FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Мадижович Аҳмедов “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси биносида жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш чоғида, пойтахтимизда бўлиб турган Қирғизистон давлати маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан ҳам учрашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 октябрдаги 797-Ф сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 25-26 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари чегара олди ҳудудлари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни келгусида янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган навбатдаги учрашувда, икки мамлакатнинг давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрига ташрифи ҳар икки қардош халқнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшганди.
Ташриф давомида мамлакатимиз вакиллари Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театрида бўлиб, қирғиз ҳамда ўзбек санъат намояндалари ўртасида уюштирилган ижодий учрашув юқори бадиий савияда ташкил этилганди. Шунингдек, икки мамлакат маданий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театри ходимлари томонидан театрда ўзбек тилидаги тарихий ва бошқа мавзудаги спектакллар яратиш, мазкур театр актёрларининг ижодий малакасини Ўзбекистон театрларида ошириш каби таклифлар билдирилганди.
Шу мақсадда пойтахтимизга ташриф буюрган Қирғизистон давлатининг бир гуруҳ санъат ва маданият вакиллари - Қирғизистон Pecпубликасининг Ўзбекистондаги элчихонаси масъул ходими Жипара Қypбановa, Ўш шаҳар маданият бошқармаси бошлиғи Топчубай Досбаев, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри директори Набижон Мамажонов, мазкур театр бош режиссёри Зокир Шокиров ҳамда Қирғизистон Республикаси “Ўш” ТВ молиявий директори Дилмурод Ишановларнинг Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов билан учрашуви чоғида юқоридаги таклиф ва мулоҳазалар, ишончли режалар яна бир бор тилга олинди.
Айни пайтда ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича мақсадли ишлар бошлаб юборилди. Тарихий спектакль яратиш бўйича ижодий маслаҳатлар, саҳна жиҳозлари, саҳна либослари, чизмалар, лойиҳалар ишлаб чиқилди. Саҳна жиҳозларини яратиш бўйича “Туркистон” саройи рассоми Акмал Жамолдинов, саҳна либослари бўйича Ўзбек миллий академик драма театри либосчи рассоми Севара Зуннунова, драматургия ва бошқа маҳоратлар бўйича тегишли театр мутасаддиларига вазифалар юклатилди.
Меҳмонлар, шунингдек, Тошкент театрларига саёҳат уюштиришиб, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Жумладан, Ўзбек Давлат Миллий Драма театрида бўлишиб, Чингиз Айтматовнинг “Момо ер” спектаклини томоша қилишди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик катта театри билан танишишди ва “Тўмарис” балетига гувоҳ бўлишди.
Кун якунида эса Қирғизистонлик делегация Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икромов билан учрашди.
Вазирлик Матбуот хизмати