FATTOHHON.COM

« Все новости

ЖАҲОНГИР ОТАЖОНОВ: БУ БОРАДА СУҲБАТЛАШАДИГАН БЎЛСАК, САҲИФАЛАР ОЗЛИК ҚИЛАДИ... 12.09.2014 17:28

«Тасвир» газетасида чоп этилган

 foto (4)

-Ҳозирги кундаги ижодий янгиликлар? Бир неча йилдан буён май ойида концерт бериб келаётган эдингиз. Бу йил эса...

- Ҳозирги кунда академик вокал билан шуғулланмоқдаман. Чунки, бу йил бўлиб ўтадиган янги концерт дастуримда италян қўшиқларидан, Лучано Поваротти репертуаридан қўшиқлар куйлаш ниятидаман. Концертда европача блок қилмоқчиман! Унда ўзимга ёққан европача қўшиқларни жонли ижрода куйлайман! Бу мени ижодимда янгилик бўлади! Бошида бундай қўшиқлар учун овоз имкониятларим тўғри келмаганлиги сабабли, ҳозирда бир неча ой академик вокал билан жиддий шуғулланиб, энди куз ойида яккахон концерт ўтказмоқчиман! Ҳозирда яна янги мусиқий альбом ёздим, номи “Миш-миш-миш”! (кулиб хиргойи қилади) “Тулкиларни еб қўярмиш товуқлари, чойнакда сув қайнатармиш товуқлари”. Бу янги ҳазиломуз қўшиқ, ҳаётда миш-миш кўп, шу мавзуга қаратилган. Янги мусиқий альбомимни ҳам шу ном билан номладим. Ўзи концертимни кузга қолдирганлигимнинг энг асосий сабаби ҳам, италян қўшиқларини нотўғри куйлаганлигим бўлди. Балки, томошабинлар сезмас, деб куйлайверишим ҳам мумкин эди. Аммо, бу ерда устозлар бор, улар “бундай қилмаганингиз яхши” деганлари учун ҳам, концерт учун кузнинг ойларини танладим. 

 

- Ўтган йилги жонли ижродаги концертингиздан ўзингизнинг кўнглингиз тўлдими?

- Биринчи ва иккинчи кунлари жуда қийналдим. Учинчи куни эса, жон-жаҳдим билан ўзимни руҳан тайёрлаб ишладим! Ўзи, бундай бўлишига сабаб, 5 май куни онамларнинг туғилган кунлари эди. Ўзи қулупнайдан аллергиям бор эди! Аммо, овоз тарафлама эмас! Хуллас, қулупнай емайман, деб туриб, барибир иродасизлик қилиб, ўша куни еб қўйдим. Аллергияни томоғимга бериб юборди! Шифокорга борсам, “қўшиқ айтиш мумкин эмас, айтолмайсан” деди... Концерт яқин, овоз йўқ... Шунда концерт ташкилотчилари, концертимни 1 ойга кечиктирилганлиги ҳақида, уяли алоқа компаниялари орқали, ҳамманинг қўл телефонига смс хабарлар юбормоқчи ҳам бўлишди! Лекин, мен бундай қилишларини истамадим. Кимдир Бухородан, кимдир Самарқанд, кимдир яна бошқа жойдан шу концертимни, деб келишади... Уларга нисбатан бундай йўл тута олмайман, дедим ва қандай ҳолатда бўлишдан қатъий назар, концерт беришга қарор қилдим! Лекин, бу қароримни амалга ошириш жуда қийинчилик билан бўлди. Оддийгина мисол, оёғингиз қаттиқ оғриб турса, югура олмайсиз, тўғрими?.... Тўғри, тажриба бор, аммо овозим 30-40 фоизгина ишлади, холос... Шундай экан, ўзим ва ижройимдан қандай қилиб кўнглим тўлади? Учинчи куни, бироз хурсанд бўлдим. Чунки, мухлисларим мени шунчалик ҳурмат қилишар экан... Шунчалик, қўллаб-қувватлаб, олқишлаб туришди! Ҳаттоки, кўпчилик, томоғинг оғриганлигини ўзинг айтмасанг, биров сезмасди, ҳам дейишди. Аммо, мен бировга сездирмаслик учун, ижод қилмайман. Мухлислар ҳар битта қилаётган хатойимни билиши керак, ўшани тўғрилаб, унга ҳам тушунтириб кетишим керак. Шунда мухлисларнинг ҳам мусиқавий тушунчаси ортади, деб ўйлайман. Яқинда концертимни аудиоверсияси тайёр бўлди. Тинглаб кўрдим, овозда “хрип”лар бор, аммо ёмон эмас. Студиядаги овоз режиссёрлари, аранжеровкачилар билан маслаҳатлашдим, “бу жонли концерт, шу ҳолатида чиқараверинг” дейишди. Анча ўйладим, ҳаттоки ўша ўтган йилги концертимни аудио ва видеоверсиясини чиқармасаммикан, ҳам дедим. Лекин, чиқармасликнинг иложи йўқ, талаб бор, қолаверса, у ердаги ҳолат ҳам бошқа қайтарилмайди.

 foto (11)

- Ҳаёт фалсафангизни ўтган йиллар ўзгартира олдими?

- Йиллар ўтмоқда, кўз остига ажинлар тушмоқда. Барибир ўзинг ёлғиз қолганингда, “нимани тўғри, нимани нотўғри қилдим?” деб ўйлаб ҳам қолар экансан. Кимнидир ижоди, кимнидир ривожи, ютуғи ёки муваффақиятсизлигини кўриб, ўзингга мактаб билиб, хулоса чиқарасан. 35 ёшдаман, ҳаётда 35 йиллик тажриба бор...

 

- Ўзингизни четдан танқид қилсангиз...

- Тарози буржи остида туғилганимгами, худди ичимда 2 та инсон яшаётгандек. Бири фаришта, иккинчиси иблис характерли... Оллоҳ бизга идрок, ақл ва куч берганки, ўзимни минус тарафларимни ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Лекин, 100 фоиз тўғри гапираман, дея олмайман, чунки баъзи гапларни бироз ноўрин ҳам гапириб юбораман. Ахир бу ҳаёт! Аммо, ўшанда ҳаёт чизиғидан четга чиқмаслигим кераклигини тушунаман. Лекин, санъаткор сифатида ўз қўшиқларимни тинглаганимда ҳам, жуда кўп хатоларимни сезаман. Бу ўз ишинг бўлганидан кейин, ўзингни ишингдан ҳам ҳеч қониқмаслигинг табиий. Лекин, баъзи қўшиқларимни тинглаганимда, Оллоҳни менга шунчалик истеъдод берганлигидан, шукур қилиб, йиғлагим келади... Лекин, ҳар бир инсон камчиликдан ҳоли эмас.

 

- Ўзингиз ҳақингизда қўл телефонларида тарқалган видеоларга ҳам ойдинлик киритиб кетсангиз. Шу кунгача буни ўз талқини бўйича таърифлаганлар кўп бўлди...

- Беайб парвардигор! Лекин, бу билан ўзимни оқламоқчи эмасман. Ҳар бир инсонга Оллоҳ ақл берган. Менинг ҳам ҳар бир оддий инсон каби ноўрин ишларим ҳам бор. Бу четдан қараганда хунук, албатта. Бу нокамтарлик эмас, лекин мен тўғриси, ҳамма жойга борганда, ҳаммадан кўпроқ файз, олқиш олишга ҳаракат қиламан. Ҳамма ҳам, аслида шундай, тўғриси, буни истамаган хонанда йўқ, деб ўйлайман. Видеолардан бири, бу дўстларимиздан бирининг уйида, ўзимизни сал эркин тутиб, очилиб дам олган вақтимиз тасвирланган видео. Бассейнда, ҳаммамиз ўйин-кулги қилиб, ишдан ташқари вақт, дам олинган эди. Бу ерда аслида видеога олиш учун эмасди... Ўша ердаги бассейн икки қаватли, иккинчи қавати саёз экан. Кун жуда иссиқ, ҳамма бассейнга тушиб ўйнади. Мен ҳам, уларга яқинроқ бўлиш учун, ҳам иссиқлигига, ўша бассейннинг саёз жойига бориб, қўшиқ айта бошладим. Энди мен ўша ерга бориб, қўшиқ айтишни ўзимга эп кўрдим. Бу ҳам ҳамманинг қўлидан келмайди, деб ўйлайман. Баъзилар бундай қила олмайман, дейиши мумкин. Аммо, мен ўйлайманки, менинг вазифам, мени таклиф қилганларида, ўша ерга бориб, у ердаги инсонларнинг кўнглини кўтариш, улар билан бирга бўлиш! Улардан устун бўлиш эмас! Хизматдаги инсонман, хизматдаги инсон бир поғона пастда туриши керак, деб ўйлайман! Ўша ердагиларнинг қувончидан мен ҳам, завқу шавққа берилиб, азартдан ўзим ҳам, бассейнга сакраб юбордим, буни беркитмайман. У ерда фонограмма куйлаганим ҳам рост. Чунки, у ердаги шароитда жонли ижрода куйлаб бўлмасди. У ердагиларга шароитни айтганман, лекин улар “ўзингиз келсангиз ҳам бўлаверади, жонли ижро шартмас” дейишганлиги учун, фонограмма қўйилган! Чунки, мен тўй олаётганимда ҳам огоҳлантираман, “сиз қандай мусиқа ҳоҳлайсиз?” дейман. Чунки, жонли мусиқа, жуда қиммат! Агар фонограмма ва фақатгина “Жаҳонгир Отажонов келиб кетди!” деган гап керак бўлса, бу уларнинг ҳоҳиши! Шундай экан, юқорида айтиб ўтган видеойимни ноҳулқлик, деб ҳисобламайман. Қолаверса, баъзилар ўйлагандек, бу видеода маст ҳам эмасман, ваҳоланки мен умуман ичмайман ҳам, чекмайман ҳам! Умуман, бундай нарсалардан йироқман! Иккинчи видео, бир қизни бир тўйда ўпганимга келсак, бу ҳам баъзилар талқин қилганларидек эмас! У қиз бизнинг раққосамиз эди, ҳурмат юзасидан у билан ўпишиб кўришдим. Хоразмда бир санъаткор боланинг тўйи эди, у раққоса қиз рақсга тушиб, мен тарафга қарайверди. У раққоса билан икки йил бирга ишламагандик, кўришмагандик ҳам. Шунинг учун бўлса керак, аввалига танимадим. Чунки, тўйда “светомузыка” бор. У қиз бўлса, кулиб қарайверди. Мен қўшиқ айта туриб, пастга тушиб ўйнадим. Кейин, уни таниб қолдим. “Яхшимисан, қалайсан” деб, бориб ўпишиб кўришдим. Одатда, ҳозир ҳамкасблар билан, дўстлар ва танишлар билан ўпишиб кўришиш, нафақат санъаткорлар балки, ҳамма орасида одатий ҳол! Лекин, санъаткор шундай қилса, буни дарров бошқа нарсага йўядиганлар кўп экан. Хуллас, видеога олганлар, бу ҳолатни яхшилаб видеопрограммада “чўзиб”, вақтини кўпроқ қилиб, видео қилишибди! Ўша пайтда Хуршида деган хонанда қўшиқ куйлаётган эди. Эътибор қилсангиз, ўша видеодаги айтилаётган қўшиқ ҳам, чўзилиб, хонанданинг овози ҳам ўзгариб кетган! Энди тан олиш керак, ғийбатчилик ҳаммада ҳам бор, назаримда. Ҳар ким ўзининг хаёл даражасидан келиб чиқиб фикрлайди. Мен у раққоса қизни анча вақт кўрмаганим учун ҳам, ўпишиб кўришгандим. Ўзи 5-6 йил кўринмай, кейин жонли ижрода концертлар бергач, мавқейим аввалгидан бироз кўтарилди. Шу тарафлама ҳам, у қиз “энди кўтарилиб, бизни танимай, ҳаттоки яқинроқ келиб, кўришмайдиган ҳам бўлиб кетибди” демасин, деб яқинлардек кўришгандим! Энди, буни ҳамма ўзича талқин қилди. Ўзи, чиндан ҳам санъаткор бўлгач, диққат-марказда бўлгандан кейин эҳтиёткорроқ бўлиш керак экан. Ўзи, ҳаммани кўз олдида эмас, четроқда кўришишим балки, тўғрироқ бўлармиди? Билмадим, энди ёмон кўнгилда, нотўғри кўнгилда бўлмаганим учун ҳам, ҳамманинг олдида кўришгандим. Майли, бу ҳам пешонада бор экан-да!

 foto (8)

- Ўзингиз санъаткорнинг маданият даражаси қай даражада бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

- Санъаткор авваламбор, инсон бўлиши керак! Маданият, деганда бу ерда жуда катта тушунча бор. Агар бу борада суҳбатлашадиган бўлсак, саҳифалар озлик қилади. Мен баъзи китоблардан ўқиб, ўрганиб, олган хулосаларимни, ёки китобий гапларни ижтимоий тармоқлардаги статусларимда ёзсам, ёки гапирсам, бу гапларнинг муаллифи мен эмасман! Бу гапларни кимдир ўқимаган бўлса, балки керак бўлар, ўзига хулоса чиқарар, тушунчаси ошар, деган маънода ёзган ёки гапирганман. Энди у гапларимни олиб, “мана шундай деган, ёзган инсон, энди мана бундай қилди”, деб талқин қилишмоқда! Ўйлаб қаралса, мен ҳам бир оддий инсонман! Лекин, Оллоҳга шукур, озгина бўлса ҳам, билимим бор. Турли китоблар, энциклопедия ўқийман. Ҳар қандай инсон ҳам хато қилиши мумкин.

 

- Санъаткорлар ҳақида аввал турли фикрлар билдиргансиз. Ҳозир бу ҳақида қандай фикрдасиз?

- Мен ҳеч қачон, ҳеч қайси санъаткорга нисбатан ичиқоралик қилмаганман! Баъзида ижтимоий тармоқларга қараганимда, мен фикр билдирган баъзи санъаткорларнинг мухлислари, мени ёмонлаб ёзган сўзларга ҳам кўзим тушади. Аммо, тўғриси, ҳаммамиз ҳам оддий инсонмиз. Мен, атайлаб ёки ғараз мақсад билан биров ҳақида, бирор сўз айтмаганман! Мен фақат санъат ривожи ҳақида гапирганман. Чунки, мен ўзим биринчи марта жонли ижрода концерт бериб, унинг қийинчиликларидан ўтдим! Агар шу даражада қийналишимни билганимда, балки бу ишни қилмаган бўлардим! Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Бунга катта тайёргарлик керак. Мен эса, 5-6 йил йўқ бўлиб қолдим ва 2011 йил шартта жонли ижрода концерт бериб юбордим. Нимани бошлаб қўйганимни эса, саҳнага чиққанимда билдим! Халқ, саҳна, бу менинг хонамдаги аппаратураларим, ўзим ишонган мусиқа асбобларим эмасди! Бу ҳаммаси бошқача эди! Репетиция жараёнида ҳаттоки овоз режиссёригача ҳар куни ўтириши керак экан... Баъзи керакли нарсалар репетицияларда ҳам бўлиши керак экан! Бизда эса, бундай бўлмаган! Ўзим ҳам ҳаттоки бундай бўлиши кераклигини билмаганман. Шунинг учун ҳам, илк марта жонли ижрода концерт бераман, деб саҳнага чиққанимда, тупикка кириб қолгандек бўлдим! Ўпкам тўлиб, йиғлаб юборай дедим! Чунки, бир соату 40 минут қандай қўшиқ куйлашга ақлим етмай қолди! Шунинг учун ҳам, жонли ижро ҳақида гап кетганда, шу қийинчиликларни назарда тутиб, агар шу қийинчиликларини аниқ ҳисобга олмаса, шуларга тайёргарлик кўрмаса, бу нарсани қила олишмаса керак, деган мазмунда гапирганман!  Жонли ижронинг қанчалик қийинлигини назарда тутганман, холос! Лекин, шундан кейин тўғри кўнгилда айтган бу гапларимдан, жуда ҳам қаттиқ ва кўп афсусландим! Санъаткорларга ҳам минг раҳмат, ҳеч қайсиси келиб, бир оғиз гапириб, бир уришиб, ёки бир нарса дейишмади! Лекин, мен санъаткорлардан бир нарсани илтимос қилардим, мен улардан ортиқча нарса талаб қилганим йўқ, қилаётганим йўқ, ҳаммасининг ўзини ижоди, мухлиси, ўз ижоди, ўз омади бор. Ҳаммаси ҳаракат қилишмоқда, ҳаракат қилганлари муваффақиятга эришмоқда! Фақат, бир нарсани айтмоқчиман, мен ўшанда бу нарсани фақат халқ санъати ривожи учун гапирганман! Буни ким билади, ким эса йўқ! Мен буни кўра олмасликка ёки, ичиқораликка йўйишларини ҳоҳламайман! Ахир ҳамма шахсий фикр билдириш ҳуқуқига эга. Мен ҳамма санъаткорларга омад тилайман! Кейинги вақтда жонли ижро ривожланиб, аста-секин кўпчилик жонли ижрода концерт бера бошлаганидан жуда-жуда хурсандман! Бу нарса бошқалар ҳам, “нега мен қилмаслигим керак?” деб ҳаракат қилишларига сабаб бўлгандир, балки? Буни биринчи бўлиб, Жаҳонгир қилган дейишлари ҳам нотўғри, мени ўзимга ҳам “сен жонли ижрода концерт бергач, бошқа жонли ижродаги концертлар ҳам кўпайиб қолди” дейишмоқда. Лекин, бу ишни фақат мен қилмаганман! Фақатгина 5-6 йил бу нарса бўлмагач, мен амалга оширганимдан кейин, худди биринчи мен қилгандек бўлиб, туюлиб қолди. Аслида, жонли ижро аввал ҳам бўлган! Ҳозир фонограммада куйлаяпти, дейишган санъаткорлар ҳам, аввал фақат жонли куйлашган! Орада 5-6 йилгина шундай бўлиб қолди, холос. Мана яна ҳаммаси изига тушяпти! Жонли ижрода концерт ўтказаётганларни кўриб қувонаман, уларнинг ҳаммасига омад тилайман!

 foto (10)

- Ижодингизда негадир клипларга беэътиборсиз?

- Мен биринчидан кўп клипмейкерларни яхши танимайман. Билганларимнинг ёнига борганимда эса, уларнинг менга берган саволи, “қандай клип олиб берайлик” бўлади. Шу савол мени ўйлантириб қўяди. Агар мен қандай клип олишим кераклигини билсам, уларнинг ёнига бораманми, деган савол туғилади! Улар бўлса, хориж клипларидан бир нечтасини қўйиб бериб, “қайси биридек олиб берайлик, қандай бўлсин?” дейишади. Шундан кейин мени уларга пул тўлагим келмайди! Ўзининг шахсий фикрига эга бўлмагандан кейин, менинг қўшиғимни тинглаб, фикр юритмагандан кейин, унга ишониб бўладими? “Икки қалб” қўшиғимга клип суратга олган режиссёрга қўшиғимни бериб, кейин клип борасида суҳбатлашганимда, унга ўзимча “клипни қандай камерада суратга оласиз?” деб савол берганман. У эса, менга “клипни челакда ҳам суратга олса бўлади, фақат қандай суратга олишни билиш керак!” деганди! Ҳозир ўша гапларни эслаб, тўғри эканлигига амин бўламан. Билмадим, ҳозир менга бир неча клипмейкерларни мақташди, уларни унчалик билмайман, аммо мурожаат қилиб кўрмоқчиман! Чунки, ҳозирча 10 дан ортиқ янги қўшиқлар ёздим. Энди, клип олдирмаслигимнинг яна бир сабаби, клипни суратга олиш жараёнида, қандайдир мослашишим ҳам қийин кечади. Масалан, ўзим истагандек ҳам тура олмайман, “мана бундай туринг, клипга мос” дейишади, улар айтгандек турсам, унда мен, мен бўлмай қоламан-да... Кадрларни кўриб, улардаги ўз қиёфамдан қониқмайман, йўқ нарсадан бор қилишга уринилгандек, қандайдир бачканаликдек туюлади. Шунинг учун ҳам, клипларга кетадиган маблағга концерт қўяман, у ерда ўзим истагандек саҳнада ҳаракатлана оламан! Мен ҳаттоки, аранжеровкадан ҳам қониқмайман, шу қадар жонли ижрога ўрганиб қолганманки, ҳаттоки  аранжеровкаларга кўника олмаяпман, фонограммада куйлай олмаяпман. Қўшиқларимни мусиқасини студияда ҳам жонли чалдиряпман.

 

- Лекин, сизни янги қўшиқларингиз фақат концертда янграйди! Унгача томошабинлар қулоғига сингиб бормайди! Оммалашиб улгурмайди.

- Лекин, бу менинг вазифамга кирмайди, деб ўйлайман.

 

- Нима учун?

- Менинг вазифам қўшиқ ёзиш ва куйлаш.

 

- Нега? Сиз фақат концертдагина янги қўшиқлар тақдим қиласиз. Уларни ротациясига ҳам аҳамият бермайсиз. Бир концертда кўриниб, кейин яна йил бўйи жимлик...

- Билмадим, мени шу нарса, ҳозирги имкониятларим, ҳолатим, қониқтиради. Айтдим-ку, клип суратга олдириш, қўшиқларимни айлантиришга қизиқмайман. Чунки, мени ижройимга талабгорлар мен айтган шартларга кўнишмоқда. Билмадим, балки, энди ҳаракат қилиб кўрарман? Ўзи энди, мен борсам, кўпроқ тўйга бораман. Шу тўйга бориш учун унчалик кўп ҳаракат қилиш керак эмас, деб ўйласам керак. Чунки, клип олиб, уни ҳар куни ТВ да айлантирсам ҳам, бу Жаҳонгир Отажонов деган номимга ортиқча ҳеч нарса қўшмайди, деб ўйлайман! Мени адабиётга эътибор қилиб, ёзаётган қўшиқларим ижодимнинг ўсиши ва мавқейимнинг ошишига хизмат қилади, менимча, клипларим эмас! Масалан, 15 йил аввалги қўшиқларимни ҳали ҳам сўрашади!

 foto (3)

- Негадир ўтган йилги концертингиздаги қўшиқлардан ҳеч бири “Икки қалб” яъни, “Кабутарлар”ни босиб ўта даражада оммалашмагандек...

- Гапингиз нотўғри, деб ўйлайман. Чунки, концертдан кейин менинг ҳеч қайси қўшиғим оммалашмайди. Мен концертда оммалашган қўшиқларимни куйлайман. Чунки, концертда бир марта куйланган қўшиқ оммалаша олмайди.

 

- Ўзингиз ҳам буни билар экансиз. Унда нега оммалашиши учун, уларни радио ва тв да “айлантириш”га эътибор қилмайсиз?

- Лекин, барибир концертимни аудио ва видеоси чиқади ва вақт ўтиб, оммалашади. Бунга вақт керак! Тўғри, бу студияда ёзилган бўлмайди, балки сифати ҳам пастроқ бўлар... Энди бу овоз режиссёрларининг ишига ҳам боғлиқ! Аппаратураларга боғлиқ! Энди улар ҳам шунча маблағ олгандан кейин, сифатли хизмат қилса-да! Мана, ўтган йилги концертда ҳаттоки микрофон ўчиб қолди! Микрофонсиз ҳам куйладим! Лекин, буни 4000 томошабин эшита олмади! 2-3 қаторгача эшитишди. У ёғи-чи? Энди, бир хилларида шундай ҳам бўлиб туради. Бу ёғига яхши бўлиб қолар, чунки ҳамма нарса ўз вақти билан тартибга келяпти.

 

- Ўз касбингизни 3 та сўз билан таърифлаб беринг!

- Халққа виждонан хизмат! Чунки, санъаткор халққа виждонан, сидқидилдан хизмат қилиши керак!

 foto (5)

- Ҳозирги ёш хонандаларга нима етишмайди, деб ўйлайсиз?

- Умуман, ёшларни олсак, ҳаттоки вацапда ҳам, “Ассалому алайкум” сўзини хатолар билан ёзишади! “Қалайсиз?”ни ўрнига, “қалай”, “нимага?” ўрнига “ниме”. Энди, уларнинг билимини тасаввур қилаверинг. Ҳозир баъзи ёш хонандалар маблағига, ҳомийсига ишониб, чиқишяпти. Майли, омадини берсин! Аммо, ўша маблағни бошқа фойдалироқ ишга сарф қилиб, муваффақиятга эришгани, яхши эмасмикан, деб ўйлаб ҳам қоламан. Балки, ҳозирги санъатни ривожи учун керак бўлмаган баъзи ёш хонандаларни ёшлар эшитмасдан, уларга кетган вақтига, балки халқ санъаткорларини тинглашармиди, ёки бошқа фойдалироқ ишларга сарфлашармиди? Бу билан кимнидир ёмонламоқчи эмасман, ҳамманинг омадини берсин! Ҳаммани ўз касби бўлади, ҳамма ҳам қандай касб унга насиб қилганини билмайди. Масалан, мен болаликда “ким бўлмоқчиман?” деган шеърни ёд олиб, айтиб берганимда, “учувчи бўламан” дегандим. Лекин, мана санъаткор бўлдим! Аммо, санъаткор бўлгунча ипподромда материал ҳам сотганман. Дубайдан, Бишкекдан материал олиб келганман. Савдо билан шуғулланганман. Лекин, бир куни қариндошим Улуғбек Отажоновни телевизорда қўшиқ айтганини кўриб, “мен ҳам қўшиқ айтаман” деб туриб олдим! Ҳаракат қилдим! У пайтларда қўшиқ ёзиш ҳам унчалик қиммат эмасди!

 

- Ижодда бир хиллик юзага келмаслиги учун нима қиласиз?

- Шундай бўла бошлаганини сезсам, ўша вақтда қўшиқ ёзмайман!

 

- Ўз руҳиятингизга яқин қўшиқлар?

- Ўз қўшиқларимдан “Менинг бахилим” қўшиғи. Бошқа ҳамкасбларимдан Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова ва бастакор Мусахон Нурматов ижодидан бир неча қўшиқлар бор. Менга асосан, фалсафий қўшиқлар ёқади.

 

- Ўз қўшиқларингизни тинглаганда, нимани ҳис қиласиз?

- Ўз қўшиқларимни тўғриси, тингламайман! Яратилгунча эшитавериб, қолаверса, ҳар куни тўйларда куйлайвериб, ёд бўлиб кетади. Жонли айтгандан кейин, ҳар сафар ҳар хил айтаман.

 

- Санъат йўлида қайси ишни қила олмасдингиз?

- Ниманидир исботлашни истамасдим! Исботлашга уринмаган бўлардим.

 foto (2)

- Сизни танилиш, яхшигина ўзгартирди, дейишмоқда...

- Бу менимча, юқорида айтган интервьюларимдан келиб чиққан фикрлар туфайли бўлса керак. Лекин, инсонни интервьюсига қараб баҳо бериш керак эмас! Чунки, интервью, бу ёзилганда, етказилганда, ўша интервьюни ёзаётган, тақдим қилаётган инсоннинг билимига ҳам боғлиқ, деб ўйлайман. Қандай етказишига, қандай фикрлаши, онгининг даражасига ҳам боғлиқ. Юқорида айтган фикримни кимдир, ўз онгича фикрлаб, бошқаларга етказган бўлса, бунга қараб, назаримда, менга баҳо бериш керак эмас! Балки, мени ҳаёт ўзгартираётгандир? Лекин, мени энг ҳаракат қилаётган нарсам, бу ўзгармасликка ҳаракат қилиш! Мен ёшим катта бўлиб, кексайганимда ҳам, ақлим жиловланган бўлишини орзу қилиб яшайман! Инсонлар кексайганда ҳам мени кўришганда, “яхши инсон” дейишса, дейман.

 

- Ҳозирги кунда Жаҳонгир Отажоновнинг ижодида нима етишмаяпти?

- Ҳамма шароитлар етарли. Ўзи фақат бу йил дам олдим. Чунки, ҳар йили концертимдан кейин тўйларга тайёргарлик, кейин яна концертга тайёргарлик. Шу тарзда давом этаверарди. Аммо, ўтган йилги концертимда шунчалик овозимни зўриқтирдимки, бу йил дам олишга мажбур бўлдим. Овозимни ўзимга келтириб олдим, лекин барибир концертни кузга қолдиришга тўғри келди.

 

- Санъаткорлар орасида қандай муносабат йўқолиб кетяпти, деб ўйлайсиз?

- Санъаткорлар орасида табиий муносабат бўлмаган, бўлмайди ҳам назаримда. Улар орасидаги меҳру муҳаббатни табиий, деб ўйламайман. Чунки, бу нарса “бирров”ларга борганда яққол кўзга ташланади. Бирортаси бирортасини бир неча дақиқа кутиб қолсин, кўрасиз, иймонсизликкача бориб етади. Мана бу ҳақиқий маданиятсизлик! Яхшиямки, ҳозир тўйларни бошқариш урф бўлди, “мана бу вақтга фалончи, бу вақтга пистончи” деб ёзиб, сценарий асосида қила бошлашди. Илгари, “бирров”лардаги ҳолатларни тасвирлаб ҳам бўлмасди. Ўзимни ҳам, бировнинг навбати ўрнига кириб кетган вақтларим бўлган! Ўша ишларимга ҳозир шунақа қаттиқ афсусланаманки! Эртага бирор ёш санъаткордан шу нарса менга қайтишини кутяпман. Ёдимда, “Аразламанг” қўшиғини куйлаб чиққан вақтларимда тўйларим жуда кўпайиб кетиб қолганди! Бир куни жуда шошиб турганимда, раҳматли Муҳриддин Ҳолиқовдан аввал “бирров”га тушиб кетганман! (эслаб, афсус билан) Ўшанда менга “ҳой, сен ҳам аввал Муҳриддин Холиқовдек бўлгин” дейдиган инсон топилмаган, ҳеч ким тартибга чақирмаган, ёш бўлганман! Ўша ишим учун ўзимни бир умр кечира олмайман! Ҳалигача ёдимга тушса, виждоним қийналади! Қани у санъаткорлар? Қидириб ҳам тополмайсан! Муҳриддин аканинг қўшиқларини севиб тинглардим, айниқса, “Эй гўзал” қўшиғини яхши кўраман. Қани эди вақт ортга қайтсаю, узримни сўрасам! Балки, раҳматли Муҳриддин аканинг оиласидагилар бу интервьюйимни ўқишар? Мен улардан узр сўрайман! Шунинг учун ҳам айтмоқчи бўлганим, инсон муваффақият келганида, ким бўлса ҳам, ўзлигини унутмаслиги керак экан! Ўзингдан ёши катта санъаткорни босиб ўтиб кетиш, бу ҳақиқий маданиятсизлик! Баъзида ҳозир ҳам тўйларда шундай ҳолатлар бўлиб қолади. Шундай пайтларда, боя юқорида айтганимдек ичидаги фаришта “ифлослик қилма!” деб огоҳлантиргандек бўлади. Ўзим эса, “ўзи шундай қиляпти, бошқалар ҳам шундай қиляпти” деб ўзимни оқламоқчи бўламан. Аммо, барибир, тўғриси, маданиятсизлик қилмасликка ҳаракат қиламан!

 foto (9)

- Унда касбингизни ўзингизга ёқмайдиган жиҳати шу экан-да?

- Ҳа. Масалан, шошиб турибман, тўйга бордим, бирортанинг ўрнига кириб кетяпман. У ёш бўлса ҳам, мен унга қаттиқ ҳурматсизлик қилган бўламан! Қандай санъаткор бўлишидан қатъий назар, у инсон! Инсон эса, инсонни ҳурмат қилиши керак! Мен ўша пайтда уни ҳурмат қилмай, менсимай ўрнига кириб кетдим, эртаси куни эса, бирор кафеми, кўчадами кўриб, “яхшимисиз?” деб, қадрдондек қучоқ очиб кўришсам, ғирт ифлоснинг иши-ку! Ғирт иккиюзламачилик, мана шундай бўлади! Шунинг учун ҳам, санъаткорларнинг орасига унчалик қўшила олмайман. Бу уларни ёмон кўриш эмас, мен ёлғондан муносабат қила олмайман. Лекин, дўст бўлсам, ҳақиқий дўст бўламан! Масалан, вилоятларда шогирдларим бор, уларга ишонаман.

 

- Мухлис бевафо, деган фикрга муносабатингиз?

- Бу фикрга қўшилмайман. Чунки, бугун менинг бир қўшиғимга олқишлаб турса-да, эртага мен ишламай қўйсам, у бошқа қўшиқ эшитиб кетса, бу бевафолик бўлмайди! Мен ўзим, ўз касбимга нисбатан бевафолик қилган бўламан! Чунки, ўша мухлис ўзи ёқтирган сени аввалги қўшиқларингни эшитаверади. Лекин, сен ижодни давом эттирмасанг, эртага сендан бошқалар ҳам яхши қўшиқлар қилаверишади. Мухлислар уларни ҳам тинглашади. Бунинг учун улар айбдор эмаслар. Айб сенда, чунки сен яна янги яхши қўшиқлар қилмаган бўласан! Уларнинг қулоғига сен буйруқ бера олмайсан!

 

- Ўта камтарлик ҳам, манманликдан далолатдир, деган фикрга муносабатингиз?

- Мен шунга эътибор қиламан. Ошириб юбормадиммикан, деб ўйлаб қоламан. Баланс ушлаш жуда ҳам қийин. Атай камтар ролини ўйнаш керак эмас, шунинг учун ҳам, мен ҳар доим қандай бўлсам, шундай бўлишга ҳаракат қиламан.

 

- Ҳар гал саҳнага чиққанингизда нимани ҳис қиласиз?

- Мен бу нарсани ўйламайман. “Ёриб ташлашим” керак, деган фикр билан чиқаман, бўлди. Ҳаяжон ҳам бўлмайди.

 

- Қўшиқларингизда севги кўп тасвирланади. Ўзингиз севгига ишонасизми?

- Энди мен ҳам кимнидир ёқтирганман, севганман. Лекин, севгининг барбод бўлиши, ёки икки инсоннинг аразлашишида, доим қарс икки қўлдан бўлади. Севги бор, ишонаман. Севги борки, ижод ҳам бор.

 foto (7)

- Рақобатга муносабатингиз?

- Илгари Консерваторияда ўқиётган вақтларимизда, ҳар куни ўзимизча муҳокама қилардик. Жонли ижрода куйланарди. “Кеча тўйда фалончи мана бундай куйлабди, фалон мусиқачи келиб, мана бундай зўр чалиб кетибди! Роса боплабди!” деб ҳавас қилардик. Ўшани рақобат, деб биламан. Ҳозир-чи? Билмадим, ким келиб, мини-дискда нечта қўшиқ қўйиб кетибди, дейдими? Ҳозир асосан, фонограмма бўлиб қолгандек... Лекин, тўғри, жонли куйлаётган, ҳаракат қилаётганлар ҳам бор. Тўйга борганингизда оғзингизни очишингиз билан қарсак чалиб, олқишлагани бошқаю, “уф қачон кетаркин?” деб юзингизга қараб ўтиришгани бошқа!

 

- Ижодингизда плагиат борми?

- Бир марта ёшлигимда “Нолон” деган турк қўшиғининг мусиқасидан фойдаланганман, “Жоним” деган қўшиғимда! Бошқа қайтиб бу ишни қилмадим!

 

- Ҳозирги қўшиқлар ёшлар тарбиясига таъсир кўрсатмоқда, деган фикрларга муносабатингиз?

- Йўқ, бу фикрга қўшилмайман. Чунки, ҳар кимга ақл берган, ўша ақлга яраша ёққан қўшиғини тинглайди! Унга “мана буни эшит” десангиз, барибир эшитмайди! Ҳамма ўз ақли, дидига ярашасини эшитади. Лекин бошқа бир тарафи, ўша қўш  иқларни эшитиб қолиб, клипларни кўриб қолиб, кимдир “Ўзбекистонда шунақа экан” дейиши мумкин. Шунинг учун ҳам, менимча, назоратни кучайтириш керак.

 

foto (6)Фонограммага муносабатингиз?

- Масалан, уйингизга уста олиб келдингиз. У келиб, пол қоқиш учун, тақиллатиб мих уради, тўғрими? У уни касби, ижроси! Тасаввур қилинг, уста келиб, магнитофон қўйсаю, ундан тақиллаган овозни сизга эшиттириб, ўтириб-ўтириб, кечқурун, “бўлди” деб, кетса! Унга пул тўлайсизми? Назаримда, фонограмма шу билан баробар! Энди ким ўзига шуни эп кўрса, ўзи билади.

 

Саида Вахобова

Фотолар учун X Frame media production студияси

фотограф Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз

 foto (1)