FATTOHHON.COM
« Все новостиБугунги кунда Самарқандда ўтказиладиган анъанавий “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, дунё миқёсида ўтказилаётган нуфузли санъат анжуманига айланиб, унда иштирок этиш истагида бўлган санъаткорлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Жумладан, бу йил дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан 250 га яқин иштирокчилар нуфузли фестивалда иштирок этишмоқда.
Бу йилги халқаро мусиқа фестивалига ҳам катта тайёргарлик кўрилиб, фестиваль арафасида Самарқандда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларигача олиб борилди. Мусиқа форумини ҳар томонлама юқори савияда ўтказиш юзасидан Самарқанд вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Фестиваль иштирокчилари билан учрашувлар ўтказилиши, концерт дастурлари намойиш этилиши ва бошқа тадбирларни юқори савияда ўтказилиши учун ҳам, зарур шароитлар яратилди.
25 август куни эса, фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида кутиб олинди.
25 август куни кечки пайт Регистон майдонидаги асосий саҳнада фестиваль иштирокчиларининг танлов дастури асосида чиқишлари бошланди. Дастлабки кун 9 давлат вакиллари ўз дастурларини намойиш этди. Бошқа гуруҳлар эса, Самарқанд шаҳридаги “Ёшлик” ва “Сўғдиёна” истироҳат боғлари, Самарқанд педагогика коллежи амфитеатрида маҳаллий санъаткорлар билан биргаликда коцерт дастурларида иштирок этишди.
Шунингдек, фестиваль иштирокчилари Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор масканлар, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам танишдилар.
26 август куни “Регистон плаза” меҳмонхонасида фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида конференция ўз ишини бошлади. Унда 20 дан ортиқ давлвтдан ташриф буюрган етакчи мусиқашунослар, олимлар, маданият ва санъат арбоблари иштирок этишди.