FATTOHHON.COM
« Все новостиБирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жаноби Олийларига
Муҳтарам жаноб Гутерриш!
Сизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби лавозимидаги масъулиятли фаолиятингизни муваффақиятли бошлаганингиз билан самимий муборакбод этиш ҳамда ушбу олижаноб ва жаҳон ҳамжамияти учун ғоят муҳим бўлган ишингизда юксак омад тилаш менга катта мамнуният бағишлайди.
2 март куни биз ҳамкорлигимизнинг муҳим санаси – Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон мустақил тараққиётида, миллий давлатчилигимиз ва суверенитетимиз жаҳон миқёсида эътироф этилишида энг муҳим асослардан бири бўлди.
Ишонч билан айта оламанки, мустақил Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ нуфузини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлашга, унинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшди.
Ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини глобал даражада илгари суриш, замонамизнинг қатор энг мураккаб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини берди.
Ўзбекистон 1993 йилда илгари сурган ва БМТ кўмагида муваффақиятли амалга оширилган Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш ташаббуси ядро қуролини тарқатмаслик тартибини таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Ўзбекистоннинг Афғонистон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган Афғонистон Ислом Республикасига қурол-яроғ етказиб беришга эмбарго жорий этиш бўйича 1995 йилда ва “6+2” мулоқот гуруҳини тузиш бўйича 1997 йилда илгари сурган амалий таклифлари жуда қисқа муддатда етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилди.
Бош котиблар жаноб Кофи Аннаннинг 2002 йилда, жаноб Пан Ги Муннинг 2010 ва 2015 йилларда Ўзбекистонга ташрифлари Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш ҳамда мамлакатимиз ва БМТ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жаноб Пан Ги Муннинг 2010 йилда Оролбўйида бўлгани Орол фожеаси ва экологик офатга туташ минтақаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кучайтиришда муҳим роль ўйнади.
Шу муносабат билан Сизга ва бутун Ташкилотга БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдираман. 2017 йил 10 февралда БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш” дастури амалга оширила бошлангани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Муҳтарам жаноб Бош котиб!
Бугун дунё ижтимоий-сиёсий соҳалардан тортиб экологик муаммоларгача қамраб олган турли таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бораётганига дуч келмоқда. Жаҳон иқтисодиётида конъюнктура ўзгараётган, глобаллашув ва рақобат кучайиб бораётган бугунги шароит барча мамлакатларнинг янада барқарор ва уйғун ривожланиши учун мутлақо янги ғоя ва принципларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади.
Ўзбекистон 2015 йил сентябрь ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни маъқуллайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда 2017 йил 7 февраль куни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг асосини мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари ташкил этади.
Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мос эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонаман.
Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, жаноб Гутерриш, мустаҳкам соғлик, омад, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Самимий ҳурмат билан,
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Prezident.uzдан олинди