FATTOHHON.COM
« Все новости![]()
26 апрел куни Алишер Навоий киносаройида дебютант режиссёр Лочин Охуновнинг “Сабр”фильми премьераси бўлиб ўтди. Фильм премьерасини саҳнада Нурмуҳаммад Исроилов очиб берди. Премьера аввалида, ёш хонандалар ўз қўшиқларини йиғилганларга тақдим этдилар. Саҳнага фильм ижодкорлари таклиф килиндилар ва таништирилдилар. Фильм бадий раҳбари ва сценарий муаллифларидан бўлган режиссёр Иброҳим Расуловга сўз берилди. Сўнг, фильм намойиши олдидан фильм саундтрейки экранда намойиш этилди. Ва ниҳоят, фильм намойиши бошланди. Фильмни илк кадрларидан операторлик иши жуда суст эканлиги сезилиб турарди. Фильм мавзуси ўгай она ҳақида бўлиб, унда ўгай она аслида қандай эканлиги, яъни фильм қаҳрамонини асли қандайлиги очиқ қолгандек назаримда. Фильм воқеасига кўра бош қаҳрамон йигитнинг онаси вафотидан сўнг қанча вақт ўтганлиги негадир очиқ қолган. Фильмдаги баъзи ҳолатлар, ҳатто ҳаётда ҳам содир бўлмайди. Мисол учун, касалхонада капельница қўяётган ҳамшира, “ҳаракат қилдик аммо фарзандингизни сақлаб қололмадик” деб, эндигина ўзига келган беморга бемалол айтиб, айтиб хонадан чиқиб кетиши, кино залда ҳам “ҳечам ҳаётда бундай бўлмайди-ку” деган гап-сўзларга сабаб бўлди. Воқеалар ривожи ҳам жуда суст. Актёрлар ижроси томонлама, режиссёр топшириқ бермагандек, менимча. Фақатгина Дилбар ролини ижро этган Феруза Юсуповагина ўз ролини маҳорат билан ижро этганлиги кўриниб турибди. Фильмни воқеалар ривожини кутишга сабримиз етмай, ташқарига чиқишимиз билан фильмнинг бадий раҳбари ва сценарий муаллифларидан бўлган режиссёр Иброхим Расуловга кўзимиз тушди. - Фильм тугагани йўқ, лекин биз сизни залдан ташқарида учратдик. Сабаби? Фильмдан зерикиб ташқарига чиқдингизми?
Иброҳим Расулов: - Йўқ, зерикканим йўқ. Мен бу фильмни кўрганман. Авваламбор, бу фильмда ўзим 3-4 кун маслаҳат бериб, сценарийларини ўзларига нотўғри йўналишда эканлигини тушунтириб, фильм номини ўзгартириш кераклигини айтдим. Фильмни илк номи “Шум қадам” эди. Фильм ўгай она ҳақида. “Ўгай” сўзи ўзи сал аччиқроқ сўз. Аввало ҳамма ўз ота ва онаси билан бирга бўлсин! Аммо бу ҳаёт, шундай ҳолатлар ҳам бўлади. Агар мисол қилиб айтсак, болани ўз онаси оёғини тагига олиб урса ҳам, болага қаттиқ ботмайди. Агар ўгай она бўлса, боласи катталарни ичида турган бўлса, болам сен ўтириб тургин, деса ҳам қаттиқ ботади. Аслини олганда, ўгай она қўлида катта бўлган болаларга эмас, бошқа она туққан болани тарбия қилаётган оналарга қийин. Уларни ҳам тушуниш керак. Мен айтдим фильмни, ана шу тарафга буриш керак деб. Фильм номини, мен нимага “Сабр” дедим. Сабаби сабр қилиб, меҳнат қилиб, болаларни кўнглига йўл топгунгача, сабр қилиши керак. Охир-оқибатда ўша фарзанд ҳам ўз онаси даражасида, бошқа онани севишни бошлайди. Мана шу тарафлари кўрсатилиши керак эди. Аммо, булар маслаҳатни ўзларига маъқул жойларини олишган. Фильмда албатта ўзига яраша камчиликлар етарли. Албатта, фильм суратга олиш учун тажриба керак. Буларни бу ўзи биринчи фильми.
-2013 йилни январ ойидан бошлаб айтадиган бўлсак, кўплаб дебютант режиссёрлар ўз фильмларини тақдим этдилар. Аммо, ҳар бир оддий томошабинга “бу бунинг биринчи иши” деб тушунтира олиш қийин... Фильмни, балки тажрибалироқ инсонлар суратга олиши керакмикан?
Иброҳим Расулов: - Тўғри, лекин бу қадриятларимизда ҳам бор, устоз шогирдчилик. Энди бир йилда Санъат институтимизнинг режиссёрлик факультетини 30 та талаба битириб чиқади. Аммо, бу 30 та тажрибали режиссёримиз бор, дегани эмас. Яхши режиссёрни ҳеч қачон фақатгина Санъат институти тарбиялаб бера олмайди 4 йилда. Яхши режиссёр болалигидан ўша ота ва онаси билан тарбияланади. Режиссура бу бошқача касб. Мисол қилиб олсак, дунё миқиёсида бир йилда нечта фильм чиқади. Лекин, бизгача етиб келадигани, биз танийдиган режиссёрлар саноқли. Бутун дунё бўйича шов-шув қилиб “Оскар” мукофотларига эга бўлаётган режиссёрларни санасак 10 та дан кам.
-Мана шундай тажрибасиз режиссёрларни фильмларини катта экранга чиқармаслик учун, ким масъул, нима деб ўйлайсиз?
Иброҳим Расулов: - Савоб деган нарса бор. Ҳаммамиз яхши биламиз. Савоб ҳам ҳар хил бўлади-да. Лекин, ҳаммаси савоб. Мисол учун, кўзи яхши кўрмайдиган кампирни йўлнинг у юзига ўтказиб қўйсангиз, у ҳам бир савоб. Бу бор нарса. Қадриятимизда ҳам бор. Энди ночор аҳволдаги қиз ёки йигитни турмушга берсангиз у ҳам бир савоб.
-У бир киши. Бу фильмни эса миллионлаб томошабинлар кўришади...
Иброҳим Расулов: - Энди энг аввало, мана бу фильмда битта нарса бор. Мен буни оқлай оламан. Буларнинг камчиликларига кўз юмиш керак, қайсидир маънода дея оламан. Сабаби, бу фильмда охирига яқин саҳналари, ўгай бўлиш оғирлиги, яъни ўгай оналар сабр қилиб, охири ўша болаларни ҳам она дейишга боришгача бўлган меҳнатини кўрсатилган. Бу ибрат бўлиш.
-Ижодкорлар шу ибратни кўрсата олишдими?
Иброҳим Расулов: - Улар ўзларининг мақсадларининг бир 30 фоизига эришишди, дея оламан.
-30 фоиз етадими, томошабинлар фильмни тушунишлари учун?
Иброҳим Расулов: - Йўқ! Бу оддий томошабинга етмайди. Мен сценарий муаллифи эмасман. Мен буларни сценарийларини мумкин ва мумкин бўлмаган жиҳатларини йўлга солиб бердим. Лекин, булар қай даражада экранга кўчиришди... Битта гапни минг хил гапиртиришингиз мумкин-де. Шу томонларини кўриб айтяпман. Булар ҳали анча ўрганиши керак, анча меҳнат қилишлари керак. Лекин, миллий қадриятларимизга зид, менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган, айниқса ёшларимизнинг тарбиясини бузишга хизмат қилмаётганидан хурсанд бўлишимиз керак, биринчи ўринда. Бу фильмни кўчада турган ёшларимизни тарбиясини бузадиган жиҳати йўқ. Шу тарафига баъзи бир жойларида хурсанд бўлиб қўйяпмиз. Чунки, бу ҳам фильмнинг бир яхши тарафида. Бир хилги фильмларда режиссура томонлама, оператор томонлама жуда зўр, ҳар томонлама мукаммал кадрлар қилишмоқда, аммо у аксарият ҳолатларда бизнинг миллий қадриятларимизга зид ҳолатлар. Шундай фильмларни ҳам кўряпмиз.
-Унда ёшларнинг тарбиясини бузмас экан, 30 фоиз бўлса ҳам, бир яхши тарафи бор, деб турсангиз, савиясиз фильмларнинг янада кўпайишига сабаб бўлмасмикан?
Иброҳим Расулов: - Биласизми, бизни режиссёрларимизни кўпроқ айби нимада? Кўп ўқимасликда. Бу нарсани ўзим ҳам гапириб ўтдим. Баъзи ҳолатларда кимнидир чақирсак, унга меҳнати эвазига маблағ тўлашимиз керак. Тажрибали одамни чақирганимизда, уни вақти кетади, йўл-йўриқ кўрсатади, ўргатади. Биз уни эвазига, у инсонга ҳам етарли маблағ беришимизга тўғри келади. Менимча, баъзи бир ҳолатларда шундан қочиляпти. Шундан келиб чиқилиб, умри қисқа фильмлар суратга олиняпти. Биз майли, 10-15 та фильмлар суратга олдик, лекин ҳалигача ўзимизнинг устозлар бор, улар билан маслаҳатлашиб турамиз, фикрлашамиз.
-Ижодкорларга ва томошабинларга тилакларингиз....
Иброҳим Расулов: - Аввало бу “Сабр” фильмини озгина сабр билан кўриш керак. Ўша сабр билан кўрганингизда, айтмоқчи бўлган 3 -4 та чиройли фикрлари ҳам бор. Энди буларни ишининг бошланиши экан. Мен буларга омад тилайман. Булар устозларидан маслаҳат олишлиги керак, кўпроқ билиш керак ўқиш керак. Булар ҳали ёш олдинда ҳаммаси. Омад тилайман ҳаммага.
Ҳар бир фильм тақдимотидан сўнг, билдириладиган фикр, бу ҳар бир фильм тақдирини томошабинлар белгилайди. Шундай экан, “Сабр” фильми, 27 апрелдан юртимиз кинотеатрларида намойиш этилмоқда! Феруза Фаттохова





