FATTOHHON.COM

« Все новости

САРДОР ЎРТАЧ ЎЗБЕК САНЪАТКОРЛАРИ БИЛАН БИР САҲНАДА БЎЛАДИ! 04.08.2017 03:58

IMG_1007

Турк хонандаси Сардор Ўртачни юртимизда сентябрь ойида концерт бераётганлиги маълум бўлгач, бу ҳақида батафсил маълумот олиш учун Концерт ташкилотчиси, “Замин” студияси Раҳбари, режиссёр Саъдулла Абдуллаевга мурожаат қилдик!

 Photo_(3)

Саъдулла Абдуллаев: - 25-26 сентябрь кунлари юртимиздаги “Истиқлол” санъат саройида Сардор Ўртачнинг концерти бўлиб ўтиши белгиланди. Билетлар август ойининг ўрталаридан сотувга чиқарилади. Бу концерт дастурини, шу кунгача юртимизда бўлиб ўтган бошқа хорижий юлдузларнинг концертларидан бутунлай фарқ қиладиган даражада ташкиллаштирмоқдамиз!

Саида Вахобова: - Адашмасам, бундан бир неча йил аввал ҳам, Сардор Ўртачни Ўзбекистонда концертини тақдим этмоқчи бўлган эдингиз.

LOYT6514

Cаъдулла Абдуллаев: - Ҳа, ўзи аслида Сардор Ўртачни бундан 4 йил аввал “Сен азиз ва муқаддассан аёл!” концерт дастурига олиб келишни мўлжаллаган эдик. Ҳаммаси келишилган, гаплашилган бўлишига қарамай, баъзи бир сабабларга кўра, у келолмай, бу лойиҳа бу амалга ошмай қолди. Аммо, барибир кейинчалик бу турк санъаткори билан концерт қиламиз, деган фикр бор эди. Мана эндиликда, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари янада ривожланганлиги муносабати билан, Сардор Ўртачнинг концертини ўтказиш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Биз аввал ҳам, хорижий хонандалар билан ижодий ҳамкорлик қилганмиз. Масалан, 2000 йилда “Замин юлдузлари” фестивалини ўтказган вақтларимизда, Туркиялик хонанда Гунелни таклиф қилганмиз, у ўшанда ёшгина қиз эди, ҳозир уни бутун жаҳон танийди. Уни ҳам дўстлик ҳақидаги қўшиғига махсус композиция қилганмиз. Ундан сўнг, турк хонандаси Эмраҳни ҳам таклиф қилганмиз!

ENMG7892

HRKU5747

Ўзбек томошабинлари учун ҳам севимли бўлган турк сериали “Чолиқуши” фильмида бош ролни ижро қилган Айдан Шанер ҳам, “Замин юлдузлари” Фестивалида иштирок этган.  Айтмоқчиманки, “Замин” студияси кўп марта хориждан хонандаларни таклиф этиб, концертлар уюштирган.

 photo____(6)____2

Саида Вахобова: - Концертни бошқа концертлардан фарқ қилишини айтдингиз. Ана шу фарқ нимада бўлади?

Саъдулла Абдуллаев: - Одатда мен юртимизда бўлаётган деярли ҳамма хорижий хонандаларнинг концертларига тушаман, кузатиб бораман. Афсуки, улардан баьзилари бир хил тарзда ўтади, хорижий хонанда келади, саҳнага қарасангиз, ҳеч қандай декорация йўқ, ҳеч қандай композиция ҳам йўқ! Ҳаттоки, бошловчи ҳам ўша хонанданинг ўзи, концертни ҳам ўзи бошлаб ўзи тугатади. Шу билан концерт ўтади ва кетади. Шундай ҳолатларда, “қўшиғини радиода эшитса ҳам бўларди-ку”, деб чиқиб кетган вақтларим ҳам бўлган. Ўйлайманки, баъзилар концертни арзонга тушишини ўйлаб, декорация, композициядан шундай бош тортишади. Аммо, ўша концертларни ҳам Халқ кўради-ку, концертга келгандан кейин ундан маънавий ва эстетик завқ олиш керак, ўша концерт Санъаткорни ҳам, томошабинни ҳам ёдида қолиши керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, биз бутунлай бошқача йўл тутмоқчимиз! Биринчи навбатда концертнинг режиссурасини ўйлаяпмиз! Бизнинг “Замин” студияси томонидан ташкиллаштирилган концертларни кўрган бўлсангиз, ҳар доим махсус декорациялар билан, ҳар бир қўшиққа махсус композициялар қилинади! Рақс биланми, экран биланми, барибир нимадир янгиликлар ўйлаймиз! Бу нафақат концертнинг чиройли ўтишини таъминлайди, балки ўша юртимизга келган хонанда ҳам, завқланиб, концерт ёдида қолиб, ўзи учун маънавий нимадир олиб кетиши керак, деб ўйлайман.

HEXN1830

“Замин юлдузлари” Фестивалида Эмраҳ иштирок этганида, унга ўзи чиққан саҳна декорацияси ва композиция шу қадар маъқул бўлганки, у бизга “шу чиққан лавҳам ёзилган дискни ўзимга ҳам берсангиз” деган эди. Ўшанда Фестивални Сайлгоҳда ўтказган эдик, жуда ўзгача декорация бўлган. Буни кўриб, Эмраҳ ҳаттоки, “Америкадагидек қилиб юборибсизлар-ку!” деганди! Фестивалдан сўнг, “ўша дискни бериб юборинглар, Туркияда телеканалларда намойиш қилдираман”, деб қўнғироқ қилган. Монтажлари тайёр бўлгач, бериб юборган эдим, “Туркияда қўйилди” деган гапларни эшитганман. Истамбулда, Измирда ва бошқа шаҳарларда қўйилган. Шунинг учун ҳам, келаётган хонандага бизнинг режиссура ҳам маъқул бўлиши керак, деб ўйлайман. Шу мақсадни кўзда тутган ҳолда, Сардор Ўртачнинг концертини ҳам, декорация, махсус композициялар билан, қолаверса, бизнинг эстрада юлдузлари билан ҳамкорликда ўтказишни ҳам ният қилганмиз!

photo_(3)_96

Ҳозирда санъаткор Озодбек Назарбеков билан буни маслаҳатлашдик, унга маъқул бўлди, бирга ҳамкорликда ўтказишга келишилди. Шунингдек, “Тарона” компанияси, ҳамда Шахзода билан бу ҳақида гаплашилганда, ўз ҳайриҳоҳлигини билдиришди ва улар билан ҳам биргаликда ишланадиган бўлди! Уларни таклиф қилишдан мақсад, яна бошқа хонандаларни ҳам таклиф қилган ҳолда, фақатгина бир Сардор Ўртачнинг ўзи куйламай, у ва ўзбек хонандалари бирга ҳамкорликда қўшиқлар яратишни режа қилганмиз. Ҳозирги кунда Рислиғой Ҳотамова сўзи, Зара мусиқаси, Султонали Раҳматов аранжеровкаси билан, “қўшиқ ва санъат” ҳақида бир қўшиқ ёзилган бўлиб, уни Сардор Ўртач билан бизни ўзбек эстрадасининг энг зўр хонандалари ҳамкорликда, биргаликда куйлашади! Концерт дастури ўзбек эстрада хонандалари билан биргаликда, бошқа хорижий хонандаларнинг юртимиздаги концертларидан тамоман бошқача ва ўзгача руҳда ўтади!

photo_(3)_4

Саида Вахобова: - Ўзбек ва турк хонандалари юртимизда, бир саҳнада куйлашлари барчанинг эътиборини тортиши шубҳасиз. Сардор Ўртач ва ўзбек хонандалари биргаликда куйлайдиган қўшиқ ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтсангиз.

Саъдулла Абдуллаев: - Ҳақиқий санъат чегара билмайди. Шундай қўшиқлар борки, эшитган саринг қалбингга сингиб бораверади. Тинглаган саринг тинглагинг келаверади. Сардор Ўртач ва ўзбек хонандалари биргаликда куйлайдиган қўшиқ, мана шу ҳақида бўлади! Турк хонандаларида ҳам қўшиқлар жуда кўп, ўзбек хонандаларида ҳам. Бу сир эмас, турк хонандаларининг қўшиқларини бизнинг хонандалар ҳам, ё ўз тилида, ёки ўзбек тилига таржима қилиб куйлашган. Ўз навбатида бизнинг қўшиқларни ҳам турк хонандалари ўзбек тилида, ёки сотиб олиб, ўз тилида куйлашмоқда! Масалан, ўшанда Эмраҳ Ўзбекистонга келганида ҳам, бир неча қўшиқларни сотиб олган. Иброҳим Жиянов сўзи билан Иззатилла Иброҳимов куйлаган “Жамила”  қўшиғи ёқиб қолиб, “шу қўшиқ менга ёқди, оламан” деб, ўша қўшиқни олганига ўзим гувоҳ бўлганман! Кейин эса, қўшиқни куйлаб, бизга дискда юборган, “Иброҳим Жиянов сўзи, Иззатилла Иброҳимов мусиқаси” деб ёзиб қўйилган ва туркча оҳангда куйланган эди. Бу ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, Юлдуз Усмонованинг “Ўлимдан бошқаси ёлғон” қўшиғи ҳам, Туркияда турк тилида янграган. Шунингдек, бошқа бир нечта ўзбек хонандаларнинг қўшиқларини ҳам Туркияда ёқтириб ижро қилишмоқда. Энди икки халқнинг яқинлиги бор, қолаверса, ҳозирда Туркия Элчихонаси билан ҳамкорликда ҳам кўп ишларни амалга оширяпмиз, кўплаб Қўшма корхоналар ҳам бор, улар ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Кўплаб ўзбеклар Туркияга дам олиш, саёҳат учун боришади ва Туркиядан ҳам, бизга саёҳат учун, шаҳарларимизни кўриш учун келишмоқда. Икки Давлат Ҳамдўстлиги ҳам, янада мустаҳкамланиб бормоқда! Санъат, мусиқа эса, бу Ҳамдўстликни янада мустаҳкамлайди, деб ўйлайман.

photo_(7)_2  

Саида Вахобова: - Бу қўшиқ Сардор Ўртач Ўзбекистонга келгач ёзиб олинадими? Унга олдиндан қўшиқ матни ва мусиқаси юбориладими?

Саъдулла Абдуллаев: - Бундай ҳолатлар бизнинг тажрибамизда бор! Бу муаммо эмас! Масалан, “Муқаддас аёл” қўшиғимизни ҳам, тушунтириб, Сардор Ўртач айтадиган қисмини Туркияга юборганмиз. У ёқда у эшитиб, қандай куйлаш кераклигини йўналишини қилиб, “Ўзбек аёллари сизларга ҳадям бор” деб, видеомурожаат қилиб, интернет орқали юборганди! Аммо, қўшиқни бу ерда тайёр қилганимизда, маълум бир сабабларга кўра, лойиҳа амалга ошмади. Ҳозирда эса, яна мулоқот олиб борилмоқда, қўшиқлар таржима қилинмоқда, тайёр бўлгач Туркияга Сардор Ўртачга интернет орқали юборамиз. У сўзларини ёд олади ва ҳаммаси маъқул бўлганидан сўнг, юртимизга келгач, битта репетиция қилиб, куйлаши қийин эмас! Ҳақиқий Санъаткор учун бу ҳеч қачон қийин бўлмайди. Ўзбекистоннинг энг зўр санъаткорлари билан бу лойиҳага бош қўшишлари учун келишувлар олиб боряпмиз. Ҳозирда тайёргарлик жараёнлари кечмоқда.

Саида Вахобова