FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбек халқи учун пахта худди буғдой каби азиз, азалий миллий бойлик бўлиб, ҳар йили кузда меҳнаткашларимиз уни қолдирмай териб олиш учун астойдил ҳаракат қиладилар. Ҳар йили кузда санъаткорларимизни Республикамиз бўйлаб, пахта теримчиларига концертлар беришлари, улар билан бирга пахта териб, руҳан ва маънан қўллаб-қувватлашлари ҳақиқий ўзига хос анъанага айланган. Бу ҳақида бир неча йиллардан буён сайтимизда ёритиб ҳам келинмоқда. (МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!, МАЪЛУМОТ!, МАЪЛУМОТ! )
Бу йил ҳам, “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси санъаткор ва хонандалари пахта терими бошланиши билан, Республиканинг турли вилоятларида пахта теримчиларини қўллаб-қувватлашга киришиб кетдилар.
Бундан ташқари, Пахта теримчиларини яна ҳам руҳлантириш учун Маданият вазирлиги ҳамда, “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси ташкилотчилигида, 21 октябрь куни Бектемир туманида, “2017 йил пахта ҳосилининг “Зарбдор” ўттиз кунлигига муносиб ҳиссамизни қўшайлик” шиори остида пахта йиғим- терими тадбири ташкил қилинди.
Эрта тонгдан кўплаб санъаткор ва хонандалар пахта даласи сари йўл олиб, у ерда тушликка қадар, пахта теришди. Терган пахталарини йиғиб, торттириб, ўлчатишди. Чунки, бу сафар фақат концерт бериш учун эмас, пахта териш, теримчилар меҳнатини ҳис этиш, шу билан бирга уларни қўллаб-қувватлаш учун боришган эди.
Ғуломжон Ёқубов,
Юлдуз Усмонова,
Райхон
ва Шахзодадан тортиб, ҳамма санъаткорлар ва хонандаларнинг пахта терганлари кўпчиликни ҳайратлантирди ҳам.
Шунингдек, Маҳмуд Намозов, Илҳом Фармонов, Алишер Файз, Зиёда, актриса Ҳалима Ибрагимова, Абдулла Қурбонов, Азиз Ражабий, “Ҳандалак”чи сўз усталари Зокир Очилдиев ва Ортиқ Султонов ва бошқа кўплаб санъат вакиллари тадбирда фаол иштирок этишди.
Мазкур тадбир пахта теримчилари учун маданий ҳордиқ ҳам бўлиб, уларнинг кайфиятини юқори кўтариб, янада руҳлантирганлиги сир эмас.
Чунки, пахта тераётган санъаткорлардан атрофдагилар қўшиқ куйлаб беришларини илтимос қилишгач, даланинг ўзида кўпгина қўшиқлар янгради.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбековнинг айтган сўзлари, мазкур тадбирнинг мақсадига жуда мос бўлди ва бу сўзни унинг таклифи билан барча биргаликда такрорлади: - Юртимиз бир, ризқимиз бир!
Озодбек Назарбековнинг “Ташаббус билан келиб, халқимиз хирмонига озгина бўлса ҳам, ҳисса қўшишга бирлашдик! Мана шу бирдамлигимизга ҳеч қачон кўз тегмасин! Доим елкама-елка туриб, Ватан хизматида, биргалашиб бел боғлаб туриш, Халқни ичида бўлиш, ҳақиқатда халқни орасида, сизлар билан бирга елкама-елка халқимизнинг яхши кунларида бирга бўлиш, ҳаммамизга насиб қилсин!” деган сўзлари барчани янада руҳлантириб юборди!
Чиндан ҳам, санъат аҳлининг ҳамжиҳатлиги, аҳиллиги бугунги кунда барча тадбирларда акс этмоқда.
Тадбир якунида Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг “Ўзбекистон” қўшиғини барча санъаткорлар биргаликда жўр бўлиб юракдан куйлашди!
Тадбир файзли ва кўтаринки руҳда ўтди.
Фото ва видеолар учун Сарварбек Холназаровга
миннатдорчилик билдирамиз