FATTOHHON.COM
« Все новости25 апрель куни “Бунёдкор” стадионида узоқ кутилган “Ҳаёт учун!” хайрия футбол матчи бўлиб ўтди.
(Мазкур футбол ўйини тайёргарликлари бир неча ойдан буён сайтимиз орқали ёритиб келинаётган эди.)
Хайрия футбол матчи ташкилотчилари Фонд Форум ва “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси ва “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази.
Хайрия футболида иштирок этаётган командалар, алоҳида бўлиб, турли услубларда кийинган ҳолда, махсус автобусларда келишди.
“Хижолат” командаси жиддий қиёфада, қора костюм-шимда, тайёргарлик жараёнида мураббийи Рустам Қурбонбоев ва майдондаги мураббий Муҳаммадисо Абдулхаиров билан биргаликда кириб келишди.
“Бирровчилар” командаси Фонд Форум ёзуви ва рамзи туширилган оқ футболкада, Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков бошчилигида келишди.
“Келажак овози” командаси оч кулранг спорт кийимида, “Тинғир-тинғир” командаси эса, кўк футболкаларда келишди.
Асосий майдонга ўтиш олдидан бинога кирилганда, холлдаги телевизор орқали, майдон ташқарисидаги ҳолатлар, ўйинчиларнинг текширувдан ўтган ҳола бинога кираётганлари кўрсатилаётган эди.
Майдонда ҳам юқорига ўрнатилган экран орқали ўйин вақти майдондаги ҳолатлар, катта планда кўрсатиб турилди.
Футбол матчи 3 та ўйиндан иборат бўлди.
Иккита ярим финалда: “Келажак овози” ва “Тинғир-тинғир” командалари, шунингдек “Бирровчилар” ва “Хижолат” командалари тўп сурдилар.
Финалда эса, “Келажак овози” ва
“Хижолат” командалари ўзаро куч синашдилар.
Ўйин олдидан майдонга кириб келаётган футболчиларнинг руҳиятидан ҳам ўйинга тайёргарлик кучли бўлганлиги билиниб турарди. Барчалари баланд овозда “Ҳаёт учун!” дея, майдонга кириб келишди.
Стадионга 34 мингдан зиёд томошабин йиғилган бўлиб, барчанинг диққат-эътибори иштирокчиларда эди.
Ўйинни икки бошловчи таниқли тележурналист Нилуфар Сотиболдиева ва таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев олиб боришди.
Ўйинларни Шерзод Қосимов бошчилигида ҳакамлар ҳайъати назорат қилишди.
Актёр Мурод Ражабов эса, майдон шифокори бўлиб, қўлига болғача ушлаган ҳолда, ўйин олдидан актёрларнинг соғлиғини “текшириб” ҳам чиқишга улгурди. Ўйин вақтида, бу “ажойиб ва ўта малакали” шифокорнинг ўйинчиларга маънан қўллаб қувватлаб туриши катта ёрдам берди.
Майдонда, ўйин олдидан эстрадамиз юлдузлари ўзларининг қўшиқлари билан томошабинларни янада қувонтирдилар.
Футбол олдидан Жаҳонгир Позилжонов, Шаҳзода, Самандар ва Акбар Атамуҳамедов биргаликда “Ҳаёт учун!” қўшиғини куйладилар.
Барча хонандалар қўлларига, лойиҳа рамзи бўлган пушти рангли лента боғлаб олгандилар.
Сўнг, Жаҳонгир Позилжонов, Улуғбек Раҳматуллаев ўзларининг бир неча қўшиқлари билан томошабинларни янада хушнуд этдилар.
Барча кутган дақиқалар етиб келди! Майдонга “Келажак овози” фаолларининг “Келажак овози” командаси ва
мусиқий гуруҳлардан ташкил топган “Тинғир-тинғир” командаси чиқиб келишди!
“Тинғир-тинғир” командаси ўйинга алоҳида тайёргарлик кўрганлиги сезилиб турарди.
Салмоннинг причёска тарзида бошига “Ҳаёт учун!” рамзини тушириб олгани жуда оригинал чиққанди. Бундан илҳомланган команда аъзолари ҳам, “Саҳро” гуруҳи йигитлари бошчилигида, худди шундай “Ҳаёт учун!” рамзини юзларига чизиб чиқишди.
“Беном” гуруҳидан Сарвар Азимов футбол матчида бу гал мураббий ассистенти сифатида иштирок этди. Комил эса, майдонда тўп сурди.
“Келажак овози” командаси дарвозабони Павел Бугало, “Тинғир-тинғир” командаси дарвозабони Муроджон Зуҳуров бўлди.
Майдонда биринчи бўлиб, Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова тўп тепишни бошлаб берганидан сўнг, “Келажак овози” ва “Тинғир-тинғир” командалари ўртасидаги матч бошланди!
Матч бир вақтнинг ўзида жуда қувноқ ва шиддатли бўлди. Бир нечта хавфли вазиятлар бўлди, лекин профессионал дарвозабонлар ўзларининг дарвозаларини муносиб ҳимоя қилдилар. Ўйин давомида бир неча бор ўйинчилар ҳам алмашди.
“Тинғир-тинғир” командаси мусиқий гуруҳлардан ташкил топган бўлиб, “Беном”, “Зарба”, “Уммон”, “Саҳро”, “Манго”, “Арсенал”, “Фаёз” ва бошқалардан иборат эди.
Томошабин мухлислар эса командаларни олқишлар, ёзувли плакатлар ва байроқлар билан қўллаб-қувватлаб турдилар. Айниқса, “Уммон” гуруҳининг мухлислари жуда фаол бўлишди!
Учрашув дуранг билан якунланди. 0:0
Шундан сўнг, пенальтилар серияси белгиланди ва ўйин тақдирини ҳал қилди! Пенальтилар серияси бўйича, 4:3 ҳисоб билан “Келажак овози” командаси биринчи ярим финал ғолиби бўлди!
Иккинчи ярим финал олдидан, мусиқий танаффус бўлиб ўтди. Унда, “Zo’r-zo’r star” лойиҳаси иштирокчилари қўшиқ куйладилар.
Иккинчи ярим финалда “Хижолат” ва
“Бирровчилар” командалари майдонга чиқиб келишди.
“Хижолат” командасида Улуғбек Қодиров, Адиз Ражабов, Алишер Узоқов, Шукурулло Исроилов, Жаҳонгир Позилжонов, Валижон Шамсиев, Азиз Раметов, Ёқуб Аҳмедов, Ойбек Рихсибеков, Жасур Шаметов, Мухбилло Убайдуллаев ва бошқалар.
“Хижолат” командаси капитани Жаҳонгир Позилжонов.
“Бирровчилар” командасида Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Алишер Рўзметов, Улуғбек Раҳматуллаев, Шохруххон, Акбар Атамуҳамедов ва бошқалар.
Команда капитани Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков.
Бу икки команданинг мураббийлари сифатида, “Хижолат” командасида ўтган йилги мураббий Муҳаммадисо Абдулхаиров, “Бирровчилар” командасида эса, янги мураббий созанда Абдуҳошим Исмоилов бўлди!
Заҳирадаги ўйинчилар сафида “Хижолат” командасидан тележурналист Даврон Кабулов ҳам қўлтиқтаёқда майдонга чиқиб келди!
Эслатиб ўтамиз, у “Ҳаёт учун!” хайрия футбол ўйинларига тайёргарлик жараёнлари вақтида, оёғидан жароҳат олган эди. Ҳозирда у анча тузалган ва футбол майдонига келиб, дўстларини қўллаб-қувватламоқда эди!
Ўйин давомида бир неча ўзгаришлар ҳам бўлди. Масалан, 9 рақам остида тўп сурган команда капитани Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков майдонни тарк этишига тўғри келди.
Шунингдек, кутилмаган ҳодисалар ҳам юз берди. Команда иштирокчиларидан бири ўйин вақтида йиқилганини кўриб, команда мураббийси Муҳаммадисо Абдулхаировнинг қурбонликка деб майдонга олиб чиққан қора хўрози, кутилмаганда, майдон бўйлаб қоча бошлади.
Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг “Майдонга ҳам хўроз олиб чиқадими?” деган саволига Муҳаммадисо Абдулхаиров “командамдаги ўйинчиларга кўз теккан, йиқилишяпти, шунга қора хўроз қурбонлик қилмоқчиман” деб жавоб берди. Майдон бўйлаб, “Бирровчилар” ва “Хижолат” командалари аъзоларининг хўроз қувиши бошланди! Қора хўроз ҳам тутқич берай демасди. Бир муддат оворагарчиликлардан сўнг, ниҳоят хўрозни актёр Ёқуб Аҳмедов ушлаб олди ва команданинг заҳирадаги ўйинчилардан бирига бериб юборди. Қочоқ хўроз майдондан олиб чиқиб ташлангач, ўйин давом этди!
Ўйиннинг энг шиддатли кечаётган бир вақтида кутилмаганда “Хижолат” командасининг ёдига телевизорда сериал намойиши вақти бўлганлиги “тушиб” қолди ва бутун команда, “Бирровчилар” ҳам биргаликда, майдонга ўрнатилган катта телеэкран орқали берилиб сериал кўра бошладилар. Орада сериал воқеаларини муҳокама қилишни ҳам унутмадилар.
Сериал якунланиб, экранда “Ҳаёт учун!” хайрия футболи видеоролиги намойиш қилинганидан кейингина, ўйинчилар яна футбол ўйинига қайтдилар!
Ўйин вақтида томошабинларга гол умидини берган ҳолда, бир неча марталаб, тўп дарвоза устунига урилди, четга чиқиб кетди, ҳаттоки жуда қаттиқ тепилганидан томошабинлар тарафга ҳам учиб тушди.
Яна ҳисоб очилмади. Ўйинда дуранг натижа қайд этилди. 0:0
Яна ўйин тақдирини пенальтилар серияси ҳал қилди! “Бирровчилар” ва “Хижолат” командалари ҳар бир урилган голларни ўзгача тарзда нишонладилар. Яъни, мусиқий тарзда!
“Хижолат” гуруҳи ўзининг илк голидан сўнг, “Гангам стайл” рақсига тушишди, сўнг,
иккинчи голда, скрипка садолари остида рақс тушган бўлсалар, учинчи голда Ғиёс Бойтоевнинг қўшиғи мусиқасига ажойиб рақсга тушдилар.
“Бирровчилар” ҳам, ўзларига биринчи голи учун замонавийроқ куйни танладилар.
Иккинчи голда, Майкл Жексон қўшиғига рақс тушган бўлсалар, учинчисида “Андижон полка”сига рақсни қойиллатдилар.
Орада жароҳати туфайли заҳирада турган тележурналист Даврон Кабуловга ҳам сўз берилди. У яна пенальти бўлишини сўради, бу вақтда пенальти бўйича ҳисоб 3:2 эди ва чиндан ҳам навбатдаги пенальти бўлиши керак эди.
Пенальтилар сериясида актёр, режиссёр, хонанда ва “Истиқлол” жамоаси ўйинчиси бўлган Алишер Узоқовнинг тепган тўпи “Хижолат” командасига иккинчи ярим финалда ғалаба олиб келди! Алишер Узоқовнинг ҳаяжони ва қувончи чексиз эди.
Пенальтилар сериясида 5:4 ҳисоб билан “Хижолат” командаси ғолиб бўлди!
“Бирровчилар” жамоаси, “Хижолат” гуруҳи хижолат чекмасин дегандек, майдонни тарк этишди.
Асосий финал олдидан яна мусиқий танаффус берилди ва унда хонандалар Нилуфар Усмонова, Шаҳзода ва Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков қўшиқлар куйладилар.
Финал! Финалда икки ғолиб команда “Келажак овози” ва “Хижолат” командалари ўзаро тўп сурдилар.
“Келажак овози” командаси капитани Акбар Эргашев, “Хижолат” гуруҳи командаси капитани Жаҳонгир Позилжонов.
Иккита кучли ва профессионал дарвозабонлар “Келажак овози”дан Павел Бугало ва Игнатий Нестеров ҳам ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.
Матч вақтида ўйиндан ташқари ҳолатлар ҳам бўлди.
Футбол матчи вақтида кутилмаганда, ёмғир ёға бошлади. Томошабинлар ўтирган тарафлар усти ёпиқ бўлса ҳам, ўйинчилар тўп сураётган майдоннинг усти очиқ эди. Лекин, ўйинчиларни шиддатли ёмғир ҳам тўхтата олмади! Улардаги шижоат ва футболга бўлган кучли интилишни ёмғир ҳам енга олмади! Томошабинлар ҳам ўйинга содиқ қолдилар, бирорта ҳам томошабин майдонни тарк этмади.
Ўйин давомида “Форум ТВ” телеканали журналистлари ҳам жуда фаол бўлишди.
Шунингдек, хонандалар Нилуфар Усмонова, Рухшона, актриса Севара Солиева ва тележурналист Ирода Салиевалар барча иштирокчилардан қисқа интервьюлар олиб, жараёнларни телеэкран учун кадрларга муҳрлашди.
Афсуски, финалда ҳам асосий ўйинда ҳисоб очилмади, кучлар тенг келди ва матчни пенальтилар ҳисобига ҳал қилишга тўғри келди!
Пенальтида “Хижолат” командасидан актёр Улуғбек Қодиров тўп уриб, ҳисобни 2:2 га тенглаштирганди ва бу “Хижолат” командасининг ғолиб бўлишига умид уйғотганди. Лекин, “Келажак овози” пенальтилар сериясида кутилмаган тезлик ва уддабуронлик билан ҳисобни ўз фойдасига ошира бошлади. Натижада, пенальтилар сериясида 4:3 ҳисоб билан “Келажак овози” командаси ғолибликни қўлга киритди!
Ғолиблик шарафига “Андижон полка”си янграб ўтди.
Сўнг, барча иштирокчилар учун энг ҳаяжонли дақиқалар яқинлашди. Футбол майдонига ҳақиқий ўзбек футболи афсоналари Биродар Абдураимов, Азамат Абдураимов ва Миржалол Қосимов ва Игор Шквыринлар чиқиб келишди. Улар барча футболчиларни табриклаб, “Ҳаёт учун!” медалларини тақдим этдилар.
Ғолиб бўлган “Келажак овози” командасига эса, “Ҳаёт учун!” кубогини Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримова топширди.
Ўйин давомида шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бир неча марта томошабинлар учун махсус совға борлигини ва бехосдан чироқлар ўчиб қолса, ваҳимага тушмаслик кераклигини таъкидлаб ўтди. Ниҳоят, узоқ кутилган ўша дақиқалар ҳам етиб келди!
Стадион чироқлари ўчдию, трибуналар ортида минглаб пушти рангли чироқчалар порлаб, “Ҳаёт учун!” сўзлари ва мазкур лойиҳа рамзи пушти ранг лента акс этди!
Хайрли ишга ўзларининг камтарона ҳиссаларини қўшиш ниятида, мазкур хайрия футболи иштирокчилари номидан Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси Раиси Шахноза Умаровага 30 миллион сўмлик чек топширди. Бундан ташқари, Гулнора Каримованинг шахсан ўзи ҳам Шахноза Умаровага 10 миллион сўмлик чек тақдим этди.
Бу маблағларнинг барчаси кўкрак бези саратони хасталигига чалинган аёллар учун зарурий дори-дармонлар сотиб олиш ва уларни бепул текширувлардан ўтказиш, қўллаб-қувватлаш, ҳамда хасталикка қарши кураш учун сарфланади.
Бундан ташқари, анъанага кўра, мазкур хайрия матчи билетлари сотувидан тушган барча маблағлар ҳам, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйлаб, кўкрак бези саратони бўйича бепул текширувлар ўтказиш, мазкур хасталикни даволаш учун чоралар кўришга сарфланади.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда, хайрия марафони ва хайрия футбол матчидан тушган маблағлар 216 миллион сўмни ташкил этган ва барча маблағлар хайрли мақсадларга сарф қилинган.
Хайрли ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак, дейишади. Бу куни стадионда бўлган ҳар бир томошабин нафақат футбол ўйинларини тамоша қилди, балки хайрли ишга ҳам ўз ҳиссасини қўшди.
Фонд Форум ва “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси ва “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан “Ҳаёт учун!” хайрия марафони ва умуман мазкур лойиҳа, хаста инсонлар қалбида келажакка ишонч ва умид уйғотиб, уларни ҳаётга қайтишига куч-қувват бўлмоқда.
Хайрли ишларга ҳам ҳисса қўшиш эса, нафақат халқимизнинг азалий анъанаси, балки барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Шундай экан, хайрли ишлар ҳамиша давом этади.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар Шерзод Икрамутдинов ва Саида Вахобова
ўйиндан аввалги тайёргарлик...