FATTOHHON.COM
« Все новостиЖорий йилнинг 2 июнь куни “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасининг “Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин” мавзусида, илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Абдуваҳоб Сахиев, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори в.в.б. (собиқ “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси Директори) Азамат Ҳайдаров ва кўплаб санъаткорлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артистлари Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари ва бошқалар...
Йиғилишни Азамат Ҳайдаров очиб берди ва ўз фикрларини ҳам баён этди. Азамат Ҳайдаров мазкур йиғилиш ташкил этилишидан асосий мақсад, ҳозирги кунда санъат соҳасида юз бераётган жараёнлар, турли кўнгилсиз ҳолатлар ва масъулиятсизликларнинг олдини олиш, ҳамда бугунги кунда санъаткорларни ўйлантираётган муаммолар ва фикрлардан хабардор бўлган ҳолатда келажакда, муаммоларнинг ечимини топиб, ўзаро маслаҳатлашиб иш олиб бориш эканлигини айтиб ўтди.
Сўз навбати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматовга берилди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов сўз аввалида жорий йилнинг 31 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, мазкур Қарор Маданият ва санъат соҳасини тубдан ўзгартиришини, Маданият ва санъат соҳасидаги муаммоларнинг ўзига хос ечими бўлганлиги, бу борада барча қилинаётган ишларни янги бир босқичга кўтариши ҳақидаги фикрларини билдириб ўтгач, бугунги кундаги Санъаткорлар ва маданият мавзусида фикрларини давом эттирди: -Халқимизнинг ҳеч бир қувончли кунлари Санъаткорларсиз ўтмайди! Вақти келса битта қўшиқ халқнинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб, Ватанга бўлган муҳаббатини юз, минг чандон ошириши мумкин! Санъаткорлар элнинг назарига тушган, элнинг муҳаббатини қозонган инсонлар! Бу қанчалик шарафли бўлса, шу билан бирга ҳар бир қадами, муомала маданиятигача катта масъулият! Ҳар бир санъаткор халқимизнинг ўзига хос чин маънодаги Ватанпарварлик тимсоли. Ҳар биттамиз халқимиз маънавиятининг бардавомчисимиз. Биз халқнинг қалбига кўприк ўрнатадиган инсонлармиз. Ижод машаққатларини ҳам, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Масалан, Жиззахда чақалоғини ҳам олиб келган, ўзи саҳнага чиққанида, боласини турмуш ўртоғи саҳна ортида кўтариб турган, ҳаттоки фарзанд кўришига оз қолганига қарамай стадионга чиққанларни ҳам кўряпмиз! Бунинг машаққатини ҳам ҳаммамиз кўриб, биляпмиз! Лекин, масаланинг бошқа тарафлари ҳам бор... Ўзи бировга танбеҳ бериш, бу энг осон йўли. Лекин, ҳамма ёшларга ҳам танбеҳ бермай, тўғри йўналиш ҳам кўрсатмасдан, бефарқ бўлиб, “шунга ёмон кўринмай” деб, ҳамма ўзини тинчлигини ўйлайдиган бўлса, унда Санъатнинг ҳам, маънавиятнинг ҳам ҳеч қандай ривожи бўлмайди! Бизни ҳам устозлар керак вақтида қўлимиздан ушлаб, “ўғлим мана бу бу ерида хато қилдинг” деб тўғри йўл кўрсатган, ютуғимиз бўлса, қувониб табриклаган. Лекин, бизда ҳозирда мана шу фазилат камайиб, бироз бефарқлик юзага келмоқда! Халқнинг назарига тушганда, халқ эъзозлаганда наҳотки, шундай бир ҳолатга йўл қўйилса? Бизни ушлаб турган ҳам, эъзозлаётган ҳам шу Халқ! Агар шу халқ севмаса, эъзозламаса биз ҳеч киммиз! Давлат бизга унвонлар бериб, саҳналар бериб, ижод учун ҳамма шароитларни яратиб беряпти! Наҳотки, Давлат сўраган пайтда, Давлат миқёсидаги тадбирга инсон 3 кунни бағишлай олмайдими? Ватанимизга бўлган муносабатимиз шунчалик саёзми? Халқ артистлари, шунча Санъаткорлар турганда, ўша битта тўйни деб, Давлатни яратиб берган шунча имкониятлари олдида, шунчаликка бориладими? Ҳаттоки, “Сизни халққа эълон қилиб қўйилган” дейилса, “мен чарчадим, мен у ёққа бормайман” дейилса! Сизни буғдой ўришга, ер чопишга ёки бошқа оғир ишларга чақиришаётгани йўқ! Халқни меҳри кутяпти–ку, сизни! Бу Халқнинг меҳрига, эътиборига беписандлик эмасми? Сизга ишониб Давлат дастурга киритсаю, сиз бўлса? Кечқурун огоҳлантирилган, аммо... Йўқ! Мен бундай одамларни Ватанпарвар, деб ҳисобламайман! Концертга сўралганда шу ҳолат бўлса, демак, кўрсатмасину, оғир кунига сўралса, бир минут ҳам турмас экан-да, у одам? Демак, унга ишониб бўлмас экан! Халқ меҳри, Халқ назари, муқаддас! Назардан бир қолгандан кейин, уни ортга қайтариш қийин! Қанчасини кўрганмиз ҳам, халқ назаридан бир қолган одам ҳар қанча ҳаракат қилсин, ўнглана олмайди! Ҳаммамиз ана шу Ватаннинг фуқаросимиз! Унга муносиб бўлишимиз керак. Оғир ишга эмас, қўшиғингиз билан даврага чорлаяпмиз! Ана шундан ҳам юз ўгириб, ҳеч кимни огоҳлантирмасдан, ҳеч кимга бир оғиз сўз айтмасдан кетиб қолинса? Ахир ҳар биттасига “боринг, илтимос, сизни халқ кутяпти” деб айтиб чиқиш керакми? Масъулиятни англаш, ҳис қилиш шунчалик қийинми? Бундан кейин Давлат тадбирларига масъулиятни ҳис қиладиган, эл-юртини севадиган, Ватанига керак бўлса, керак пайтида туриб берадиган, тўйига Ватани ишончини алмаштириб кетмайдиган Санъаткорларни сафарбар этиш керак! Бундан ташқари, яна бир муҳим масала, айрим қўшиқларнинг шеърларини, шеър деб ҳам бўлмайди! Адабиёт остонасига энди кириб келаётган инсон ҳам, бундай шеър ёзмайди! Қўшиқ куйламоқчи бўлса, Ватан ҳақида, эл-юрт ҳақида, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида куйлаш мумкин. Келиб маслаҳатлашинг, “мана шундай юракдан куйлайдиган қўшиқ қилмоқчи эдим, шуни биргаликда бир маслаҳат қилсак” десангиз, ҳеч ким таъқиқламайди. Майли, биз билан эмас, масалан, Халқ артистлари, устоз санъаткорлар бор! Озгина тажрибага эга бўлган инсонлар билан маслаҳатлашинг! Қўшиқ куйлаётганда сўзига аҳамиятли, эътиборли бўлинг! Ўзбек халқи кўчада қолган халқ эмас! Эрон, Озарбайжон ва бошқаларнинг мусиқасига қараб қолмаган! Санъат соҳасида буюк тарихимиз бор! Ўзимизнинг оҳанглар бор! Ўзимизни бунчалик оёқости қилмайлик! Майли, Эронча қўшиқ қилайлик, аммо Эронча айтайлик, Озарбайжонча куйга, Озарбайжонча куйлайлик! Сал ғурур бўлиши керакми? Ҳозир мен мисол учун телевизор кўра олмайман! Асаб шундай бузилади-ки! Ғурур борми? Албатта, бу гаплар ҳаммага тааллуқли эмас! Ижод қилишимиз керак! Эртага Раж Капур айтгандек, “бош кийимим японча, костюмим унақа, туфлигим бунақа бўлса”, мени миллий қиёфамдан нима қолади? Мана интернет, ижтимоий тармоқлар бор, ҳеч ким сизларни бу борада таъқиқлаш йўлидан бормайди, лекин, биз маънавият тарқатувчисимиз! Дуч келган нарсани ҳам интернетга олиб чиқа олмаймиз! Маънавий, аҳлоқий мезонлар бор! Фаҳм-фаросат деган нарсалар бор! Ўша интернетга, ўз санъатимизни, ички дунёйимизни тушунарли бир даражада кўрсатадиган, кўрган ўқувчи ёшлар бир ибрат оладиган нарсани кўрсатиш керак, деб ўйлайман. Ахир, санъаткорлар элнинг нигоҳидаги, назаридаги инсонлар! Шунинг учун ҳам, мана шу ердаги инсонлар, шу масалада бирлашсак, ҳаммамиз фаол бўлиб ҳаракат қилсак. Мен либослар тўғрисида гапирмоқчи эмасдим. “Либоси ундай бўлсин, бундай бўлсин ҳам эмас”, мен фақат бир нарса, дид тарафдориман! Сен кийган либосинг, сени одобингга, аҳлоқингга, ички дунёйингга, қўшиғингни руҳиятига мос келсин! Бизда маънавиятли олимлар, ёзувчилар қанча? Биз жуда ҳам кўп ҳолатларда нишонга айландик! Тўғри, ўйин-кулги, шўх қўшиқлар керак. Аммо, қайси буюк миллатнинг вакили эканлигимизни унутиб қўйишга ҳаққимиз йўқ! Ҳаммамизнинг дардимиз бир, бизнинг авлодлар, аждодларимиз бизга шундай гўзал санъатни берди! Агар биз уни сақлаб ривожлантира олмасак, бу омонатга хиёнат бўлади! Ана шу хиёнатни қилаётганларни тарбиялаш, ҳаммамизнинг олдимиздаги вазифамиз!
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони масъул ходими Абдуваҳоб Сахиев сўзга чиқиб, меъёрий мезонлар, Низом, жонли ижро, концертлар, миллий эстрада санъатини ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдирди.
Азамат Ҳайдаров маданият, санъат ва эстрада ривожи учун таклифлар бўлса, ёзиб бериш мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.
Шундан сўнг, йиғилиш иштирокчиларига сўз берилиб, бир неча санъаткорлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов: - Менимча, биринчи навбатда кийиниш борасида “қаттиқроқ” туриш керак, деб ўйлайман. Чунки, улар бизни фарзандларимизни тарбиясини “бузяпти”! Бир одам келиб, менга “нега сиз ёшлар ҳақида салбий фикрларни билдирасиз?” деганда, “салбий фикрлар билдирмаяпман, сен мени оиламга келиб фарзандимни бузяпсан, кийиминг билан уни менталитетига, дунёқарашига таъсир қиляпсан” деб жавоб қиламан! Мисол учун, яқинда Телевидениеда чиқиб, бошловчи қизларимизни, эркак кишининг иши бўлмаса ҳам, кимгадир оғир ботса ҳам, қулоғидаги ҳар хил зиракларни, киприкларини, улама сочларини олиб қўйишга тўғри келди! Чунки, эфирда бошловчи ўзини етказиб бераётган хабаридан ташқари, жалб қиладиган нарсаси бўлмаслиги керак! Ўша қизларнинг ўзларини бунга фаросатлари етмаса! Ҳозир ёшларнинг орасида жуда ҳам ғарбга тақлид кучли, мисол учун, ҳеч қачон Шарқда “оғзи кавушдек қиз экан” деб, таъриф берилмаган! “Дудоғи гўзал”, “Писта даҳан” деган гаплар бор. Лекин, айрим эстрада хонандалари лабини пешонасигача “ёпиштириб”, шишириб, иштони йўқ, кийим йўқ, ҳаё йўқ, дид-фаросат йўқ аҳволда, жамиятни ҳам шунга чорламоқчи бўляпти! Шеър масаласида ҳам, мусиқа масаласида ҳам, худди шундай! Ҳозир мен ҳам мусиқа эшитмайман! Мустақиллик байрамларида ҳам, бир хил пайтда “бутун дунё кўряптию бизни, биз Мустақиллик майдони, Мустақиллик байрамида кўряпмизу” деб, ичимда қайнаб кетаман, шунинг учун, санъат билимдонлари, ҳақиқий устоз санъаткорлардан ташкил топган мустаҳкам Кенгаш бўлиши керак, деб ўйлайман! Бу Кенгаш ҳеч кимга сотилмаслиги керак ва мусиқани яхши тушуниши керак! Мен бошловчилардан илтимос қилган бўлардим, “устоз санъаткор” билан, “санъат юлдузи”, “таниқли санъаткор”, “машҳур санъаткор” деган ибораларни ўз ўрнига қўя олишса! Устозликка ҳаққи йўқ одамларни “устоз санъаткор” деб эълон қилишади. Қўшиқ, ашула, лапарнинг фарқига бормайдиганларни ҳам “устоз санъаткор” деб эълон қилишмоқда! Агар у устоз бўладиган бўлса, унинг шогирди ким бўлади? Мана Ғуломжон ака Ёқубов ҳақиқий устоз санъаткор! Машҳур санъаткор! Шу инсонга нисбатан шу иборани ишлатишсин! Лекин, масалан, мени ўзимга ҳам “машҳур”, дейишса, “йўқ, мен машҳур эмасман, таниқлиман” дейман! Санъатни бундай ўйинчоқ қилмаслик керак! Мисол учун, ҳозир жуда кўп шоулар чиқиб кетяпти! Мусобақага ўхшаган, ёшлар кўрик-танловлари кўп! Ана шу жойларда Ҳайъат аъзоси бўлишдан аввал, “мени Ҳайъат аъзоси бўлишга ҳаққим борми, йўқми? Консерваторияда ўқиганманми? Қайси устознинг шогирдиман? Ўзи мусиқа грамматикасини биламанми, йўқми?” деб ҳам ўйлаб кўриш керак! “Мен Ўзбекистон Халқ артистиман, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистман, мени ҳаққим бор!” деб, чиқиб олиб, нафақат бутун Республика, балки бутун дунёга ўзини шарманда қилмасликларини истайман! Бундан ташқари, Санъаткорларнинг маданий савияси устида ҳам озгина ишлашимиз керак. Эртага чет элга чиқадими, матбуотга интервью берадими, айтаётган гапларини бироз ўйлаб гапиришса! Бунга сабаб эса, айрим ёшларни адабиётга қизиқмаслиги, айримларнинг эса умуман китоб деган нарсани билмаслиги, адабиётдан бехабарлигидир! Шунинг учун ҳам, устоз Санъаткорлар Ғуломжон ака Ёқубов, Зулайҳо опа Бойхонова, Озодбек Назарбеков, Азим ака Муллахонов, сизлар ёшларни тўғри маънода озгина “силкитиб” қўйишга ҳаққингиз бор! 2 та қўшиқ айтиб қўйса, 2 та матбуот “эстрада юлдузи” деб мақтаб қўйса, ўзида йўқ хурсанд! Биз-ку, индамаймиз, лекин айрим ҳолларда, баъзилари ҳаттоки сиз билан ҳоҳласа саломлашади, ҳоҳламаса йўқ! Агар фикрларим оғир ботган бўлса, узр!
Шундан сўнг, сўз Ғуломжон Ёқубовга берилди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов: - Тўйларни олиб борадиганларни ҳам бир чақириб яхшилаб тушунтириш керак. Улар чиндан ҳам ҳаммани “санъат юлдузи” деб эълон қилишади! Аввал ўн йиллаб санъатда юриб, “санъат юлдузи” эканлигини кўрсатсин! 2 та қўшиқ айтганни ҳам “санъат юлдузи” деб, эълон қилиб туришибди! Ўша эълон қиладиганларга ҳам сал чегара қўйиш керак. Тўй ҳам, аслида санъаткор учун битта имтиҳон жой! Тўй санъатда ҳам ўзини кўрсатадиган, халққа хизмат қиладиган жой! Лекин, шуниси ҳам борки, ҳар битта инсоннинг ўз мавқейини, тўғри айтиши учун, олиб борувчининг миясига қуйдириш керак! 4 та қўшиқ айтмай “юлдуз”, “фалончи”! Бу нимадан далолат? Бу билан фақат ўша ёш хонандани “айнитишади”! “Мен зўр эканман” деб, эртага бошқа ижод қилмай қўяди. Бундан ташқари, чет элнинг қўшиғини ҳам ўз тилида айтсин! Бизнинг халқимиз шундай қобилиятли халқки, ҳар қандай йўналишда ижро эта олади! Операни ҳам, чет эл қўшиқларини ҳам, акценти бўлмай айтиши мумкин! Лекин, чет эл мусиқасига ўзбекча сўз қўйиб куйласа, уни бошқа жойдан ўғирлаганини ҳамма билади. Аммо, ижро этаверишади. Бировга ёмон кўриниш эмас, аммо гапириш керак! Мана ёшлар чиқсин, халққа хизмат қилишсин! Ҳеч ким уларга қарши эмас! Лекин, астойдил хизмат қилсин, ўғирламасин, ўзимиздан олишсин! Нега биз Эрончани эронча, Ҳиндчани, ҳиндча, Арабчани арабча деймиз? Ахир улар бизнинг ўзбекчани, “ўзбекча эстрада” деб айтишмайдию! Биз бунга эришмаган бўлсак, бунга ёшлар эришиши керак! Лекин, ҳозир биттасига тўғри гап гапирсанг, олдингда “хўп” деб, ортингдан “кимсан?” дейди. Чунки, у тўйдан пул топди, машина олди, участка олди, энди кимдир бўлиб қолди! Тўйма-тўй юриб пул топяпти, “сен кимсан” дейиши табиий. Илгари тўйга борса, телевидение, концертларга қўйилмасди! Энди эса, бахтингизни қаранглар, тўйдан бориб, бемалол қолган ишларни қилишяпти! Бунга Худога шукур қилиш керак! Лекин, буни суистеъмол қилиш керак эмас! Концерт алоҳида, Давлат иши алоҳида, ўзингни шахсий ишинг алоҳида бўлиши керак! Тўй бу, шахсий иш! Ҳозир тўйга бормаса артист ҳисобланмайди! Тўйга боришнинг ҳеч қандай айби йўқ! Аммо, ҳар битта инсон ўз ўрнини билиши керак! Ўша тўйда ҳам, баъзилари салом бермайди, тўғри ўтиб кетадиганлари ҳам бор. Мен ўзим Фахриддин Умаровнинг шогирди бўлганлигим учун ҳам, бир тўйда бўлган воқеани айтиб бермоқчиман, ҳамма билиши керак! Бир тўйда Фахриддин ака келган экан, одам кўп, мен билмай қолганман. Ҳамма ўтирибди, бир пайт устозга сўз беришди, у киши эса, “мени бир шогирдим шу ерда, кўришиб келсам” дедилар. Шу одамлар орасида дарҳол қандай бориб, кўришиб, узр сўраганимни билмайман! Ўша иззат-ҳурмат шунчалик бўлган! Бизнинг халқимизга хос энг яхши фазилат, бу каттани катта, кичикни кичик деб, бир-бирига ҳурматда бўлиш, шундай бўлса, ҳамма ҳам ҳурмат қилса, ҳурмат топади!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов: - Айтилган ҳамма гаплар тўғри! Ўзбек санъаткорлари учун мени ҳам таклифларим бор. Қўшиқларнинг матнини, мусиқасини яхшилаб қараб чиқарилса, анча яхши бўлар эди! Тўйларни ўзи асли мазмун-моҳиятига келсак, икки ёшнинг оила қуриши, бизнинг урф-одатларимиз, миллий қадриятларимизга суянган ҳолатда бўлиши керак, аммо дўстлар айтишадики, “йўқ, тўйга 200-300 одам қатнашади! Битта тўй билан ҳеч нарса бўлмайди!” Лекин, бир кунда Республикамизда нечта тўй бўлади? Ўша тўйлар бўладиган дастурлар асосан нимадан иборат? Асоси шундан иборатки, ҳозир официант бўлиб ишлаётган йигит-қизлар, кечки пайтга борганда “санъаткор” бўлиб қолади! 100-200 та ашулани олади-да, ўзини айтгани борми, бировники, чет элникими, фарқи йўқ қўйиб, чет элники кўпроқ бўлади, хуллас, шу хонандаларимиздан ташқари ҳолатда, тўйларни ўтказишади! Шу ўринда, маҳалла оқсоқолларига таклиф, тўйларни миллий руҳда ўтказилса! Ахир ижро тўлақонли бўлгандан кейин санъаткор барибир ўзини тўйда кўрсатишни ҳоҳлайди! Тўйга борса, тирикчиликнинг айби йўқ. Чет эл қўшиқлари ҳам ижро қилинсин, лекин қарийб, кўп қисми ўзимизнинг миллий оҳанглар бўлишини ҳоҳлардим! Ёшларимиз ҳам, шунда шунга интилади! Мана Жиззахга бошқа сабаб билан яқинда борганимда, мени меҳмонга олиб боришиб, бир дискотекага бориб қолдим. Ҳалиги жойда ўша мусиқани эшита олмадим ҳам! Олдин дискотекани чет элдан келган меҳмонларимиз, ўзининг қўшиғини ижро қиладиган жой, деб ўйлардим. Ҳозир, эса, урф-одат тусига кириб қолган, тўйларимиз 90 фоизи дискотека бўлиб ўтади! Агар шу тарзда давом этса, бизнинг миллий қўшиқларимиз секин-секин бориб йўқолиб ҳам кетиши мумкин. Телевидение бадиий кенгашлари кўриб чиқилса ва у ерда яхши мусиқачилар бўлса, маслаҳат берадиган яхши қўшиқчилар бўлса, ўйлайманки, мавжуд камчиликлар ҳам ўз-ўзидан бартараф бўларди! Майли, бошида ёшларга сал ёмон кўрингандек ҳам бўлинар! Аммо, мақсад, яхши йўлга бошлаб, қўшиқларнинг айтиладиган сўзларигача аҳамият берилиши керак! Радиода бир қиз қўшиқ айтяпти: “Жоним мани кун ўтди, Нозларинг мани куйдирди, яна жоним, жоним...” Уни шеър ҳам деб бўлмайди! У бу қўшиқни кимга айтяпти ўзи? “Жоним, жоним” деб аёл киши кимга айтиши мумкин? Агар эркак кишига айтаётган бўлса, эркак кишига мурожаат қилиб, “нозларинг мани куйдирди” деб айтиб турибди-да! Эркакда ноз нима қилади?
Йиғилишнинг шу жойида Ғуломжон Ёқубов (кулиб): - Ҳозирги эркакларни нози ҳам, бор-да!-деб, қўшимча қилгани, ҳаммани кулдириб юборди.
Азим Муллахонов (фикрларини якунлаб): - Ана шундай “қўшиқ”ларни сўзларига ҳам қараш керак-да!
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори в.в.б. Азамат Ҳайдаров: - Сиёсатчи сиёсат билан шуғулланиши керак, Санъаткор қўшиқ куйлаши керак, энди ҳар бир ишнинг чегараси, ўз талаб, меъёр ва мезонлари бор-да! Айрим аёл хонандаларимиз, билиб-билмай чала шоирларга, шеър буюртма қилиб, шундай қўшиқлар куйлаб қўйишади. Айниқса, шахс билан боғлиқ, Давлат Раҳбарларининг фаолияти билан боғлиқ нарсаларни монтаж қилиб, клипларига олдиришади. Бу ҳеч қандай одобга ҳам, аҳлоққа ҳам тўғри келмайди! Биз Ватан ҳақида, меҳнат, дўстлик ҳақида, қўшиқчилигимиз, ҳаётимиз ҳақида қўшиқ куйлайлик! Ҳамма нарса ошкора бўляпти! Мана Ўзбекистонни тоғлари, боғлари ҳақида, айтилаётган гаплар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида, клиплар қилинса, нур устига аъло нур бўларди! Давлатимиз Раҳбари қанча шароит яратиб берган, кечаги Қарорнинг ўзи билан қанча қилинадиган ишлар бор! Бу ёқда эса, клипларга разм солсак, масалан, Тошкентдаги Амир Темур ҳайкалини олиб кўрсатамиз, қўшиқ билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ! Шу билан танилмоқчи бўлишади. Лекин, биргина мазмунли Ватан ҳақидаги қўшиқни олсак, ҳеч қандай клипи йўқ, лекин ҳаммамиз эшитамиз!
Йиғилиш давомида Президент ҳақида қўшиқ куйлаб, ўзига обрў орттирмоқчи бўлаётганлар ҳам танқид остига олинди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов:– Биз ҳаммамиз Ўзбекистондек буюк бир давлатнинг фуқаросимиз! Давлатимизни ўз рамзлари бор, байроқ, герб, мадҳия! Бу биз учун энг муқаддас тарих! Президентимиз Давлат Раҳбари, ўзини шундай даражасига, мақомига, ҳурматига эга! Лекин, мана менинг қўлимда турган (қоғозга ишора қилиб) матн, бу қўшиқ эмас, бу беҳурматлик! Бу сиёсий саводсизлик, маънавиятсизлик! Муҳаббат, меҳр-ҳурмат, эҳтиром, бунақа изҳор қилинмайди! Мана ҳозир Улуғ шиор, Президентимизнинг юртга қилган даъватлари асосида фестиваллар ўтказилмоқда! Ана шу жараёнда ҳам юрагимизга санчиқ берадиган ҳолатлар бор! Айрим санъаткорларнинг ўзларини тутишлари билан боғлиқ, борганда ҳар хил иддаолар қилиши билан боғлиқ ҳолатлар, ёки тўйга кетади, на огоҳлантиради, қўл телефонини ўчириб олади! Лекин, бу Давлат миқёсида, Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан бўлаётган тадбир! Майли, касал бўлиши мумкин, оилавий жуда бир зарурат чиқиб қолиши мумкин, лекин эндиликда шундай тадбирларга сафарбар қилинадиган санъаткорлар рўйхатини ҳам қатъий кўриб чиқиш керак!
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Профессионал Санъаткор билан ҳаваскорнинг аралашиб кетганлиги, ҳозирда менимча, халқни ҳам адаштириб турган энг катта нарса ҳам шу! Чунки, айримлар, умуман, билим у ёқда турсин, ижрочилик, студияда, компьютерда, асосий руҳиятни берадиган саунд асосида, дейлик, “юлдуз” бўлиб, шу йўлда илм олган, умрини бағишлаган, устозларнинг хизматини қилган, дуосини олган, қийналиб, шу даражага етган санъаткорлар билан бирга, бир эфирда, бир саҳнада, доимий ўзини “юлдузона тутиш” билан бемалол, “сен кимсан?” дегандек қилиб муомала қилади! Тўғри, ҳамма танийди, рейтинги яхши, лекин “ўзи ким?”, “кимман?” деган саволга жавоб бера оладими? Билимли санъаткор эса, шу соҳасининг устаси, майли, у таниқли бўлмаслиги мумкин, лекин шу санъаткорнинг ҳам билимини ҳурмати бор! Шунча йиллик меҳнатини, тажрибасини, ўзини шу соҳага бағишлаган умрининг ҳурмати бор-ку! Шунинг учун ҳам, шу масалаларни лицензия билан мажбурий ажратиб қўйилса! Бу профессионал санъаткор, бу эса, ҳаваскор, деб аниқ ажратилса, шунда, биринчидан, халқ ҳам ким аслида ким, ким эканлигини тушуна бошлайди! Ахир профессионал даражада баҳо беришга халқ ҳам мажбур эмас! Халққа талаб қўйишга ҳам ҳаққимиз йўқ! Халқ ўзи ҳамма нарсага баҳо бериши, санъатга дахли бўлмаган инсонни ҳам “юлдуз” қилиб юбориши мумкин! Мана шу тушунчаларни тарғиб қилиш билан, халқнинг фикрини ўзгартириш мумкин! Ҳужжат билан тасдиқлаб қўйиш керак! Эфирда ҳам, ёки гала-концертларда ҳам, аралаштириб юбормаслик керак! Ҳаттоки, керак бўлса, нопрофессионал хонандаларни жойини ҳам белгилаб қўйиш, “сен мана бу ерда концерт берасан холос”, деб айтиб, “сенга мана бундай имкониятлар бор” деб, тушунтириб ўтиш керак! Агар “Профессионал бўлмоқчи бўлсанг, шуғуллан, вокалистга бор, ўқи, билим ол, меҳнат қил, агар профессионалликка ўтсанг, яна имконият берамиз” дейилса, шу билан орадаги фарқни ҳам сал ажратиш керак! Шунда ҳамма ўзининг кимлигини тушунарди! Ўйлайманки, шунда халқ ҳам тўғри баҳо бера бошлайди! Тўғри бунга йиллар керак, лекин шу нарса мени назаримда, албатта натижа беради!
Шуҳрат Қаюмов: - Тўғри, бугунги кунда Санъаткор билан саноаткор аралашиб кетди! Ундайлар студияга боради, овозини қўйдиради! Бирорта қўшиғи ҳам ўзиники эмас! Официант, дейилса, официант ҳам ҳозир обрўли! Ҳаттоки, кўчадан мардикор олиб келишяпти! Ўзим бир тўйда ресторанда гувоҳ бўлганим, ўртадаги қиз, умуман, айтиб бўлмайдиган даражада ёмон қилиқлар қиляпти! Ёнидаги иккита болани “еб қўяй” деяпти! Мен “бу қизни сал тартибга чақиришнинг иложи йўқми?” десам, “ака, узр, қизимиз келмаганди, буни “Қатортол”дан топиб келдик” дейди! Шунақа сафда бўлишдан ор қиламан! Шунақалар билан битта саҳнада турибманми мен ҳозир? Одамлар ҳозир шу даражада-ки, “санъаткор келган” деса, “йўқ, DJ келган” деб, сочини иккита ўриб олган, миллатини тайини йўқ одамни олиб келиб, у мусиқасини қўйиб, миллатни “бузиш” билан овора бўляпти!
“Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура: - Балки, шундайларга лицензия бериш керак эмасдир? Бунақа ҳолатлар кўп бўляпти! Мана қанча укаларимиз бор, зўр айтишади, аммо ишсиз... Масалан, мен мусиқа мактабида ўқиганимда бизга “3” баҳони ҳам умуман қўйиб беришмасди! Консерваторияда ҳам ўқидим! Агар ҳозир ўқишмаса, Давлат нега бундай жойларни қуриб қўйган? Ҳаммага лицензия берилаверса? Кейин, тўғри айтишди, умуман одоби йўқ, аҳлоқи йўқ, ҳаммаси бир хил! Умуман, айтишни ҳам билмайди, мени плюсимга айтадими, бошқаларникигами фарқи йўқ! Санъатга бу даражада рухсат бериб қўйиш тўғрими?
Ахборот коммуникацион технологиялар ва матбуот хизмати бўлими бошлиғи Музаффар Сайфуллаев:- Сиз айтаётган, булар айтаётган одамларда лицензия ҳам йўқ! Кенгашдан ҳам ўтмаган! Уларга лицензия берилмаган!
“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори в.в.б. Азамат Ҳайдаров: - Ҳаммаси инобатга олинади, ёзиб олиняпти!
Шундан сўнг, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори в.в.б. Азамат Ҳайдаров “Ўзбекконцерт” Давлат муассасасида яна бир янги бўлим очилаётганлигини маълум қилди.
Азамат Ҳайдаров: - Маълумот учун шуни ҳам айтиб айтмоқчиман, “Ўзбекконцерт” таркибида рақсни ривожлантириш бўйича янги бўлим очиляпти. У ерда раққосаларнинг ҳам кийими, рақс тушиш масалалари ҳаммаси бўйича кўриб чиқилади. Ҳозир ҳақиқатдан тўйга борсангиз, фонограмма ва раққоса кўпайиб кетган-да! Ҳозирда янги бўлимда шундай масалаларга эътибор қаратилиб, тартибга олинади!
Шундан сўнг, сўзга чиққан Зулайҳо Бойхонованинг ҳам фикрлари ўринли бўлди.
Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова: - Ҳар сафар мажлисларда худди шу мавзу, қўшиқлар мавзуси, кийим мавзуси, клиплар, тўй масаласи айтилади, ҳар доим бир хил! Гапириб чиқиб кетамиз, ташқарига чиққандан кейин ўша –ўша ҳолат, ҳеч нарса ўзгармайди. Сизлар томонингиздан бир қонун, бир қарор бўлмагунча, бу нарса ҳеч қачон ўзгармайди! Мана ўзингизни қўлингизда қоғоздаги шеърни олайлик, шундай нарсалар ўтказиб юборилаверса? Қандай қилиб шундай қўшиқни куйлаш мумкин? Сўзини хонанданинг ўзи тушунмаса, ўша Кенгашда тушунган одамлар ўтириши керак эмасми? Сизлар томондан қонуний назорат қилинмагунча, ҳеч нарса ўзгармайди!
Шуҳрат Қаюмов: - Ўша Телевидение раҳбарияти билан ўқитувчи, устозларни чақириш керак! Ўз соҳасининг билимдонлари бўлмаса, Консерваториядан чақириш зарур! Биринчидан, режиссёр сўзнинг нотўғрилигини билмайди! Ҳоҳлаган миллий ашулани мусиқасида бузиб айтса ҳам, режиссёр билан муҳаррир билмайди! Бир кўрсатувда “марҳамат, сиз жонли ижро қилиб беринг” деса, чиқиб, жонли ижрони айтолмайдиган бир хонанда, расво қилиб жонли ижро қиляпти! Буни устига бошловчи “ўлганни устига тепгандек” қилиб, “Офарин! Баракалла!” дейди!
Ғуломжон Ёқубов: - Чунки, ўша бошловчи анчадан бери жонли ижро эшитмаган! Шунинг учун, фарқига бормай “офарин” деяпти! “Жонли ижро” нималигини ҳам билмаса керак!
Азим Муллахонов: -Инкор қилиб бўлмайдиган бир нарса бор, мендан хафа бўлишмасину, санъатимизда ҳозирда тасодифан “машҳур” бўлиб юрган инсонлар ҳам бор! Шунинг учун ҳам, Озодбек Назарбеков тўғри гапирди, “ҳаваскорлар”га ажратиш керак, деган бир фикр бўлдики, шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, устозлар, ўқитувчилар Консерваторияда, бошқа ўқув даргоҳларида аттестациядан ўтади! Санъатда ҳам, аттестация қилиб қўйишимиз керак, деб ўйлайман! Аттестациядан ўтсин, вокалини кўрайлик! Овозининг тембри қай даражада? Масалан, аёл бўлса, қайси бир категорияга тўғри келади? Эркак киши бўлса, овози баритонми, тенорми? Керакли нотадан керакли нотагача борадими? Жонли ижро қилганда унга қўшиқларини тўғрилашга “махсус программа” керак бўлиб қолмайдими? деган, фикрлар ҳам бор! Шунинг учун ҳам, албатта, аттестациядан ўтказиш масаласини ҳам кўриб чиқиш керак!
Шундан сўнг, хонанда Адҳам Солиев шу кунларда ўтказилаётган айрим тадбирларда иштирокчи Санъаткорлар учун “яратилган” шароитлар ҳамда, Санъаткор қадр-қиммати ҳақида ўз фикрларини очиқ-ойдин баён қилди!
“Ниҳол” мукофоти совриндори Адҳам Солиев: - Ҳозир Санъаткорларнинг обрўйи қолмади! Мана, кеча Сурхондарёда, Қашқадарёда масалан, шароит масаласида 3 та қўшиқчини битта хонага олиб кириб қўйиши... Зўр тадбир ташкиллаштирилган тўғри, лекин ҳокимият санъаткорларни Қашқадарёга борганда уларга тадбир қилиб беришни, уларга овқат беришни ҳоҳламаяпти! Соат иккида самолёт учиши керак, санъаткорлар соат 11.30 самолётга чиққан, самолёт 2 соат учиб, Қаршига бориб, қўняпти-да, ҳали ҳеч ким нонушта ҳам, тушлик ҳам қилмаган! Маданият ходимларидан битта оддий ходим чиқяпти-да, «сизларга ҳеч қандай овқат ташкиллаштирилмаган! Сизлар ҳозир қайси вилоятга борсангиз, ўша районда овқат ейсизлар» деяпти! Сурхондарёга боряпман, Зулайҳо опа ҳам гувоҳ, Маданият бошлиғи, бизнинг тарафимизни олиш ўрнига шундай гапларни гапиряптики... Охири Абдуҳошим ака ўрнидан турди-да... “Сени санъаткорга бундай гапиришга ҳаққинг йўқ” деди! Маданият бошлиғи бўлса, ўтириб олиб, “Мен маданият бошлиғиман” деб... мана бу ерда (қўл телефонини олиб) съёмка ҳам қилиб олганмиз! “Турасан-да, бориб манави ерда концерт берасан”, деяпти! Биз Анвар Санаев билан 5 киши саҳнага борсак, на аппартчи бор, на шароит... Съёмка ҳам қилиб олганмиз! Кейин биз иссиқда 3 км юриб жойимизга қайтсак, “яна қайтиб боринглар”, дейишяпти. Хуллас...
ВИДЕОДА!
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов бу ҳолатнинг айрим сабабларига тўхталиб, чиндан ҳам, Сурхондарёдаги “Бойсун баҳори” фестивалида ҳам, ташкилий масалалар, умуман ҳеч нарса ҳисобга олинмаганлигини айтиб ўтди. Бухорода ҳам шундай ҳол юз берганлигини, аммо, эндиликда бошқармалар бошлиқлари билан ташкилий масалалар юзасидан гаплашилаётганлиги ва санъаткорларни ҳимоя қилишга тайёр эканликларини билдириб ўтди. Ташкилий масалалар ҳал қилинмаганлигининг сабаби эса, кимларгадир оғзаки топшириқлар берилиб, топшириқ олганлар эса, масъулиятдан қочиб, ташкилий масалаларда амалда ечимини топиши керак бўлган муаммолар борлигини, эндиликда уларни қонун доирасида ҳал қилиб олиш учун бироз вақт керак бўлишини ҳам айтиб ўтди: - Бу борада ҳозир шу ердаги ҳар битта одамдан сўрасак, айтиладиган фикрлар етарли даражада! Сизларга айтаман, мен ўзим ҳам у бошлиқларни кечирмайман! Шунинг учун ҳам, “бу ҳақида гапирманглар” деган фикрдан йироқман! Муаммолар бор! Буни тартибга солишимиз керак!
Шундан сўнг, Озодбек Назарбеков ҳам, бу борада фикр ва ўринли таклиф билдирди: - Ҳақиқатдан ҳам, Давлат ташкилотларининг олдида Санъаткорларнинг обрўси йўқ! Халқда, ўз мухлислари ичида обрўси бор, лекин Давлатга тааллуқли бўлган корхоналар, умуман шундай жойларда санъаткорга муносабат ўзига яраша! Фестиваль ёки Давлат тадбирлари ҳақида гапираётганим йўқ! Ташкилотлар тадбирлари, масалан, шифокорларнинг тадбирлари, ёки Наврўз ўтиришлари масалан, (Давлат тадбири эмас, шахсий!) ҳамма нарсани пулга буюртма қилади, ресторан ижараси ҳам пулга, ҳамма нарсани пулга олиб, Янги йилга ўтириш қилишади! Лекин, Санъаткор у ерга текинга бориши керак! Ҳурмат ҳам шунга яраша бўлади! Тушунаман, улар Вазирликка хат билан чиқишади, сизлар унинг хатини таъминлаб беришингиз керак! Шунинг учун ҳам, бу масалада кўп санъаткорлар маслаҳат қилиб, муҳокама қилдик. Таклифим, Дунё тажрибасига кўра, масалан, Вазирлик қошида тижорат бўлими очилса, шундай ҳолатларда шу тижорат бўлимига хат билан мурожаат қилиб, ким керак бўлса, пулини тўлаб, ҳисоб рақамига тушириб, кейин ўша санъаткор ўша ерга таклиф қилинса, шунда ҳурматимиз ҳам жойига келарди! Ҳозир шундоқ қўлини кўтариб, “битта Вазирликка хат ташлаймиз, ҳаммаси келади” деган фикр бор-да, шу билан ҳал бўлиб, қарабсизки, оёқ остилик, сал кеч қолсангиз ўдағайлаб ҳам беришади, ҳурматсизлик ҳам бўляпти. Шу тарафларини ҳам, ҳисобга олиш керак. Менимча, бу юридик тарафлама ҳам тўғри бўлади!
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Хожиматов: -Тўғри, айрим ҳолатларда Вазирликка шундай протоколлар келади, на Вазир, на бошқа бирор одам розилик берган. Протоколга қарасангиз, студия, саҳна тарафлари ҳам бизнинг зиммамизда, бошловчи берадиган ҳам биз, санъаткор берадиган ҳам, режиссёр берадиган ҳам биз, лекин тадбирнинг эгаси эса, келиб фақат солиқ топширади. Кейин газеталарга ҳам қарасангиз, бир оғиз “Маданият вазирлиги” деган сўз йўқ! Буни ҳам тартибга солиш керак, бундан кейин бу нарсани кўплашиб тартибга солишга ҳаракат қиламиз!
Ўзбекистон Халқ артисти Маҳмуд Намозов ҳам сўзга чиқиб, саёз қўшиқлар куйлаётганларда ҳам, мана шундай қўшиқларни эфирга бераётганларда ҳам, ғурур йўқлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Узоқ давом этган йиғилиш давомида бошқа санъаткорлар ҳам, юқоридаги мавзулар ва муаммолар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди.
Мажлисдан сўнг, Раҳбарият билан биргаликда ҳамжиҳатликда мавжуд муаммоларни кўриб чиқиб, ҳал қилиш, ҳамда юртимиз тараққиёти, санъатимиз равнақи йўлида ижод қилишга келишиб олинди.
Мажлисдан сўнг, шахсий фикрлар: Энг биринчи навбатда, Хусусий телеканаллардаги бошловчилар, ҳамда тўйлардаги бошловчиларга Санъаткор ва устоз санъаткор, ҳаваскор ва профессионалнинг фарқини тушунтиришдан бошлаш зарур, назаримизда. Ўз йўналиши бўйича ҳаттоки, мусиқа билим юртида ўқимаган, 2-3 йилгина қўшиқларини “айлантирган” хонандаларни бошқа таърифларни қўйиб туриб, “санъаткор” дейишнинг ўзи, мантиққа тўғри келадими? Афсуски, баъзи ёш хонандаларни эълон қилишларини кўриб, “унда Халқ артистлари ким?” деган савол туғилади! Агар 2 та ёки ундан ортиқ бир неча Давлатнинг Халқ артисти бўлса-чи? Ҳаттоки, айрим Телеканалларда ҳеч қаерда таҳсил олмаган ёш хонандаларни ҳам “устоз санъаткор” деб, “шу устозларнинг йўлини берсин” деб, ўтиришлар, кулгили эмасми? Бу ёшларда нотўғри тушунча шаклланишига олиб келмайдими? Ахир чинакам устоз санъаткорлар бир неча йиллаб, ўқиб, изланиб, ижод қилиб, шу даражага эришишган! Шунча бошловчига ёки телеканалларга буни тушунтириш учун эса, чиндан ҳам Озодбек Назарбеков таклиф киритгандек, хонандаларни “профессионал” ва “ҳаваскор”га ажратиш вақти аллақачон келган! Шундан сўнг, “устоз санъаткор”, “ёрқин юлдуз” каби ибораларни фақат “профессионал” санъаткорларга нисбатан ишлатиш мумкинлиги ҳақида, махсус банд қилиб, Низомга киритиш керакмикан? “Ҳаваскор”ларга нисбатан эса, қандай ибораларни қўллаш мумкинлигини ҳам, алоҳида таъкидлаб, белгиланса, балки энди чиққан хонандаларни кўкларга кўтариш каби ҳолатларга чек қўйилса, ажаб эмас.
Маъносиз қўшиқлар, савиясиз клиплар ва хонандалар либослари борасидаги муаммолар, ҳозирда “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси директори в.в.б. Азамат Ҳайдаровнинг, аввал собиқ “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасидаги фаолияти вақтида ҳам мавжуд бўлиб, ўша вақтда ҳам бу муаммолар ҳақида, йиғилишларда хонандалар томонидан жон куйдириб тўхтовсиз фикрлар билдирилар эди. Аммо, натижа учун, фикр билдиришнинг ўзи камлик қилади, деб ўйлаймиз. Биринчи навбатда, энг муҳими, Радио ва Телеканаллар қошида, Бадиий Кенгаш йўқ бўлса, шундай Бадиий Кенгашлар ташкил қилиниб, у ерга малакали бастакор, шоир, Консерватория ўқитувчиси, ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти бўйича Олийгоҳ ўқитувчисини ҳам таклиф қилиб, (негаки, айрим қўшиқларда кутилмаган “янги сўз”лар ҳам пайдо бўлмоқда!) клипларни қатъий муҳокамадан ўтказиш зарур, назаримизда. Бу кенгашлар эса, “Ўзбекконцерт” билан доимий алоқада бўлиши, давр талаби, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари, ўша ибо-ҳаёга тўғри келмайдиган либос киядиган хонандаларни балки, “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасига таклиф қилиниб, ТВ дан ҳам кўрсатиб, омма кўз олдида ўзига ҳам ўша клипидан, чиқишларидан лавҳалар кўрсатиб туриб, “ўз фарзандингизга шундай либослар кийдирармидингиз?” деган саволлар бериб, очиқ мулоқот қилишнинг вақти келгандир? Клипларида ибо-ҳаёга тўғри келмайдиган либослардаги қизларни олиб чиқадиган эркак хонандаларга ҳам, шу усулни қўллаб, “Ўз қиз фарзандингизга шундай либос кийдирасизми? Ўз қизингизни шу клипларингизда чиқаётган қизларга ўхшашини истайсизми?” деб, ТВ орқали халқ кўз олдида муҳокама қилиш ҳам, фойдадан ҳоли бўлмасди, деб ўйлаймиз. Агар улар шундай либосларни ўз фарзандларига раво кўришмаса, унда нега бировнинг боласига экран орқали “тавсия” қилиб, унинг тарбиясига таъсир кўрсатишмоқда?
Йиғилиш давомида Зулайҳо Бойхонова айтган ҳақиқат, аччиқ бўлса ҳам, ўринли, чиндан ҳам агар юқоридаги масалалар юзасидан “Ўзбекконцерт” ёки, юқори ташкилотлар томонидан бирор расмий қарор, ёки қонун қабул қилинмас экан, муаммоли бу ҳолатлар давом этаверади, деган фикрдамиз.
Аммо, бу гал “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси директори в.в.б.Азамат Ҳайдаров ўз вазифасига ўзгача шижоат билан киришганлиги, йиғилишнинг шукуҳидан сезилаётгандек. Эндиликда юқоридаги муаммолар йиғилишда ва қоғозларда қолиб кетмай, қонуний равишда, албатта ўз ечимини топади, деган умиддамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси Матбуот хизматига миннатдорчилик билдирамиз
ЙИҒИЛИШДАН ВИДЕОЛАР
YOUTUBE.COM даги FATTOHHON.COM КАНАЛИДА!