FATTOHHON.COM

« Все новости

ПРЕЗИДЕНТЛАР ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚДИЛАР 06.04.2017 00:00

 1491402390_shavkat-mirzieev-i-vladmir-putin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар.

Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Россия Раҳбарларининг бу галги учрашуви Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асос солган ўзаро манфаатли мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Унда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. Ўзбекистон Россияга табиий газ, транспорт воситалари, қора ва рангли металлар, трикотаж, пахта толаси, мева-сабзавотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради.

Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 961 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 64 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 595 тадбиркорлик субъектлари ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокарада ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш борасида фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.

Олий даражадаги музокараларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Президентимизнинг тарихий аҳамият касб этган ушбу давлат ташрифи Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. Ўзбекистон – Россия муносабатларини изчил ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон ва Россия Президентлари олий даражадаги учрашув ва музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди. Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида эришилган 50 дан ортиқ келишувлар, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Россия тараққиётига, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини янада юксалтиришга, давлатларимиз ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши қайд этилди.

Prezident.uz дан олинди