FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Халқ демократик партияси дастурида белгиланган вазифаларни кенг тарғиб этиш, юртимизда эркин демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида, куни кеча Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан “Мен Ватаним равнақига ҳисса қўшишни истайман” шиори остида, “Ёш сиёсатчи-2017” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.
Тадбирда, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аппарат ходимлари, Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши “Истиқбол” ёшлар қаноти етакчилари ва кўрик-танлов иштирокчилари, олий таълим муассасалари талабалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ўқувчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ходимлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Давлатимиз Раҳбарининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Шу билан бирга, кадрлар сиёсатида ҳам, ёшлар омилига алоҳида эътибор қаратилиб, билимли, ташаббускор ёшларимизга энг масъул вазифалар ишониб топширилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик Партияси томонидан ҳам бу борадаги қарорларнинг ижроси, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2008 йилдан буён “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Мазкур танловда иштирок этиш истагида бўлган ёшларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Танловда 18 дан 30 ёшгача бўлган ўз лойиҳасига эга партия аъзолари қатнашиш имкониятига эга бўлиб, бу йил 19 500 нафардан ортиқ ёшлар мазкур танловда иштирок этишганлиги ҳам, йилдан йилга ёшларни ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол бўлишга интилаётганлигининг ёрқин тасдиғидир.
Танловнинг якуний Республика босқичи 3 та шартдан иборат бўлиб, 1 шарт “Лойиҳа тақдимоти”, 2 шарт “Билимдон сиёсатчи шарти” ва 3 шарт “Нотиқлик санъати”дан иборатдир. Ғолиблар, Ҳакамлар Ҳайъати томонидан берилган баллар натижасига кўра эълон қилинди.
Танловни учинчи шарти ва Ғолибларни Тақдирлаш Маросими Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгашида ташкил этилиб, унда сўзга чиққан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов бугунги ёшларнинг қанчалик кучли билим ва салоҳиятга эга эканлиги, ҳамда мазкур танлов ҳақида ўз фикрларини баён этиб ва ёшларга омад тилади.
Танловда 3 та вилоят вакиллари бўлган ёшлар ғолибликни қўлга киритдилар.
1 –ўрин – Шавкат Бобожонов Бухоро вилояти
2 –ўрин – Мухлиса Орифжонова Фарғона вилояти
3 –ўрин – Равшанбек Абдуллаев Қашқадарё вилояти
Республика босқичига чиққан Танловнинг бошқа иштирокчилари ҳам, турли номинациялар бўйича Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Мазкур кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказишда фаоллик кўрсатиб, яқиндан ёрдам берган ҳамкор ташкилотларга ташаккурномалар топширилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси “Истиқбол” ёшлар қаноти томонидан ўтказилган “Ёш сиёсатчи-2017” Республика кўрик-танловини юқори савияда ташкил этишга қўшган ҳиссаси учун Fattohhon.com сайти раҳбари, сценарист Феруза Фаттохова Ташаккурнома билан тақдирланди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов томонидан Ўзбекистон Халқ Демократик партиясига аъзо бўлган бир қатор юртдошларимизга партияга аъзолик гувоҳномаларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир давомида “Ниҳол мукофоти” совриндорлари Машҳурбек Раимжонов, Шахзод Муродов ва бошқа хонандалар ўзларининг куй-қўшиқлари билан барчани хушнуд этишди.
“Ёш сиёсатчи” Республика кўрик-танлови ёшларни ватанпарварлик, истиқлол ғоялари, миллий қадриятлар руҳида вояга етишларида муҳим аҳамият касб этиб, уларни мақсад сари интилувчан, она Ватанимизнинг келажаги йўлида эзгу ишларга қодир инсонлар бўлиб улғайишларида муҳим ўрин тутади. Танлов иштирокчилари ва ғолиблари келажакда жамиятга керакли инсонлар бўлиб, Ватанимиз равнақига албатта, ўз муносиб ҳиссаларини қўшадилар, деб ўйлаймиз.
Саида Вахобова
ВИДЕОЛАР YOUTUBE.COM даги FATTOHHON.COM КАНАЛИДА!