FATTOHHON.COM
« Все новости2012 йилда Фонд Форум, “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси, “Меҳр нури” жамоат фонди, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди томонидан ташкиллаштирилаётган “1000 та Никоҳ ва 1000 та Суннат тўйлари” хайрия лойиҳаси кўплаб инсонларнинг ҳаётда ўз бахтини топишига сабаб бўлиб, келажакка ишонч уйғотган эди. Шунингдек, бу лойиҳа инсонларни хайрли ишларни янада кўпроқ қилишга, кўплаб хайрли тадбирларни амалга оширишга ҳам ундамоқда. Эндиликда, 2013 йилда ҳам мазкур хайрли анъаналар давом этмоқда!
”Йил аёли” миллий танлови лойиҳаси иштирокчиси Ҳаётхон Раҳимова ушбу хайрли анъанани давом эттириб, Андижон вилояти, “Пахтаобод” туманидаги ижтимоий мухофазага муҳтож оилалар фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун 4 та суннат, 1 та никоҳ тўйини ўтказиб берди.
Андижонлик Ҳаётхон опа, замонавий ва ишбилармон ўзбек аёлларидан, у мазкур тўйга тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўзлаб, хайрли анъанага ўзининг камтарона ҳиссасини қўшганлигидан мамнун эканлигини билдирди.
Ҳаётхон Раҳимова: - Андижондаги 31-Мехрибонлик уйида, қизларни турмушга тайёрлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш йўлида бор кучимни сарф қилишга ҳаракат қиляпман. Уларни ўзим тайёрлаган ширинликлар билан сийлаган куним юрагим тоғдек кўтарилади. “1000 та Никоҳ ва 1000 та Суннат тўйлари” лойиҳа ҳақида эшитганимдан сўнг, мен ҳам худди шундай хайрли ишни ташкил қилиш ҳақида ўйлаб юрган эдим. Ниятим холис экан, амалга ошди! 31-Меҳрибонлик уйида яшаётган 3 нафар, кам таъминланган оиладан бир болажонларнинг суннат тўйларини ўтказдик. Менинг бу ташаббусимни “Пахтаобод” туман ҳокимияти, тумандаги Марказий шифохона тиббиёт бирлашмаси ҳам чин юракдан қўллаб-қувватлашди. Уларнинг кўмаги билан тўйимиз файзли ва баракали бўлди. Қўшалоқ тўйларимизнинг сабабчилари бўлган Зафарбек ва Нозимахонлар ҳам бугун бахтли оилалардан бирига айланишди.
Мазкур туманда истиқомат қилаётган Нозимахоннинг ёлғизгина яқини – волидаси ҳаётдан кўз юмган эди. Ёлғиз қолган қизнинг тақдирини маҳалла аҳли маслаҳат билан ҳал этишди. Уни одоби, камтаринлиги билан ажралиб турувчи 33 яшар Зафарбек билан унаштирдилар. Нозима ҳам рози бўлди. Ёшларнинг никоҳ тўйи, ҳамма ҳавас қилса арзигулик даражада ўтди.
Зафарбек Умаров, куёв, 33 ёш: - Ўтган йили вилоятимизда бўлган тўйларни эшитиб, халқимизнинг нақадар саховатпешалигидан қувонган эдим. Мана, бугун ўша ёшлар қатори менинг ҳам бахтим кулди. Бағрикенг, яхши инсонлар туфайли биз Нозимахон билан оила қурдик. Мен Нозимахоннинг ёлғизлигини билдирмасликка, у билан бахтли ҳаёт қуришга ваъда бераман. Бизга шундай чиройли тўйлар қилиб, совға-саломлар берган барча инсонларга миннатдорчилик билдирамиз.
Ҳаётхон Раҳимованинг айтишича тўйга тайёргарлик вақтида, тўй болажонларга сарпо олиш учун бозорга борганида, сарполарни нима мақсадда харид қилаётганини эшитган сотувчилар ўз маҳсулотлари учун пул ҳам олмай, савоб ишга ҳисса қўшиш истагини билдиришибди!
Халқимизнинг саховатпешалигидан, инсонларнинг хайрли ишларга ҳамиша шай эканлигидан беихтиёр кўнглинг тоғдек кўтарилади. Меҳр-оқибат, эзгулик, савоб, ўзбек халқининг авлоддан авлодга ўтиб келаётган асосий фазилатларидир. Ана шу фазилатлар ҳамиша, ҳеч бир инсонни тарк этмасин!