FATTOHHON.COM
« Все новости
“Дайди” фильми ижодкорлари амалга оширган “ўзига хос реклама”га “ҳайратланмай” илож йўқ! Қонунни яхши билмаслик, ёки билса ҳам “фильм кассаси учун амалга оширилган антиқа реклама” нинг натижаси яхшилик билан тугамади!
2017 йил 8 февраль куни ижтимоий тармоқларда миллий киноматография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан мониторинг қилиниб, “TIMUR FILM” МЧЖ томонидан суратга олинган “Дайди” номли бадиий фильмни жамоатчилик орасига тарғибот қилишга бир қатор қонунбузилиши ҳолатларга йўл қўйилганлиги аниқланди ва зудлик билан мазкур фильмни кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилди!
Чунки, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва билетлари чиқарилиб, уларда машҳур Ҳолливуд киноактёри Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий Кореялик киноижодкорлар томонидан суратга олинган 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Сўнгги рицарлар” фильмидаги суратга тушган қиёфаси акс эттирилган эди. Аммо, актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхаларида бўлмаган!
Лекин, “TIMUR FILM” МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида, машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчининг (томошабинлар) ҳуқуқларини поймол қилган. Бу ҳолат фильмга нисбатан юқори қизиқиш уйғотиб, уни томоша қилишга бўлган талабнинг сунъий ошишини келтириб чиқармоқда.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси талабига кўра, ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Қонуннинг 23-моддасида давлат истеъмолчиларнинг товар сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши белгиланган.
Шунингдек, “TIMUR FILM” МЧЖ студияси “Дайди” фильмида бир қатор хорижий фильмлардаги кадрлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси талабини ҳам бузган.
Фильм ижодкорлари ёки қонунни ростдан ҳам яхши билишмайди, ёки билишса ҳам, атайлаб, “фильм рекламаси” учун “ким билиб, шунга аҳамият берарди?” қабилида иш тутишган, назаримизда. Аммо, улар бу шармандали ҳолатни тор доирада эмас, нафақат бутун Ўзбекистон, балки, кейинчалик интернет орқали бутун дунёга намойиши қилиниши мумкин бўлган фильмда қўллашган! Томошабинни алдаш орқали, моддий фойда кўриб, сохта обрў топмоқчи бўлган ижодкорлар, бу ҳаракатлари билан аслида Ўзбек киноси обрўсига путур етказишлари мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришганмикан? Бу ҳолат, агар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан вақтида мониторинг қилинмай, фильм катта экранга чиқиб кетганида, Бутун дунёда Ўзбек киноси, ўзбек киноижодкорлари ҳақида қандай тушунча пайдо бўларди? Фильмда мутлақо роль ижро этмаган, бундан хабари ҳам йўқ актёрни бошқа фильмдаги кадрларидан, гўёки у фильмда суратга тушгандек қилиб фойдаланиш билан, “ихтирочи” киноижодкорлар авваламбор, ўзларини ўзлари алдашмадими? Бундан бир “ҳайратлансангиз”, энди “Дайди” фильми намойиши тўхтатилгач, айрим кино оламидаги ижодкорларнинг гапларини эшитсангиз, икки “ҳайратланасиз”! “Жуда ваҳима қилиб юборишибди! Нима Морган Фриманнинг ўзи келиб, киноижодкорларга жарима солармиди? Бир-икки кадр фильмда кетса нима қилибди, шунга шунчалик ваҳима қилиш шартмиди? Шунчаки, пиар қилишган, холос” деб, ҳолатни “оқлаётган” айрим киноижодкорлар, келажакда ўзлари ҳам, шундай “ўзига хос реклама”дан фойдаланиб қолмасликлари учун ҳам, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонун, ҳамда шундай ҳолатларга оид, бошқа Қонуний ҳужжатлардан тўлиқ бохабар бўлишлари мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.