FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енчани қабул қилди.
Давлатимиз Раҳбари меҳмонни қутлар экан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистон Республикаси ушбу ташкилотга аъзо бўлганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги учун миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон БМТ ва унинг ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда давом этишини таъкидлади.
Президентимиз БМТнинг глобал хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этиш, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ҳамда бугунги куннинг бошқа хавф ва таҳдидларига қарши курашишда тутган муҳим ўрнини алоҳида қайд этди.
Мамлакатимиз билан БМТнинг самарали ҳамкорлиги йилларида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш, Афғонистонга қурол-яроғ олиб киришга эмбарго қўйиш, “6+2” мулоқот гуруҳини тузиш, шунингдек, минтақамизда тараққиётга эришиш, Орол денгизи қуришининг оқибатларини бартараф этиш масалаларини глобал даражага кўтариш ва бошқа кўплаб ташаббуслар нафақат БМТ доирасида, балки халқаро миқёсда қўллаб-қувватланди.
Суҳбат чоғида ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари бўйича фикр алмашилди ва кўриб чиқилган барча масалалар бўйича томонларнинг позицияси ўхшаш экани таъкидланди. Истиқболда ўзаро муносабатларни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари ҳам муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ва бутун Марказий Осиёда амалга оширилаётган ривожланиш жараёнларида БМТни янада фаол иштирок этишга, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш борасидаги минтақавий долзарб масалаларни ҳал қилишда ҳамкорликда ишлашга даъват этди.
Мирослав Енча самимий қабул учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдириб, БМТ Ўзбекистон билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга, ўзаро манфаатли барча йўналишларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
Prezident.uz дан олинди