FATTOHHON.COM

« Все новости

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЙИГИРМА ОЛТИ ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ 01.09.2017 00:36

 7e7feaa9-935f-57ab-364d-69df0ea5b25a

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар! 

Муҳтарам меҳмонлар! 

Хонимлар ва жаноблар! 

Авваламбор, мана шундай қутлуғ кунда сиз, азизларни ва бутун халқимизни энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдиришга рухсат бергайсиз. 

Бундан роппа-роса йигирма олти йил муқаддам Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 

Шу кундан эътиборан жаҳон харитасида янги мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди. 

Жонажон Ватанимизнинг кўп минг йиллик тарихида янги давр – эркинлик ва озодлик, миллий тикланиш ва тараққиёт даври бошланди. 

Биз бугун халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган, истиқлол йилларида босиб ўтган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли йўлимизни сарҳисоб қилар эканмиз, тарихан қисқа бир даврда ўз тақдиримизни ўзимиз ҳал этиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш, миллий давлатчилигимизни, азалий қадрият ва урф-одатларимизни, муқаддас динимизни тиклаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритганимизни фахр билан тилга оламиз. 

Албатта, ушбу ютуқларнинг қўлга киритилишида Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг тарихий хизматлари беқиёс бўлганини бугун барчамиз, бутун халқимиз такроран эсга олишимиз табиийдир. 

Бугун азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, Оқсарой қароргоҳи олдида Ислом Абдуғаниевичнинг ҳайкалини очдик. 2 сентябрь куни эса Ислом ака туғилиб вояга етган Самарқанд шаҳрида у кишининг ҳайкали очилади. 

Насиб этса, 2018 йил 30 январда – у киши туғилган кунга 80 йил тўладиган санада Қарши шаҳрида Биринчи Президентимизга ҳайкал ўрнатиш, Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуаси барпо этиш ишларини тўла якунига етказиб, уларнинг ҳам тантанали очилиш маросимларини ўтказамиз. 

Бугун барчамиз бир фикрда якдилмиз: Биринчи Президентимизнинг Ватан ва давлат олдидаги буюк тарихий хизматлари, сўнмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшайди. 

Ҳурматли ватандошлар! 

Юртимизда тинчлик ва осойишталикни, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида бугун олдимизда янада муҳим ва долзарб вазифалар турганини биз ҳар томонлама чуқур англаймиз. 

Жаҳон миқёсида рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги кескин бир давр барчамиздан янгича ишлаш ва фикрлашни, юқори даражада сафарбарликни талаб этмоқда. 

Олдимизда турган ана шу улкан вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. 

Ушбу Стратегияда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсатни изчил давом эттириш каби масалалар тараққиётимизнинг асосий йўналишлари сифатида белгилаб олинди. 

Ҳаракатлар стратегиясида “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айлангани албатта бежиз эмас. 

Биринчидан, бугунги кунда барча бўғиндаги ҳокимлар, вазирлик ва идоралар, прокуратура, суд-ҳуқуқ ва ички ишлар органлари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар бевосита жойларга чиқиб, ўз фаолияти бўйича халқ олдида ҳисобот бермоқда. 

Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда. 

Иккинчидан, биз иқтисодиётимизни модернизация ва диверсификация қилиш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва шу тариқа жаҳон бозорида муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллашга асосий эътибор қаратмоқдамиз. 

Шу мақсадда ўтган қисқа даврда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида минглаб лойиҳалар амалга оширилиб, юқори технологияларга асосланган замонавий завод ва фабрикалар барпо этилаётгани, янги иш ўринлари ташкил қилинаётганини таъкидлаш лозим. 

Бугунги ва эртанги тараққиётимиз бевосита боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Айниқса, қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етиштиришга инвестициялар жалб қилинаётгани сизларга яхши маълум. 

Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлаш мақсадида “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини тубдан яхшилаш учун янги имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. 

Энг муҳими, бу соҳа минг-минглаб фуқароларимиз, аввало, ёшларимиз учун ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиш, эл фаровонлигини оширишда мустаҳкам замин бўлаётгани барчамизни хурсанд қилади. 

Учинчидан, ижтимоий соҳалар, айниқса, одамларда энг кўп эътироз уйғотаётган соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, табиий газ ва электр энергияси, ичимлик суви таъминоти, коммунал хизмат, йўл қурилиши соҳаларида мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш, ички ишлар идораларининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлардан ҳам албатта хабардорсиз. 

Узоқ йиллардан буён халқимизни қийнаб келаётган ўткир бир муаммо – арзон уй-жойлар масаласини ҳал этиш мақсадида биз 2017-2021 йилларга мўлжалланган алоҳида дастур қабул қилдик. 

Ушбу дастурга биноан келгуси беш йилда 1 минг 136 та кўп қаватли, арзон уй-жойлар, жумладан, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида 100 мингдан ортиқ турар жой бинолари барпо этилади. 

Шу кунларда фақат қишлоқ жойларнинг ўзида жорий йилда қуриб битказилган янги уйларда 5 мингдан ортиқ оила ҳовли тўйларини ўтказаётгани албатта ҳаммамизни қувонтиради. 

Бу ишларни изчил давом эттириш ҳақида гапирар эканмиз, инсонларнинг дарду ташвишини ўйлаб яшаш биз учун одамийликнинг энг олий мезони, энг муҳим вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидламоқчиман. 

Чунки халқимиз ўз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни келажакда эмас, балки бугун кўришни, улардан бугун баҳраманд бўлишни истайди. 

Аҳолимизнинг ана шундай табиий истак ва талабларини бажариш барча раҳбар ва етакчиларнинг асосий бурчи ва вазифасига айланиши шарт. 

Тўртинчидан, биз парламент ва фуқаролик жамиятининг муҳим институтлари бўлган сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. 

Жумладан, кейинги пайтда маҳалла тизими, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар ташкилоти фаолиятини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ўзининг дастлабки натижасини бераётганини таъкидлаш лозим. 

Айниқса, мамлакатимиз ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилгани ва бу ташкилотнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, унга янги имтиёз ҳамда имкониятлар бериш бўйича амалга ошираётган ишларимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. 

Чунки мамлакатимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, бу йўлда бор билим ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлган, азму шижоатли ёшларни тарбиялаб вояга етказиш – биз учун энг муҳим масаладир. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўзининг амалий фаолияти билан барчамизнинг, биринчи навбатда, ёшларимизнинг умидларини албатта оқлайди, деб ишонамиз. 

Бугунги давр талаби, халқимизнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олиб, илм-фан, таълим-тарбия тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мактаб таълим тизими тубдан ўзгартирилиб, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта тикланмоқда. Мамлакатимизнинг қатор ҳудудларида янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилмоқда. Олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сиртқи ва кечки олий таълим шакллари тикланмоқда. 

Шунингдек, бу борада бизни энг кўп ўйлантираётган масалалардан бири – мактабгача таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. 

Мақсадимиз келгуси 3-4 йилда мамлакатимиздаги боғча ёшидаги болаларни ана шундай таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олишдан иборат ва биз бунга албатта эришамиз. Ушбу мақсадда айни кунларда махсус давлат дастури тайёрланмоқда. 

Бешинчидан, республикамизда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш, диний экстремизм ва терроризм хавфига қарши кураш олиб бориш бўйича ишлар ҳам янгича ёндашувлар асосида ташкил этилмоқда. 

Ҳаётда билиб-билмай адашган одамларни тўғри йўлга солиш, кечиримли бўлиш, уларни соғлом ҳаётга қайтариш масалалари ҳам диққат марказимизда турибди. 

Биз бир ҳаётий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Яъни хато қилган, йўлдан адашган одамни “ёмон” деб четга суриб қўйсак, у ёмон бўлиб қолаверади. Ёмонни яхши қилиш, уни дўстга айлантириш – бу фақат соғлом жамиятнинг қўлидан келади. 

Жамиятимизда соғлом фикр, соғлом куч устувор бўлиши учун биз маънавий ҳаётимизни юксалтириш, аҳоли, аввало ёшларимизни турли зарарли таъсирлардан асраш, уларни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида мунтазам ўйлашимиз, фаол иш олиб боришимиз зарур. 

Бу борада амалга ошираётган ислоҳотларимиз, хусусан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини муносиб қадрлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар сизларга яхши маълум, албатта. 

Айни вақтда бундай кенг кўламли ишларимиз биз бошлаган ислоҳотларнинг фақат бир қисми, дастлабки қадамлар эканини таъкидлаш лозим. 

Олдимизга қўйган юксак мақсад ва режаларимизни реал натижага айлантириш учун ҳаммамиз бор куч ва билимимизни аямасдан, фидокорона ва виждонан меҳнат қилишимиз, ташаббус кўрсатиб ишлашимиз зарур. 

Шунинг учун ҳам, келгуси икки йил бизнинг фаолиятимизда фавқулодда сафарбарликни талаб этадиган давр бўлади ва бу вазифани барчамиз сидқидилдан бажаришни таъминлашимиз албатта лозим. Халқимиз биздан шуни кутяпти. 

Бу борада, айниқса, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ошириш доимий эътиборимиз марказида бўлиб қолади. 

Қадрли дўстлар! 

Бугун биз мамлакатимизни ҳар томонлама модернизация қилиш, таркибий ўзгаришлар ва демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш бўйича улкан ишларни бошлаган эканмиз, уларни амалга ошириш ташқи омилларга ҳам боғлиқ эканини яхши тушунамиз. 

Шунинг учун ташқи сиёсатимизда узоқ-яқин давлатлар, энг аввало, бизга қўшни бўлган Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш энг муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолади. Бу борадаги амалий ишларимиздан албатта халқимиз хабардор. 

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган хорижий мамлакатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларига, чет эллик меҳмонларимизга бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдириб, барча давлатлар халқларига самимий табрик ва саломларимизни йўллашга ижозат бергайсиз. 

Азиз ва муҳтарам ватандошлар! 

Бугун эл-юртимиз Мустақиллик байрами билан бирга муборак Қурбон ҳайитини ҳам катта шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда. 

Бу икки улуғ байрамнинг айнан бир кунга тўғри келишида ҳам ўзига хос чуқур ва рамзий маъно бор. 

Мана шу имкониятдан фойдаланиб, сиз, азизларни ана шу қўшалоқ айёмлар билан яна бир бор самимий табриклайман. 

Шу юксак минбардан туриб, барча ютуқларимиз, буюк келажагимиз ижодкори ва бунёдкори бўлган мард ва олижаноб, меҳнаткаш ва танти халқимизга таъзим қиламан. 

Бугунги улуғ айём кунларида қалбимдаги энг эзгу тилакларимни мужассам қилиб айтмоқчиман: 

Бетакрор Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон толмайлик, чарчамайлик! 

Барчамизга, жонажон юртимизнинг камолини, фарзандларимиз ва набираларимизнинг бахту иқболини кўриш насиб этсин! 

Ўзбекистонимиз доимо гуллаб-яшнасин! 

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 Prezident.uz дан олинди