FATTOHHON.COM
« Все новостиБу инсон ҳақида қанча ёзса ҳам оздек. Ҳамиша ёш, ғайратли ва ижодда тиним билмаётган санъаткор Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов!
-Бу йилги концерт дастурингизда агар аввалгилари билан солиштирса, ўзингиз қандай ўзгача жиҳатлар қила олдим, деб ўйлайсиз?
- Концертларим ҳар йили, йилдан йилга фарқи бўлиши шарт! Концертларимга 15-17 йилдан бери келаётганлар ҳам бор. Ҳар йили ҳар хил томошабинлар келишади. Ҳар йилги фарқини албатта, улар ҳам сезишади! Репертуарда, янгилик бўлиши керак! Шунча халқ келади, аввалги йилги репертуардан бир-иккитасини айтиш мумкин, аммо концертга шунча халқ келади, ҳаммаси янги қўшиқлар кутишади! Шунинг учун ҳам, мен иложи борича бу йил куйланган қўшиқлар, кейинги йил янги концертда куйланмаслиги ва янги қўшиқлар кўпроқ бўлишига ҳаракат қиламан! Ёки, барибир қандайдир янгиликлар қўшиш керак! Оммалашган қўшиқлардан эса, талабга қараб, бир нечта куйлаш мумкин. Лекин, 20 дан ортиқ қўшиқ куйланиб, ундан 20 тачаси эски қўшиқлар бўлиши, менимча, нотўғри, деб ўйлайман. Концертда юракдан янги қўшиқлар куйлаб, келганлар ҳам, тинглаб маза қилиб, “раҳмат” деб кетиши керак. Мен доим шунга ҳаракат қиламан! Йилдан йилга ўсиш бўлишини ҳоҳлайман! Концертдаги қўшиқлар турли ёшдаги томошабинларга мўлжалланган бўлишига катта аҳамият бераман! Ёшлар ҳам, ўрта ёшлилар ҳам, кексалар ҳам, маза қилиб тинглашларини ҳоҳлайман! Ниятим шу!
- Ҳар йили тўлиқ янги дастур тайёрлаш қийин эмасми?
- Бугун янги концерт дастурингиз тугаб, эртадан кейин дарҳол кейинги йилги концертга тайёргарликни бошлаш керак! Янги репертуар учун қўшиқлар йиғиш, уларни тайёрлаб ёзиш, ҳамма билан биргаликда ишлаш жуда ҳам қийин, албатта! Буни санъаткорлар ҳам, санъатни ичидагилар ҳам яхши тушунишади! Аммо, мен ўз касбимни яхши кўраман, ишлаш керак, чунки халқ қараб турибди! Ҳаммада “бу йил нима қилар экан?” деган фикр бўлади!
- Асосан нималарга эътибор қаратасиз?
- Асосан, ҳозирги вақтда долзарб бўлган мавзуларга, Ватанга, онага, ёру дўстга ҳаммасига эътибор қаратаман! Шуларнинг ҳаммаси қўшиқларда мужассам бўлиши керак. Шўх қўшиқлардан тортиб, таъсирли қўшиқларгача ҳаммаси бўлиши зарур. Концертдаги томошабинлар зерикмасликлари керак.
- Баҳорда туғилгансиз. Баҳорда концерт берасиз. Болалигингиздан баҳорга оид ўзгача хотиралар борми?
- Ҳаммада баҳорга оид хотира бор. Баҳорни яхши кўрмаган, баҳордан завқ олмаган инсон бўлмаса керак. Албатта, ўзим ҳам. Балки, чиндан ҳам баҳорда туғилганимгами, баҳорга қаттиқ интиламан, тезроқ қишдан чиқсак, дейман. Баҳорни соғинаман! Ҳамма нарса янгиланадиган, энг гўзал фасл, бу баҳор! Ҳамма нарса янгиланиб, янги одам пайдо бўлгандек бўлади, назаримда. Шунинг учун ҳам, баҳор мен учун жуда гўзал ва азиз! Наврўз, айниқса, ўзгача байрам! Бу бизнинг Янги йилимиз! Ҳамма янги кийимлар кийиб, боғларга келиб, сайиллар бўлади! Ҳаммаёқ яшариб, жуда гўзал қиёфага киради! Бу байрамни ҳам юрагидан кутади. Ўзим ҳам, кўплаб сумалак пиширишларда иштирок этганман! Ёшлигимда, маҳалламизда, онамлар билан бирга, маҳалладошлар кечаси билан ухламай, сумалаклар кавлаб, дўстлар билан бирга ўйнаганларимиз, ҳаммаси кечагидек ёдимда турибди!
- Ғуломжон Ёқубов ва фонограмма?
- Жонли ижрода куйлай олишимни исботлашга ҳожат йўқ! Буни ҳамма билади! Аммо, кетма-кет концертлар бўлиб, деярли ҳамма кунлар банд бўлган концерт залда, жонли ижрода куйлаш учун, аввал ўша залда бир неча кун репетиция қилиб олиш керак. Ҳар йили мен концерт берадиган 1,2 март кунлари олдидан, кетма-кет концертлар бўлади ва бир неча кун концерт залнинг ўзида репетиция қилиш имкони бўлмай қолади. Ахир репетиция қилинаётган жой билан “Истиқлол” санъат саройи залини катта фарқи бор! Қолаверса, овоз оператори ҳар битта қўшиққа созлаб туриши керак, бу ҳам қийин. Бундан ташқари, менда доим янги репертуар 25 тадан ортиқ янги қўшиқлар бўлади! Қисқа муддатда уларнинг сўзини ёдлаб улгуришим қийин, ёдлаш қобилиятим ҳам жуда зўр эмас, қолаверса, матнни олдимга қўйиб куйлаш ҳам, менга маъқул эмас, бошқача туюлиши мумкин. Аммо, бир неча марта шундай ижро ҳам қилганман! Яна бир жиҳати, менинг қўшиқларимда баланд авжи бор! Бунинг учун, айтганимдек, ўша концерт қўйиладиган залнинг ўзида бир неча кун репетиция қилиб олиш керак. Аммо, жонли ижро масаласида кўнглим тўқ, жонли ижрода ҳеч бир қийинчиликсиз неча йиллардан буён куйлаб келаётганимга ҳамма гувоҳ-ку! Қолаверса, ахир ўша фонограммани ҳам ўзим айтаман-ку! Агар фонограмма қўйилмай ҳамма жонли ижрода куйласин, деган мазмунда қарор қабул қилинса, мен бундан жуда хурсанд бўламан! Чунки, жонли ижрода бемалол бир неча соатлаб куйлашим мумкин!
- Ҳеч саҳнада қўшиқ сўзларини унутиб қўйган вақтингиз бўлганми?
- Бўлган! Айниқса, фонограмма бўлмаган, фақат жонли ижрода куйланганда шундай ҳолатлар бўлган. Сўзларим нотўғри кетиб қолган, тўхтаб қолган вақтларим ҳам бўлган. Вазиятдан чиқиш учун, тўхтаб туриб, мусиқа бошланишида сўзни эслашга ҳаракат қилганман, бундай вақтда мусиқа бир неча марта қайтарилаверади.
- Қўшиқларингиз ичида сўзи ва мусиқасини ҳам ўзингиз ёзганингиз борми?
- Сўзини ёзмайману, аммо мусиқасини ўзим ёзганларим кўп. Ҳар йили 5-6 тасини мусиқасини ўзим ёзаман! Масалан, бу йилги концерт репертуаримдан “Она”, “Жоним-жоним”, яна бир неча қўшиқлар мусиқаси ўзимники! Ёшлигимдан мусиқани ўзим яхши чаламан. Устоз санъаткор Комилжон Отаниёзов репертуаридан Махтумқули ғазали билан “Айрилма” қўшиғи, бизнинг ёшлигимизда оммалашган, одамларнинг юрагидан жой олган қўшиқ! Мен эса, уни шогирдлар билан биргаликда соз чалиб ижро қилдик! Ҳам устознинг руҳи шод бўлади, ҳам қўшиқ янгиланади, ҳам уни ёддан чиқарганларни ёдига тушади, ёшлар ҳам тинглашади. Ҳар гал янги қўшиқ тайёр бўлганда, атрофимдаги бирга ишлайдиган ижодкорлардан ҳам фикр сўрайман. Агар маъқул бўлмаган жойлари бўлса, улар айтишади. Мен тўғри танқидга жуда ҳам яхши қарайман! Агар “бирор қўшиққа ўхшаб қолди”, дейишса, ўша қўшиқ ўзимга минг ёқса ҳам айтмайман. Бирор жойи тўғрисида айтишса, тўғрилатаман.
- Қўшиқларингиз билан тингловчиларга нима демоқчи бўласиз?
- Биринчи навбатда тарбия! Юртимиздаги тинчлик, бунга шукур қилиш кераклиги, юртга муносиб инсон бўлиш, дўстликка садоқат, барчаси ҳақида етказишга ҳаракат қиламан. Мана қаранг, шукур юртимизда тинчлик, бошқа ерларда нотинчлик, уруш, телевизорда кўряпмиз. Мана шу тинчликни қадрига етиш керак! Аммо, буни телевизорда кўрган бошқа, қўшиқда акс этгани бошқа! Қўшиқда акс эттирилса, ҳар битта инсонни юрагига сингийди! Қулоғи билан эшитиб, кўзи билан кўради, ҳис қилади! Мана шуни ҳар бир томошабинга таъсирини концерт вақтида кўраман! Ўзим ҳам шунинг ичида бўламан, хаёлимда фақат шу нарса бўлади! Шунинг учун ҳам, концертга келган ҳар бир томошабиннинг юрагини топишга ҳаракат қиламан!
- Сиз ҳам Навоий ва Бобур ғазалларидан куйладингиз. Сизнингча, ёшларни мумтоз адабиётга қизиқтириш учун нималар қилиш керак?
- Мумтоз адабиётни, мумтоз шоирлар ғазаллари, рубоийларини ёшлар онгига, қулоғига боғчадан бошлаб киргазиш керак, деб ўйлайман. Кўпроқ китоб ўқиш керак, болаларни китоб билан дўстлаштириш керак! Бизнинг маънавий илдизимиз жуда чуқур! Мана шуни ёшларга тушунтириш керак! Ёшларимиз бизнинг бой маданий, маънавий меросимизни ўқиб-ўрганиши керак! Мусиқага ўқиган бола бўлса, албатта уни олиб, мусиқага солади. Қолаверса, ғазалларни фақат мақомда эмас, ҳозирги замонавий созлар, мусиқаларда ҳам ижро қилса бўлади! Бунинг учун эса, ҳаракат ва ҳоҳиш керак! Ўзимизнинг ўзбекона қўшиқлар, классик ашулаларимизни кўпроқ тинглаш керак!
- Ватан ҳақида жуда кўплаб қўшиқлар куйлагансиз. Қайси бири ўзингизга энг маъқули?
- Бу йилги репертуарда “Мерос” қўшиғи ўзимга жуда ёқди. Бундан ташқари, бошқа қўшиқларимни ҳам яхши кўраман. Ёшлар билан бирга куйлаганларим ҳам бор.
- Ижодингизнинг асосий устуни?
- Фақат меҳнат! Мен бирор нарсани асосий устун, дея олмайман. Менимча, санъатни маҳкам ушлаш, бу устун бўлса керак, деб ўйлайман. Санъатни маҳкам тутиш, уни ярим йўлда ташлаб кетмаслик, ижоддан тўхтамаслик, тушкунликка тушмаслик керак! Ҳар бир санъаткорда, бир юқори кўтарилиш, бир тўхтаб қолиш даражалари кўп бўлади. Баъзилар бир марта шундай бўлгандаёқ, “э, менга бўлмас экан, бўлди” деб кетиб қолади. Аммо, ичида “қайнаши” керак, барибир. Мен ўзимда шу нарсани синаганман! Тўхтамасликка ҳаракат қиламан! Масалан, агар ижодда бирор ижодий нарса бўлмаса, тушкунликка тушмайман, бўлмаса, ўйлаб, кейингисини қиламиз. 10 та қўшиқ бўлмайдиган бўлса, 11 чисини ёзаман! Бошқа иложи йўқ, битта нарса бўлмади, деб ўтирмаслик керак! Ижоддан тўхтамаслик зарур!
- Оғир-босиқ инсонсиз. Нима сизни ҳайратлантира олади?
- Ҳайрат ҳам 2 хил бўлади. Ёмон тарафдан олинса, дунёда бўлаётган урушлар, уларни телевизорда кўриб, ҳайратланасиз. Ёки, ёнингиздаги бирор инсон тасодифан эртага йўқ бўлиб, қолса, кетиб қолса, ёки вафот этса, ҳайратга тушасиз. Ёки тасодифий бахтсиз ҳодисалар, ер қимирлаши, самолёт ҳалокати... Лекин, яхши қувонтирадиган ҳайратлар бор! Масалан, Юртимизнинг гуллаб-яшнаши барчани ҳайратлантиради, чунки 100 йилда бўладиган юрт равнақи йўлидаги ўзгаришлар, 25 йилда бўлиши ҳайратланарли эмасми? Ёшлигимизда қанақа эди? Ҳозир-чи? Ҳозирги ёшлардаги шароитлар, имкониятлар, бизнинг давримизда, орзу эди! 25 йил ичида шунчалик ажойиб ўзгаришлар, фаровон ҳаёт, имкониятлар, ҳайратланарли, завқли эмасми? Ёшлар буни қадрига етишлари керак, деб ўйлайман.
- Сиздаги илҳом ва таъсир манбаи?
- Муҳаббат ва гўзаллик!
- Мухлислар бевафо, дейишади. Ростдан ҳам шундайми, ёки бунга сабаб санъаткорларнинг ҳам ўз ижодига бефарқлиги, беэътиборлигими?
- Бефарқлик ҳам сабаб бўлади. Беэътиборлик, ижодда янгилик қилмаслик ҳам сабаб бўлади! Масалан, бугун чиқаётган янги хонанда, янги қўшиқ билан чиқади ва унинг қўшиғи тингловчилар қулоғига ўрнашади. Яхши бўлса, ёқади ва улар эслаб қолиб, эртага шуни эшитгиси келади. Бунинг учун эса, улардан ўтказадиган даражада зўр қўшиқ қилиш керак! Шунга интилиш, янгилик қидириш керак.
- Мингдан ортиқ қўшиқлар куйлагансиз. Ҳамма мавзуларда куйлаб чиқдингиз. Қайси мавзу қолиб кетди, деб ўйлайсиз?
- Йўқ, куйламаган мавзуйим қолмади! Ҳамма касблар ҳақида куйладим. Ҳамма қизларни исмларига қўшиқ айтаман, дегандим. Лекин... (кулиб юборади) ҳаммасига айтиб чиқа олмадим! Менимча, чораги бўлган бўлса керак. Энди қизларни исмлари ҳам жуда кўп-да! Аммо, бошқалардан кўра кўпроқ, исмларга қўшиқ айтган мен бўлсам керак, деб ўйлайман! Энди, исмга айтгандан кейин ҳам, чиройли, мазмунли қўшиқ бўлиши керак-да!
- Ҳозирги ёшларга ҳам кўнглингиздан нималар кечади?
- Биринчи навбатда, саёзлик бўлмаса! Кутадиган нарсам, саёз қўшиқ куйлашмаса! Бўлар-бўлмас сўзларни қўшиқ қилмаса, бир хил нарсани қайтаравермаса, қолаверса, чет эл қўшиғини олиб, унга ўзбекча сўз қўйиб айтишига ҳам қаршиман. Булар танқид эмас, фикр! Бундан ташқари, овоз борасида ҳам, ишлашса, кўплари бир хил йўналишда куйлашади, овозни кўрсатиш керак. Ўзбекда овоз бўлган, бўлади. Ўша овозни кўрсата олиш керак. Барибир келажак ёшларники, ёшлар янада мукаммал бўлишлари керак, деб ўйлайман. Яъни, санъатни кўрсата олишлари керак.
- Бугунги ёшларга хос энг глобал муаммо, нимада деб ўйлайсиз?
- Мен санъаткорларга хос нарсани айтаман. Баъзилари, бир-икки кўринганидан кейин, ўзини билмай қолишади. “Юлдузлик касали” деймизми, биров билан бошқача сўрашади, бошқа билан бошқача кўришади. Юриш-туриши бошқача бўлиб қолади. Ҳаттоки, биров билан кўришмаслик, менсимаслик ҳолатлари бўлади. Чунки, у кўриниб қолди, 3-4 одам қарсак чаляпти, “фалончи” дейишса, шунга маст бўлиб қолади. Шундай нарса бўлиши керак эмас! Менга мана шунга қаршиман! Ҳаёт чархпалак, айланиб, келиб-кетаверади. Шунинг учун ҳам, ёшлар тўғри йўл тутиб, астойдил ижод қилиб, ўз навбатида ўзини кўрсата олиши керак!
- Набираларингиз ичида санъатга меҳр қўйгани борми?
- Фарзандларимни санъаткор бўлишини ҳоҳламаганман, чунки у вақтларда жуда ҳам қийин эди... Тўйларга ҳам бормасдик, борсак гап эшитардик. Ҳозир эса, айримлар тўйдан бошлашади, дарров тўйга борсам, дейди... Бундай қилиш керак эмас, деб ўйлайман. Мени фарзандларим ҳаммалари ўзлари қизиққан касбларни танлашган, ҳаммасини қўлдан келганча ўқитганман, ўзлари ҳоҳлаган касб эгалари бўлишган. Аммо, эндиликда набираларим санъаткор бўламан, дейишса, асло қарши эмасман! Набираларим (кулиб) мендан ҳам кўра, бошқа ёшларнинг қўшиқларини кўпроқ эшитишади! Мен эса, хурсанд бўламан, уларнинг дилига киряптими, демак, ўша қўшиқлар яхши, демак, набираларим ҳам санъатни севишади. Набираларим алоҳида туришади, ота-оналари ҳафтада бир-икки марта олиб келишади! Кўришамиз, суҳбатлашамиз! (меҳр билан) Ўз вақтида фарзандларимни койиган бўлишим мумкин, аммо набираларимга қаттиқ гапиролмайман, уриша олмайман! Данагидан мағзи ширин бўлар экан! Боламнинг боласи, ўзидан ҳам ширин бўлар экан! Ўзимни отам раҳматли 3 ёшимда вафот этганлар... Отасиз ўсганман, Онам меҳнаткаш, оддий содда бир ўзбек аёли бўлган! Қийналганмиз ҳам, мен ўз мусиқа созларимни ўзим ишлаб, сотиб олганман! Ҳаттоки, одамларни уйларида ғишт қуйган вақтларим бўлган! Меҳнатдан қочмаганман, мактабдан таътил бўлган вақтларда маҳалла болалари билан бориб ящик қоққанмиз, ғишт қуйганмиз. Меҳнатда катта бўлганмиз, интилганмиз. Агар ҳамма нарса тайёр бўлса, ҳеч ўсиш бўлмайди! Инсон нимагадир интилиб яшаши керак! Отам вафотидан кейин, ота меҳрига зор бўлганман, ҳаммани отаси нарсалар олиб келса, бизда бошқача эди... Аммо, Онамиз бировдан кам қилиб ўстирмаган! Оддий ишда ишласалар ҳам, тинмасдилар, бировникида бўлган нарса, бизникида ҳам бўларди! Бунинг учун шукур қиламиз!
- Ҳаётий тажрибангиздан келиб чиқиб, қаршингиздаги инсонни яхши-ёмонлигини сезасизми?
- Қараб туриб, кўзига, сўзига қараб, кимнинг қанақалигини 40-50 фоиз биламан. Ким нима ҳоҳлаяпти, нимани эшитмоқчи, нима демоқчи, фикрини ҳеч бўлмаса, 40 фоиз биламан. Ҳаттоки, шу ўтирганларнинг ичида ким ёқяпти, ким ёқмаяпти? Ҳали гапирмасидан шуни сезишим мумкин. Ўзимни ёқтирмаганларни ҳам биламан, сезаман. Лекин, бу ҳаёт, беш қўл баробар эмас. Бировга у ёқади, бировга бу! Ҳеч ким идеал бўла олмайди. Ҳеч ким ҳаммага баробар ёқиши мумкин ҳам эмас! Бу ҳаёт, унга тан бериш керак. Ҳар битта тўсиқни енга олиш керак, қийинчиликни енга олиш шарт, шунда инсон нимагадир эришади.
- Яхшилик учун ёлғон гапира оласизми?
- Агар чиндан ҳам фақат яхшилик учун бўлса, ҳа, гапира оламан! Агар керакли ва яхшилик учун бўлса, ишлатиш керак, деб ўйлайман.
- Интернет ва Ғуломжон Ёқубов! Қанчалик боғлиқлик бор?
- Ҳеч қандай боғлиқлик йўқ! Интернетдан умуман фойданаланмайман! Телеграм нима, билмайман! Ҳаттоки, смс ёзмайман ва ўқимайман! Фақат телефонда гаплашаман, холос! Афсуски, айрим ёшлар куну тун интернетдан кўз узишмайди! Бу эса, нотўғри. Интернетни яхши тарафлари ҳам бор, агар яхши мақсадларда фойдаланилса! Ўқишга керакли маълумотлар олинса! Аммо, бекорчиликка ва ёмонликка ишлатилса, буниси ёмон!
- Агар журналист бўлсангиз, Ғуломжон Ёқубовга қандай савол берардингиз?
- (кулиб) Тўғриси, журналист бўлишни тасаввур ҳам қилолмаяпман! Чунки, журналистлик осон иш эмас! Ҳеч бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман!
- Йўл қоидаларига қанчалик риоя қиласиз?
- (самимий кулади) Кўп қоида бузиш ҳоллари бўлган, Дан ходимлари тарафдан ҳам кўп тўхтатилганман. Энг кўп жарима тўлайдиган ўзим бўлсам керак!
- Инсон ўзини бахтиёр ҳис этиши учун нима керак, деб ўйлайсиз?
- Инсон ўзини бахтиёр ҳис этиши учун, меҳнат керак! Инсон ўз меҳнатидан бахтиёр бўлади! Мен ўз меҳнатим билан бирор нарсага эришсам ва ундан завқ олсам, шу мени бахтиёр қилади! Бахтни меҳнат билан ўлчайман! Масалан, концерт ҳам меҳнат, ҳар куни репетиция қилдик, 2 кунлик концерт ўтиб кетгач, одамларда қандай фикр қолади? Ана шу керак! Ишлабди, дейишлари керак, ташлаб қўйибди, демасликлари керак. Шунга ҳаракат қиламан!
- Инсон ҳамма нарсани ёддан чиқариши мумкин, аммо сизнинг-ча нимани унутиб бўлмайди?
- Туҳматни! Сотқинликни! Унутиб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди!
- Вақт тушунчаси сиз учун?
- Вақт жуда тез ўтади. Мана ҳозир хаёлимда вақт шунақа тез ўтяптики! Кўз очиб юмгунча, масалан, 10-15 йил аввал концерт берган бўлсам, гўёки ҳаммаси кеча бўлгандек! Балки, менга шундай туюлар? Ёшлардан ҳам сўраб кўряпман. Ёшлар ҳам вақтни жуда тез ўтаётганлигини айтишади.
- Таниқли инсонлар ҳақида гап-сўзлар кўп бўлади. Ўзингиз ҳақида бирор хабарни эшитиб ҳайратланган вақтингиз ҳам бўлганми?
- (самимий кулиб) Мен танқидларга ҳам, ортимдан гапиришларига ҳам ўрганиб қолганман. Ҳаттоки, ортимдан нима сўз деётганларини ҳам яхши биламан, лекин парво қилмасликка ҳаракат қиламан. Мен ҳақимда гапирибсан, деб бориб биров билан уришаманми? Бу менга нима учун керак? Майли, гапирди, гапираверсин, бир неча кун гапиради, барибир қолиб кетади.
- Иш юзасидан ёки бирор сабаб билан асаббузарлик ҳолатлари юз берса қандай йўл тутасиз?
- Сабр! Биров жаҳлингизни чиқардими? Унга нисбатан агрессив муносабатда бўлмай, ўзингизни ушлаб, “бу нарса ўтиб кетади” деган фикрда бўлиш керак!
- Ўзингиз ўқиган қайси севимли асарингизни мухлисларингизга ҳам тавсия қила оласиз?
- Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асари! Уни фильм бўлишидан олдин ҳам қайта-қайта ўқиганман! Энг севимли асарим!
- Бардамлик, ёшлик ва шижоат сирингиз нимада? Бунга кўпчилик қизиқади.
- (кулади) Ўзим ҳам билмайман! Балки, хушчақчақ инсон эканлигимдандир? Чиндан ҳам ҳамма шуни билишга қизиқади. Лекин, бир нарсани айтишим мумкин. Мен қариликни ҳис қилмайман, масалан, ҳозир ёшлар билан ишлаяпман, хаёлимда улар билан ўзимни тенгдош, деб ўйлайман. Улар мени катта, деб ҳурмат қилишади. Аммо, мен уларнинг тушунчасига яқинлашишга ҳаракат қиламан! Улар нима ҳоҳлашяпти, мен ҳам шунга қараб иш қилишга ҳаракат қиламан. Балки, ёшлигим шундандир? Чунки, ўзим ҳам қаришни ҳоҳламайман. Саҳнага чиққанимда ҳам, “қариб қолибди, нима кераги бор эди?” дейишларини ҳоҳламайман! Аммо, одамларни ҳам оғзиларини ёпиб бўлмайди. Мен шунга ижодим билан жавоб бериб туришим керак!
- Ёшларни ишини ўрганишга қизиқаман, деяпсиз. Аммо, унда нега интернетни ўрганишга ҳаракат қилиб кўрмадингиз?
- (кулади) Негаки, мен интернетдан қўрқаман. Чунки, мен ҳам шуни ичига кириб кетишим мумкин! Ёшларга қараб, интернетга боғлиқлик тарафим улардан ҳам баттар бўлиб кетиши мумкин! Чунки, мен жуда қизиқувчан инсонман! Шуни биламан, агар интернетни ўрганиб, интернетга кирсам, албатта ундан чиқолмай қоламан... Шунинг учун ҳам, интернетга яқинлашмайман ва ўрганмайман! Биламанки, агар ўргансам, ўзим ҳам интернетнинг ичига кириб кетаман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадали Юнусбоевга
миннатдорчилик билдирамиз
Интервью "Тасвир" газетасида чоп этилган