FATTOHHON.COM
« Все новостиСарвар ва Комилнинг 15-16 февраль “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтган илк концерт дастурининг иккала куни ҳам ўзига хос бўлди! Эстрада гуруҳлари ичида илк концерт дастуриданоқ концертни жонли ижрода (мусиқа фонограммасида) ўтказишга ҳаракат қилган ижодкорлар муваффақиятли равишда бунинг уддасидан чиқишди!
Концертнинг ўзига хос жиҳатлари!
1. Концертнинг илк куни, саҳнага чиқиб куйлашни бошлашган ижодкорларнинг қўшиқларини тинглаб, томошабинлар дастлаб “ростдан жонли куйлаяптими?” деб иккиланиб қолишди, сабаби овоз ва куйлаш худди фонограмма каби бир текисда эди! Аммо, қўшиқларни айрим сўзларида адашганларию, қўшиқ сўзлари орасида, залдагилар билан мулоқотни кўриб, “жонли ижрода куйлашаётган экан, қойил” деган фикрлар кўпайди! Албатта, муҳими айримларга ўхшаб, “овоз режиссёрлари овозимни етказиб бера олишмайди, аппаратуралар панд беради” деган баҳоналар қилиб ўтирмай, Сарвар ва Комил сайтимизга берган интервьюларида айтиб ўтишганидек, илк концерт дастурини жонли ижрода ўтказишни уддалашди!
2. Томошабинлар ҳам, ҳар икки кунги концертда ҳам, биринчи қўшиқ бошланганидан то охирги якуний қўшиққача ижодкорлар билан биргаликда куйлашди! Астойдил қўллаб-қувватлашди! Ҳар бир қўшиқни тўлиқ билиб, охиригача бирга куйланиш ҳолати, яна буни бутун концерт давомида бўлиши, бу саноқли концертларда учрайдиган ҳолат!
3. Ижодкорлар саҳнада залдаги томошабинлар билан караоке уюштиришгани ўзига хос янгилик бўлди! Айрим қўшиқларда саҳнадаги экранларда қўшиқлар сўзлари намоён бўлди! Лекин, тўғрисини айтганда, бунга ҳожат ҳам йўқ эди! Негаки, томошабинлар деярли ҳамма қўшиқлар сўзларини ёддан билишар экан!
4. Энг катта ноодатийлик, бу ижодкорларни концерт ва кинони уйғунлаштирганликлари бўлиб, 9 қисмдан иборат концерт дастурининг ҳар бир қисмида фильмдан лавҳа кўрсатилиб, ижодкорлар ундан сўнг ижро қиладиган қўшиқлар, ўша лавҳаларга мос бўлди! Тўғри, фильм мавзуси бироз соддароқ, диалоглар ҳам. Аммо, концерт номи “Бир муҳаббат қиссаси” бўлганлиги учун ҳам, фильм воқеалари, ҳамда қўшиқлар уйғунлашди! Қолаверса, ижодкорларнинг ўзларида ҳам импровизация кучли бўлди! Муҳими, бу борада ҳам, илк қадам муваффақиятли чиқиб, томошабинларга манзур бўлди! Айниқса, фильмни эзгулик билан тугаганлиги томошабинларга маъқул бўлиб, “Бир муҳаббат қиссаси” фожеавий тугамаслиги учун ҳам, ижодкорлар режиссёрнинг фикрига қарши чиқиб, фильм якунини ўзгартирганлигини маълум қилишди ва режиссёрдан узр ҳам сўрашди!
5. Концертдан бир кун аввал “Эътироф” тақдирлаш маросими бўлиб ўтганлиги учун ҳам, ижодкорлар, концертни “Истиқлол” санъат саройида репетиция қилиб олмасдан бошлашларига тўғри келди! Жонли ижрода ўтказиладиган концерт учун буни қанчалик қийин бўлганлигини тасаввур қилиш мумкин! Негаки, шу кунгача қилинган репетициялар, минглаб томошабин кетадиган залда бўлмаган ва овозни саройга залига мослаштириб олиш зарур эди. Аммо, ижодкорлар бундан ҳам чўчимай, таваккал қилишди!
6. Шахзода билан соғинилган “Кечалари” қўшиғининг янги “трио” талқини томошабинларнинг кайфиятларини янада кўтариб юборди! Олқишларнинг чеки йўқ эди!
7. Сарвар ва Комил концерт давомида тўлиқ жонли ижро сари ҳам ҳаракат қилишди! Яъни, ўзлари куй чалиб куйлашди! Лолани таклиф этиб, у билан дуэт ҳам куйлашди! Бу ҳам томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди!
8. Концерт декорациясида “фильм намойиши” уйғунлашганлиги учун ҳам, фақат экранлардан фойдаланилди. 3 та катта экран, асосий декорация вазифасини ўтади!
9. Ижодкорлар асосий урғуни жонли ижро ва томошабинлар билан мулоқотга қаратишди! Бу юқори натижа берди!
10. Концертдан мақсад, фақатгина концерт қўйиш эмас, жонли ижро бўлди! Илк концертданоқ бунга интилиш, ҳамда уддасидан чиқа олиш, албатта таҳсинга лойиқ!
11. Концерт давомида “Сен йиғлама”, “Салом”, “Юрак йиғлар”, “Хазон”, “Ёғади ёмғир”, “Қанийди сени”, “Дард”, “Айт”, “18-бекат”, “Кечалари”, “Қизалоқ”, “Ортингга қара”, “Сўрама”, “Билмайсан”, “Сенсиз”, “Балки тун”, “Эркалай”, “Бедорингман”, “Телбаман”, “Сени севаман” қўшиқлари янгради.
12. Концерт кунлари анъанага кўра, ижодкорларни кўплаб шоу бизнес оламидаги дўстлари келиб, самимий табриклаб, қўллаб-қувватлашди!
Хулоса. Баъзи техник носозликлар ҳамда, саҳналаштирилган рақслардаги камчиликларга келсак, концертда асосан жонли ижрога урғу берилганлиги учун ҳам, ижодкорлар бу тарафларига келгуси концертларда эътибор қаратишса ажаб эмас. Қолаверса, концертда мусиқа фонограммасидан фойдаланилганлигини ҳам сабаби, концерт дастури аниқ бўлишидан бошлаб, концерт кунигача бўлган вақтнинг, тайёргарлик жараёнлари учун жуда озлиги бўлди! Созандалар билан машқ қилиш учун эса, жуда кўп вақт керак бўлиши табиий! Аммо, шунга қарамай ижодкорлар таваккал қилишди!
Сарвар ва Комил кейинги концертларини эндиликда, созандалар билан бирга мусиқаси билан тўлиқ 100 фоиз жонли ижрода ўтказиш ниятида эканликларини ҳам айтиб ўтишди! Муҳими, жонли ижродаги концертлар сари биринчи қадам қўйилди, бу ёғига ижодкорлар янада шиддат билан ижод қилиш ниятидалар! Эстрада гуруҳлари ичида, биринчи бўлиб, концертни жонли ижрода ўтказганликларининг ўзи, қолаверса, маълум бир сабабларга кўра, ижоддан сал четлашиб, яна қайтиб, қолаверса, жуда ҳам кучли рекламасиз, концерт қўйиш ҳам осон иш эмас, деб ўйлаймиз.
Концерт ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаев фикрлари: - Бир жиҳатга қойил қоламан, Сарвар ва Комил танлаган йўналиш, ўзбек шоу бизнесида жуда қийин йўналиш! Бу йўналишни тушунадиган мухлислари камроғу, лекин жуда ҳам зўр йўналиш ҳисобланади! Бу йўлда ижод қилишнинг ўзи қийин. Одатда тўй-ҳашамларга мос келган йўналишларда кўпроқ ижод қилинади. Бу йигитлар эса, ҳақиқий ижод қилишади! Мен ўзим ҳам уларга мухлисман, десам бўлади. Қўшиқларини яхши кўрганлигим учун ҳам, концертига қўллаб-қувватлаш учун келдим. Уларнинг ҳис-ҳаяжонларини ҳис қилиб турибман, чунки ўзимни ҳам биринчи концертимда кўзимдан ёш чиқиб кетган! Бугун уларнинг мана шу ҳаяжонига шерикман! Омадларини берсин! Ижод йўлидан тўхтамасин! Булар ўз йўлида шоу бизнесда битта! Сарвар ва Комил билан биргаликда ҳам ишлаганмиз! “Севги-балки бу жаннат” қўшиғим улар билан ҳамкорликда яратилган. Улар билан дуэт ҳам куйлашим мумкин, нафақат улар билан балки бошқа ижодкорлар билан ҳам, фақат бунинг учун қўшиқ зўр бўлиши ва ўша қўшиқнинг зўр қўшиқ эканлигига мен ишонишим керак!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Концертдан яна кўплаб фотолар Facebook.com да Саида Вахобова профилида!