FATTOHHON.COM

« Все новости

ТОШКЕНТДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАЙКАЛИ ОЧИЛДИ! 31.08.2017 23:57

Бундан роппа-роса йигирма олти йил муқаддам Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг атоқли фарзанди Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллигини эълон қилган эди. 

Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқ ва марраларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан боғлайди. Ислом Каримов бугунги ва эртанги кунининг ҳал қилувчи кучи бўлмиш ёшларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини бутунлай ўзгартириб, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг янги принципиал тизимини ташкил қилиш ва уни ҳаётга жорий этишга бевосита раҳбарлик қилди. 

...2017 йил. 31 август. Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳи, унга туташ кўркам майдон ва хиёбон. Мусаффо осмон, маҳзун мусиқа садолари остида Давлатимиз байроғи ҳилпирайди. 

Бу ерга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари, талаба-ёшлар, юртимиздаги миллий маданият марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари Ислом Каримов ҳайкали очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиш учун жам бўлган. 

Мажмуага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташриф буюрди ва нутқ сўзлади.

Ислом Каримов миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида она халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар, деди Давлатимиз Раҳбари. У киши ўзининг “Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак”, деган ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар. 

Президентимиз бугундан бошлаб ушбу мажмуа бутун халқимиз учун қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади, албатта, деди. 

Майин мусиқа садолари остида Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президентимиз рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳайкалини очди. Буюк Юртбошимиз ҳайкали пойига гул қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

0aeb0a43-76af-c84d-d148-91b96ccf7470

Биринчи Президентимиз мустақил Ўзбекистонни 25 йил давомида бошқариб, очиқ фуқаролик жамияти ва бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг чуқур ўйланган стратегиясини ишлаб чиққан ва уни амалга оширган буюк давлат арбоби сифатида мамлакатимизда ва халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди. 

Биринчи Президентимиз бошлаб берган оламшумул ислоҳотлар бугун Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович  Мирзиёев раҳнамолигида изчил давом эттирилмоқда. 

Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг ўзининг буюк фарзандига чексиз ҳурмат ва садоқатининг амалий ифодаси бўлди. Қарорда кўзда тутилганидек, Биринчи Президентимиз номини абадийлаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. 2016 йил октябрь ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди. Тошкент шаҳар, Яшнобод туманининг Фарғона йўли кўчасидаги жомъе масжидга “Ислом ота” номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Қарор ижроси доирасида Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилди. 

c21e0127-90eb-c656-5992-41b854fdfa5a

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Самарқанд шаҳрига бир неча бор ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Ислом Каримов дафн этилган жойда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси лойиҳаси билан танишиб, уни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. 

Давлатимиз Раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Буюк Йўлбошчимиз сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танлов эълон қилинган эди. 

Танлов натижаларига кўра, ҳайкалтарош, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон санъат арбоби Илҳом Жабборов яратган ҳайкал ғолиб, деб топилди. 

Маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ш.Каримов, Ўзбекистон халқ артисти Г.Мельникова, Тошкент шаҳридаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Муталов, ФИФА рефериси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Р.Эрматов, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз халқини чексиз муҳаббат билан севгани, ўзининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади. 

* * *

Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз Мустақиллигининг 26 йиллик байрами нишонланаётган қутлуғ кунда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйди. 

Шу куни Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик номидан ҳам гулчамбарлар қўйилди.

Prezident.uz дан олинди