FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Тақдиримсан, бахтимсан” деб номланган янги яккахон концерт дастурига 5 апрелдан старт берилди!
Мазкур концерт дастури 5-21 апрелга қадар, “Истиқлол” санъат саройида ҳар куни соат 19.00 да бўлиб ўтади! Хонанда янгилик яратиш тарафдори, шу туфайли ҳар йилги концерт дастури аввалгисидан ҳам ўзгача бир тарзда ўтказилади.
Бу йилги янги концерт дастурининг 13 апрель куни. Залда бирорта ҳам бўш ўриндиқ йўқ!
Ҳамма концертларда бўлгани каби, концертнинг парда очилиши билан биринчи кўзга ташланадиган жиҳати, бу декорация. Озодбек Назарбековнинг бу йилги концерт дастуридаги декорация аввалгиларидан тамоман фарқ қилади, бутунлай янгича кўринишда, саҳнада 7 экрандан иборат устунли декорация қилинган. Ўртада катта экран, икки ёнда 3 тадан жами 6 та кичик экранлардан иборат. Ҳар бир қўшиқнинг руҳиятига, мазмунига мос тарзда турли тасвирлар намоён бўлади. Айниқса, оловли тасвирларда бутун саҳна олов ичида қолгандек таассурот уйғотгани жуда ҳам ўзгача чиққан. Бундан ташқари, саҳна ҳам бир ярим метрдан баланд бўлиб, у ҳам балкондаги томошабинлар учун ўзига хос экран вазифасини ўтади, назаримизда.
Янги концерт дастури 2012 йилнинг энг машҳур қўшиғи “Атрофингда мен сарсон” нинг янги версияси билан бошланди! Олқишлар чексиз эди...
Сўнг, саҳнага сўз устаси Шукурилло Исроилов чиқиб келиб, хонандани таништириб ўтди.
Иккови биргаликда марҳум устозлари Муҳриддин Ҳолиқов билан боғлиқ хотираларни эслашди.
Кейин қувноқ ҳазил савол-жавобларга ҳам ўтишди. Шукурулло Исроилов концертдаги янги қўшиқлардан бири “Кечир” қўшиғи ҳақида ўз фикрларини билдириб, хонандадан нима учун бу қўшиқни куйлаганини сўради. Сўнг, сабабини билгач, саҳнада туриб олиб, ҳазил ёки чин, аммо ўз аёлидан кечирим ҳам сўради.
Концертнинг биринчи блоки шу тарзда бошланди. Хонанда томонидан кетма-кет “Муҳаббат”, “Сенга муҳтожман”, “Лола”, “Ўзингга ўхшамай қолдинг”, “Интизор”, “Гул ёр” қўшиқлари ижро қилиниб, тингловчиларга манзур бўлди.
Иккинчи блокда, миллийликка урғу берилди.
“Доирангни чал” қўшиғи, доира садоси остида янграб, унга раққоса Паризода рақсга тушди.
Хонанда ижросидаги “Севиб қолмасаммиди” қўшиғи ҳам ўзига хос бўлиб, унга Ўзбекистон Халқ артисти Рушана Султонова рақс ижро қилди.
Сўнг, “Уйқум келмайди бедорман”, “Сувда келар олма оқиб”, “Кеча-ю кундуз” қўшиқлари янгради.
“Эй гўзал” марҳум хонанда Муҳриддин Ҳолиқов репертуаридан куйланган қўшиқ янграганидан сўнг, марҳум хонанданинг невараси гул олиб чиқиб берганда,
Озодбек Назарбеков саҳнадан тушиб, унинг қўлидаги гулни қабул қилиб олди, зал олқишларга тўлиб кетди ва хонанда эса, “Бу олқишлар, меҳр ҳамда эътибор, устозим учун” дея айтиб ўтди.
Сўнг, “Ишқ ўтида ёниб-ёниб”, “Келгин гулим” қўшиқлари ижро этилди ва бутун зал берилиб рақсга тушди!
Учинчи блок, хонанда Дилсўз билан “Ака-сингил” дуэт қўшиғини ижро қилиши билан бошланди.
Сўнгра, хонанда “Кечиргин”, “Қошинг қародир”, “Эркаклар”, “Севгим”, “Хафа бўламан”, “Қолмади”, “Эркин ва обод Ватан” қўшиқларини ижро этди.
Хонанда уч блокка мослаб, уч хилдаги либосда чиқди.
Ҳар бир қўшиққа экранларда ўзига хос тасвирлар, саҳнада эса раққосаларнинг чиқишлари уйғунлашган эди. Озодбек Назарбековнинг ўзи тингловчиларга тушунарсиз бўлмаслиги учун, ҳар бир қўшиқдан сўнг, қўшиқ номлари ва раққосалар исмларини ҳам ёддан айтиб ўтди.
Бу йилги концерт дастурида ҳам, хонанданинг танлаган қўшиқлари мазмунан кучли эканлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш керак, деб ўйлайман.
Ҳар бир қўшиқда инсонларнинг қалбидаги дарди, туйғулари акс этади.
Иккинчи блокдан сўнг, гуллар олишга навбат етиб келди. Гуллар оқими бир неча муддат тўхтамади!
“Хафа бўламан” қўшиғи вақтида хонанда зални айланишни ҳам ёддан чиқармади,
кекса онахонларнинг қўлларидан гулларни ўзи қабул қилиб олди ва бундан томошабинларнинг қувончлари ҳам чексиз бўлди!
Ҳар бир қўшиқдан сўнг, хонанда қувноқ ҳазиллар билан залдаги мухлисларнинг кайфиятларини янада кўтариб юборди.
Озодбек Назарбеков блоклар оралиғида шогирдлари ёш хонандалар Музаффар Каримов ва Абдуқаҳҳор Абдуваҳобовни оммага таништириб ўтди. Улар ҳам ўз қўшиқларини ижро қилдилар.
Блоклар оралиғида шунингдек, Комедия.уз резедентлари, сўз усталари Ботир Имомхўжаев ва Шукурилло Исроиловлар ўзларининг ҳазилга бой чиқишларини намойиш қилдилар.
Концерт якунида, Озодбек Назарбеков “Эркин ва обод Ватан” қўшиғини ижро қилганида, залдаги барча томошабин мухлислар хонанда билан қўшиқни бирга такрорлаб, қўшиқ тугаб, хонанда саҳна ортига йўл олгунга қадар зални тарк этмадилар!
Ҳаттоки, концерт якунида ҳам хонандага гул тақдим қилмоқчи бўлганлар кўп эди... уларнинг барчаси ўз гулларини тақдим қилиб улгурдилар.
Камтарлик, самимий ва санъаткорга хос чинакам маданият эгаси хонанда Озодбек Назарбеков концертлари “Истиқлол” санъат саройида 21 апрелга қадар давом этади.
Концертни тамоша қилиб, чинакам маънавий озуқа олиш, чиройли санъатдан баҳраманд бўлиш мумкин.
“Истиқлол” санъат саройидаги ва сарой ташқарисидаги эътибордаги ҳолатлар:
Бу йилги концерт дастуридан ўрин олган 16 та янги қўшиқлардан иборат, Озодбек Назарбековнинг янги мусиқий альбоми сотувда!
Озодбек Назарбековнинг ҳаёт ва ижод йўли акс этган Журнал,
шунингдек “Дилдош” газетасини ҳам сотиб олиш мумкин.
Бундан ташқари, Озодбек Назарбеков тасвири туширилган плакат календарлар ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмади.
Феруза Фаттохова
КОНЦЕРТДАН ЭКСКЛЮЗИВ ФОТОСУРАТЛАР!