FATTOHHON.COM

« Все новости

ШОХРУХНИНГ ОИЛАСИДА ҚАЙСИ МАВЗУ ҲЕЧ ҚАЧОН МУҲОМА ҚИЛИНМАЙДИ? ИЖОДДАГИ ЙЎНАЛИШИНИ ТАНЛАШ САБАБИДАН ТОРТИБ, ҚАРИГАН ВАҚТИДА ЎҚИШ УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН МАХСУС МАКТУБГАЧА! 09.03.2017 19:44

IMG_9456

10 йиллик ижодий танаффусдан сўнг, 24,25 март кунлари «Истиқлол» санъат саройида яккахон концерт дастурини ўтказаётган Шохрух билан суҳбат ўзига хос кечди! Суҳбат давомида Шохрух барча саволларга жавоб берди, ҳаттоки нима учун бунчалик камгаплигию, ҳозирги вақтда ижодига нима етишмаётганигача тўхталиб ўтди.

 IMG_9438

-10 йилдан сўнг, энди концерт беришингиз. Ижодингизда бироз муддат танаффус бўлди. Шу ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз. 

- 2007 йил концерт бергач, ижодий танаффус олишга қарор қилдим. Чунки, ҳар хил бошқа ишлар чиқиб кетди. Ўқишга кирдим, бошқа йўналишда ҳам ўзимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Шу билан 10 йил ўтиб кетганини сезмай қолибман.

 

- Ижодга қайтгач, концерт қўйиш фикри кимдан чиқди?

- 10 йил давомида, кимни кўрсам ҳам, “қачон янги концерт қўясиз?” деб, сўрайверишарди. Ижодга қайтгач, Proart компанияси билан биргаликда шу фикрга келдик.

 

- Концерт дастурингиз ҳақида бугун қайси сирлари ошкор қила оласиз?

- Битта сирни ошкор қилишим мумкин. Дастурда 45 та қўшиқ бўлади! Улар орасида янги қўшиқлар ҳам, мухлисларнинг севимли қўшиқлари ҳам бор! Фақат янгиларини айтмоқчи бўлсам, мухлислар аввалги севимли қўшиқларни ҳам сўрашяпти. Шунинг учун ҳам, шунча қўшиқдан иборат репертуар тузяпмиз. Одамлардан фикр алмашиб, дастур концертга яқин қолгунча тўлиқ тузилиб бўлади. Албатта, янги қўшиқлар премьера бўлади! Дастурни неччи соат бўлишини эса, концертда билиб олишади.

 IMG_9465

- Ҳозирги кунда продюсерингиз ким?

- “Гранд” радиоси бош муҳаррири Иброҳим Аҳмедов.

 

- Ҳаётдаги Шохрух билан саҳнадаги Шохрухнинг фарқи?

- Унча катта фарқ йўқ. Ҳаётда яқинларим билан сал бошқача бўла оламан.

 

- Сизни кўпчилик интервью олганда камгап, деб айтади.

- (самимий кулиб) Шунинг учун ҳам, кўпчилик интервью олмаган!

 IMG_9463

- Саволларга чиндан ҳам қисқа жавоб берасиз. Батафсилроқ тўхталмайсиз.

- Сабаби, кўп гапирганнинг фойдаси йўқ! Қисқа, лўнда, тушунарли, аниқ гапириш керак. Характерим шундай.

 

- Пиарга муносабатингиз? Қандай пиарга ҳар қандай вазиятда ҳам мутлақо рози бўлмасдингиз?

- “Қора пиар”га мутлақо рози бўлмасдим! Кўпчилик “қора пиар” қилади. Бу мени фикримча, яхши эмас! Унақа пиардан кўра, яхши қўшиқ, яхши ижод бўлса, мени фикримча, ўша яхши “пиар”! Бошқа нарсаларни аралаштирмаслик керак. Ҳаётимда ҳеч қачон ўйлаб топилган “пиар” бўлмаган!

 

- Бугунги кунда рекламага муносабатингиз?

- Кўп эътибор қаратмайман! Чунки, яхши материал бўлса, ўшани ўзи яхши “пиар” бўлади, деб айтдим. Аммо, реклама ҳам керак, чунки реклама бўлмаса, омма янги қўшиқлар куйлаётганингизни билмай қолади. Рекламада рақобат ҳам катта! Айнан концерт масаласи бўйича реклама бўлади.

 

- Ўзи рақобатга муносабатингиз қандай?

- Реклама масаласида рақобат бор, деб ўйлайман.

 IMG_9457

- Ижодингизда-чи? Рақобат борми?

- Буни халқ билади! Мен аҳамият бермайман!

 

- Ҳозирги кунда чиқиб келаётган ёш реперларга муносабатингиз?

- Яхши. Ҳаракати бор, лекин яна ишлаш керак.

 

- Шогирдингиз йўғ-а?

- Йўқ.

 

- Бугунги кунда ижодимга нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

- Ҳали кўтарилмаган кўп мавзулар бор. Одам қайсидир ёшга киргандан кейин тушуниб етар экан. Ўзим ҳам ҳали ёшман, етишмаган нарсалар бор, деб ўйлайман. Ўзим ҳам ҳали билмайман. Вақт давомида ҳаммаси билинади, аммо қўшиқ сифатида кўтарилмаган жуда кўп мавзулар бор.

 IMG_9461

- Демак, ўша мавзулар етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

- Ҳа, фақат ўша, мавзу!

 

- Куйлаш учун реп йўналишини танлашингизга сабаб нима бўлган?

- Реп йўналиши, мусиқа оламида ўзим эшитган йўналишим! Шу йўналиш мияга кириб қолган. Ёшлигимдан кўп эшитганман, шунинг учун ҳам, шу йўналишни танлаганман!

 

- Бу йўналишни танлаганингизга атрофингиздагиларнинг муносабати қандай бўлган? Бу йўналишда биринчи бўлгансиз.

- Бошида тушунишмаган! Чунки, бу йўналиш биздан келиб чиқмаган. Ҳар хил муносабат бўлган, яхши ҳам, ёмон ҳам.

 

- Уларга аҳамият бермай, қатъий фикрингизда қолгансиз?

- Йўқ, ҳеч қачон аҳамият бермайман. Мусиқани авваламбор, биринчи ўринда, ўша пайт ҳам, ҳозирги пайт ҳам, ўзим учун қиламан. Кимгадир ёқса, эшитади. Ёқмаса, ўзи билади.

 

- Бу йўналиш орқали бошқа хонандалардан ажралиб чиқиш фикри, ўша вақт бўлганми? Ёки бу йўналишда кўп қўшиқ эшитиб, миянгизга кирганлигиданми?

- Бу ўз-ўзидан шундай бўлган! Мен реп йўналишида хонандалар борми, йўқми, билмаганман. Кузатмаганман ҳам.

 

- Шу кунгача ўзингиз орзу қилган қўшингизни куйлай олдингизми?

- Куйлай олдим. “Лайли ва Мажнун” қўшиғи эди! Қўшиқларимдан энг қалбимга яқини ҳам, шу қўшиқ! Лекин, яна бир шундай қўшиқ куйламоқчиман. 

 

- Ижодни бошлаган 2004 йилдан 2017 йилга қадар, босиб ўтилган ижод йўлига қараб, ўйлаганингизда нималар кўз олдингизга келади? 

- Кўп нарса! Шунча йил кўп нарса кўрганман! Энг эсда қоларлиси, 3 йил олдин, оила қурганим!

 

- Ижодингизда амал қиладиган қоидаларингиз борми? 

- Ҳеч қачон фонограмма билан чиқмаслик! Концертим баннерларига “фонограммадан фойдаланилади” деб ёзилганлигининг сабаби, қонунга кўра, битта мусиқа ҳам, компьютер орқали чиқса, “фонограммадан фойдаланилади” деб ёзилиши керак. Лекин, овоз масаласида ўзимни овозим бўлади! Ижодда асосий қоида бу! Агар мазам бўлмаса, чиқишлар бекор қилинади. Кўп одамлар буни тушунмайди, ўзим ҳам энди билдим, ўзингиз жонли ижрода куйласангиз ҳам, битта мусиқа компьютер орқали кетса, баннерга барибир “фонограммадан фойдаланилади” деб ёзиш керак. Шунинг учун ҳам, қонунга амал қилиб, шундай ёздирдик.

IMG_9455  

- Ижодингизда устозларингиз борми?

- Ижодда устозларим бор, деб айта олмайман! Хориж хонандаларидан кимларнидир мусиқаларини эшитиб, ўзим ўрганганман! Биттасини айтиб ўтишим мумкин, Тупак Шакур. Бирор аниқ одам келиб, менга устозлик қилмаган! Кўпроқ уларнинг мусиқаларини тинглаб, ўзим ўрганганман!

 

- Ижодингизда, ғояси, сўзи ва мусиқаси ҳам ўзингизники бўлган қўшиқ борми?

- Йўқ! Ҳар доим мусиқа, аранжеровка яратадиган ижодкор билан бирга ўтириб, қўшиқ яратамиз.

 

- Битта реп йўналишидаги қўшиқ яратиш учун қанча муддат кетади?

- Ҳар хил. Баъзида 2 соат, бир хил пайт ойлаб вақт кетади. Энг тез яратилган қўшиғим “Найнов”.

 

- Энг қийин, мураккаб яратилган клип?

- “Беҳаёт” деган клип! 7 кун давомида эрталабдан кечгача ишлаганмиз! Мини-фильм тарзида суратга олинган. Энг осон суратга олинган клипим эса, 2 йил аввал “Айрилиқ” қўшиғимга олинган. Ўзим айтганман, қийин клип олиш керак эмас, видео бўлса бўлди, тез қутилишим керак, деганман. Тоққа чиқдик, манзараларни тез-тез олиб, 3 соатда суратга олиб чиқиб кетганмиз.

 IMG_9450

- Ўзи асосан клип суратга олдираётганда қайси жиҳатига кўпроқ аҳамият берасиз? Кимлардир мисол учун, ўзини кўринишига кўпроқ аҳамият беради, кимлардир клипни ғоясига кўпроқ аҳамият беради. Сиз-чи?

- Ғоясига! Ғоя қизиқарли бўлиши керак!

 

- Мухлисларингиз ичида бирор ҳатти-ҳаракатлари билан ёдингизда қолгани борми?

- Эсимда қолгани бор! Бир марта менга хат олиб келишган. Кўриниши ўзимдан ҳам катта, 5 минг 5 юз 55 метрли хат! Уйда турибди!

 

- Ўқиб чиқдингизми?

- Ўқимадим, ҳали уни! Қариганимда ўқийман! Шунинг учун битта жойга олиб қўйганман!

 

- Бир варағини ҳам ўқиб чиқмаганмисиз?

- (кулиб) Устини ўқиганман! “Шохрухга”, тингловчиларидан, деб, 3 та қизнинг исми ёзилган!

 

- Мухлисларингиз хонандаликдан ташқари, сизни ижодингизга яна нима учун мухлис, деб ўйлайсиз?

- Менимча, мусиқаларим учун!

 IMG_9438

- Оилангиз ҳақида гапириб ўтадиган бўлсак, турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз? Қайси жиҳатлари эътиборингизни тортган? Илк севги изҳори қандай бўлган?

- Турмуш ўртоғим билан кафеда танишганман ва ўша куннинг ўзида севги изҳор қилганман! Менга жуда ёқиб қолган! У эса, ишонмаган! Кейинчалик, кўнглига йўл топа олдим, турмуш қурдик.

 

- Айнан шу инсон умр йўлдошингиз бўлишини қаердан билгансиз?

- Ичимда нимадир бўлган. Тушунтириб бера олмайман!

 

- Турмуш ўртоғингизнинг муносабати қандай бўлган?

- Кутмаган, албатта. Ғалати бўлган, шунинг учун ҳам ишонмаган!

 

- Турмуш ўртоғингиз, сиз билан танишгунга қадар, қўшиқларингизни тинглаган эканми?

- Йўқ, тингламаган экан! Бошқа чет эл қўшиқчиларининг қўшиқларини тинглаб юрар экан. Майли, тингламасанг, тинглама, деганман.

 

- Турмуш қуриш ҳақидаги таклифингизга қачон рози бўлган?

- Орадан озгина вақт ўтиб! Албатта, вақт кетди! Мен ҳам “хўп” дейишини билиб ҳаракат қилганман. Оддий танишганмиз, ҳар куни қанчалаб одамлар шундай танишишади.

 IMG_9399

- Уйингиздагиларни ва турмуш ўртоғингизни оиласидагиларни бунга муносабатлари қандай бўлган?

- Муносабатлар қандай бўлганлигини билмайман, чунки мен билан бу масала бўйича ҳеч ким гаплашмаган. Сабаби, мени танловим, бу мени танловим! Бу масала уйда ҳам, бошқа жойда ҳам кўтарилмайди! Ҳеч ким менга муносабатини билдирмайди. Сабаби, мени таниган одам билади, буни фойдаси йўқ!

 

- Демак, сиз фикрида қатъий турадиган инсонлар тоифасига кирасиз?

- Ҳа, шундай.

 

- Фарзандларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Нималарга қизиқишади?

- Ўғлимни исми Ислом, қизимники Лейла. Ўғлим икки ёшда, қизим бир ярим ойлик. Ислом жуда қизиқувчан, ҳамма нарсага қизиқади. Нималардир қилгиси келади, ҳамма нарсани ушлаб кўради. Нимага қизиқишини тушуна олмайман.

 

- Қўшиқларингиздан қайси бирини яхши кўриб эшитишади?

- Улар ҳали ёш, қайси қўшиқ меники ёки бировники эканлигини билишмайди. Ислом шўх мусиқаларни жуда яхши кўради, шўх мусиқа қўйиб берилса, тинглайверади.

 

- Болаларингизга қанчалик вақт ажратасиз?

- Исломга ишдан келгач, жуда кўп вақт ажратаман! Бир хил пайт, ишим бўлса ҳам, Ислом “ушлаб турса”, уйдан чиқа олмайман! Ухлатиб, кейин чиқиб кетаман.

 IMG_9394

- Болаларингиз дунёга келишганда, уларни илк бор қўлингизга олганда, нималарни ҳис қилгансиз?

- Ўғлимни қўлга олганда, ўзимни бошқа планетага тушиб қолгандек ҳис қилганман! Нимани ҳис қилганимни тушунмаганман! Менимча, биринчи марта нимани ҳис қилганини ҳеч ким тушунмайди!

 

- Қизингизда-чи?

- Қизимда тушунганман! Биринчи фарзандимда ҳам бўлган бу нарса, лекин бунда аниқроқ бўлган, фарзанд, масъулият деган нарсани ҳис қилганман. Ҳеч бир ноодатий нарса йўқ. Ҳамма одамларда бўладиган ҳис-туйғулардан ўтганман.

 

- Келажакда ўғлингиз сизнинг касбингизни давом эттирса, муносабатингиз?

- Муносабатимни ҳозир гапира олмайман. Барибир одам касб танлаганда, нимани маза қилиб бажарса, ўшани танлаши керак, деб ўйлайман.

 

- Рафиқангизни сизни ижодингизга қизиқишлари қандай ва қайси қўшиғингизни яхши кўриб тинглайди?

- Бу нарса ҳақида биз гаплашмаймиз, чунки рафиқам фақат фарзандлар билан банд! Мусиқа ҳақида гаплашишга вақт ҳам йўқ!

 IMG_9401

- Ўзингиз машинада кимнинг қўшиқларини кўпроқ тинглайсиз?

- Машинада кўпроқ радио қўйиб қўяман.

 

- Рафиқангиз, дўстларингиз, яқинларингиз характерингиздаги қайси жиҳатларга чидай олишмайди?

- “Жуда майдалашиб кетасиз”, дейишади. “Баҳс бўлса, майдалашасиз, ҳамма нарсага жуда эътибор берасиз, майда нарсаларга ҳам”, деб, атрофимдагиларга шу нарса ёқмайди. Лекин, мени ўйлашимча, ҳамма нарса, бошида майда нарсадан бошланади! Мана шу майда нарса, катта нарсага айланмаслиги учун, мен ҳар доим майда нарсага эътибор бериб келаман. Атрофимдагиларга бу ёқмайди. Уларга ёқмаслиги мени қизиқтирмайди. Мен шу ишимни тўғри, деб биламан. Майда нарсага барибир эътибор қаратиш керак. Атрофимдагилар шу одатимни гапиришади, нимадир мавзу бўлиб қолса, “бўлди, чуқурлашманг” дейишади. Мен эса, у нарсани сабабларини келтириб беришим керак. Шу нарса келтириб берилмагунча мавзу тўхтатилмайди! Охиригача етиш керак!

 

- Лекин, баҳслашишни ёқтирмайсиз, тўғрими?

- Ҳа. Тушунмаган одамга бир-икки марта тушунтираман. Тушунмаса, фойдаси йўқ!

 

- Ўзингизни яхши ота, деб ҳисоблайсизми?

- У нарсани гапиришга мени ҳаққим йўқ! Чунки, фарзандларим ёш. Буни вақт кўрсатади. Фарзандим катта бўлса, ундан эшитамиз.

 

- Умуман олганда, болалар тарбиясига муносабатингиз қандай?

- Мен ўйлашимча, 5 ёшгача уларни жазолашнинг фойдаси йўқ. Чунки, онг ҳали ривожланмаган, тушунмайди! Ундан кейин, секин-секин юмшоққина, қанақадир тўсиқлар қўйса бўлади.

 

- Болаларга нималарни таъқиқлаш мумкин, деб ўйлайсиз?

- Оғзига келган гапни гапириб, болани руҳиятига таъсир қиладиган гапларни ҳам гапириш керак эмас! Ёшлигида онги янги бўлади, бола ўша нарсани эслаб қолиб, ота-онага нисбатан хафа бўлиб ўсиши мумкин. Бу нарса кўп ҳолларда очиқча айтилмайди, аммо бу бор нарса!

 3 (2)

- Тўполон ёки тартибсизлик қилган болаларга ўзи қандай жазо усулини қўллаш мумкин, деб ўйлайсиз?

- Мен ўйлашимча, биринчи юмшоқ гапириб, тўғри тушунтириш керак. Тушунмаса, ҳеч қаерга чиқармай, уйда ушлаб ўтириш керак. Нимани яхши кўрса, ўша нарсага тўсиқ қилиш керак. Лекин, жуда ўтказиб юбормаслик керак.

 

- Ўзингиздаги қайси одатни фарзандларингизда кўришни истардингиз?

- Ўғлимда битта одатни кўришни истайман. Ҳар доим эркак бўлиб, эртага гапига жавоб берадиган эркак бўлиб ўсишини истайман! Қизимга келадиган бўлсак, жуда оғир мавзу! Ўзим ҳали ёшман, қиз бола тарбиясини тушунмайман. Ота-онам билан маслаҳатлашган ҳолда тарбия қиламан!

 

- Оилангизда рашк даражаси?

- Оиламда бу мавзу ҳам кўтарилмайди!

 

- Қўл телефонларини текшириш-чи?

- Бу мавзу умуман кўтарилмайди! Бошида танишганда шу нарсани айтиб ўтганман, мен билан бундай мавзулар кўтарилмаслиги керак!

 IMG_9413

- Ўзингиз рафиқангизни қўл телефонини текширасизми?

- Йўқ, текшириб нима қиламан? Ишонганингиздан кейин, нима қиласиз, текшириб? Ўзига ишонган эркак, хотинининг қўл телефонини текширмайди!

 

- Ижод аҳли ёлғизликка мойил, дейишади. Сизда-чи?

- Ёлғизликни мен ҳам яхши кўраман.

 

- Одатда кунингиз қандай бошланади? Кун тартибингиз режа биланми, ёки?

- Эрталаб ўғлимни боғчага олиб бораман! Кейин бошқа ишлар бўлади. Керакли, фойдали ишлар бўлса, иш бузилмаслиги учун режа билан қилинади. Лекин, ҳар куни ҳам режа билан бўлмайди. Режасиз уйғониб, режасиз кун ўтган пайтлар ҳам бўлади.

 

- Сизни тез хафа қилиш мумкинми?

- Мени тез хафа қилиш мумкин эмас! Чунки, мен одатда ҳеч кимдан хафа бўлмайман! Жаҳлим чиқиши мумкин.

 

- Ўзингизни ёшлар ўрнак олиши мумкин бўлган инсон, деб ҳисоблайсизми?

- Ундай деб ҳисоблашимга ҳали вақтли! Чунки, ўзим ҳам ҳали ёшман! Билмайман, 10 йил ичида яна қандай ҳаёт кечираман? Хато қиламанми, йўқми? Бу саволингизнинг жавобини ҳам вақт кўрсатади.

 

- Ижодингиз давомида қандайдир катта хато қилганман, деб ўйлаган даврингиз бўлганми?

- Ижодим масаласидами? Шошиб, тайёрланмай овоз ёзиб қўйишим мумкин! Ҳар доим тайёрланмай бораман. 2 соат қолганда тайёрланаман!

 IMG_9399

- Ҳозир ҳаётда нимани қадрига етмаяпман, деб ўйлайсиз ва нимани қадрига етиш имкони бўлмаяпти?

- Ҳамма нарсани қадрига етаман! Ҳар кунимни қадрига етаман! Ниманидир қадрига етмаяпман, деб ўйламайман. Чунки, ҳамма вақт, ҳамма нарсани қадрига етиб, рози бўлиб яшайман!

 

- Ота-онангизни қайси насиҳат, маслаҳатлари ҳар доим ёдингизда туради?

- Ота-онамнинг насиҳатлари: “Ҳеч қачон катта кетма! Ўзингни катта тутма!”  

 

- Ўзингиз фарзандларингизга-чи? Ҳар доим нимани ёдда тутгин, деб айтган бўлардингиз?

- Шу нарсани давом эттирардим!

 

- Ўзингизга, ижодингизга четдан назар солганда, камчиликларингизни кўра оласизми?

- Ҳа, бу ҳақида юқорида айтдим, “майдалашиш” одатим, тўғри бўлса ҳам, камчилик ҳисобланади. Ижод борасида эса, боя айтганимдек, тайёрланмай овоз ёзишим, чунки қўшиқ битгач, “бундан ҳам яхшироқ ижро қилса бўларди” деб, ўйлаб қоламан.

 

- Бировда хато кўрсангиз, юзига очиқ айта оласизми? Ёки менга нима, деб кетасизми?

- Бемалол! Лекин, агар кайфиятим йўқ бўлса, “менга нима”, деб кетаман. Кайфиятим жойида бўлса, вақтим бўлса, айтиб, тушунтираман.

 3

- Шунда сиздан хафа бўлиб қолган инсонлар ҳам бўлганми?

- Тўғри гап ҳаммага ҳам ёқмайди! Кўпчилик тўғри гапни тушунмайди, кўпчилик хафа бўлади. 

 

- Ижодингиздаги дуэтлар борасида ҳам тўхталиб ўтсак. Энг ўзингиз ёқтириб танлаган дуэтдошингиз?

- Шахзода, Манзура. Ўзи дуэтлар борасида, менда бирор санъаткор билан, бирор ерда кўришиб қолиб, суҳбатлашилганда, гап орасида шу фикрга келинади.

 

- Автомобилни қандай тезликда бошқарасиз?

- Секин юраман.

 

- Ҳеч Йўл патруль ходимлари томонидан тўхтатилганмисиз?

- Ҳа. Айбим ҳам бўлган, тўхтатилиб, фақат ҳужжат текширилган вақтлар ҳам бўлган.

 

- Йўлда ҳеч авария ҳодисасига дуч келганмисиз?

- Ҳа. 2006 йилда дуч келганман. Айб ўзимда бўлган. Эътибор бермасдан қайрилиб қўйганман.

 

- Одатда бўш вақтингизни нималарга сарфлайсиз?

- Кино кўраман! Китоблар ўқийман! Энг охирги ўқиган ва ёқтирган асарим “Амир Темур”!

 

- Қайси саволни кутгандингиз, берилмади?

- Одатда мен ҳеч қандай савол кутмайман! Бу нарсага жавоб бера олмайман!

 IMG_9432

- Агар ўзингиз Шохрухга мухлис бўлганингизда унга қандай савол берардингиз?

- Савол бермасдим! Менда ҳеч кимга ҳеч қандай савол туғилмайди! Ўзимни ишларим жуда кўп. Бировга савол беришга вақтим ҳам йўқ, ўйлашни ҳам ҳоҳламайман. Ўзим билан ўзим бандман.

 

- Унда мухлисларингизга тилагингиз?

- Ҳаммаларига омад ва соғлиқ тилайман! Соғлиқ ва омад бўлса, ҳаммаси яхши бўлади! Қолган ҳамма нарсани, ўйлашимча, ҳаётда ҳал қилса бўлади!

 

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

 

2

 

Фотолар учун Graph 2 фото-видео студияси

фотограф Ўткир Мирзааҳмедовга миннатдорчилик билдирамиз

1