FATTOHHON.COM

« Все новости

«ЎЗБЕККИНО»ДАГИ ЭНГ КАТТА МУАММО ВА ҲАЛ ҚИЛИНИШИ КЕРАК БЎЛГАН МАСАЛАЛАР ҲАҚИДА БАҲС-МУНОЗАРА! 16.08.2017 08:39

 photo (2)

15 август куни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан  “Киночилар уйи”да режиссёрлар, продюсерлар, хусусий киностудиялар раҳбарлари ва бошқа кўплаб киноижодкорлар иштирокида Давра суҳбати бўлиб ўтди.

photo (1)

Мазкур Давра суҳбати давомида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Отабек Мусаев сўзга чиқиб, 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви, 7 август куни Президентимиз қабул қилган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, жорий йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3201-сон “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарориҳақида ўз фикрларини билдириб, буларнинг барчаси Киноматография соҳасига бўлган катта эътибор, ишонч эканлигини айтиб ўтди.

 “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Отабек Мусаев: - Айниқса, 3август куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида,  соҳамиздаги барча оғриқли мавзулар кўтарилди. Мазкур оғриқли мавзуларни қандай ҳал қилиш йўллари ҳам кўрсатиб ўтилди. Бугунги йиғилишимиздан мақсад ҳам, ўзаро фикрлашган ҳолда, мана шундай масалаларни қандай ҳал қилиш мумкинлиги бўлиб, уларни самарали ва сифатли, имконият даражасида тезроқ ҳал қилишдир. Қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп ва ўринли таклифларингизни кутаман. Бугун олдимизда жуда катта вазифа турибди, бу бутун бир бошли тизимни яратиш!  Ўйлаб қаралса, бизга кино соҳасига оид муҳим ғоялар, фикрлар, таклифлар керак. Ҳаммамиз бир соҳада ишлаймиз, бир жамоамиз, бир оиламиз. Биринчи навбатда ўз соҳамизни олдинга қадам қўйишида муҳим омил бўладиган фикрларни кўриб чиқишимиз керак. Киноматографияда муаммолар кўп ва ҳаммаси биринчи навбатда ҳал қилинадиган масалалар! Кадрлар масаласи, кадрларни тайёрлаш тизими, янги технологиялар, фильмларни вилоятларда намойиш қилиш, кинотеатрлар муаммоси, кинопрокат тизими, умуман ҳамма масалалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, ҳамда долзарб ва мураккаб! Булар бир кунда ёки, бир ҳафтада ҳал қилинадиган масалалар эмас! Шунинг учун ҳам, ёшларимизнинг таклифлари, устозларимиз маслаҳатлари ниҳоятда керак бўлади. Давлат киноси ёки хусусий кино, деган нарса йўқ! Ҳаммамиз, битта мақсад йўлида, Ўзбек киноси ривожи учун ҳаракат қилишимиз керак! Хусусий киностудиялар ижодкорлари ҳам, ўз талабларини айтишлари керак, керак бўлса, “шароит яратиб беринг, мен ўқий, ўрганай” деб, ўз таклифларини билдиришлари зарур, деб ўйлайман.

photo (3)

Давра суҳбатида  биринчи бўлиб сўзга чиққан кинорежиссёр Исамат Эргашев Ўзбекистондаги кино соҳасининг бугунги ҳолати ва Давлатимиз Раҳбарининг кино соҳасини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, ишончи ҳақида айтиб ўтиб, кино соҳасини янада ривожлантириш учун хорижий киноижодкорлар билан ҳамкорлик, улар билан биргаликда фильмлар яратишга алоҳида тўхталиб ўтди. Ўз вақтида ўзбек киноижодкорларининг ҳинд киноижодкорлари билан ҳамкорлиги, ҳамда бу ижодий ҳамкорлик натижасида яратилган “Севги афсонаси”, “Алибобо ва 40 қароқчи” фильмлари ҳақида эслаб, бу фильмлардан сўнг, ўтган йиллар давомида бошқа бундай катта ҳамкорлик амалга оширилмаганлиги, ҳозирги кунда тадбирлар туфайли вилоятларда бўлганда у ердаги кино билан боғлиқ ҳолатларни кузатганлиги, ҳамда бугунги кун ўзбек киносини ривожлантиришда ёшларнинг ҳиссаси катта бўлиши мумкинлиги ҳақида, ўз фикрларини баён этди.

Шундан сўнг, Отабек Мусаев кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, Жаҳоннинг энг етакчи давлатлари киноиндустрияси билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, ёшларни ўша давлатларга ўқишга, ҳамда ўзаро тажриба алмашишга юбориш масалалари, бу масала ҳам ишлаб чиқилаётганлигини билдирди.

Киношунос Эля Ҳасанова сўзга чиқиб, ҳозирги кунда кино соҳасидаги ёш кадрлар билан боғлиқ бир қатор муаммолар, кино борасида ёшларнинг малакасини ошириш, суратга олинаётган фильмлар сифати ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

photo (8)

Давра суҳбати давомида сўзга чиққан киноижодкорлар ижодий жамоа бўлиб ишлаш қоидаси, кино суратга олиш учун авваламбор ижодий жамоани шакллантириш, бу борада эса, яна ўша муаммо малакали кадрлар етишмаслиги, тажрибали кинооператорлар, рассом, гримёр ва либос усталарини топиш, нафақат ёш режиссёрлар, балки вақти келса, тажрибали режиссёрлар учун ҳам муаммо бўлаётганлиги, бунинг учун кадрлар тайёрлаш масаласини ҳал қилиш кераклиги, устоз-шогирд анъанаси давом этиши зарурлиги, кекса ижодкорларга ҳурмат кўрсатиш кераклиги ҳақида ҳам айтиб ўтишди.

photo (9)

Шунингдек, киноматографияни ривожлантириш бўйича қарор анча йиллардан буён кутилганлиги, бу қарор кўплаб муаммоларни ечиш учун ечим бўла олиши мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

photo (6)

Йиғилиш давомида, киноижодкорлар олдида турган энг муҳим масалалардан бири, кинопрокат тизими, фильмларни вилоятлар ҳудудларида намойиш қилиш, вилоятларда кинотеатрлар, намойиш залларини тайёрлаш, хусусий мулкка айланиб кетган мавжуд кинотеатрларни қайтариб олиш мумкинми, йўқми, янги кинотеатрлар яратиш масалалари ҳақида ҳам сўз борди. Бугунги кунда ўзбек киноси ривожланиши учун муҳим бўлган омиллар, Давра суҳбатининг асосини ташкил қилди.

photo (5)

Киноматографияни ривожлантириш борасида ташаббус муҳимлиги, қолаверса, кино бу хусусий киностудия маҳсулотими, ёки давлат бюджетига суратга олинганми, ажратмаслик кераклиги, барчаси бирдек ўзбек киноси эканлиги, ҳамда улар чекка қишлоқларгача етиб бориши кераклиги, кўчма кинони ташкил қилиш масалаларигача эътибор бериш, бугунги кун киноси халқимиз кўрадиган, талабга жавоб берадиган, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бўлиши кераклиги, ҳақида айтиб ўтилди.

photo (7)

Киноматографиянинг ривожланишида кинотанқидчиликнинг муҳим ўрин тутиши, кинолойиҳаларнинг технологик муаммолари, анимацион фильмлар суратга олиш борасидаги ўзига хос муаммолар, уларни битта йиғилиш билан ҳал қилиб бўлмаслиги, ҳар бир муаммога доир алоҳида комиссия йиғиб, ҳар бир гуруҳ ўша муаммони ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини берса, таклифлар кўриб чиқилиб, энг маъқулларини танлаш, ижодий таклифларни йиғиб, улардан хулоса чиқариш, ҳамма бир тан, бир жон бўлиб, Ўзбек киноси учун жон куйдириши кераклиги, кино ҳозирги кунда қандай аҳволга келиб қолганлиги, бундай вазиятдан ҳамма бир тан, бир жон бўлиб, битта мақсад йўлида, хусусий ёки Давлат киноси, деб ажратмай, умумий Ўзбек киноси ривожи учун ҳаракат қилгандагина чиқиш мумкинлиги  ҳақида, ўринли фикрлар билдирилди.

“Ўзбеккино” Раҳбарияти Президентимизнинг қароридан келиб чиқиб, муносиб иш кўриши кераклиги айтиб ўтилди. Бунинг учун эса, жуда катта ишлар қилиш кераклиги, астойдил меҳнат қилиш кераклиги таъкидланди.

photo (4)

Шунингдек, мотивация учун алоҳида Кинофестиваль ўтказиш, унда фақатгина фильм, ёки режиссёрни эмас, балки барча киноижодкорлар, яъни сценарийнавислар, операторлар, монтажчи, рассом, гримёр, либос усталаригача муносиблари тақдирланишлари кераклиги, бу уларни янада шижоат билан ижод қилишга руҳлантириши мумкинлиги ҳақида ҳам, таклиф берилди.

IMG_4295

Шунингдек, Ўзбек киноси учун алоҳида Телеканал очилиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Ўзбек томошабинлари,  Давлат киноси ёки хусусий кино, деб ажратмай, киноижодкорлардан фақат яхши ўзбек кинолари кутишаётганлиги  алоҳида таъкидланди.

Энг муҳими, замон билан ҳамнафас бўлиш кераклиги, умумий, бир мақсад йўлида ижод қилиш, Ўзбек киносида янги таклиф ва ғояларни ўртага ташлаш вақти келганлиги, бунинг учун барча бирлашиб ҳаракат қилиши  зарурлиги, ҳамжиҳатлик, аҳиллик муҳимлиги, профессионалликка интилиш зарурлиги, масъулият, касбий бурч бўлиши кераклиги, тинимсиз меҳнат албатта натижа бериши, ижодга ва умуман кинога бўлган муносабатни ўзгартириш кераклиги, ҳақида айтиб ўтилди.

Бу Давра суҳбатининг аввалги бошқа Киноматография соҳасидаги йиғилишларидан фарқли жиҳати, бунда асосий эътибор, “ёшларнинг тажрибасизлиги ҳақида”ги такрорий гапларга эмас, Киноматографияни ривожлантириш учун бериладиган асосий ўринли таклифларга қаратилди! Барча таклифлар Ўзбек киносини олдинга қадам қўйишида муҳим омиллар бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрилиб, муносиблари инобатга олиниши мумкинлиги билдирилди.

Отабек Мусаев томонидан барча киноижодкорлар бирлашиб, ҳамжиҳатликда “Ўзбеккино”си ривожи учун ҳаракат қилишга, ижод қилишга, мажлисда эмас, ижодда фаол бўлишга чақирилди.

Йиғилиш давомида айрим киноижодкорлар томонидан нима учун шунча драматурглар бўла туриб, фақатгина айрим режиссёрлар сценарийнависликни ҳам ўз бўйнига олиб, фақатгина уларнинг давлат бюджетига суратга олинган фильмлари конвейер усулида чиқавериши, уларнинг фильмларини ҳеч ким кўрмаслиги, бундан халқ ҳам, томошабин ҳам ҳайронлиги, ҳар битта режиссёрни охирги фильмига қараб фикр билдириш мумкинлиги ҳақида ҳам, танқидий фикрлар ҳам бўлди. Лекин, бу танқидий фикрлар бошқа айрим киноижодкорлар томонидан, ҳақорат деб қабул қилиниб, (очиқ танқид, ҳақорат деб қабул қилинса?) танқид қилган ижодкорни ёши катталиги ҳам инобатга олинмай, “Сизга ҳеч ким ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермаган, сиз нимани қотириб қўйгансиз?, Қайси битта картинангизни сиз айта оласиз?” деган овоз кўтарилган ҳолатда қарши фикрлар, бироз маданият тарафлама четга чиқиш ҳолати ҳам юз берди.

Йиғилиш давомида, ўз ҳамкасбларига паст назар билан қараб, ҳали ҳам “хонтахта” иборасини такрорлаб, “хонтахта бўлганингдан кейин хонтахта дейди-да” деб, ёши катта ҳамкасбларига ҳам нисбатан қизиққонлик билан қисман ҳурматсизликлар ҳам бўлди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Отабек Мусаев айтганидек, ҳамма киноижодкорлар битта мақсад йўлида бирлашиши, аҳиллик ва фақат Ўзбек киноси учун меҳнат қилиши кераклигини барча киноижодкорлар бирдек тушунишлари зарурлиги, фикримизча, афсуски бугунги кунда кино соҳасидаги энг катта муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова

IMG_4385