FATTOHHON.COM
« Все новости- Янги концерт дастурингиз ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз. Бу гал томошабинларни қанчалик ҳайратлантириш ниятидасиз?
- Концерт дастури режиссёри ҳар доимгидек ўзим, концерт хореографи эса, кўп йиллик дугонам Эля Молюкова. Концертда кўпроқ чироқлар, жонли мусиқа бўлади! Албатта, бу концертни ноодатий бўлишига ваъда берамиз. Концерт бошланишиданоқ томошабинлар, уни бутунлай ўзгача эканлигини тушунадилар. Концертга келган мухлислар, бу концертни узоқ вақтгача унутмасликлари аниқ! Концерт меҳмонлари ҳам кўп, барчаси дўстларим! Бу гал концертимда дуэтлар бошқа концертларимдан кўра кўпроқ бўлади! Чунки, кўплаб шоу бизнесдаги дўстларим дуэтлар таклиф этишди! Концертимда шунчалик кўп дўстларимнинг бирга бўлишлари мен учун бахт! Қолаверса, концертим вақтида янги мусиқий альбомимни ҳам, томошабинлар эътиборига ҳавола этаман! Уни бемалол концерт кунлари “Истиқлол” санъат саройида харид қилиш мумкин бўлади.
- Чиндан ҳам ҳар йилги концертингизда қандайдир ноодатийликка риоя қиласиз. Масалан, ўтган йили Миср билан боғлиқ блог томошабинлар ёдида қолган бўлса, ундан аввалги йил саҳнада “Кино олами”ни намойиш қилган эдингиз. Бу йил-чи?
- Ҳа, биз унда кино санъатини пайдо бўлишидан бошлаб, ҳозирги кунга қадар бўлган жараённи акс эттирган эдик. Менинг бобом кинорежиссёр Наби Ғаниев, ўзбек киноси асосчиларидан бўлиб, унинг фильмлари Олтин фондга кирган. Бизнинг оиламиз, у киши билан фахрланади! Қолаверса, менинг отам Отабек Ғаниев ҳам актёр, онам Тамара Шокирова эса, актриса бўлишган. Шунинг учун ҳам, ўша йилги концертимни Киноматографияга бағишлаганман! Ўтган йилги концертимда эса, чиндан ҳам, Миср билан боғлиқ блог, энг ёрқин блог бўлганлиги учун ҳам, барчанинг эътиборида бўлди! Бу йил эса, янада ўзгача концерт бериш ниятидаман! Ҳамма сирларни очмоқчи эмасман, концертга келганлар ўзлари барчасига гувоҳ бўлишларини истайман! Аммо, шуни айтишим мумкинки, концертимда бу йил янги қўшиқлар кўпроқ бўлади!
- Ижодингизнинг айнан қайси қисми сизга кўпроқ завқ бағишлайди: Қўшиқ ёзиш жараёнлари, концертлар, мухлислар билан мулоқот, ёки яна бир бошқа жараёнлар?
- Менимча, ҳаммаси биргаликда, деб ўйлайман. Мен ўз касбимни жуда севаман, касбимдаги ҳамма жараёнлар, жиҳатлар менга маъқул. Инсон ўз касбини севса, қилаётган ишидан завқлансагина, ҳақиқий муваффақиятга эришади!
- Чиройли ва энергия билан рақсга тушишингиз барчанинг эътиборида! Бир вақтнинг ўзида ҳам куйлаб, ҳам шундай тезликдаги рақсларга тушиш қийин эмасми?
- Лекин, мен профессионал раққоса эмасман, шунинг учун ҳам, албатта, бу қийин. Чунки, профессионал раққосалардан кўра кўпроқ машқ қилишимга тўғри келади. Бошқалар бир-икки мартадаёқ ўзлаштиришган ҳаракатларни мен 4-5 баравар кўпроқ машқ қиламан! Натижа чиқмагунча ҳаракат қилавераман! Энг қийини, чиндан ҳам жуда кўп ва тез ҳаракатни талаб қиладиган рақсларда қўшиқ куйлаб, ҳаракатланиш, чунки бундай вақтда нафасни тўғри бир маромда ушлаш керак, тез ҳаракат натижасида эса, табиийки нафас олиш ўзгаради. Бу ҳам кўп машқ талаб қилади.
- Янги концертингизда қанча фоиз жонли ижрода куйлаш ниятидасиз?
- Концертнинг 80 фоиз қисми жонли ижрода бўлади!
- Ташқи қиёфани бир маромда ушлаб туриш ҳам катта маҳорат! Сиз доим гўзал ва ажойиб кўринишда бўла оласиз. Бунинг учун махсус парҳез қиласизми?
- Тўғрисини айтсам, ҳозирда йўқ! Лекин, тўғри овқатланиш тартибига риоя қиламан, ҳозирда кунига 2 маҳал овқатланаман. Аммо, фарзандларим дунёга келгач, бироз тўлишганлигим туфайли, ўтган йили тез озмоқчи бўлиб, жуда қаттиқ парҳез тутдим. Аммо, бу соғлиғимга таъсир қилди, ҳеч кимга бундай қилишни маслаҳат бермайман! Ўзим ҳам бошқа ҳеч қачон бундай таваккал қилмайман. Лекин, ҳозир ҳам иш графигим туфайли, доим тўғри овқатланишга жуда ҳам қатъий риоя қила олмаяпман. Нонушта қиламан, яна кун давомида бирор нарса еб оламан, ўзи умуман олганда иш графигимнинг ўзи, қадди-қоматимни меъёрида ушлаб туришимга ёрдам беряпти, десам ҳам бўлади.
- Одатда уйдан чиқиш учун, ўзингизга қанча вақт сарфлайсиз?
- О... (кулади) Биласизми, болаларим билан бирга бўлиб, вақтнинг қандай ўтганлигини мутлақо сезмай қоламан! Қанча бўш вақтим бўлса, тамом, болаларимнинг ёнидан кетмайман. Кейин соатга қараб, кетадиган вақтим бўлиб қолганини кўриб, шошилишга тушаман! Лекин, тўғрисини айтганда, кўчага отланишим учун унча кўп вақт кетмайди! Аммо, барибир яна болаларга чалғийман, натижада кўпинча борадиган жойимга кеч қоламан! Тўғриси, вақтнинг ҳисобини тўғри ололмайман... “Яна бироз болаларим билан бўлай, ҳали вақт бор-ку”, дейман, болаларимдан ажралгим келмайди, кейин “соат неччи бўлди ўзи?” деб, қараб “вой, кеч қоляпман-ку”, деб шошиб қоламан.
- Сиз ҳомиладорлик вақтингизда ҳам, фарзандларингиз дунёга келгунча дам олмадингиз. Тўй хизматларига ҳам чиқдингиз. Ўша пайтларда қўрқмадингизми?
- Баланд овоз, шовқиндан қўрқдим, албатта. Буни албатта, фарзанд кўрган, ҳомиладор бўлган хонанда аёллар яхши тушунишади. Чунки, уларнинг кўплари ҳам, то фарзанди дунёга келгунга қадар, ижоддан бўшашмайди. Масалан, Янги концерт дастуримизда ҳозирда ҳомиладор Зиёда билан дуэтимиз бор, умид қиламан, ой-куни етгунча концертда бирга ишлашга улгурамиз.
- Ўғилларингизга яна бир ука ёки сингил “совға қилиш” ниятингиз йўқми?
- Худо ҳоҳласа! Бу орзуйим! Тўғри, ёш борасида бироз қийналишим мумкин, аммо албатта яна фарзанд кўришни ҳоҳлардим. Ўзи бошқа фарзанд кўрмасам керак, деб ҳам ўйлагандим, аммо турмушга чиққач, бу фикрим ўзгарди. Албатта, умр йўлдошимдек ажойиб инсонга яна бир фарзанд ҳадя қилиш ниятим бор!
- Умр йўлдошингиз Фарҳод Алимов билан қандай танишдингиз ва бу инсон тақдирингиз эканлигига қандай амин бўлдингиз?
- Умр йўлдошим билан бундан 20 йил аввал танишганмиз ва тўғрисини айтганда, бир-биримизни узоқдан билиб, салом-алик қилардик холос. Ҳаттоки, у мени “Излама” клипимда суратга тушганда ҳам, фақатгина таниш эдик, ҳаттоки дўст ҳам эмасдик! 2016 йилга келиб эса, у кутилмаганда унга турмушга чиқишимни сўраб, турмуш қуриш таклифини берди. Мен ўйлаб кўришимни айтдим. Унинг яқин дўсти Рашид ака Холиқов мени қўшним, оиламизнинг яқин дўсти, бу ерда у кишининг ҳам ҳиссалари катта бўлди. Рашид ака билан шу мавзуда жиддий суҳбатлашгач, Фарҳод Алимов, айнан “мени тақдиримдаги инсон” эканлигига амин бўлдим ва унинг турмуш таклифига рози бўлдим!
- Турмуш ўртоғингизнинг фарзандларингиз билан муносабати қандай?
- Турмуш ўртоғим фарзандларим билан жуда яхши муносабатда! Улар ҳамиша дўстона муносабатда бўлишларига ишонаман!
- Турмуш ўртоғингизнинг аввалги турмушидан бўлган фарзандлари билан сиз қандай муносабатдасиз?
- Албатта, мен ҳам улар билан жуда яхши муносабатдаман! Дўстлашиб олганмиз, уларни жуда яхши кўраман. Бўш вақтларимда, биз биргаликда сайр қиламиз!
- Фарҳод ака Йигитали билан танишиб олишдими?
- Улар аввалдан таниш бўлишган, ахир битта соҳада фаолият олиб боришади-ку. Иккови ҳам шоу бизнес вакиллари. Улар ҳам ўзаро дўстона муносабатдалар.
- Ҳозирда концерт тайёргарликлари билан бандсиз, болаларингизга қанчалик вақт ажрата оляпсиз? Умуман, болаларингиз тарбиясида қанчалик қаттиққўл онасиз?
- (самимий кулиб) Йўқ, мен жуда юмшоқ кўнгил, меҳрибон онаман, қаттиққўл бўла олмайман! Болаларимга бирор нарсага ҳеч қачон “йўқ” дея олмайман! Уларни жуда ҳам эркалатаман! Уриша олмайман! Ҳаттоки, шўхлик қилишса ҳам, қаттиқроқ гапира олмайман! Ўтириб, қилган иши нотўғрилигини тушунтираман. Улар “хўп” дейишади ва ўгирилиб, яна билганини қилган ҳолатлар ҳам бўлади. (кулади) Аммо, барибир улар ҳали кичкина, вақт ўтиб, барибир тушунтирсам тушунишади. Болаларни қаттиқ уришиш керак эмас, деб ҳисоблайман. Болаларга тўғри тарбия бериш керак, мен ҳам қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман. Ҳозир улар боғчага чиқишди. Бошида доим улар билан бирга бўлганимга, бунга кўникиш, уларга эмас, менга қийинроқ бўлди. Лекин, доим ижод билан бандман, қолаверса, айниқса ҳозир концерт тайёргарликлари кўп вақт олса ҳам, озгина бўш вақтим қолса, дарров болаларим билан бирга бўламан!
- Одатда сизнинг тонгингиз қандай бошланади?
- О... (кулади) Тонг мен учун телефон қўнғироқларидан бошланади! Уйқудан кўз очганимда, албатта бир неча қўнғироқлар бўлган бўлади! Мен эса, уларга жавоб қайтариб улгурмай, дарҳол болаларим билан банд бўламан! Кейин эса, айтганимдек шошилиш бошланади, чунки доимгидек кеч қолаётган бўламан! Натижада шошиб тайёр бўлиб, уйдан “учиб” чиқиб кетаман!
- Бундай кун тартибида болаларингизга ўзингиз бирор таом тайёрлаб беришга вақтингиз ҳам бўлмаса керак. Уларни нимани ёқтиришларини биласизми?
- (кулиб, меҳр билан) Ҳар қандай шароитда ҳам, мен барибир онаман! Болаларимни нимани яхши кўришларини жуда яхши биламан! Доимо, уларга ёқтирган нарсаларини олиб келишга ҳаракат қиламан. Аммо, чиндан уларга айнан ўзим таом тайёрлаб беришга вақтим етишмайди.
- Одатда гастролларга кетганда фарзандларингизни кимга қолдирасиз? Аввал синглингиз Насибага қолдиргансиз. Энди-чи?
- Ҳозир ҳам шундай! Насибани қайнона-қайнотаси бизни тушунишади. Мен гастролларга кетганимда, Насибани меникида қолиб, фарзандларимга қараб туришига рози бўлишган. Гастролларда оилам, фарзандларимни жуда соғинаман, ҳаттоки кам кунга кетган бўлсам ҳам. Бундай вақтларда иложи борича улар билан кўпроқ телефонда гаплашишга ҳаракат қиламан!
- Онангиз сизнинг тарбиянгизда қўллаган қайси жиҳатларни, ҳозирда ўзингиз, ўз фарзандларингиз тарбиясида қўллаяпсиз?
- (Меҳр билан эслаб) Онам бизга онадан ҳам кўра кўпроқ ҳақиқий дўст эдилар... Мен ҳам, ўз фарзандларимга ҳақиқий дўст бўлишга ҳаракат қиляпман!
- Самолётда учиш, машинани тезликда бошқариш, булардан чўчимайсизми?
- Йўқ, самолётда учишни нормал, хотиржам қабул қиламан, ҳеч қандай қўрқув йўқ! Чунки, мен жуда ҳам оғир-босиқ инсонман. Машинани тез бошқаришга, гастроллар вақти ҳам, тез бошқарилган машинада юришга, авваллари қўрқмасдим, лекин фарзандларим туғилгач, эндиликда, ҳайдовчига тезликни камайтиришни таъкидлайдиган бўлганман! (кулиб қўяди)
- Синглингизни турмушга берганда, тўй куни кўнглингиздан нималар кечди?
- Синглим учун мен ҳам она, ҳам ота бўлгандим, десам янглишмайман. Онам вафот этганида у ҳали кичкина эди, уни вояга етказишимга тўғри келди. Унинг тўйи куни бир тарафдан у ўз бахтини топганидан қувонсам, бошқа тарафдан “у бегона хонадонда қандай яшар экан? Мен ўзим-чи, у сиз қандай яшайман?” деб, ҳаттоки қўрқдим ҳам. Чунки, биз худди эгизакдек эдик! Ҳаттоки, ҳозир ҳам, уйимда синглим бўлмаса, ўрни жуда билинади. Унинг боласини ҳам ўз боламдек яхши кўраман. У хонадонимизнинг кичик маликаси!
- Синглингиз совчи орқали турмушга чиқдими ёки бўлажак куёв билан бир-бирларини танишармиди?
- Улар лицейда бирга ўқишган, кейин эса, лицейни тугатиб, бошқа-бошқа институтларга ўқишга киришган. Ўзаро дўстона муносабатда бўлишган. Куёв ота-онасига, синглимга уйланмоқчилигини айтгандан сўнг, одатга кўра, у тарафдан совчилар келишди, ҳаммаси рисоладагидек бўлди! Ҳозирда синглим жуда ҳам бахтли ҳаёт кечирмоқда, бир оиланинг севимли бекаси, кўз тегмасин!
- Нима деб ўйлайсиз, сизнинг фарзандларингиз учун энг яхши совға?
- Улар ўйинчоқларни жуда яхши кўришади! Янги йилдан сўнг, уларнинг ўйинчоқлари яна ҳам кўпайди! Янги йил куни уларни баъзиларини ўзим, қолганларини Қорбобо совға қилди! Янги йилни бу йил оила даврасида кутиб олдик, ҳамма хизматларга рад жавобини бердим. Қўшнимиз, оиламизнинг дўсти Рашид ака, шундай ажойиб, сеҳрли Янги йил байрами ташкил этдики! Мен турмуш ўртоғим, болаларим билан байрамни жуда зўр кайфиятда кутиб олдик!
- Турмуш ўртоғингиз характерингиздаги қайси жиҳатлар унга маъқуллиги ёки қайси жиҳат ёқмаслиги ҳақида ҳеч очиқ айтганми?
- Бу жуда ҳам шахсий савол. Мен умр йўлдошимни борича, яъни қандай бўлса, шундайлигича севаман! Характеридаги барча жиҳатлар билан! У ҳам мени шундай барча жиҳатларим билан қабул қилган ва шундай севади!
- Одатда бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?
- Одатда ижод билан бандмиз, бўш куннинг ўзи бўлмайди. Аммо, бўш вақт бўлиб қолса, албатта дўстларимиз билан сайрга чиқамиз, кинога тушамиз. Лекин, асосий бўш вақтимда доим фарзандларим билан бирга бўлишга ҳаракат қиламан!
- Яқин 3 йил ижодингизда ўзингиз учун ҳам, аҳамиятга эга бўлган қандай ўзгаришлар бўлди?
- Аввалари қўшиқларимни ўзим ёзган бўлсам, эндиликда муаллифларга ва бастакорларга мурожаат қилиб, қўшиқларимни уларга ёздиряпман. Албатта, натижада қўшиқларимда ҳам катта фарқ бўляпти. Масалан, “Беном” гуруҳи ижодкорлари билан ҳамкорлик қилдим ва янги мусиқий альбом ёздик. Якзон билан ҳам қайта ҳамкорликни йўлга қўйдик, ҳозирда бирга ишлаяпмиз! Ижод борасида ўзгаришлар ва янгиликлар кўп бўлди!
- Қўшиқларингизни яратилишида бошидан охиригача ўзингиз жараёнда иштирок этасизми, ёки қўшиқ тайёр бўлгачгина олиб куйлайсизми? Ёки сизга бир неча қўшиқлар олиб келишади ва улардан ёққанини танлаб оласизми?
- Ҳар бир қўшиғимни яратилиш жараёнида, бошидан охиригача ўзим иштирок этишга ҳаракат қиламан! Муаллиф ва бастакорлар билан биргаликда ўша қўшиқни ёзиб, токи тайёр бўлгунча ўзим ҳам ўша қўшиқ билан “ёнаман”! Масалан, ҳозирда Якзон билан бирга ишлаяпмиз! Ҳар битта сўз, оҳанг, ҳар бир жиҳатигача эътибор беряпман. Чунки, ҳар бир қўшиқ, бу шунчаки қўшиқ эмас, бу сизнинг фарзандингиздек гап! Масалан, битта қўшиқ тайёр бўлгач, уни куйлаб ёзиш учун ҳам, камида тонгги 3-4 гача студияда бўламан!
- Саҳна ва ҳаётда қанчалик ўзингиз-ўзингиздан фарқ қиласиз? Саҳнавий образингиз борми?
- Йўқ! Мен саҳнада қандай бўлсам, ҳаётда ҳам шундайман! Ўзимдан кимдир ясаб олмаганман, ҳеч қандай образда ҳам эмасман! Агар қандайдир образда бўлганимда, албатта йиллар давомида барибир ўзимни асл юзимни кўрсатиб қўйган бўлардим. Шунинг учун ҳам, саҳнадаги қиёфам, муомалам, барчаси ҳаётдагидан фарқ қилмайди, ўзим ҳам, ҳамиша ҳаётийликни қадрлайман.
- Ўз касбингизни плюс ва минусларини, ҳамда хонанданинг ҳаёт тарзи ҳақида, очиқ айта оласизми?
- Биринчидан, ўз касбимни жуда севаман, қадрлайман. Бугунги кундаги ижодий муваффақиятларимдан қувонаман ва шукур қиламан! Плюс ва минусларга келсак, ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги бор, албатта. Мени касбимга келсак, бу ўз оиланг учун камроқ вақт ажратишинг, доимий вақт етишмаслиги, бу соҳада муваффақиятга эришиш учун чунки жуда кўп ишлашингга тўғри келишидир. Энг катта плюс эса, биринчи навбатда севимли, ўзинг меҳр қўйган иш, ижод билан шуғулланиш бахти!
- Продюсерингиз борми?
- Йўқ! Ҳеч қачон продюсерим бўлмаган! Ижодим давомида 3 та администратор билан ишладим. Булар Азиз Йўлдошхонов, Фахриддин ака ва Шербек. Уччаласи билан ҳам, дўстона яхши муносабатдаман. Улар ўзаро ҳам дўст, яхши муносабатдалар. Одатда продюсер сизнинг ижодингизни бошқаради. Мен эса, жуда ҳам мустақил инсонман, эркинликни, ўзим ҳоҳлаган ишни қилишни ёқтираман, ўзим истагандек ижод қиламан! Шунинг учун ҳам, продюсерсиз ижодимни уддалаб келяпман! Менда ҳеч қачон продюсер билан ишлаш нияти бўлмаган.
- Сизнинг назарингизда “муваффақият” тушунчаси?
- Муваффақият бу, сени севишлари, сени меҳнатинг, ижодинг ҳаммага манзур бўлиши, саҳнага чиққанингда қўшиғинг мусиқасининг янграши, халқ, томошабинлар сени меҳру муҳаббат билан кутиб олишлари, бу ҳақиқий муваффақият!
- Ҳаёт бир текис эмас! Одатда тушкун ҳолатга тушиб қолсангиз, ёки кайфиятингиз бўлмаса, нима сизни қувонтиради?
- Мени болаларим! Улар ҳар қандай инсонни кайфиятини кўтариб юборишади! Ҳаётда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин, аммо болалар, қандайдир бир ўзига хос мўъжиза билан кайфиятни бир зумда кўтариб юборишади! Уларга қараб туриб, ҳар қандай ҳолатни унутиб юборасан! Дарвоқе, улар бу йил биринчи марта мени концертимга келишади, шунинг учун ҳам, ҳозирдан қувониб, ҳаяжонланяпман!
- Болаларингиз анча катта бўлиб қолишди. Уларга қайси қўшиғингиз ёқади?
- Болаларимга ҳозир концерт учун тайёрлаётган янги қўшиқларим ёқяпти! Улар бу қўшиқларни машинада эшитиб, деярли ёдлаб олишган. (кулади) Ўзларича ўхшатиб куйлашга ҳаракат қилишяпти!
- Уларни санъаткор бўлишларига рози бўлармидингиз?
- Улар қандай касб танлаши, қандай фикрга келишларидан қатъий назар уларнинг қарорини қўллаб-қувватлайман! Улар ўзлари истаган, танлаган касб эгаси бўлишларини истайман!
- Болаларингиз уйдан чиқиб кетаётганингизда ҳеч “қаршилик” қилиб, нимадир уюштириб сизни кетказмасликка уринган ҳолатлар бўладими?
- (меҳр билан кулади) Албатта! Бу ҳар кунги ҳолат! Мен ишга отланганимда, улар йиғлашни бошлашади! Буни кўриб, юрагим ғалати бўлиб кетади, уларга қолса, мени бутунлай ёнларида олиб ўтиришса, доим ёнимда бўлишса! Шунинг учун ҳам, уйдан чиқаётганимда, болаларимни чалғитиб туришади, улар мени кетаётганимни сезмай қолишлари керак!
- Улар отаси билан учрашиб туришадими?
- Албатта! Улар ўз отаси билан доим учрашиб, кўп вақтларини бирга ўтказишади. Мен ўзим бунга катта аҳамият бераман, ўзим Йигиталига фарзандларимиз билан кўпроқ бирга бўлиши керакли ҳақида айтганман, ахир у фарзандларимнинг отаси ва ҳар қандай вазиятда уни ҳам болаларга ва болаларимни ҳам отасига бўлган меҳри йўқолмаслиги керак! Бу фарзандларим учун жуда муҳим!
- Узр, лекин Йигитали билан ажрашишингизга нима сабаб бўлган эди? Умуман, агар у ҳам қайта оила қурса, қандай муносабатда бўлардингиз?
- Бу шахсий савол ва мен Йигиталидан фарқли равишда ўзимни кечинмаларим билан бўлишмоқчи эмасман! Аммо, мен Йигиталини ҳурмат қиламан, ундан фарзандларим учун, бирга яшаган йилларимиз учун жуда миннатдорман! Унга энг яхши тилакларни тилайман! Албатта, ўзининг иккинчи ярмини учратишини, бахтли бўлишини истайман! Касби борасида ҳам, улкан ютуқларга эришишига, барча орзулари амалга ошишига чин дилдан тилакдошман!
- Ўзингиздан қониқмаган, кўнглингиз тўлмаган вақтлар ҳам бўладими?
- Мени ҳеч қачон ўзимдан кўнглим тўлмайди! Ўзимга нисбатан жуда талабчан ва қаттиққўлман! Ҳар бир ишимни, бундан ҳам яхшироқ қилишим мумкин эди, деб ўйлайман. Бу ташқи кўринишим, ижодим, концертларим, умуман ҳар тарафлама шундай фикрдаман!
- Плагиатга қандай муносабатдасиз? Ўз қўшиқларингиз орасида шундай қўшиқ йўқми?
- Плагиатга, албатта муносабатим ижобий эмас. Ўзимни қўшиқларимга келсак, яқинда “Беном” гуруҳининг “Жавоб бер” қўшиғини куйлаганимда, шундай фикрлар бўлди. “Беном” гуруҳи ижодкорларини айблашди. Аммо, улар, бу уларнинг дасхати, услуби эканлигини, ҳеч қандай плагиатга йўл қўйилмаганлигини айтишди!
- Сизни бошқа хонандалар билан таққослашса, буни комплимент сифатида қабул қиласизми, ёки хафа бўласизми?
- Бундай ҳолатни ҳеч қанақасига қабул қилмайман! Чунки, мен ўзимни фақат ўзим билан таққослайман ва кечагидан кўра бугун яхшироқ бўлишга ҳаракат қиламан! Ўзимни ҳеч қачон бошқа хонандалар билан солиштирмайман. Аксинча, бошқа ҳамкасб хонандаларнинг муваффақиятларидан қувонаман, чунки бошқа хонандалар чиндан ҳам яхши, халққа манзур бўладиган қўшиқлар куйлашса, янада ўсиш ҳамда ривожланиш учун имконият катта бўлади, деган фикрдаман.
- Ҳар бир инсон ўзининг ўтган умр йўлларига, ортга ва олдинга қараб, бир зум ўй-хаёлларга берилади. Сизда ҳам шундай ҳолат юз берса, нимадан қувонасизу, нимадан афсусланасиз? Нимани бошқача қилишим мумкин эди, деб ўйлайсиз?
- Чиндан ҳам бундай ҳолат ҳар бир инсонда бўлиши мумкин. Аммо, бошқа тарафдан ўйлаб қаралса, ҳеч қандай хатоларсиз, ёки ҳолатларсиз, мен бугунги кунга, бугунги мавқейимга эришмаган бўлардим, деб ўйлайман. Нима бўлганида ҳам, бу мени ҳаётим, менинг босиб ўтган йўлим, менинг ҳаётий тажрибам! Буларнинг барчаси учун Худога шукур, дейман. Муваффақиятга ҳам, муваффақиятсизликка ҳам, хатоларга ҳам, чеккан қайғу ва дардга ҳам, хурсандчиликларга, барчасига! Улар биз бугун шу даражада бўла олмасдик! Улар туфайли биз, оқ ва қоранинг фарқини, яхши ва ёмоннинг фарқини билдик, хулоса қила оляпмиз ва айнан улар бизни кўп нарсага ўргатди, ҳамда уларни бошқа такрорламаймиз.
- Қайси бир концертингиздаги кутилмаган ҳодиса, ҳеч қачон ёдингиздан чиқмайди?
- Концертлар давомида жуда кўп ҳам кулгили, ҳам жуда бир қийин ҳолатлар, ҳодисалар юз беради. Энг ёдда қолганларидан бири, битта концертда асосий рақслардан бирини ижро этадиган бир раққосимиз сакраш вақти йиқилиб, оёғини синдириб олган эди! Энг қийин ҳолат эса, бир гал ҳеч ёддан чиқмайди, бутун концерт саҳнага “лифт” орқали чиқиб келишимга қурилганида, ўша “лифт” ишламай қолганида юз берган! Тасаввур қиляпсизми, концерт бошланишига фақатгина бир неча соат вақт қолган! Ўша “лифт” эса, мутлақо ишламайди! Бутун концерт бошидан охиригача унга боғланган! (кулади) Ҳозир бу ҳақида кулиб гапиряпман, аммо ўша вақтдаги менинг ҳолатимни тасаввур қилаверинг! Бир неча соат ичида концерт дастурини қайтадан тузиб чиқишга тўғри келган! Қанчалик қучли стресс бўлганлиги ўзимга аён! Шу пайтгача концертларда кимлар билан бирга ишлаган бўлсак, ҳаттоки уришиб кетган вақтларимиз ҳам бўлган, лекин кейин яна ярашиб, дўстлашиб, бирга ишлаганмиз! Концертга тайёргарлик бошланганидан бошлаб, 3-4 ой ичида мен бутунлай бошқа одамга айлангандек бўламан, фақат концерт ҳақида ўйлайман, стресс ҳолатигача тушаман, бутун жамоа куйиб-ёниб барча ҳаракатларимиз фақат концерт учун бўлади! Концерт ўтгач эса, енгил тортиб, ўзимга келаман.
- Айнан сиз учун қандайдир ўзгача бир ҳаракатни амалга оширган мухлис ёки мухлисангиз борми?
- Бир мухлисам бор, йил бўйи Владивостокда даволанади. Аммо, йилда фақат бир марта, мени концертимни кўриш учун Тошкентга учиб келади. Концертим неччи кун бўлса, ҳамма кунига билет сотиб олиб, концертга киради. Концертда ўтириб мени қўллаб-қувватлайди ва шу билан бирга менга алоҳида илҳом бағишлайди! Ундан жуда миннатдорман! Нафақат унга, балки барча мухлисларимга, барча фан-клубдаги мухлисларимга миннатдорчилик билдираман! Улар менга туғишганларимдек яқин, жуда ҳам қадрли, қадрдонларим!
- Аёлни тўлақонли бахтли бўлиши учун нима керак, деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда, ёнингда сени ўйлайдиган, ҳурмат қиладиган, сени севадиган севимли инсонинг бўлиши керак, деб ўйлайман. Яқинларингни доим ёнингда, соғ-саломат ва шод бўлишлари ҳам жуда муҳим. Қолаверса, касбингдаги ютуқларинг, муваффақиятларинг, ҳамда саёҳат қилиш имконияти!
- Аёл умуман, кучли бўлиши керакми?
- Менимча, аёл ақлли ва донишманд бўлиши керак, деб ўйлайман. Агар кучли бўлсанг, сенга синов ҳам кўп ёғилади. Мен ўзим кучли бўлишдан чарчаганман ва бошқа кучли бўлишни ҳоҳламайман!
- Аввалги интервьюлардан бирида сиз, одатда умр йўлдошингиздан ҳеч нарсани яшира олмаслигингизни, ҳаттоки “у хафа бўлиши мумкин-ку, айтмай қўя қолай” деб, яхши маънода бўлса ҳам, сир сақлай олмаслигингизни айтгандингиз. Ҳозир ҳам шундайми, ёки ўзгардингизми?
- Йўқ! (кулиб) Ҳозир ҳам шундай! Аслида ўзи аёл бундай қилмаслиги керак, деб ўйлайман. Ақлли аёл, ҳамма нарсани ҳам эрига айтавермайди, чиндан ҳам уни аяйди. Аммо, мени шу қўлимдан келмаяпти. Эримдан ҳеч нарсани яшира олмайман!
- Энг ёдда қоларли саёҳат?
- Яқиндагина умр йўлдошим билан Дубайга қилган саёҳатимиз бўлди! Бу Дубайга биринчи боришим, ёнимда севимли инсоним билан бирга борганлигимдан жуда ҳам бахтлиман! Биз у ердаги оқ масжидда бўлдик, жуда ҳам чиройли жой экан! Аквариумга бордик, шундоқ ёнимизда акулалар сузиб юриши, жуда ҳам. ўзгача таассурот бағишлади. Лекин, энг муҳими қаерда эканлигинг эмас, ким билан эканлигинг, шунинг учун ҳам, бу саёҳат мен учун жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди!
Саида Вахобова
Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган