FATTOHHON.COM
« Все новостиПрезидент Шавкат Миромонович Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси билан яқиндан танишди. Бекобод шаҳридаги "Ўзбекистон металлургия комбинати" мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бири ҳисобланади. Шавкат Мирзиёев мазкур комбинатда ишлаб чиқариш жараёнлари ва амалга оширилиши кўзда тутилаётган умумий қиймати 634,5 миллион долларлик 6 та йирик янги, истиқболли лойиҳалар тақдимотида иштирок этди. Мазкур корхоналарнинг тўлиқ иш бошлаши билан импорт ўрнини босувчи, экспортбоп, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб 2800 дан зиёд янги иш ўрни вужудга келади.
Корхона фаоллари, ёшлар вакиллари билан бўлиб ўтган самимий мулоқот чоғида соҳа истиқболи, малакали кадрлар тайёрлаш, рақобатбардош махсулотлар ишлаб чиқариш каби масалалар билан бирга ишчи-хизматчилар ижтимоий муҳофазасига ҳам эътибор қаратилди. Давлатимиз Раҳбари бу борада фикр билдирар экан, улар учун имтиёзли кредитлар асосида, арзон, кўп қаватли уй-жойлар қуриш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳридаги "Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, оддий одамлар билан учрашди. Ҳаётий масалалар, инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган муҳим жиҳатлар суҳбат асосини ташкил этди. "Биз бу ерга бекободликларнинг саволларига жавоб топиш, ҳалқ бизга берган ишончни оқлаш мақсадида келганмиз" - деди Давлатимиз Раҳбари. 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган ушбу ҳудудда 37 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият олиб боради. Мамлакат Раҳбарига ҳудуд марказида бунёд этилиши кўзда тутилаётган Ягона ҳисоб-китоб маркази ва намунали маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг лойиҳалари ҳам тақдим қилинди. Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида хонадонларни иситиш лойиҳаси билан танишар экан, аҳолига қулай шароитлар яратиш мақсадида, яқин келажакда Бекобод шаҳридаги барча хонадонларни 5000 та Аристон иситиш мосламаси билан кредит асосида таъминлаш ишларини ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Давлатимиз Раҳбари шунингдек, ҳудудларни янада ривожлантириш мақсадида вилоятнинг иккита йирик саноатлашган Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўртасида ўзаро, дўстона мусобақа, соғлом рақобат муҳитини ташкил этиш ва бу орқали барча соҳаларни тараққий эттириш таклифини билдирди.
Президент шаҳардаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасида ҳам бўлди. Бугунги кунда Тошкент вилоятида 406 та мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб боради. Давлатимиз Раҳбарига мазкур таълим бўғинида бола шахсини ривожлантиришга қўйиладиган давлат талабларининг асосий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев айни йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳусусида тўхталар экан, соҳани янада ривожлантиришда нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шундагина 2018 йилга бориб, мактабгача таълим муассасалари барча болажонларни тўлиқ қамраб олади. Бу ерда Президент шунингдек, 120 ўринга мўлжалланган намунали мактабгача таълим муассасаси лойиҳаси билан ҳам танишди.
Давлатимиз Раҳбарига ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари, жумладан, соғлиқни сақлаш масканлари, кўп тармоқли тиббиёт муассасалари, маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш оромгоҳлари, кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, шаҳардаги тиббиёт муассасаларини таъмирлаш каби кўплаб лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев вилоят мутасаддилари, фаоллар ва ёшлар иштирокидаги йиғилишда иштирок этди. Тадбир ҳудуд фаровонлиги ва аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган кўплаб таклиф ва ташаббусларга бой ўтди. Улардан бири Бекобод шаҳридаги янги микрорайон лойиҳасидир. Давлатимиз Раҳбари бу ерда тижорат банкларининг маблағлари эвазига қад кўтариши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишларини бошлаш лозимлигини айтиб ўтди. Ҳар йили 1200 тадан хонадон "Ўзметкомбинат" ва "Бекободцемент" корхоналарининг ишчи ходимлари учун бунёд этилади ва уларнинг дастлабкилари кейинги йил Мустақиллиқ байрами шодиёналари арафасида ўз эгаларига топширилади. Ана шулардан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев бу шаҳарчага “Мустақилликнинг 27 йиллиги" деб ном бериш таклифини илгари сурди.
Президентнинг “Тошкент-Бекобод” йўналишида замонавий электричка қатновини йўлга қўйиш борасидаги таклифи иштирокчилар томонидан мамнуният билан кутиб олинди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бекобод шаҳрига ташрифи ниҳоясига етди.
Prezident.uz дан олинди