FATTOHHON.COM

« Все новости

ТАМИЛА: СЕВГАН ИНСОНИМ ЙЎҚ, ИЛҲОМ БЕРАДИГАН... 21.09.2014 17:24

foto (1)

Хонанда Тамила ижодини бошлаган вақтдан буён унинг ижодида кўплаб ўзгаришлар бўлди. Бошида бу хонанда ҳақида, унинг бошқача талаффузда куйлаши, рақсга тушиши борасида эътирозли фикрлар ҳам бўлганди. Лекин, Тамила ўз устида ишлади, ижод қилди ва тиришқоқлиги, меҳнати билан бугунги кунда ижодда ўз ўрнини топди ва муваффақиятга ҳам эриша олди. Бугунги “Диллашув” саҳифаси меҳмони хонанда Тамила.

 foto (9)

Хонанданинг асл исми-шарифи Эсмеральда Раҳматова.

Тамила тахаллуси қандай берилганлиги ҳақида хонанданинг ўзи: - 1988 йил 13 августда туғилганман.  Синглимнинг исми Камила. Бувим ҳам шунга мослаб, мени Тамила деб чақирардилар. Кейинчалик хонандалик фаолиятимни бошлаётган вақтимда, продюсерим, администраторим, ижодий гуруҳимиз билан биргаликда, менга тахаллус танлаш борасида маслаҳатлашдик ва Тамила тахаллуси остида ижодий фаолиятимни бошладим. Бир гал менга паспортдаги исмимни ҳам Тамила, деб ўзгартиришим маслаҳат беришди. Мен ўзим ҳам шу ҳақида ўйлаб, буни онамга айтдим, (кулади) онам эса бунинг учун мен билан 2 кун гаплашмадилар! Шундан кейин унга ҳаммаси жойидалигини айтиб, тинчлантирдим.

Москва Тадбиркорлик ва ҳуқуқ институтининг иқтисодиёт факультетини тугатганман. 2011 йилдан мусиқага, санъатга қизиқиб шуғуллана бошладим. Ўзи аввалдан санъатга қизиқар, ҳавасим баланд эди. Бир дугонам хонандаликка кастинг бўлаётганлигини айтди ва қатнашиб кўришни маслаҳат бериб, телефон рақамларини ҳам берди. Қўнғироқ қилдим ва кастингда иштирок этиш учун бордим. Омадим келиб кастингдан яхши ўтдим ва мени қабул қилишди! Вокал бўйича сабоқ олганман ва ҳалигача сабоқ оламан, шуғулланаман. Хуллас, кастингдан ўтганлигим ўзимга бўлган ишончимнинг ортишига сабаб бўлди.

 foto (18)

- Бошқа соҳада таълим олган экансиз. Санъат соҳаси бўйича ҳам Олийгоҳда, ёки Консерваторияда ўқиш фикри бўлмадими?

- Бу ҳақида ўйлаб кўрганман, аммо ҳозир эмас. Менимча, бир-икки йилдан кейин, балки... Ҳозирда бунга ҳам, бошқа ишларга умуман вақтим ҳам етишмайди. Шунчалик бандманки, ҳаттоки шахсий ҳаётга ҳам вақт йўқ. Кундалик режам олдиндан тузилган бўлади, вокал, рақс, фитнес, ҳаммасига улгуриш керак. Лекин, балки кейинчалик бу ҳақида ўйлаб кўрарман?

 

- Ўзингизнинг қайси қўшиғингиз ўзингизга кўпроқ ёқади ва уни “ташриф қоғозим” дея оласиз?

- Ўз репертуаримдан “Ягонам” қўшиғим, мухлислар уни жуда яхши қабул қилишган.

 

- Қачон илк марта саҳнага чиққансиз, ўша лаҳзаларда нимани ҳис қилгансиз?

- (самимий кулиб, эслаб) Биринчи навбатда қўрқув бўлганди, мени томошабинлар қандай кутиб олишар экан, деган қўрқув бўлганди. 2011 йил декабрь ойи эди, бу катта саҳна эмасди, тўй эди... Кутилмаганда жуда яхши кутиб олишган! Барча қўрқувларим бир зумда тарқаб кетган.

 foto (15)

- Одатда қиз боланинг санъат йўлини танлашига кўпчилик оилаларда қаршиликлар бўлади? Сизда-чи?

- Мени ҳам бошида оиламдагилар қарши бўлишган. Лекин, кейинчалик менинг қизиқишим, интилишларимни кўриб рози бўлишди ва ҳозирда қўллаб-қувватлашади. Оиламдагилар ҳам санъатга қизиқишади, аммо бу ҳавас холос.

 

- Сиз ўз клипларингиз билан эътибор тортишга уринаётгандексиз. Томошабинлар сизни ўзгача, ноодатий клиплар орқали эътиборда, дейишади. Бунга муносабатингиз?

- (самимий кулиб) Менимча, ҳамма шунга интилса керак, фақат мен эмас. Лекин, бу атайлабдан ҳам эмас. Клип борасида бутун ижодий жамоа биргаликда ишлаймиз. Лекин, биз қўшиқлар борасида ҳам, клиплар борасида ҳам янгилик қилишни истаймиз. Иккови ҳам бирдек қизиқарли ва сифатли чиқишига ҳаракат қиламиз. Ҳозирда демак, клипларимиз ёдда қоларли бўлмоқда экан, демак, эндиликда қўшиқларга янада эътибор қаратамиз.

 

- Сизнинг куйлашингиз учун қўшиқ қандай танланади? Ўзингиз танлайсизми, ёки?

- Одатда, мен учун ижодий гуруҳ билан ҳаммамиз биргаликда, маслаҳатлашиб танлаймиз. Одатда, аввал мусиқасига эътибор қаратилади. Оҳанги ёдда қоларли бўлиш  керак, назаримда.

 

- Кўпинча ижодий гуруҳ фикрига қараб иш тутасизми? Яъни, дарҳол рози бўласизми?

- Одатда, ижодий гуруҳ, албатта менинг муваффақиятим учун ҳаракат қилишади. Шунинг учун бўлса керак, ўйлаб кўраман ва кўпинча уларнинг фикрига қўшиламан, уларнинг фикри билан келишаман.

 foto (12)

- Агар клипларда сизга қилинган макияж ёки имидж сизга маъқул бўлмаса?

- Йўқ, дарҳол рози бўлмайман баъзида, сиз айтган ҳоллар ҳам бўлади, аммо жуда кам! Лекин, асосан менга таклиф қилинаётган имидж, макияж менга маъқул бўлади! Асосан, ёққани учун ҳам шундай кўринишда чиқишга рози бўламан!

 

- Клипларда доим кимнидир ром этмоқчи бўлган жозибали аёл образида чиқасиз. Бу образингиз ўзингиз учун ҳаётга яқинми? Ҳаётда қандай инсонсиз?

- Билмадим, клипдаги кўринишим, бу образ. Ҳаётда эса, сиз билан қандай сўзлашиб турган бўлсам, шундайман.

 

- Карьера учун нимадандир воз кечганмисиз?

- Ўзимнинг шахсий вақтимдан бўлса керак. Чунки, шахсий ҳаётга деярли вақтим йўқ!

 foto (17)

- Одатда бирор қарор қабул қилганда фақат ўз фикрингизга таяниб иш кўрасизми, ёки кимдир билан маслаҳатлашасизми?

- Одатда аввал ўзим бир қарорга келаман, ундан сўнг маслаҳат сўрайман. Аммо, мени ўз фикримдан ўзгартириш жуда қийин! Аммо, мени ўзгалар фикри ҳам қизиқтиради! Лекин, барибир ўз билганимдан қолмайман, қароримдан қайтмайман!

 

- Ҳаётингизга муҳаббат кириб келганми?

- Йўқ, ҳали.

 

- Севгида нимани қадрлайсиз?

- Тўғрилик, ҳалолликни! Сени севган инсон, ўйлайманки сени тушуниши, қўллаб-қувватлаши, тиргак бўлиши керак!

 foto (16)

- Ҳаётда-чи, сиз учун энг қадрли инсонлар...

- Менимча, ҳаётдаги энг қадрли инсонлари бу ота-онаси бўлса керак! Улар сени энг яқин ва энг қадрли инсонларинг бўлишади. Мен учун оила, ҳозирда бу менинг ота-онам! Улар мени доим қўллаб-қувватлашади. Ҳаттоки, бирор нарса уларга бошида ёқмаса ҳам, қарши бўлишса ҳам кейин ўйлаб кўриб, тушуниб, барибир қўллаб-қувватлашади. Шунинг учун ҳам, ота-онам ёки бирор нарса туфайли, яъни оила тарафлама, қай биринидир танлайдиган вазият бўлмаган! Лекин, агар танлаш вазияти бўлиб қолиб, ота-онам менга қай биринидир танлашни айтишса, унда мен албатта, сўзсиз ота-онамни танлайман!

 

- “Бахт” сўзи сизга нимани англатади?

- Менимча, бахт биринчи навбатда сени соғ-саломат эканлигинг, ўзингни яхши ҳис қилишинг! Кам-кўстсиз эканлигинг!

 

- Сизга ижодда нима илҳом беради?

- Севган инсоним йўқ, илҳом берадиган... (самимий кулади) Менимча, мен ўзимни яхши кўрсам керак! Тўғриси, баъзида кутилмаган бир нарсадан ҳам илҳомланишим мумкин. Масалан, кўзгуга қараганимда, қиёфамдан, кайфиятим яхши бўлса, ишнинг ўзидан!

 

- Ижод йўли осон йўл эмаслиги барчага аён. Сиз учун энг қийини нима бўлган?

- Тўғрисини айтсам, бошланиши қийин бўлган. Инсон доим ниманидир бошлаш олдидан қўрқади. Менда ҳам қўрқув бўлган. Шунинг учун менимча, энг қийини бошлаб олиш эди! Кейин эса, аста-секин, доимий равишда кўникдим. Ҳаттоки, осон ҳам туюла бошлади. Ишимни жуда қийин демайман, чунки менга ўз касбим, қилаётган ишим жуда ҳам ёқади. Қўшиқ куйлашни яхши кўраман.

 foto (10)

- Ижодингизга энг қаттиқ танқид қандай бўлган?

- “Ана, яна сан” клипим борасида жуда қаттиқ танқид бўлганди. Ташқи қиёфам, ўзимни тутишим тарафлама ҳам.

 

- Нима деб ўйлайсиз, бу тўғри танқидмиди?

- Биласизми, ҳамма инсонлар ҳар хил ўйлашади. Қанча инсонлар бўлса, шунча фикрлар мавжуд! Ҳаммани ҳаёт ҳақида ҳам, клиплар борасида ҳам ўз фикри, ўз тасаввурлари бор. Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон ўзгача фикр билдиради, ўз фикрини айтади. Лекин, мен ҳар қандай фикрни тинглаб кўраман ва хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтсам, менгу у клип ҳамма клипларимдан кўра кўпроқ ёқади.  Балки, томошабинлар биз бу клипда кўрсатмоқчи бўлган нарсаларга тайёр эмасдирлар? Лекин, ижодкор ижод кишиси, у ижод қилади, албатта, маънавий қадриятларни ҳисобга олган ҳолда! Албатта, буни кўп муҳокама қилишлари мумкин, аммо биз айнан шу нарсага интилмаганмиз. Биз ижод қилишга, янгилик қилишга ҳаракат қиляпмиз.

 

- Одатда танқидни қандай қабул қиласиз?

- Мен ҳар қандай танқидни аввал эшитиб кўраман, қандайдир хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан. Мен учун биринчи навбатда халқ фикри муҳим. Шунинг учун ҳам, ҳамиша фикрларни эшитаман. Танқидга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Агар танқид қилинмаса, инсонлар ўз хатоларини билишмайди, деб ўйлайман.

 foto (14)

- Мухлисларингиз кўчада юзма-юз келиб, сизга ўз фикрларини айтган ҳолатлар ҳам бўлганми?

- Мухлисларим одатда, келиб фикр айтишмайди. Улар, аксинча келиб, клипларимни мақташади, бирга суратга тушишади. Ҳақиқий фикрлар, танқидларни эса, одатда инстаграммдаги профилимга ёзишади. (кулади) Улар у ерда кўринишмайди, кўзингизга кўринмагандан кейин, ҳақиқатни ёзишади! Ўзингизга дуч келиб, айта олмаган гапини у ерда ёзишади. Чунки, ҳақиқатни кўзингизга қараб айтиш қийин!

 

- Энг қийин вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш учун сизга нима ёрдам беради?

- Ҳаётда, биринчи навбатда ота-онамнинг маслаҳатлари, албатта. Яна, дўстларим билан ҳам маслаҳатлашаман. Ўзимга тегишли хулоса чиқариб, кейин қарор қабул қиламан. Ижодда эса, ижодий гуруҳимиз бор, мен уларга тўлиқ ишонаман. Нима муаммо бўлса, биргаликда муҳокама қиламиз. Маслаҳатлашиб бир қарорга келамиз.

 

- Ҳаётингизда гўзаллик қанчалик ўрин тутади?

- Менимча гўзал бўладими, ёки йўқми, ҳар бир инсон албатта ўзини яхши кўради. Ўзини яхши кўрган инсон эса, албатта гўзалликка интилиши табиий. Аммо, инсон қалбан ҳам гўзал бўла олиши керак, менимча.

 

- Болаликдаги орзуларингиздан қайсиларини бугун амалга ошира олдингиз?

-Тўғрисини айтсам, болалигимдан орзуларим бутунлай бошқача эди... Лекин, ҳаётим бутунлай бошқача бўлди. Аммо, бундан жуда ҳам хурсандман!

 foto (11)

- Шоубизнесда дугоналарингиз борми?

- Битта продюсерлик марказида ижод қилаётган хонанда Амира Алибекова билан дугонамиз.

 

- Одатда шоубизнесда ҳақиқий дўстлик йўқ, дейишади...

- Менимча, фақат шоубизнесда эмас, ҳаётда ҳам қизлар, аёллар ўртасида ҳақиқий дўстлик йўқдек... Мени дугоналарим йўқ, мени фақат дўстларим бор. (самимий кулади) Энг яқин дугонам бу онам Оля! Тўғри, танишларим бор, улар билан бирор жойга бирга боришим мумкин, уларнинг уйига меҳмонга боришим, улар меникига меҳмонга келишлари мумкин. Аммо, бутунлай яқин бўлиб, кўнглимдаги ҳамма гапларни айтиб берадиган даражада эмас! Чунки, мен бирорта ҳам дугонамга ишонмайман! Менимча, ҳеч ким ҳаётда сен учун таваккал қилмайди! Фақатгина онанг ҳамиша сенга яқин бўлиши, сен учун ҳамма нарсага тайёр бўлиши, сен учун ҳар қандай ишни қила олиши мумкин! Отанг ҳам, албатта! Аммо, барибир она кўпроқ яқин бўлади, назаримда.

 

- Амира Алибекованинг ижоди ҳақида қандай фикрдасиз?

- У жуда ҳам қобилиятли ижодкор. Менга унинг овози ёқади, овози бошқаларникидан ажралиб туради. Менга айниқса, унинг янги қўшиғи “Хаста” жуда ҳам ёқди.

 foto (13)

- Ўзимда қандай камчиликлар бор ва нимани ўзимда ривожлантиришим керак, деб ўйлайсиз?

- Менинг асосий камчилигим, бу характеримдаги қизиққонлик ва ўзгарувчанлик, деб ўйлайман. Буни минус деб, ўйлайман. Чунки, мен анча вақт индамай туришим, кейин эса, кутилмаганда арзимаган бир гапдан жаҳлим чиқиб кетииши мумкин. Албатта, бу камчиликлар билан курашяпман ва характеримни барқарор ва мустаҳкам бўлишига ҳаракат қиламан.

 

- Ижоддаги устозларингиз?

- Ижоддаги устозим Вячеслав Андреевич! У талабчан устоз, тажрибаси катта, жуда яхши сабоқ беради. Агар ниманидир нотўғри амалга оширсам, албатта танбеҳ ҳам беради. Сабоқ вақтида хатоларимни тўғрилашга ундайди.

 

- Аёл киши кучли бўлиши керак, деган фикрга қандай қарайсиз?

- Бўлиши керак эмас, менимча, аслида аёл киши чиндан ҳам кучли бўлади! Жисмоний тарафлама эмас, бошқа кўп тарафлама! Лекин, аёл киши ўзининг кучли эканини намойиш қилиши керак эмас, деб ўйлайман! Чунки, эркак киши аёл кишини ўзидан кўра кучсизроқ, деб ўйлагани яхшироқ, менимча.

 foto (8)

- Айни вақтда касбингиз сиз учун нимани англатади?

- Айни вақтда, албатта, ота-онамдан сўнг, касбим мен учун биринчи ўринда туради! Ўз касбимни жуда яхши кўраман!

 

- Шоубизнесда ўтаётган йиллар сизни нимага ўргатди?

- Менимча, 3 йил бу кўп муддат эмас. Мен ҳозирча ўрганяпман, изланяпман. Ҳар бир клип суратга олинганда, ҳар бир қўшиқни куйлаганимда, диққат-эътибор билан ёндошаман. Хатолардан хулоса чиқаришга ҳаракат қиламан ва ҳар сафар уларни тўғрилайман, кейинги сафар олдинги хатони қилмайман.

 

- Шоубизнесда кимнинг ижодини кўпроқ кузатасиз?

-Менга Нилуфар Усмонованинг ижоди, овози ёқади. Унинг кўплаб қўшиқларини тинглайман. Унинг қўшиқларида ўзига хослик бор.

 

- Қўл телефонингизга қанчалик боғлангансиз?

- О... (кулади) Менимча, қўл телефонинг боғланмаган одам бўлмаса керак. Бу касаллик ҳаммада бор!

 foto (4)

- Ҳаётда қандай инсонларни ҳурмат қиласиз?

- Самимий ва ҳалол инсонларни!

 

- Бирорта билан уришиб қолиш, зиддиятлар, ёки тортишиш ҳолларида қандай йўл тутасиз?

- Одатда, ҳаммасини вазият тўғрилайди. Ҳамма ўз-ўзидан изга тушиб кетади.

 

Саида Вахобова

ТАСВИР газетасида чоп этилган

foto (5)

foto (3)

foto (2)