FATTOHHON.COM

« Все новости

ФАРРУХ ЗОКИРОВ УЧУН ЭНГ ЮКСАК УНВОН БУ... ЗОКИРОВЛАР СУЛОЛАСИ БУГУНГИ КУНДА! 09.05.2017 18:38

7t7a3501_0

Бугунги суҳбатдошимиз ўзининг кўплаб қўшиқлари билан Халқ кўнглидан жой олган, Зокировлар сулоласи вакили 6 Давлат Халқ артисти, устоз санъаткор Фаррух Зокиров.

 photo (5)

- Халқ ардоғидаги санъаткор, 6 Давлатнинг Халқ артисти сифатида бугунги кунда яна нималарга эришишни истардингиз?

- Авваламбор, бу унвонлар учун, беҳисоб шукур! Бу катта шараф! Ҳақиқий санъаткор учун ҳамиша халқ эътибори, эл меҳри бўлса, тоғни талқон қилади, деб ўйлайман. Халқ эътибори, эл меҳри, ижод, олқишлар, шундай нарсаки, уни ҳис қилган инсон, яхши маънода, уларга тўймайди, яна интилади. Бунинг ўрнини ҳеч қандай бойлик боса олмайди, деб ўйлайман.

 

- Кўплаб қўшиқларингиз барча учун севимли. Аммо, ўтган йиллар ичида янги қўшиқ тақдим этмаётганлигингиз сабаби нимада?

- Бунинг учун, авваламбор ҳафсала, яхши ғоя ва тайёргарлик керак! Янги қўшиқларни тайёрлаб, уни концертда тақдим ҳам этиб, томошабинларга яхшилаб сингдириш керак. Концертда янги қўшиқ куйлаган вақтинг, залдан “Учқудуқ”ни куйлаб беринг” ёки “Мажнунтол”ни эшитайлик”, деган таклифлар эшитилади. Ёки яна бошқа хит қўшиқларимни сўрай бошлашади. Албатта, бу “оқлаш” эмас, билмадим, бир ҳафсала бўлиб қолса, янги қўшиқлар ҳам тақдим этиш ниятимиз бор!

 

- Агар шогирд олсангиз, унга қандай талаблар қўясиз?

- Авваламбор, савия! Овоздан ташқари, маҳоратидан ҳам ташқари, биринчи навбатда дид ва савия бўлиши зарур! Шогирд олишга келсак, аниқ устозлик қилиш, яъни ёш бир хонандани олиб, уни шогирд сифатида бошидан олиб чиқиб, санъатда ўз ўрнини топишини таъминлаш, бу жуда катта масъулият! Бундай масъулиятни бўйнимга ололмайман, сабаби, бунинг учун ўзим ижодимни, ишларимни ташлаб, фақат у билан шуғулланишим керак бўлади. Унинг учун мен жавобгар бўлишим керак, ахир.

 2_172

-Албатта, санъаткорнинг оиласи кўпчиликни қизиқтиради. Рафиқангиз билан қандай танишгансиз?

- О, бунинг ўз тарихи бор, албатта.Яшириб ўтирмайман, биринчи оилам билан турмушим бўлмаган. Бу ҳаёт-ку... Ажралишга сабаб, феъл-атворимиз мос келмаган! Шу ўринда таъкидлаб ўтаман, ҳеч қандай бошқа аёл, ёки бошқа бир сабаблар бўлмаган! Фақат ва фақат феъл-атворимиз, характеримиз тўғри келмаган! Аммо, ўғлим Саид билан жуда яхши муносабатдамиз! У тадбиркор, санъат йўлидан кетмади. Бундан баъзида хурсанд ҳам бўламан. Чунки, дадам “Ҳеч қайсинг жиддий соҳа танламагансан” дер эдилар. Мен санъат йўлидан кетмоқчилигимни билганларида, “санъаткор бўлсанг, ёрқин санъаткор бўл, ҳақиқий лидер бўла олсанг, ҳаракат қил” деганлар. Агар шундай бўла олишга кўзи етмадими, демак, бу соҳани танламагани ҳам маъқул. Ҳозирги рафиқам Анна билан танишувимиз эса, ўзига хос бўлган. Кечагидек ёдимда, 1986 йил эди. “Истиқлол” санъат саройида, лифтда тушиш учун юрдим. Қарасам, лифт ёнида узун сочларини битта қилиб ўриб, ёнига ташлаб олган, чиройли қизга кўзим тушди... Билмадим, унга узоқроқ тикилиб қолдим шекилли, у менга қараб, ”Вы едете?” деди. Яъни, сиз ҳам, шу лифтда кетасизми, чиқасизми, деган маънода. Мен эса, “нет, не еду к сожалению” дедим. (кулади) Шу тарзда танишдик. Муносабатларимиз жиддийлашгач, унга уйланиш таклифини билдириб, Онам билан таништиргани олиб келдим. Отам, Ботир акам оламдан ўтган эдилар... Анна Онамларга бир кўргандаёқ маъқул бўлди, “кўзи тўқ экан” дедилар. “Миллати рус” деганимда, Онамлар “болам, миллатининг аҳамияти йўқ, мен учун дунёда фақат инсоф деган миллат бор, Анна инсофли қизга ўхшайди, бахтли бўлинглар” деганлар. Анна чиндан ҳам, ҳамма қариндошларимни кўнглига бирдек йўл топа олган инсон бўлди! Меҳрибон, ақлли, касбимни, мусиқани тушунади. Ҳаттоки, раҳматли Жамшид ҳам бетоб ётганида, доим уни сўрарди, чунки Анна ҳамма қариндошларим билан самимий, меҳрибон муносабатда! Мендан баъзида, рафиқамнинг касбини сўрашади, мен эса, “дунёдаги энг қийин касб, яъни “санъаткорнинг рафиқаси”” деб жавоб бераман!

 

- Саволим учун узр. Укангиз раҳматли Жамшид ака Зокиров ҳақида ўзингиз сўз очдингиз... Ака-укалик муносабатлари қандай эди?

- (ўйланиб, қайғу билан хўрсинади) Оилада 6 фарзанд, 5 ўғил ва 1 қиз иноқ ўсганмиз. Ҳали оддийгина ака-укалар, фақатгина Карим Зокировнинг, “Карим аканинг ўғиллари” бўлиб юрган вақтларимизда, ҳамма негадир Жамшидни кўпроқ Отамга ўхшатишар ва доим “ана, Карим аканинг ҳақиқий ўғли, Карим Зокирийнинг ўғли” дейишарди... Биз эса, ҳаммамиз Отамга ўхшашни истардик! Шу сабабли, бу борада Жамшидга озгина рашким ҳам келган... Мен учун энг катта унвон, “Карим Зокирийнинг ҳақиқий ўғли, Отасига ўхшабди!” деган эътироф эди! Бу борада эса, Жамшид чиндан шундай эди! Уни эркалаб, “Жама” дердик. Касбида ҳам маҳоратли, ажойиб актёр эди! Қўли ширин пазанда эди, ошни ажойиб дамларди! “Қачон келасан? Ош дамлайман!” дейишлари ёдимда... Йиғилиб борардик, айтганидек ошни дамлаб қўйган бўларди... Бағрикенглик, меҳрибонлик, қувонч билан кутиб оларди! Жамшид жуда меҳрибон, бағрикенг инсон эди! У бутун оиламиз учун меҳр-оқибат, маслаҳат, меҳрибонлик манбаи эди... Бугун ўша укам ёнимда йўқ... Уни жуда яхши кўрардим...

 photo (9)

- Зокировлар сулоласи бугунги кунда? Ҳамма қариндошлар қандай муносабатдасизлар? Жумладан, жиянингиз Наргиз Зокирова ҳақида ҳам фикрларингизни айтсангиз.

- Ҳозирда Зокировлар сулоласида катта авлод вакиллари билан ёш авлод вакиллари ўртасидаги муносабатларни жуда ҳам аҳил, дея олмайман. Меҳр-оқибат бор, аммо ўзаро бир-бирини тушуниш йўқдек.... Бугунги кунда севимли укамнинг ўғли Жавоҳир Зокировни олсак, ажойиб актёр, бугунги кунда яхши ютуқларга эришди! Равшаннинг ўғли Вагиф, ўз касбининг устаси, уларнинг ютуқларидан қувонаман, албатта. Аммо, билмадим, менимча, ҳар бир авлоднинг ўз анъаналари бор. Балки, дунёқарашларимиз бошқами, билмадим...  Балки, замонга қарабдир? Жияним Наргизга келсак, хорижий шоу бизнесда ном қозониш, танилиш ҳам осон эмас. Мени унга ҳам, бошқа ёш қариндошларимга ҳам айтадиган гапим, “Нима бўлганида ҳам, Карим Зокирийнинг набираси эканлигингни унутма!” Наргиз ҳам, бу кунга келгунча қанча қийинчиликлардан ўтгани ўзига аён бўлса керак. Албатта, бусиз бўлмайди. Қолаверса, унинг ҳолатида, ташқи кўринишига ҳам, анча вақтдан буён бошқа юртдалиги ва ўша юрт маданиятининг ҳам таъсири бор, деб ўйлайман. Мен ўзим, кимнинг ўғли, кимнинг укаси эканлигимни ҳеч қачон ёддан чиқармайман, бу менга қувончдан ҳам аввал, ҳамиша  жуда катта масъулият беради! Ҳамон ёдимда, Ботир акамга оркестрда ишлаш ниятимни айтганимда, у рози бўлиш ўрнига, “аввал ўқинг, оркестр билан куйлаш учун, унга лойиқ бўлиш керак” деганди. Раҳматли Ботир акамнинг қаттиққўллигидан хафа ҳам бўлиб, келиб, онамга айтган вақтларим бўлган, онам гаплашиб кўрганлар, аммо акам унамаган! Акамнинг маслаҳатларига кириб, хато қилмаганлигимни кейин тушундим. Кейинчалик бунинг қадрига етдим ҳам. Мен машҳур санъаткорнинг фарзанди, машҳур санъаткорнинг укаси бўлганлигим учун осонгина санъатга кирган эмасман, аксинча, бунинг замирида қанча билим, меҳнат, изланиш, қолаверса, айтганимдек, улкан масъулият бор!

 

- Баъзида ёшлар сизнинг қўшиқларингизни куйлаганларини эшитиб қоламиз. Айниқса, “Келибди” қўшиғингиз, тўйларда куёв ва келиннинг тўйхонага кириб келишида, куйланмоқда ва ҳаттоки бемалол “Ёр-ёр”нинг ўрнини босмоқда! Баъзилар қўшиқларингизни ўз талқинида куйлашига, айрим ҳолларда эса, бузиб куйлаши мумкинлигига қандай қарайсиз?

- (самимий) Агар қўшиқларимни куйлаш учун ўзимдан рухсат сўрашса, рухсат бераман, фақат “илтимос, бузмасдан айтинглар” дейман. Қўшиқларимнинг бундай “давоми”, ўз ўрни борлиги ҳам, бир тарафдан Оллоҳнинг марҳамати! Энди, агар мабодо кимдир қўшиғимни бузиб айтган, унинг ижросида камчиликлар бўлган тақдирда ҳам, мен унга “расво қилибсан” дея олмайман! Унга жаҳл қилиб, қўпол гапира олмайман! Бу жуда хунук иш, бундай қилиш керак эмас, деб ўйлайман. Биринчидан, ўша ижодкорнинг кўнгли чўкиши мумкин, ранжитишни истамайман, қолаверса, асосийси, балки у ўз йўналишида, ўша қўшиқни шундай кўргандир? Унинг ўша қўшиқни кўриши шундайдир? Энди “Келибди” қўшиғимга келсак, албатта, “фарзандларимиз сизнинг қўшиғингиз садолар остида тўйхонага кириб келишса, янги ҳаётга қадам қўйишса”, дейишса, қувонаман. Албатта, қўшиғимнинг оммабоплиги ҳам қувонтиради. Аммо, миллий “Ёр-ёр” ўрнига куйланишига, албатта, қаршиман, баъзида “нимага “Ёр-ёр” айтмайсизлар?” ҳам, деб жаҳлим чиқади. Ўзимизнинг миллий “Ёр-ёр”га нима етсин? “Ёр-ёр” куйланглар, ҳам дейман. Лекин, айтишмайди, “Келибди”ни сўрашади.

 photo (4)

- Албатта, Фаррух Зокировни “Ялла” гуруҳисиз, “Ялла” гуруҳини эса, Фаррух Зокировсиз тасаввур қилиб бўлмайди! “Ялла”нинг ҳозирги жамоаси, фаолияти, барчани қизиқтириши табиий.

- “Ялла” гуруҳи 1970 йилда ташкил этилган. Ботир акамнинг берган маслаҳатлари ҳалигача ёдимда. Ҳозирда ўшандаги илк таркибдан фақат ўзим қолдим... 1976 йилдан гуруҳнинг бадиий раҳбари ҳам бўлдим. Шу кунга қадар, кўп созандалар, санъаткорлар келиб кетишди. Илк таркибдан Шаҳбоз Низомутдиновнинг вафот этиши, менга жуда оғир таъсир қилди... Унинг таркибдан кетишига, бетоблик, оғир жарроҳликни бошидан ўтказиши сабаб бўлганди. Аммо, умрининг сўнггига қадар, “Ялла”га содиқ қолди... унинг вафотидан қайғудаман... 1979 йил эса, гуруҳга Рустам Илёсовнинг келиши, ўзгача бурилиш бўлган... Ҳозир эса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Аббос Алиев, Алишер Тўлаганов, Жавлон Тўхтаев, мен ва Ўбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими Игор Халиков, бир жамоа бўлиб фаолият олиб боряпмиз. Гуруҳимизга 36 йил бўлибди, ҳамон ёдимда, гуруҳимиз номи, “Қиз бола” қўшиғимизнинг репетицияси вақтида, ўша қўшиқнинг “ялла-ялла” деб айтиладиган жойида туғилганди. Бу ансамблимизнинг илк омадли қўшиғи бўлган. “Мажнунтол” қўшиғи яралганида эса, акам Ботир Зокиров менга “ука, “Мажнунтол” қўшиғингни айтсам майлими?” деганларида, шунчалик қувонганман-ки! Ундан аввал ҳам, Луиза опамга, яна бошқаларга қўшиқ ёзиб берган эдим. Аммо, қўшиғимни Ботир акам “куйлайман”, деб сўраши, мен учун катта воқеа бўлган!

 

- Акангиз раҳматли устоз санъаткор Ботир Зокировдан катта ижодий “мерос” қолган, яъни, кўплаб қўшиқлар! Аммо, сиз унинг укаси бўла туриб, улардан фақатгина иккитасини, яъни “Раъно”, ҳамда Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева билан бирга дуэт тарзида, “Қайдасан азизим?” қўшиғини ижро қилдингиз! Қолган қўшиқлардан ҳам, куйлаш ниятингиз бўлмаганми?

- (ўйланиб) Ботир акамнинг қўшиқлари, ҳақиқий санъат асарлари, мен учун илоҳий қўшиқлар... Уларни ижро қилиш мен учун катта масъулият! Бунга журъат қилишим қийинроқ... Сиз айтган қўшиқлардан бири Раҳбарият таклифи билан, иккинчиси эса, Насибахон Абдуллаеванинг ташаббуси билан куйланган эди. Айниқса, иккинчисини “агар мабодо бузиб қўйсам ҳам, масъулият икки кишига бўлади-ку,” деб, икки киши куйлаганимиз ўзига хос далда бўлиб куйлаганман... Яхшики, бузилишлар бўлмади, назаримда, яхши қабул қилишди!

 photo (6)

- Нега қўшиқларингизга клип суратга олдирмайсиз?

- (самимий кулиб) Яхши клип суратга олдириш учун жуда катта маблағ керак! Майкл Жексон ҳам ҳар бир қўшиғига клип суратга олдирмаган, тўғрими? Олдирганга яраша ниҳоятда сифатли клип олдиришни истайман.

 

- Сизни ўзига хос саҳнавий имиджингиз бор! Сиз ҳақида сўз кетганда, “жуда дид билан кийинади” деган гапни кўп айтишади. Ўз дидингизга кўра шундайми, ёки имиджмейкерга мурожаат қиласизми?

- Йўқ, бу ёшлигимдан менга одат! (кулади) Менимча, бу ўзига хос “касаллик” бўлса керак! Болалигимда ҳам, синфдошларимдан кийиниш борасида ажралиб туришни истардим ва уларда йўқ кийимларни кийишга ҳаракат қилардим. У вақтларда ҳаёт ҳозиргидек тўкин эмасди... Мен Отам ёки акамнинг кийимларини ўзимга мослаб, қайта тиктириб олардим. Ёшлигимда, бошқалар билан айнан бир хил бўлмаслик учун, ҳаттоки ўзимга шим ҳам, тика олардим! Ўша вақтларда негадир кўпинча, синфдошларда бир хил ранг ва услубдаги оёқ кийими, ёки бирор кийимни кийиш тез-тез урф бўларди. Мен эса, айнан шу нарсадан қочар эдим, “йўқ, мен бундай қилмайман” деб туриб олардим! Бошқалар билан бир хил кийина олмасдим, ҳаттоки, галстугим ҳам, бир хил бўлиши мумкин эмасди! Менга ўзига хослик, индивидуаллик, жуда муҳим эди! (кулади) Ҳалигача, шу одатим сақланиб қолган. Тунда ҳамма ухлаганда, гардеробга кираман-да, костюмларимни кўздан кечираман, олиб кийиб кўраман, кўйлак, галстук мослайман, мос оёқ кийими танлайман, бу мени энг ёқтирган машғулотим! Тинч, рафиқам ҳам ухлаётган бўлади, мен эса, хотиржамлик билан кийимларимни мослаб чиқаман! (кулади) Менинг энг заиф томоним ҳам, шу бўлса керак, чунки бу ерда ҳам, хорижга борганимда ҳам, кийим-кечак дўконлари ёнидан бепарво ўтиб кета олмайман!

 

- Характерингизда қандайдир ўзига хос жиҳатларингиз борми?

- (ўйланиб) Совуқни ёқтирмайман!

 photo (8)

- Шу қадар юқори ва бой ижодий тажрибангиз билан институтда ҳам, дарс беришингиз мумкин-ку! Шу ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

- Биласизми, дарс бериш, ўзгача маҳорат талаб қилади, бу ҳам алоҳида қобилият! Талабаларга нафасни қандай тўғри олишдан тортиб, санъат борасида, ҳар тарафлама таҳсил беришингиз керак! Бу эса, ниҳоятда улкан масъулият! Бу билан қўшимча равишда ва юзаки шуғулланиб бўлмайди, деб ўйлайман! Бу билан алоҳида шуғулланиш, бунга бутун вақтингни сарфлашинг керак! Мен эса, ижод билан бандман, бунга бутун вақтимни ажрата олмасам керак...

 

- Сизга тақлид қилишларига қандай қарайсиз?

- Агар ҳавас билан тақлид қилишса, қарши эмасман. Ўз вақтида биз ҳам “Битлз”га тақлид қилганмиз! Уларга ўхшаш либослар, принциплар қилишга ҳам уринганмиз. Аммо, бу ижодий, яхши маънодаги тақлид бўлган, яъни мустақил қадамдан аввалги шунчаки машқ жараёни, демакдир. Биз кўп изланиб, ўзлигимизни, ўзимизни топганмиз! Албатта, муваффақият қозониб олгач, “Ялла 2”, “Ялла 3” гуруҳларини ҳам тузиб ташлашимиз мумкин эди, шундай таклифлар ҳам бўлган... Аммо, оригиналлик, такрорланмаслик муҳим... Ҳаммани ўзига хос оригиналлиги бўлади ва уни такрорлаб бўлмайди.

 photo (3)

- Ёшларга маслаҳатларингиз?

- Биринчи навбатда, кўп китоб ўқишсин! Қанча кўп китоб ўқишса, шунчалик ўзларига фойда! Қолаверса, албатта, саҳна қадри ва саҳна масъулиятига эътиборли бўлишсин! Куйлаётган қўшиқ сўзларига ҳам жуда аҳамиятли бўлишлари керак, деб ўйлайман. Авваллари, ёш болалар мени кўрганда, “Ялла” дейишса, ажабланардим, ҳаттоки жаҳлим ҳам чиқарди. Аммо, ўйлаб кўрдимки, улар мени қаердан билишади, албатта, қўшиқларимни тинглаб, таниб, эслаб қолиб, ўз меҳрларини гуруҳ номини айтиб билдираётган эканлар! Эртанги ёш авлод ҳам сени билса, демак, бу ижодингни янада узоқ давом этишини билдиради.

 

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

5_53_0

Фотолар учун фотограф Муҳаммадали Юнусбоевга

миннатдорчилик билдирамиз

Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган

photo (7)

photo (2)

photo (1)