FATTOHHON.COM
« Все новости1. 1 апрель куни қаттиқ алданганмисиз?
2. 1 апрель куни ўзингиз бировни алдаганмисиз? Энг эсда қоларлиси...
3. Ёлғонга муносабатингиз?
4. Яхшилик учун ҳеч қачон ёлғон гапирганмисиз?
5. Кимнидир алдаганингиздан афсусланганмисиз?
6. 1 апрель кунига муносабатингиз?
7. Табрик
ШЕРЗОД БИН
1. Бир неча йил аввал дадамлар тарафидан алданганман. Дадамлар кўп ҳазил қиладилар. Лекин, қаттиқ алданганману, ёдимда йўқ. Эслай олмайман, менимча 2008 йил эди.
Энг қаттиқ алданганим эса, 1 апрель куни эмас, бошқа куни содир бўлган. Бир куни уйга шошиб таксида келганман, кечки пайт, қоронғи. Ёнимда пулим йўқ эди, таксига уйдан пул олиб беришим керак. Келсам, ҳовлимизнинг чироқлари ўчиқ ва ҳаммаёқ қоронғи. Ҳайрон бўлганман. Ҳайдовчига, “ҳозир уйдан пул олиб берай” деб, ҳовлига кирсам, ҳовлидаги стол-стуллар ағдарилиб ётибди! Дарҳол уйдагиларни чақирганман, ҳеч ким чиқмади! Ҳовлидаман, ичкарига кира олмайман. Қарасам, уйимизнинг иккинчи қаватида кимдир юргандек бўляпти. Гурс-гурс этган товуш келяпти, пастки қаватда кимдир пардани ҳам очиб, ёпди. Худди уйга ўғри тушгандек ҳолат, ҳатто дераза ромларигача осилтириб қўйилган. Шошиб чиқиб, ҳайдовчига “киринг, уйимда ўғри борга ўхшаяпти” дейишимни биламан, кап-катта одам, “йўқ-йўқ, майли, қўявер, мен кетдим” деб кетиб қоляпти! “Ҳей, тўхтанг! Уйимда ҳеч ким йўқ, қўрқяпман” десам, ҳайдовчи ҳам қўрқиб кетган! “Майли, пул ҳам керакмас, мен кетишим керак!” деб кетиб қолган! Ноилож ўзим уйга қайта кириб, аввал ҳокандозни олиб, овоз келаётган тарафга отдим. Кейин эшик ёнда узун каттароқ темир труба ётганди, ўшани қўлимга олиб, “Кимсан?” деб бақириб, ўша тарафга трубани ҳам отаман деганимда, шу заҳоти чироқлар ёниб, акам, ўртоқларим ва қўшниларнинг хахолаб кулишгани эшитилган! Ҳазил қилишган экан! Лекин, ўшанда шу даражада қаттиқ қўрққанманки! Жуда ҳам қўпол ҳазил бўлган!
2. Асосан, мактаб даврида кўп ҳазиллар қилганмиз.
3. Ҳақиқий ёлғонга муносабатим ёмон. Ёлғон гапириш яхши эмас.
4. Ёлғонни фақатгина бировни ёмон вазиятдан олиб чиқиб кетиш учунгина ишлатиш мумкин, назаримда. Бир инсонни ҳаёти, ёки қандайдир ўта керакли бир иши ҳал бўлиши учун, агар ҳақиқатда фойдаси бўлса ва яхшиликка ишлатилаётган бўлса, менимча, ёлғон ишлатиш мумкин, деб биламан. Шахсий фикрим. Энди яхшилик учун ёлғон гапириш баъзида бўлиб туради. Масалан, кимнидир биров “ёмон” деб ёмонлаётган бўлса, унга “бундай фикрлама, ўша инсон сен ҳақингда мана бундай яхши гапларни гапирди! Уни ёмон кўрмагин, у сени яхши кўради! Сени мақтаяпти-ку!” дейман. Негаки, бировни бировни ёмон кўриб яшамаслиги учун!
5. Афсусланганман! Баъзида ёлғон гапириб қўйиб, кейин афсусланган вақтларим бўлган. Лекин, аниқ биттасини эслай олмайман. Аммо, (ўйланиб туриб) яқинда бир ёш актрисани”сени яхши кўраман” деб алдадим. (кулиб юборади) Ҳазил учун! Бу ҳазил эди, кейин ўзи ҳам тушунди.
6. Бу зўр кун! Балки, инсонлар бир-бирларига қўпол ҳазиллар қилишар, лекин ўша куни инсонларнинг кайфияти кўтарилади! Бу куни жуда ҳам бошқача бўлади! Инсонлар бир-бирларига ҳазил қилиб, кўтаринки кайфиятда юришади. Масалан, мактаб вақтларимизда, бизда 1 апрель “Ёлғон куни” бўлса, 2 апрель “Сув сепиш куни” бўларди! Ўша куни қизларга роса сув сепардик! Деярли чўмилтириб, юборардик! 3 апрель “Соч тортиш куни” бўларди. 4 апрель “Папка беркитиб қўйиш куни” бўларди. Ўзимизча ҳар куни нимадир ўйлаб топиб, апрель ичи байрамни давом эттирардик, байрам қилаверардик! (самимий кулади) Шу нарсалар ҳалигача эсимда!
7. Юртимиз ҳар доим тинч бўлсин! Ватанимиз янада гуллаб-яшнасин! Ватандошларимиз ҳамиша мана шундай хурсанд, хушкайфиятда юрсинлар! Энг катта хурсандчиликлар юртдошларимиз учун одатий ҳолат бўлсин! Яъни, ҳар бир куни катта хурсандчиликда ўтганидан, бу одатий ҳолатга айлансин! Энди ундан зўр кунлар эса, тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада зўр бўлсин! Ҳамма фақат кулиб, хурсанд бўлиб юрсин!
* * * * * * * * * *
ЗУҲРА СОЛИЕВА
1. 1 апрель куни роса кўп алданганман! Энг қаттиқ бўлгани, театрда ишлаб юрганимда, Ботир ака Муҳаммаджонов шу куни “тез етиб кел, спектаклинг бор!” деб театрга чақирганлар! Шошиб тезликда театрга етиб борганман! Келсам, ҳеч қандай спектакль йўқ экан!
2. ва 5. Ўзим Самарқанддан поликлиникада ишлаб юрган вақтларим эди. Поликлиникада бош врачдан энг қўрқадиган бир ходимимиз бўларди. Бош врачнинг салобати босиб, ўзини йўқотиб қўярди. Ўшанинг ёнига тушиб, атайлаб, “Сени бош врач чақиряпти! Ким биландир қўнғироқлашдилар, кимдир сени уларга телефонда роса ёмонлади! Тезроқ кир, чақиряптилар!” дедим. Ана энди у бечоранинг аҳволини тасаввур қилаверинг! Ранглари оқариб, секин бош врачнинг хонасига кирди. “Ассалому алайкум, чақирдингизми?” деса, бош врач ҳам “Нега келдинг? Нимага чақираман?” дегач, у ердан чиқиб, ранглари оқариб, бир аҳволда турганини кўриб, “бу 1 апрель ҳазили” ҳам дея олмадим! Роса раҳмим келди! Шу ишни қилганимга ўзим роса афсусланиб, пушаймон едим! Ҳалигача эсласам, унинг ўша ҳолати кўз олдимдан кетмайди!
3. Ўзи ёлғонни ёмон кўраман!
4. Яхшилик учун, бўлган бундай ҳолат. Ҳозир ёдимда йўқ, лекин яхшилик учун ёлғон гапиришга тўғри келган.
6. Бу кунни яхши кўраман! Ҳазилни кўтарадиганлар, ҳазилни тушунадиганлар учун кун, кулги куни! Телевизорда кўргандим, “бир минутлик кулги, бир соат спорт залида машқ қилган энергияни берар экан!” Шунинг учун, ҳамма кулиб юрса, соғлом бўлишса керак! Кулги умрни узайтиради, кулги кунини ҳам, кулгини ҳам кўпроқ чўзилишини ҳоҳлардим. Ўзим ҳазилкашман ва кулгини яхши кўраман! Мени ҳам кўчада кўришса, ҳамманинг юзида табассум уйғонади!
7. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳаётда қандай вазият бўлган тақдирда ҳам, ёнингизда ким бўлган тақдирда ҳам, ҳамма фақат, кулиб юришсин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
"ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН