FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда Тожикистон маданият кунлари доирасида, Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг катта залида Тожикистон санъат намояндалари томонидан намойиш этилган концерт томошабинларда катта таассурот қолдирди. Унда Тожикистонлик санъаткорлар ўзларининг миллий анъаналари акс этган куй-қўшиқлардан ижро қилдилар.
Концертда “Зебо” рақс ансамбли, Тожикистон халқ артистлари Саидқул Билолов ва Давлат Холов, шунингдек, Шарофат Усмонова, Амиржон Рўзиев, Фотима Машрапова каби хонандалар ижросида қўшиқлар янгради.
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков: - Ҳозирда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевни ён қўшни давлатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш керак, деган сиёсатни олдинга сурганлиги ва бу масала “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам белгиланган бўлиб, мана шу сиёсий қарашлар доирасида, бугун нафақат сиёсатда, балки маданиятда ҳам, ўзига хос даражада қўшни давлатлар билан муносабатлар мустаҳкамланяпти. Бугунги кунда ўзбек халқи ва тожик халқи учун энг муҳим жиҳат ҳам, менимча маданият, санъат соҳасидаги ҳамкорлик! Бу ҳамкорлик илгари ҳам катта натижалар бериб келган бўлиб, маданият, санъат ва кино соҳасида Тожикистонлик ижодкорлар билан ҳамкорликда бир неча яхши ижодий асарларга қўл урилган. Шунингдек, умуман маданият соҳасида бу икки халқ, агар бир-бирларидан тилда фарқ қилмаса, концертда ҳам гувоҳи бўлдикки, на оҳанглари, мусиқаси, на саҳнавий либосларида, умуман фарқ йўқ, биз билан бир хил. Демак, бу икки маданияти бир хил бўлган халқ, бирга бўлиши керак. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам, айниқса чегара ҳудудларида жуда кўп тожик халқи истиқомат қилишади, Тожикистонда ҳам ўзининг асосий халқидан кейин турадиган ўзбек халқи яшайди. Шунинг учун ҳам, бу икки Давлат, икки халқ бир-бири билан дўстлашмаслиги, ҳамкорлик қилмаслиги катта хато бўлади, деб ўйлайман. Бу хато эса, халққа қийинчилик туғдириши мумкин. Бу йил бизда олиб борилаётган сиёсат, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” доирасида ҳам, айнан мана шу масалалар, яъни Ўзбекистонда яшаётган тожик халқининг манфаатлари ва Тожикистонда яшаётган ўзбек халқининг манфаатлари кўзда тутилган ҳолда ўтказилаётган бу тадбирлар нафақат бизнинг халқимиз учун, балки тожик халқи учун ҳам, Тожикистондаги ўзбек халқи учун ҳам, энг муҳим сиёсий ва ижтимоий, маданий қадамлар, деб ўйлайман. Бу албатта ўз натижасини бермоқда. Бугунги концертда ҳам нафақат бу ердаги тожик, балки ўзбек томошабинлари ҳам, яйраб маданий ҳордиқ чиқаришди, бизнинг ўзбек санъаткорлари ҳам Тожикистонга борганда, у ерда яшаётган ўзбеклар учун ҳам катта совға бўлди, десам хато қилмайман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова