FATTOHHON.COM
« Все новости2 июнь куни “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасасининг “Қатъий тартиб интизом ва шахсий жавобгарлик эстрада хонандасининг асосий инсоний фазилатига айлансин” мавзусидаги илк йиғилишида (ЙИҒИЛИШГА ЎТИШ!) асосий мавзу, бугунги кунда хонандалар масъулияти ҳақида бўлиб,
уларнинг ўз вазифаларига масъулият билан қарашларига таъсирини ўтказаётган муаммолар ҳақида фикр юритилганлигига қарамай, бу ҳақида айрим интернет манбаларда нотўғри талқиндаги мулоҳазалар тарқала бошлади!
Айниқса, мазкур йиғилишда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг фикрлари, йиғилишда иштирок этмаган, аммо назаримизда, ўзига эътибор қаратишни ҳоҳлаган айрим манбалар томонидан бутунлай бошқача талқинда тақдим этила бошланди!
Бу ерда Санъаткорнинг фикрлари, баъзилар ўйлагандек “прокуратура” ёки бошқа ташкилотларга қаршилик эмас! Ёки айнан “ташкилотларнинг ўтиришларига текинга боряпмиз” деган фикр ҳам эмасди! Мақсад, Қонун устивор бўлган юртимизда, ҳар бир нарса қонунийлаштирилишини сўраб қилинган таклиф мурожаат эди!
Санъаткор Давлат тадбирлари, Давлат аҳамиятига молик бўлган тадбирларни эмас, ташкилотларнинг шахсий ўтириш, корпоративкаларини назарда тутганлиги, унинг гап-сўзларидан ҳам маълум эди! Бундан, “Озодбек Назарбеков прокуратура ёки бошқа ташкилотларга қарши” деган фикрга келишнинг ўзи кулгили эмасми?
“Қарши” сўзининг ўзиёқ, атайлаб эътибор тортиш учун чиқарилаётган ўзига хос интрига бўлиб, Санъаткорнинг фикрларидаги бир-икки сўзга “ёпишиб олиб”, шу билан асосий мақсадни четлаб ўтиб, интрига қилиб, ташкилотлар билан санъаткорларни бир-бирига қарши қўйиш, уларнинг ўртасига совуқчилик туширишга уринишдан бошқа нарса эмас, деб ўйлаймиз!
Озодбек Назарбековнинг эса, таклифдан асосий мақсади, ҳамкасбларининг ҳуқуқий манфаатини ҳимоя қилиш эди! Яъни, “ҳар қандай ташкилот, (аниқ битта ташкилот эмас!) ўзининг шахсий ўтиришларига санъаткор таклиф қилмоқчи бўлса, бунинг учун, Вазирлик қошида бир тижорат бўлими очилиб, у ерга қонуний равишда мурожаат қилинса, шартнома тузилиб, қонунийлаштирилган ҳолда амалга оширилса, ҳар икки тарафда ҳам масъулият бўлади, ҳар икки тарафнинг ҳам ҳуқуқий ҳақ-ҳуқуқи бўлади” деган мазмунда берилган таклиф эди! Вазиятни қонуний равишда тартибга солган ҳолда, икки тарафда ҳам, юридик тарафлама масъулият, жавобгарлик юзага келишини таъминлаш учун ҳам бу таклиф берилган бўлиб, чиндан ҳам қонун бор жойда масъулият бўлади!
Бу эса, санъаткорлар ва томонлар ўртасидаги ноўрин фикрларнинг юзага келмаслиги, ҳамда масъулиятсизлик бўлмаслигининг олдини олиши табиий. Бундан ташқари, баъзида битта одамнинг гапи билан “фалончи фалон жойга келмади” деб, нотўғри хулоса чиқармасликнинг ҳам олдини олади. Юридик тарафлама тасдиқланмаган бўлса, шартнома қилинмаса, демак, санъаткорнинг ўша ҳар ёққа бормасликка ҳаққи бўлади. Ҳар икки томоннинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари ҳеч қаерда кўрсатилиб тасдиқланмаган бўлса, шунда бунинг учун “бирор жойга бормади” деб, санъаткорни айблаш ҳолатлари ҳам юз бермайди.
Ўзбекистондек қонуний савияси юқори, қонун устивор юртда яшаяпмиз, ҳар қандай ҳолат, жараёнлар қонунийлаштирилаётган бир вақтда санъаткорларнинг ҳам шундай ҳақ-ҳуқуқлари қонунийлаштирилиши керак эмасми?
Озодбек Назарбеков ўша ўзи таклиф киритган тижорат бўлимидаги ҳисоб рақамига келиб тушадиган маблағни ўйлаб, бу таклифни киритгани йўқ! Таклифдан нотўғри фикр чиқарган айрим манбалар, “текин бормаслик учун шу фикрни берди” ҳам дейишмоқда. Йўқ! Озодбек Назарбеков ўзи учун эмас, моддий тарафлама айрим мусофир, ижарада яшаётган, талаба бўлган ҳамкасблари шароитларини ўйлаган ҳолда, қолаверса, бошқа ташкилотлар билан томонлар ўртасида тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун ҳам, энг муҳими Санъат ривожи учун, шу таклифни берган эди!
Мазкур йиғилишда барча санъаткорлар бир оила вакиллари каби йиғилиб, санъат ривожи, санъаткорлар масъулияти ва мавжуд айрим муаммолар ҳақида, ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлаб, муҳокама қилиниб, талаб ва таклифлар Раҳбарият томонидан ёзиб олинган эди!
Аммо, бу ҳолатдан айримлар, ғаламислик билан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлишяпти, назаримизда!
Прокуратура ва бошқа ташкилотлар ҳам, санъаткорлар ва Маданият вазирлигига бегона эмас, ҳамма ташкилотлар, битта Ўзбекистон Республикасидаги ташкилотлар! Санъаткорлар ҳам, бошқа ташкилотлар ҳам, битта Ўзбекистон фуқаролари!
Йиғилишдан ҳам, таклифдан ҳам мақсад, айрим четдаги “томошабин таҳлилчилар” фикридек, кимгадир ғаламислик қилиб, “қаршилик” қилиш бўлмаган!
Агар ўша “томошабин таҳлилчилар”чиларнинг фикрларига қулоқ солинса ва Санъаткорларнинг таклифларига шундай “нотўғри кўз” билан қаралиб, инобатга олинмаса, унда ҳеч қандай олдинга силжиш бўлмайди. Ахир баъзида айрим қўштирноқ ичидаги ташкилотчилар томонидан “ташкиллаштирилаётган” концертлар ва бошқаларни ташкилий ишлари яхши ташкиллаштирилмаганлиги, асосийси қонуний равишда тарафлар ўртасида шартнома тузилмаганлиги учун ҳам, хонандаларни у ерга бориб панд еганлиги ва ҳоказо ҳолатлар ҳақида, аввал ҳам эшитганмиз. Озодбек Назарбеков айтганидек, Вазирлик қошида бўлим очилиб, у ерда ҳаммаси қонуний равишда тартибга солинса, томонлар ўртасида шартнома тузилиб, тарафларнинг ҳуқуқлари қонуний ҳимоя қилинса, юқоридаги муаммоларнинг олди олиниши табиий эмасми? Икки тарафда ҳам масъулият ҳисси бўлиб, ташкилий тараф ҳам, санъаткорларга шароит яратиб, маданият билан муносабатда бўлади, санъаткорлар ҳам масъулиятни ҳис қилган ҳолда, ўша айтилган жойга ўз вақтида боради. Ҳар икки тараф ҳам, бундан манфаатдор бўлиб, ҳаммаси тартибга тушади! Афсуски, баъзи ҳолларда ташкилий тараф хато қилса, санъаткор жавобгар бўлиб қолиши мумкин. Ёки, аксинча, санъаткор бирор сабаб билан боролмай қолса, ташкилотчилар хижолат бўлишлари мумкин. Айрим ҳолларда эса, ташкилий масалалар тўла-тўкис ташкил қилинмаганлиги учун ҳеч ким жавобгар эмасдек...
Қонуний шартнома бўлса, ҳар икки тараф ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқларини бемалол талаб қила олади! “Биз имзо қўйган эдик, мана шу мажбуриятлар бажарилмади” деган мазмунда мурожаат қилиниши ва ўз мажбуриятларини бажармаганлар жазоланиши ҳам аниқ бўлади!
Озодбек Назарбековнинг бу таклифида асло Давлат Тадбирлари, Республикамиз миқёсида ўтказилаётган Давлат аҳамиятига молик тадбирлар назарда тутилмаганди! Таклиф, фақат ички ўтиришлар ва шахсий корпоративкалар ҳақида бўлганди!
Озодбек Назарбеков Давлат Тадбирлари, Республика миқёсида ўтказилаётган тадбирларда ҳамиша биринчилардан бўлиб, жуда фаол иштирок этиши ҳаммага маълум! Қайси ташкилот томонидан ташкиллаштирилган Давлат Тадбирлари бўлса, унда албатта ҳеч қандай гап-сўзсиз иштирок этиб келади! Бундан ташқари, ҳаттоки ўша йиғилишда ҳам, Озодбек Назарбеков ҳақида “Давлат Тадбирларининг нафақат ўзи, балки репетиция жараёнларида ҳам, ҳеч қандай қолдиришсиз, ҳаттоки бирор марта репетициядан ҳам жавоб сўрамаган масъулиятли Санъаткор” деб, эътироф этиб ўтилди!
Бундай вазиятда ҳеч қандай таъмагирлик ҳам, шароит ҳақида ҳам, гап-сўз бўлиши мумкин эмас! Озодбек Назарбеков ўз юрти учун, юрт хизмати учун ҳамиша тайёр эканлигини, ўз интервьюларида ҳам айтиб ўтган, қолаверса, фақатгина сўзда эмас, амалда ҳам исботлаб келмоқда!
Шунингдек, бу таклиф, ўз шахсий моддий манфаатини ҳам ўйлаб берилмади! Озодбек Назарбековни саҳнага “ўч” эмаслиги ҳам, ҳаттоки санъатни тарк этиш ҳақида кўп маротаба айтганлиги ҳам, ҳаммага маълум!
Бундан ташқари, бу таклиф “ташкилотлар бизни текинга олиб бориб, дўқ-пўписа қилади” деган норозилик эмас, ёки “айнан мана бу ташкилот шундай қилади” деган гапга ҳам асосланмаган бўлиб, у ерда фақат мисол тариқасида бир-икки ташкилот номи тилга олинган холос, аммо уларга нисбатан ҳеч қандай ноўрин фикр билдирилмаганлигини йиғилишдаги ҳамма иштирокчилар бир овоздан тўғри тушунишган эди! Ҳеч ким ҳеч кимга қарши эмас! Ҳеч ким ҳеч кимга қаршилик ҳам қилгани йўқ!
Агар ҳозир ана шу ғаламислик билан айтилган “қаршилик” ҳақидаги гапларга ишонилса, муаммонинг ҳал қилинишига нуқта қўйилиши, қанчалаб режалар, муаммолар янада қоғозда қолиб кетиши мумкин...
Санъаткорларнинг муаммоларини ким, қачон эшитади? Ҳар битта сўзидан “қаршилик” ясаб, норозилик кайфияти уйғотиб, нотўғри талқин этиб турилса, Санъаткорлар ўз фикри, таклифини қачон ва қаерда айтиши мумкин? Қачонгача бу ҳолат давом этади?
Ютуқлар бўлса, жим турилади! Камчилик бўлса, дарров кўпиртириб, бошқача талқинда бонг урилади!
Ҳар бир гапдан ўз манфаатини ўйлаб шов-шув ясамасдан, мақсад ва мазмун-моҳиятни тўғри тушунган ҳолда, тўғри йўналтирилса, шундагина ривожланиш ва олдинга силжиш бўлади, деб ўйлаймиз!
Ҳозирда Юртимиздаги бўлаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар янги бир босқичга ўтди! Ҳар бир соҳада янгиланиш бўлиб, ҳамма нарса ўз номи билан аталмоқда! Бу Давлатимиз Раҳбарининг талаби бўлиб, ҳамма жойда, ҳамма муаммоларни очиқ-ойдин ўртага ташлаб, ҳал қилишдан иборат бўлмоқда! Ҳамма соҳаларда муаммолар очиқчасига айтилиб, ҳал қилинаётганлиги ҳам сир эмас! Ўзбекистон мана шундай янгиланиш даврига шиддат билан қадам қўйган, ошкоралик давр талаби бўлган бир пайтда, Санъат ва маданият соҳасида, яна ўша “эскилик сарқити”, биров бир оғиз камчилик ҳақида айтиб, таклиф билдирса, “гапирма, нима деб ўйлайди? Ундай дема, бундай дема” дегандек, бошқача талқинга буриш, бошқача талқинда интрига қилиш, яна ривожланишни тўхтатиб қўйиши мумкин! Ҳамма соҳаларда глобал ўзгаришлар кетаётган бир вақтда, санъат соҳасида, “касал”ни беркитиб, “қачон иситмаси ошкор қилади”, деб ўтириш тўғримикан?
Саида Вахобова