FATTOHHON.COM
« Все новости5 апрель куни «Алишер Навоий» (собиқ Панорама) киносаройида режиссёр Саид Мухторовнинг “Хазон” фильми премьераси бўлиб ўтди!
Фильмнинг сценарий муаллифлари Fattohhon.com раҳбари Феруза Фаттохова ва журналист Саида Вахобова бўлганликлари учун, бу кун улар учун ҳам ижодкорлар байрами.
Шунинг учун, бу кунги репортажни мен амалга оширишимга тўғри келди.
Фильм премьерасида кўплаб таниқли чеҳраларни кўриш мумкин эди.
Премьерада ташқарида ва ичкарида катта залда кўплаб мультик қаҳрамонлари бўлиб, улар томошабинларни кутиб олишаётганди.
“Хазон” фильмидек жиддий драмага мультик қаҳрамонларининг нима дахли бор, дейиш мумкин. Лекин, буни фильмни кўргач, билиб олиш мумкин.
Премьера олдидан бу мультик қаҳрамонлари, томошабинлар жойлашиб олгунча саҳнада ўз чиқишларини намойиш қилдилар.
Сўнг, теле ва радиожурналист Отабек Тожибоев фильм ижодкорларини саҳнага таклиф қилди. Ижодкорлардан сценарийнавис Феруза Фаттохова бу вақтда радиога тўғридан тўғри интервью бераётган эди, шунинг учун саҳнага бироз кечикиб чиқишига тўғри келди.
Фильм режиссёри Саид Мухторов
Фильм ижрочи продюсери, иккинчи режиссёр Ёрқиной Ғозиева
Продюсер Ҳожиакбар Обидов
Бош ролларда: Шохрух Ёдгоров, Юлдуз Ражабова
Ролларда: Саид Мухторов, Ёрқиной Ғозиева, Юлдуз Ҳамидова, Шаҳзода Муҳаммедова, Фарҳод Файз, Азиза Бегматова ва бошқалар...
Монтаж режиссёри Эркин Муродов
Отабек Тожибоев таништирувдан сўнг, сўзни фильм режиссёри Саид Мухторовга берди.
Саид Мухторов эса, барча ижодкорларни премьера билан табриклаб, улардан дебютант актёрлар Шохрух Ёдгоров ва Юлдуз Ражабовани, ёрдами катта бўлган ижодкор сифатида продюсер ва актриса Ёрқиной Ғозиевани, ҳамда фильмнинг сценарий муаллифлари Феруза Фаттохова ва Саида Вахобоваларни, шунингдек фильмда ўзига хос бир роль ижро қилган бир отахонни алоҳида айтиб ўтди.
"Хазон" фильмнинг таъсирли саундтрек видеоклипи намойиш қилинди. Саундтрек ижрочилари "Беном" гуруҳи эса, ҳозирда "Ҳаёт учун!" форум марафони ва "Ҳаёт учун!" хайрия футболи вилоят босқичларида банд бўлганликлари учун премьерада иштирок эта олмадилар.
Саундтрек видеоклипи намойишидан сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильмнинг асосий мавзуси онага нисбатан меҳр-оқибат, инсоннинг ўз онаси, яқинлари учун қанчалик оғир синовларни ҳам енгиб ўтиши ҳақида бўлиб, “инсон ўз онаси учун севгидан кеча оладими?”, деган саволга жавоб изланган назаримда.
Кутилмаган бир тасодиф инсон ҳаётини нечоғлик ўзгартириб юбориши мумкин... Бир онда, бирор воқеа сабаб инсоннинг тақдири, ҳаёти, муҳаббати, бахти “хазон” бўлиши ҳам мумкин...
Севги-муҳаббат ва ҳақиқий меҳрнинг ўзгача талқини бўлган “Хазон” фильми, томошабинларни бир зум ўйлашга ва атрофга назар солишга ундайди. Она ўз фарзанди учун ҳар нега қодир. Лекин, фарзанд-чи? Муҳаббатдан кўзи кўр бўлган тақдирда ҳам, ўз қалбидаги ягона муҳаббатини топган тақдирида ҳам, ўз онаси учун уни қурбон бера оладими? Ўзгаларнинг четдан кўзлаган манфаати йўлида, кимлар яна нималарни қурбон беришади? Фильмда ана шу саволларга оқилона жавобларни кўриш мумкин, тушунишимча.
Янги чеҳра Шохрух Ёдгоров ва Юлдуз Ражабоваларнинг фильмдаги “севгиси”га томошабин ишонганлиги ва уларни қабул қила олганликлари, фильмнинг ютуғи ўйлашимча. Одатда, режиссёрлар битта дебют янги чеҳра олиб чиқишнинг ўзига хавотир оладилар. Режиссёр Саид Мухторов бўлса, бир йўла икки янги чеҳрани кашф эта олибди! Бундай таваккалчиликка эса, ҳамма ҳам қўл уравермайди! Таваккалчилик ҳам ўз йўлига, лекин мана шу икки чеҳра томошабинларга манзур бўлдилар!
Фильмдаги ҳар бир қаҳрамоннинг ўз айтар сўзи, ўз ҳақиқати ва йўналиши бор.
Шохрух Ёдгоров қаҳрамони онасига бўлган меҳри туфайли қанчалик оғир синовларга дуч келади. Айниқса, ақлдан озиш ҳамда, дарди саҳналардаги ижро жуда ҳам табиий чиққан.
Юлдуз Ражабова қаҳрамони эса, ўзининг бор дардини кўзлари, ҳатти-ҳаракати билан ифода эта олган.
Фильм тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, бир тарафдан инсон ноўрин ишлари ёки кимларнингдир хатолари сабаб, орзулари “хазон” бўлиши асосли кўрсатиб бера олинган, ўйлашимча.
Фильм ижодкорларидан эшитишим бўйича, фильмнинг баъзи кадрлари бироз “қайчиланган” экан. Лекин, шундай бўлса ҳам, асосий мазмун ва моҳият тўлиқ очиб бера олинган, менимча.
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар, дейишади. “Хазон” фильми эса, томошабинларга манзур бўлди. Буни фильм тугаганидан сўнг, ҳам томошабинлар зални тарк этмаганликларидан ҳам билиш мумкин.
Ҳаётий қаҳрамонлар талқинидаги, ҳаётий воқеалар асос бўлган фильм “Хазон” фильми ҳозирда 6 апрелдан “Алишер Навоий” киносаройида намойиш қилинмоқда!
Руслан Ринатов
ПРЕМЬЕРАДАН БАРЧА ЭКСКЛЮЗИВ ФОТОЛАР