FATTOHHON.COM
« Все новостиЖорий йилнинг 25 июлида “Туркистон” саройининг кичик мажлислар залида “Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси томонидан эстрада хонандалари иштирокида ижодий давра суҳбати ўтказилди.
Давра суҳбатида таниқли санъаткорлар, “Ниҳол” мукофотининг совриндорлари, ёш эстрада хонандалари таклиф этилиб, мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш, янги қўшиқлар яратиш борасида амалга оширилиши зарур бўлган ижодий ишлар ҳусусида ўзаро фикр алмашинилди.
Шунингдек, бундан уч йил аввал хонанда, бастакор, шоирлар “уч”лиги бирлаштирилиб, бунинг натижасида бирмунча янги қўшиқлар яратилганлиги, кейинги пайтларда эса хонандалар ва шоирлар ўртасидаги ҳамкорлик анча издан чиқиб кетганлиги ҳақида сўз юритилди. Хонандаларнинг репертуарларида ҳамон эски қўшиқлардан иборат бўлиб қолаётгани куюнчаклик билан айтиб ўтилди. Бу йилги Давлат тадбирига янги-янги қўшиқлар яратиш зарурлиги таъкидланиб, хонандаларга саралаб қўйилган шеърлар тавсия этилди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганлиги, эндиликда нафақат пойтахтда ижод қилаётган шоирлар, балки, барча вилоятларда ижод қилаётган шоирлар билан ўзаро ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг қўшиқбоп шеърларидан намуналарни ҳам хонандаларга тавсия этиб борилиши айтиб ўтилди.
Мазкур ижодий давра суҳбатида шоирлардан Темур Убайдулло, Мунаввара Усмонова, Собир Абдулла, Абдумажид Азим, Амир Худойберди, Амирқул Карим, Ўктам Мирзаёр, Зулфия Мўминова, Сайёра Тўйчиева, Азим Суюн, Асрор Мўмин, Менгнор Оллаёров, Зуҳра Алиеваларнинг шеърлари хонандаларга тавсия этилди.
30 дан зиёд сараланган шеърлар матни тавсия қилиниб, бугунги кунда бу қўшиқлар устида иш олиб боришга киришилди. Мисол учун, Анвар Тоғаевнинг “Оқ кабутар” шеъри “Ялла” гуруҳига, Темур Убайдуллонинг “Даъват” шеъри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошевга, “Шукрона” шеъри Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхоновага, Мухтор Комилнинг “Ошиқман” шеъри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собиржон Мўминовга, Асқар Қосимнинг “Алёр” шеъри эстрада хонандаси Муниса Ризаевага, Иқбол Мирзонинг “Тинчлик” шеъри эстрада хонандаси Акбар Атамухаммедов ва бошқа хонандаларга тавсия этилди.
Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова бугунги йиғилиш айни муддао бўлганлиги, хонандаларга тарқатилган ҳар бир шеър пурмаъно, мукаммал асарлар эканлиги, шахсан унга Навоий ғазали жуда маъқул бўлгани, келажакда мазкур ғазал асосида яхши бир қўшиқ яратишини таъкидлади.
Давра суҳбатида хонандалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб топишди.
Муассаса директори А.Ҳайдаров қўшиқ мавзуларига маълум бир чеклов қўйилмагани, муҳими яратилаётган қўшиқнинг матн ва мусиқаси талаб даражасида бўлиб, савияси жиҳатидан мукаммал бўлишини таъкидлар экан, янги қўшиқлар яратиш санъаткорларнинг бурчи ва вазифаси эканлигини алоҳида уқтирди.
«Ўзбекконцерт» Давлат Муассасаси
Матбуот хизмати