FATTOHHON.COM
« Все новостиХоразм вилоятида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик юбилей тантаналари давом этмоқда.
КОМИЛЖОН ОТАНИЁЗОВ -“ҚЎШ СОҲИЛ БУЛБУЛИ”
Юртимизда таниқли санъаткор, бастакор ва ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг қўшиғини тингламаган, у ҳақда эшитмаган инсон топилмаса керак.
К. Отаниёзов ўзининг бетакрор истеъдоди билан нафақат диёримиз, умуман, қардош ҳалқлар мухлислари қалбидан муқим жой эгаллаган. У ниҳоятда жозибали ва кучли овоз соҳиби бўлиб, ҳар бир асар талқинида бадиий етукликка эришган. Бир сўз билан айтганда, у ўзига хос қўшиқчилик йўналишини яратган ижодкор эди...
У ёшлик чоғида дутор чалиб, куй ва қўшиқларни ижро этиш сирларини Жумалоқ бахши(Жумабой Дўсбоев)дан ўрганган. Кейинчалик, Матёқуб ва Матюсуф Харратов, Бола бахши(Қурбонназар Абдуллаев), Шерозий(Мадраҳим Ёқубов), Матпано Худойберганов сингари таниқли устозлар сабоғидан баҳраманд бўлди. Натижада, у мураккаб халқ ашулалари, достонлар, Хоразм сувора ва мақомларини ўзлаштириб, маромида ижро қилган. Бу унинг ижрочилик фаолиятининг энг юқори босқичи бўлган.
Комилжон Отаниёзов “Сувора”, “Савти сувора”, “Чапандози сувора”, “Катта сувора”, ”Феруз”, “Ушшоқ” каби мақом йўлларини куйлаб, ўзига хос, жозибадор ва ўйноқи усулларини яратди. Бу билан ўзбек қўшиқчилик санъатида муносиб из қолдирди. Хонанда сифатида “Доғман”, “Ўйнар”, “Ўлтурғуси”, “Сегоҳ”, “Раънони кўрдим”, “Нигора”, “Саётхон боғда” каби ўнлаб қўшиқларни яратди. Бастакор сифатида ҳам “Салом сенга Хоразмдан”, “Муборак”, “Азиз Ватаним”, “Салом ҳинд халқига”, “Ўзбекистон”, “Хоразм” каби қўшиқлар битиб, уларни жўшқинлик билан куйлади.
Шу билан бирга қўшни давлатлар, шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Бирма, Афғонистон, Комбоджа, Таиланд каби хорижий мамлакатларда ижодий сафарларда бўлди. У ерда ўзбек қўшиқчилик санъатининг нодир намуналарини ижро этиб, чет эллик қўшиқ ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлди. Эътиборлиси, “Қўш соҳил булбули” эътирофига лойиқ кўрилган бу инсоннинг қўшиқлари ҳанузгача қалблардан муқим ўрин олган, ҳозиргача иштиёқ билан тангланади.
Комилжон Отаниёзов сидқидилдан меҳнатлари эвазига Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон халқ артисти номига лойиқ кўрилди. Вафотидан кейин “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Албатта, бу санъаткорнинг санъатига берилган юксак баҳодир.
ЮКСАК ЭЪЗОЗГА САЗОВОР САНЪАТКОР
Муболаға эмас, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён юртимиз ҳар жабҳада ўсишга эришди. Диёримизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар давлатимиз нуфузини кўкларга кўтарди. Жумладан, миллий санъатимиз ва маданиятимизни янада ривожлантириш, унут бўлаётган анъана ва қадриятларимизни қайта тиклаш, маданий ва номоддий меросимизни асраб-авайлаш, уларни ёшларга тўлалигича етказиш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ижобий самарасини берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида воҳада келгусида қилиниши лозим бўлган улуғвор ишлар хусусида тўхталиб, юртимизнинг мафтункорлигини, унинг бетакрорлигини, юксак инсоний туйғуларни жўшқинлик билан куйлаган беназир санъаткор Комилжон Отаниёзов таваллудига 100 йил тўлишини, шу муносабат билан мамлакатимизда устоз санъаткорнинг юбилейини ҳақиқий тантана, нафосат ва санъат байрами сифатида нишонланишини таъкидлагандилар. Элимизнинг машҳур ҳофизи номи билан аталадиган боғ барпо этиш, унинг таркибида замонавий ижод марказини қуриш таклифини билдирган эди. Бинобарин, ушбу масканда К. Отаниёзов ҳайкалини ўрнатиш, бу лойиҳани янада такомиллаштириш зарурлигини қайд этгандилар.
Ўз навбатида Хоразм вилояти аҳли Президентимизнинг кўрсатма ва таклифлари асосида иш юритишди. Натижада, Шовот тумани марказидаги устоз номи билан аталадиган маданият ва истироҳат боғи кенг қамровли реконструкция қилиниб, уни янада обод масканга айлантирилди. Урганч туманидаги “Иморат бобо” қабристони ҳудудида янги масжид барпо этилди. Санъаткор номидаги боғ ва ижод маркази, Урганч шаҳрида уй-музейи ташкил этилди. Ҳофиз сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилди.
УСТОЗГА ҲУРМАТ ВА ЭҲТИРОМ РАМЗИ
Эндиликда, жойларда Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳномолигида улуғ замондошимизнинг қутлуғ айёми шоду хурсандчилик билан тантана қилинмоқда. Юртимизнинг барча гўшасида Комилжон Отаниёзов хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар, хотира кечалари уюштирилмоқда.
Жорий йилнинг 20-21 июль кунлари Хоразм вилоятида Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ташкил этилди. Бу ўзига хос нафосат ва гўзаллик байрамига айланиб кетди.
Мазкур тадбирларга қўшни давлатлардан, Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан меҳмонлар, маданият ва санъат соҳасининг таниқли ва эъзозли вакиллари ташриф буюришди. Улар орасида Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов, Қозоғистон Республикаси маданият арбоби Тўлқин Ҳасанов, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Ўзбекистон халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Гулсара Ёқубова, Ёдгор Саъдиев, Мирзагул Сапаева сингари ижодкорлар, Ўзбекистон халқ артистлари Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Гавҳар Матёқубова сингари устознинг кўплаб севимли шогирдлари, санъатшунос олимларнинг борлиги қўнгилларга илиқлиқ бағишлади.
- Ҳалигача эсимда, ўша пайтлари ёш эдим, - деб эслайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Масудов. –Тошкент шаҳрида Комилжон Отаниёзовнинг концерти бўлиб ўтади. Уйимиздагилар амаллаб чипта топиб, шу концертга тушишади. Шундан сўнг, анчагача уйимизда Комилжон аканинг ижрочилик маҳорати ҳақидаги қизғин суҳбатлар давом этади. Бунга унчалик эътибор бермаганман, ўшанда. Йиллар ўтиб, у кишининг ноёб қобилият соҳиби, ажойиб ҳофиз эканлигини тушуниб етганман.
ТАДБИРЛАРДА МУЖАССАМДИР МЕҲР-МУҲАББАТ
Ўзбек қўшиқчилик санъатининг юксалишига, қолаверса унинг янги қирраларини кашф этилишига ўзининг муносиб улушини қўшган беназир овоз соҳиби, Ватанни, дўстлик, муҳаббат ва меҳр-оқибатни авж пардаларда куйлаб, санъатсевар халқимизга, умуман қардош халқларга файзли лаҳзаларни улашган Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳофиз қўним топган Урганч туманининг Чаткўпир қишлоғидаги “Иморот бобо” қабристонида, унинг қабрини зиёрат қилишдан бошланди. Қабр бошида қуръон тиловат қилинди. Айтиш жоизки, қабристонда олиб борилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, янги барпо этилган масжид зиёратчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир меҳмонлари ва қатнашчилари К. Отаниёзов яшаган Урганч шаҳрининг Ёғду кўчасидаги “Уй-музейи”нинг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди. У ерда устознинг ҳаёти ва ижодидан дарак берувчи уй жиҳозлари, шахсий ҳужжатлари ва буюмлари, турфа маълумотлар ва фотосуратлари мужассам эди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон, Ўзбекистон халқ артистлари Гулсара Ёқубова, Мирзагул Сапаева ва бошқалар Комилжон Отаниёзов ҳақидаги хотираларини меҳр бериб эслашди. Устознинг эл олдидаги хизматларини эсга олишди.
Қолаверса, Урганч туманидаги “Ғалаба” қишлоғида Президентимизнинг ташаббуси билан бунёд этилган Комилжон Отаниёзов номидаги боғ мажмуаси ва унинг таркибидаги ижод марказининг фойдаланишга топшириш маросими ҳам байрамона тарзда нишонланди. Тантанада Қозоғистон Республикаси маданият арбоби Тўлқин Ҳасанов, Ўзбекистон ҳалқ артисти Ортиқ Отажонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Гавҳар Ибодуллаевалар ўзларининг дил сўзларини изҳор этдилар. Ўз навбатида ижод маркази олдида К. Отаниёзовнинг салобатли ҳайкали очилди. Устоз ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Кези келганда таъкидлаш жоизки, ушбу боғ мажмуаси ва ижод маркази ўзига хослиги билан ажралиб турибди. Ишончимиз комилки, келажакда мазкур маскан юртдошларимиз, хусусан, ёшларимизнинг маданий ҳордиқ чиқарадиган, маънавий озуқа оладиган, шунингдек, мусиқа оламининг сир-асрорларини ўрганадиган севимли даргоҳларга айланади.
“УЧ БЎСТОН БУЛБУЛИ”ГА ОШУФТА ДИЛЛАР
Устоз санъаткор таваллудининг юз йиллигига бағишланган яна бир тантанали маросим Хоразм вилояти мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.
Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Ҳ.Султонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик байрами қатнашчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовлар устоз сиймосини эслашди, ҳофизнинг унутилмас ижоди борасида атрофлича сўз юритишди.
Тадбирда сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов ҳам номи авлоддан авлодга, диллардан тилларга кўчиб келаётган буюк ҳофизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида Роҳатой Отаниёзова оила аъзолари номидан К.Отаниёзовнинг таваллуд айёми муносабати билан кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатимизнинг таниқли режиссёри Абдуҳалил Мигнаровнинг “Комилжон Отаниёзов” номли ҳужжатли фильми эса санъатимиз шинавандаларига ўзига хос байрам совғаси бўлди. Қолаверса, Хоразм вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоаси ҳам ушбу қутлуғ санага муносиб улуш қўшди, “Уч бўстон булбули” номли мусиқали композицияли спектакль тайёрлашди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов қаламига мансуб бўлган мазкур асар Навоий номли опера ва балет театрининг режиссёри, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Ҳайдарали Қосимов ҳамда Хоразм вилояти мусиқали драма театрининг бош режиссёри Алишер Йўлдошев ҳамкорлигида саҳналаштирилди. Спектаклда машҳур санъаткорнинг ҳаёти, хусусан, унинг болалиги, йигитлик ҳамда етуклик даврлари ва босиб ўтган ижод йўли кенг ёритилган. К.Отаниёзовнинг етуклик даврини асар муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раҳматжон Қурбонов гавдалантирди. Шунингдек, санъаткорнинг отаси, яъни Отаниёз Ниёзий образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Комил Тожибоев, онаси – Анбар она образини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова яратишган.
САНЪАТКОРНИНГ ИЖОДИЙ МЕРОСИГА НАЗАР
2017 йил 21 июль. Шу куни Урганч шаҳридаги “Кенгашлар уйи” биносининг мажлислар залида “Комилжон Отаниёзов ижодий меросининг Марказий Осиё халқлари маданияти ва санъатида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция уюштирилди.
Тадбир аввалида Хоразм вилояти ҳокими П. Бобожонов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари М. Ҳожиматов, Тожикистон халқ артисти Ж. Муродов, Қозоғистон Республикаси маданият арбоби Т. Ҳасановлар тадбир иштирокчиларини қизғин қутлашиб, конференция ишига муваффақият тилашди.
Ўз навбатида Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, санъатшунослик фанлари номзоди С.Бегматовнинг “Комилжон Отаниёзовнинг ижрочилик мероси ва услуби”, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, санъатшунослик фанлари номзоди Отаназар Матёқубовнинг “Хоразм рубобининг ватанга қайтиши”, санъатшунослик фанлари номзоди,профессор Б. Матёқубовнинг “Комилжон Отаниёзовнинг ўзбек қўшиқчилиги санъатидаги новаторлиги”, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ш. Уроқовнинг “Шифобахш овоз соҳиби”, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими М. Матёқубовнинг “Комилжон Отаниёзов фаолиятида ансамбль ижрочилиги”, Ўзбекистон миллий университети доценти, санъатшунослик фанлари номзоди И.Дадажонованинг “”Хоразм мусиқий менталитети хусусида”ги маърузалар тингланди.
Конференция иши якунида маърузалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Устоз санъаткорнинг ижоди кўп қиррали эканлиги, уни тадбиқ этиш ишларини янада жонлантириш мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланди.
“ОСМОН ОСТИДАГИ МУЗЕЙ-ШАҲАР”ДА БЎЛДИ БАЙРАМ, БЎЛДИ ТАНТАНА
Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳри кўп йиллардан буён “Осмон остидаги музей-шаҳар” дея таърифланади. Бу бежизга эмас, албатта. Ваҳоланки, у ердаги бетакрор асори атиқалар ва обидалар нафақат ҳамюртларимизни, умуман, чет эллик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб келади.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги муносабати ўтказилган гала концерт Хива шаҳрида ўтказилди. Бинобарин, “Ичан қаъла” давлат музей-қўриқхонаси ҳудудидаги “Арк” майдонида ташкил этилган концерт дастурини тантана иштирокчилари ва хиваликлар анчагача эслаб юриши турган гап. Зеро, Ўзбекистон халқ артистлари Ортиқ Отажонов, Гулора Раҳимова, Муножат Йўлчиева, Бобомурод Ҳамдамов, Мирзагул Сапаева, Муяссар Раззоқова, Аваз Ражабов, Гулсанам Мамазоитова, Зулайҳо Бойхонова, Ғофур ва Ғулом Эшчановлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Раҳматжон Қурбонов, Султонпошша Ўдаева, Оғабек Собиров, Тўлқин Жабборов, Яҳёбек ва Муҳсинжон Мўминовлар, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Каримбой Раҳмонов, Ўрта Осиё мақомчилар кўрик-танлови ғолиби Азамат Отажонов, “Ниҳол” мукофоти соҳиби Жайҳун Матмуратов, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Шаҳло Салаева, шунингдек, бошқа кўплаб иқтидорли хонандалар, Хоразм “Мақом” жамоаси ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг чиқишлари, Хоразм вилоят Академик ва халқ бадиий жамоаси, вилоят мусиқали драма театрининг дилбар раққосаларининг ҳироми ҳам шодиёна аҳлига ўзгача файз ва тароват бағишлади. Айниқса, Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродовнинг табрик сўзи, бинобарин, қалбдан, жўшиб куйлаган ўзбекча “Феруз” ва тожикча “Зулайҳо” қўшиқлари даврани янада қизитди.
- Очиғи, бундай тадбирни кўриб ҳайратга тушдим, -дейди Тожикистон халқ артисти Ж.Муродов.- Гўёки, мен бошқа оламга тушиб қолгандек сезяпман, ўзимни. Ўзбекистонга келмаганимга бироз бўлди. Бу ердаги ўзгаришларни кўриб лол қолдим. Мазкур санъат байрамининг ўтказилиши ҳам мен учун мўъжиза бўлди. Албатта, булар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқчиллиги, ташаббускорлиги эвазига амалга ошаётганига аминман. Насиб қилса, юртимга бориб кўрган-билганларимни юртдошларимга айтиб бераман. Дўстлигимиз абадий бўлсин.
Мазкур тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари М. Ҳожиматов ўзбек миллий санъати ва маданиятини янада юксалиши йўлида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган улкан ва эзгу ишларни алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик байрамини юксак савияда уюштирилишида бош-қош бўлаётган Хоразм воҳаси аҳлига, вилоят ҳокимлигига миннатдорлигини изҳор этди.
Устоз санъаткор таваллудига бағишланган тадбирлар доирасида фото кўргазма, китоблар тақдимоти ва савдоси ҳам ташкил этилганлигини қайд этиб ўтиш жоиздир.
Айни дамда, Республикамизнинг барча гўшасида юртимизнинг эъзозли ва таниқли ҳофизининг таваллуд айёмига муносабати билан байрам тадбирлари давом этаётир. Дейдиларким, “Навосоз юраклардан ўлмас наво қолади”.
Маданият вазирлиги
Матбуот хизмати