FATTOHHON.COM
« Все новостиАзим шаҳримизнинг сўлим ва баҳаво боғлари сони яна биттага кўпайди.
Куни кеча пойтахтимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан янги экологик боғнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Боғ айниқса, болажонларимизга қувонч улашди. Бу кун барча меҳмонларнинг хотирасида бир умрга илиқ таассуротлар ила муҳрланди. Пойтахтимиз аҳли ва меҳмонларини очиқ ҳавода сайр қилишлари, вақтларини оила ва яқин дўстлари даврасида мароқли ўтказишлари учун яна бир янги экологик боғ бунёд этилди. Ушбу боғда турли хил маданий-маърифий тадбирлар, спорт ўйинлари, қизиқарли танловлар, шеърхонлик мушоира кечалари ва ҳайрия акцияларини ташкил этилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган тантанали очилиш маросимидан сўнг, катта концерт дастури намойиш этилди. Концертда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Зиёда Қобилова, Райҳон, Жасур Мирсагатов, “Караван” ҳамда “Шарқ” эстрада гуруҳлари ва бошқалар иштирок этишди. Хонандаларнинг ижодий чиқишлари йиғилганлар кайфиятига олам-олам қувонч бағишлади.
Шунингдек, ушбу тадбирда Ёзувчилар уюшмасининг раиси, Ўзбекистон халқ шоири Мухаммад Али, Ўзбекистон халқ шоирлари Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид ва ёш шоирлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди ҳамда, унинг рубоийларидан намуналар ўқиб эшиттиришди.
«Ўзбекконцерт» матбуот хизмати