият ва санъат фестиваллари, кўрик-танловларининг савиясини кўтариш, чекка ҳудудларда оммавий спорт тадбирлари ташкил этиш орқали аҳолининг жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш борасида бажарилган ишлар таҳлили ҳамда, мазкур вазифаларни келгусида самарали амалга ошириш юзасидан ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг шахсий масъулияти тўғрисидаги;  Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июлдаги “Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг театрлар  моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик, миллий ғоя ва мафкурага садоқат руҳида тарбиялаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш борасидаги масъулияти тўғрисида”ги 67-б-сонли баёни ижроси ҳолати тўғрисидаги;

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 29 декабрдаги "Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг республика музейларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш,  аҳолининг мазмунли дам олишини ташкил этиш, шунингдек ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий ва эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш борасида амалга ошираётган чора-тадбириларнинг натижадорлиги юзасидан масъулияти тўғрисида”ги 116-сонли баёни ижроси ҳолати тўғрисидаги;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг 2015-2016 ўқув йили битирувчилари бандлигининг таъминланганлик ҳолати ва ўқув жараёни самарадорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусидаги;

2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёнлари тўғрисидаги ҳамда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг электрон қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш чора-тадбирларининг бориши тўғрисидаги масалалар ҳам, танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Мажлис сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўз вазифасига лоқайдлик билан ёндошган раҳбар кадрларга нисбатан интизомий жазолар белгиланди.

Вазирлик Матбуот хизмати