FATTOHHON.COM
« Все новостиЮртимизда “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтиб, унда 1 ўринга муносиб топилган Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси ҳамда, Бирлашган Араб Амирликларидан Фестивалда Ҳакамлар Ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этган Амир Жаъфар биргаликда 1 сентябрь куни Ўзбекистон Давлат Консерваториясига ташриф буюриб, Консерваториядаги талабаларга яратилган шарт-шароитлар, чолғу асбоблари билан танишиб чиқишди.
Мазкур ташриф давомида улар Консерваторияда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни рағбатлантириш ва уларнинг иқтидорини янада ошириш йўлида совға сифатида,
“Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивалидаги 1 ўрин учун қўлга киритган 7000 АҚШ долларини,
ҳамда Бирлашган Араб Амирликларидан Фестивалда Ҳакамлар Ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этган Амир Жаъфар эса, 1000 АҚШ доллари, жами 8000 АҚШ долларини Консерваторияга ҳадя қилишди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси вакили Консерваторияга махсус совға, ҳамда ўзларининг миллий чолғу асбобларидан бирини ҳам ҳадя қилди.
Жаноб Жеонг Хьеокcанг Жанубий Кореянинг Геосонг халқ қўшиқларини сақлаш фонди жамоаси Раҳбари: - Биз фестивалда бутун вужудимиз билан чин дилдан ўз ижро маҳоратимизни намоён қилдик. 1 ўринга сазовор бўлганимиз сабаби, биз бу Фестивалга Жанубий Кореяда астойдил тайёрландик. Фестиваль давомида биз дунёнинг бошқа мамлакатлари, ҳамда Ўзбекистонлик иштирокчиларнинг ҳам ижроларини кўрдик. Ўзбекистонлик иштирокчилар ҳам ўзларининг ижодий қобилиятлари ва ижро маҳоратлари юқори эканлигини намойиш қилишди. Уларни Ўзбекистонлик устозлари, профессионал даражада тайёрлашган экан. Мана ҳозир Ўзбекистон Консерваториясига ташриф буюриб, бу ерда нафақат ўзим билган чолғу асбоблари, балки аввал кўрмаган чолғу асбобларини ҳам кўрдим. Аминманки, Ўзбекистонлик талабалар бу чолғу асбобларида ҳам маҳорат билан ижро қила олишади.
Жаноб Ли ЖуСу: - Фестивалда соврин сифатида ажратилган маблағни Консерваторияга тақдим этишдан мақсадимиз, ундаги иқтидорли талабаларни янада самимий рағбатлантириш. Ўзбекистон Консерваториясига ташриф давомида, бу ердаги шарт-шароитларни, ўзида жуда кўп чолғу асбобларини жамлаганлигини кўриб, жуда ҳам машҳур Консерватория эканлигига, унда талабалар билим олишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё эканлигига гувоҳ бўлдик.
Амир Жаъфар Бирлашган Араб Амирликларидан Ҳакамлар Ҳайъати аъзоси: - Ўзбекистонни жуда ҳам яхши кўраман. Ўзбек санъати, маданиятини, айниқса мусиқа санъатини, мана шу “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалини бутун дунёга намуна қилиб кўрсатса арзийди, деб ўйлайман. Самарқандда Фестиваль давомида кўплаб мусиқачилар билан учрашдим. Ўзбек мусиқа санъати ва маданияти мени ҳамиша ҳайратлантириб келган. Бу буюк тарихга эга, Фестивалда бунга яна бир бор амин бўлдим. Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ҳам менда катта таассурот қолдирди. У катта саройни эслатади, бу ерда европача анъаналар ҳам, шарқона анъаналар ҳам ўзига хос равишда уйғунлашган. Бизнинг мусиқачилар ҳам келиб, бундан баҳраманд бўлишларини ва ўз навбатида Ўзбекистонлик мусиқачилар ҳам бизнинг юртга боришларини истардим.
Саида Вахобова