FATTOHHON.COM

« Все новости

“ОРИАТ ДОНО” РАДИОСИДА, ЖУРНАЛИСТ ВА РАДИОБОШЛОВЧИ АКМАЛ МИРЗОНИНГ “ЧОЙ УСТИДА” ДАСТУРИ МЕҲМОНИ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ МАНСУР ТОШМАТОВ! ЁШ БИЛАН БОҒЛИҚ РАҚАМЛАРНИ ЎЙЛАШ КЕРАК ЭМАС, МЕНИМЧА! 23.09.2014 18:59

foto (26)

“Ориат доно” радиосида, журналист ва радиобошловчи Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг бу галги меҳмони

foto (30)

устазода санъаткор, Ўзбекистон Халқ артисти Мансур Тошматов бўлди!

foto (18)

Дастур ҳар доимгидек тўғридан тўғри эфирда кечди.

Дастур аввалида Акмал Мирзо, Мансур ака Тошматов билан саломлашгач, Мансур акага сўз берди ва санъаткор барча тингловчиларга ўз самимий тилакларини билдирди.

foto (34)

Дастурда Акмал Мирзонинг таклифига кўра, ижодий ҳамкор сифатида биз ҳам иштирок этдик.

foto (20)

Акмал Мирзо Мансур ака Тошматовни 60 ёши билан самимий муборакбод этиб ўтди.

Акмал Мирзо: - Ҳар бир меҳмонга бу анъанавий савол билан мурожаат қиламиз ва албатта бу мавзуда суҳбатлашамиз. Яъни, болаликни хотирлаш...Катта оилада, юлдузли оилада таваллуд топган Мансур Тошматовнинг болалиги…

foto (27)

Мансур Тошматов: - Ҳар бир инсон, менимча, ёши катта бўлган сари, албатта, ёшлигини, болалигини эслайди. Албатта, мен ҳам эслайман, ёшлик бу энг ширин дамлар, беғубор болалик. Яъни, ҳеч қандай масъулият йўқ вақтлар, албатта мактабга бориб, дарсларни бажариб, бошқа вақт қиладиган ишлар эса, ўйин-кулги бўлган. Ғанижон Тошматов оиласида, ажойиб оилада туғилган эканмиз, албатта, бу оиладаги муҳит ўз таъсири ўтказган. Чунки, одатда оиламизда доим меҳмондорчиликлар бўларди, дадамизни ҳамкасблари, дўстлари йиғилишарди. Ўшанда, кўпчилик эшитган санъаткорлар Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова каби шундай бир ажойиб санъат дарғалари йиғилишгандан кейин,  уларнинг суҳбатлари, уларнинг аскиялари, айтган қўшиқлари ёдда қоларди! Уларнинг овозлари ҳозиргача қулоғимда! Мана шу нарсалар, мен ҳам санъат даргоҳига кириб келишимга сабабчи бўлган, деб ўйлайман!

 foto (23)

Акмал Мирзо: - Агар санъаткорнинг фарзанди санъаткор бўлса, кўпларида умрининг охиригача давом этади. Агар баъзи санъаткорнинг фарзанди санъат йўлига кирса, босиб ўтган йўлида, “кимнингдир боласи” деган ном қолади, холос. Лекин, Мансур Тошматовда, ёшликлариданоқ, ўша “кимнидир боласи” деган қобиқ бузилган! Мансур Тошматов! Устоз санъаткор Ғанижон Тошматовнинг ўғли! Кимлардадир, “фалончининг отаси” дейишади, бу албатта, яхши маънода, чунки Мансур Тошматов шахс сифатида ўзини кашф эта олган!

Мансур Тошматов: - Мен фикрингизни тушундим. Бир пайтлар, энди санъатга кириб келаётган вақтимда, бир журналист аёл, раҳматли отамларга: “Сиз, Ўзбекистон Халқ артистисиз, санъатда ўз ўрнингиз бор, обрўйингиз баланд! Сиз ўғлингизга ёрдам бераётган бўлсангиз керак” деб, мурожаат қилганида, отамлар “тирговуч билан кўтарилаётган девор тез йиқилади! Шунинг учун, мен ўғлимнинг ишларига аралашмайман” дегандилар! Айтмоқчиманки, ҳақиқатдан, одамлар шундай фикрга ҳам боришади. Бундай гаплар ҳам бор. Умуман, ҳар қандай ота-она ўз фарзандига қандайдир ёрдам бергиси келади, албатта. Санъатга кирса, санъат йўлида ҳам қандайдир ёрдамлашишга ҳаракат қиладию, лекин, менимча, санъат шундай бир нарсаки, ўша санъатга кираётган ўша ёш ижодкорни ўз ҳоҳиш-истаги, интилиши бўлмаса, отаси ёрдам берса ҳам, ким ёрдам беришидан қатъий назар, фойдаси йўқ! Бориб-бориб, барибир тез тўкилиб кетади. Мен бунга мисолларни ҳам кўп кўрганман. Чунки, менга ёш ижодкорлар кўп мурожаат қилишади. Мен ёшлар кўп қатнашадиган кўрик-танловларда ҳайъат аъзосиман! Ана шундай пайтларда, ёшлар, уларнинг ота-оналари, қариндошлари келишади, “ёрдам беринг, жуда ҳам зўр истеъдоди бор” дейишади. Лекин, уларнинг фикрлари бошқа, бизнинг фикримиз бошқа! Мен ўзим санъаткор бўлиб туриб, бир тарафдан отамизнинг йўлидан бормаганим учун афсусланаман. Дадам ҳам, “қани энди мана шу овоз билан катта ашулалар айтилса, жуда тўғри келарди” дердилар. Энди, дадам айтган йўналишда катта маҳорат билан куйлайдиган хонандаларимиз кўп, мен ҳам дунё миқёсидаги санъаткор бўлиш учун ҳаракат қиляпман, шунинг учун бошқа йўналиш, хориж қўшиқларини, бошқа мамлакатлар қўшиқларини ўрганиб, шуларни маромига етказиб, ижро этишни ўз зиммамга олиб, ўз вазифам, деб билдим.

 foto (15)

Акмал Мирзо: - Шундай инсоннинг фарзанди бўлиб, албатта шараф! Лекин, шунинг билан бир қаторда, барибир масъулияти тушади. Нафақат ўзингиз учун, ўзингизни ўйлаш, балки “фалончининг боласи” сифатида, у инсоннинг шаънини ўйлаш ҳам, барибир инсон зиммасига, катта босим, масъулият бўлади. Буни ҳис қилганмисиз?

foto (25)

Мансур Тошматов: - Албатта! Масалан, доим саҳнага чиқаётганда, унвонларингиз айтилади. Биринчидан, ана шу нарса масъулият! Бундан ташқари, сиз айтиб ўтганингиздек устазода номига ҳар бир инсон ҳам сазовор бўла олмайди. Бу қандайдир бир неъмат! Шу фикрни эшитганимда, албатта, катта масъулият ҳис қилинади! Саҳнага чиқаётганимда, қўшиқ куйлаётганимда, ўз ишимни бажараётганимда, “мана шу нарсага отамиз қандай баҳо берардилар? Тушунармидилар? Ёки тушунмасмидилар? Бунга яхши қарармидилар, ёки устидан ҳазил қилармидилар?” деган фикрлар хаёлга келади. Энди “шундай отанинг ўғлисиз” дейилгандан сўнг, саҳнага чиққач, шу номга лойиқ бўлишимизни билдириш керак. Бу атайлаб қилинмайди, бу нарса ичингиздан келиб чиқади. Баландпарвоз гап бўлмасину, барибир шу фикр саҳнага чиққанингизда ва бошқа ижодий ишларингизда илҳом бағишлайди.

 foto (14)

Акмал Мирзо: - Сизни сўнгги пайтларда, бир-икки концерт дастурларида, “Истиқлол” санъат саройи саҳнасига чиққанингизда, бир ҳолатни кузатдим. Баъзи санъаткорлар саҳнага чиқади, лекин саҳнада гўёки йўқ бўлиб қолгандек... Лекин, Мансур Тошматовнинг номи эълон қилиндими, гўё “Истиқлол” санъат саройи саҳнаси тўлиб кетади. Бунинг сири нимада?

foto (17)

Мансур Тошматов: - Раҳмат, сиз айтган гапларни артистик комплимент, деб биламан. Ҳамма сирларимни ҳам айтиб қўйсам, бўлмайдию...

foto (11) 

Акмал Мирзо: - Лекин, бу суҳбат, ёш хонандалар учун мастер-класс!

foto (16)

Мансур Тошматов: - Бу нарсани битта сўз, ёки бир гап билан англатиб бўлмайди! Бу ҳиссиёт. Дейлик, мен учун саҳнадан ортда бўлаётган ҳаёт, бошқа ҳаёт! Мен иккита ҳаёт кечиряпман. Сиз мени 60 ёш дедингиз, мен эса, 120 ёшга тўлаётгандек бўляпман! Саҳнадаги ҳаёт, умуман бошқа ҳаёт! Санъаткор ўзини бу ёқдаги оддий яшаб турган ҳаётидан бўлиб, ажратиб олиб, бошқа ҳаёт билан саҳнага чиқишини имконияти бўлганида, саҳна ўшанда тўлади!

foto (3)

 foto (13)

Эфир давомида тингловчилардан ҳам кўплаб саволлар бўлди ва улар орасида, Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев ҳам телефон орқали Мансур Тошматовни 60 ёши билан табриклаб, ўз саволларини берди. Савол-жавоб ўзаро ҳазилга ҳам айланиб кетди. Ёдгор Саъдиев Мансур Тошматовга унинг отаси Ғанижон Тошматовнинг Ёдгор Саъдиевнинг отасига Марғилонда қилган бир яхшилигини айтиб, “Сен ҳам қачон отангни қилган ишини қиласан?” деб, ҳазиломуз савол берди Мансур Тошматов ҳам “Домланинг айтганини қилу, қилганини қилма” деб, ҳазил билан отаси қилган ишни қила олмаслигини билдирди. Ҳазиллар барчанинг кайфиятини кўтариб юборди.

 

Ёдгор Саъдиев: - Менга бир ваъда бергандинг, 70 ёшгача, “Эй сабо” қўшиғини эфир орқали айтаман, дегандинг. Шундоқ овоз! Мумтоз қўшиқлар, бу овозни қадрига етиб, кутиб турибди!

Мансур Тошматов: - Раҳмат! Менда бир фикр бор, агар қўшилсангиз, жўровозлик санъати сал сусайиб кетаётгандек. Шуни иккаламиз биргаликда кўтарсак! Шунда “Эй сабо”ни ҳам бирга куйласак бўлади! Энди иккаламизнинг овозимиз қандай тўғри келаркин? Сиз пастидан олсангиз, мен тепасига чиқаймикан? “Эй сабо”нинг юқориси баланд-ку!

Ёдгор Саъдиев: - Йўқ, йўқ, сен мени юқорисига чиққанимни кўрмаган экансан, эшитмаган экансан!

Мансур Тошматов: - Майли, сиз у ёғини ҳам олинг, бу ёғини ҳам олинг! Мен ўртасида тураман!

Ёдгор Саъдиев: - Сенга ўша ўртаси яхши!

Мансур Тошматов: - Ўртасида юрганим учун ҳам, ҳозир жонли ижрода қўшиқ айтиб юрибман.

Ёдгор Саъдиев: - Сен билан жўровоз бўлиб, “Эй сабо”ни биргаликда куйласак! Жонли ижрода куйлаб, ҳар доим инсонларга Ўзбекистон Халқ артисти эканлигингни яна бир бор эслатиб турасан! Омон бўлгин! Сенга омад тилайман!

 

Ўзбекистон Халқ артисти Ёдгор Саъдиев билан бўлиб ўтган қисқача савол-жавобдан сўнг, савол бериш навбати, яна Акмал Мирзога ўтди.

 foto (14)

Акмал Мирзо: - Баъзи пайтда ёшлар ҳақида гап кетганда, дангасалик, ялқовлик, кам ижод қилиш каби ҳолатлар ёшларимиз орасида, учраб туради, дуч келиб ҳам қоламиз. Лекин, сизлар Ёдгор ака 70 ёшга қараб кетмоқдалар, сиз 60 кирдингиз, шу пайтда ҳам, чойхонада кўк чой ичиб, ёнбошлаб дам олиш ўрнига, янги ижод намуналари ҳақида, катта қўшиқларни жўровоз бўлиб куйлаш ҳақида, бош қотирмоқдасизлар. Баъзи ёши катта санъаткорлар “бу нарса керак” деса, баъзилари буни инкор этади. Санъаткор учун қачондир истеъфо керакми?

foto (8)

Мансур Тошматов: - Агар мен бу ҳақида ўйлайдиган бўлсам, ўзим истеъфога чиқиб кетиб қолишим мумкин. Бундай фикрга ҳеч қачон бормаганман, ўйламайман ҳам! Чунки, ҳар бир санъаткор, ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи режалаштириши керак! Ўзига вазифалар юклаши ва шуларни бажариши керак! Усиз биров, у инсоннинг ҳаётини яшай олмайди! Шунинг учун ҳар бир инсон, айниқса, санъаткорлар, ёш бўладими, ёши катта бўладими, ўзи учун қандайдир режалари бўлиши керак. Масалан, биз ҳозир катта ашула ҳақида гапирдик, ёки “Эй сабо” қўшиғи ҳақида гаплашдик. Мен бу қўшиқларни айтмаганлигимнинг сабаби шуки, бир тарафдан бу қўшиқларни жуда ҳам яхши айтадиган бошқа санъаткорлар бор! Мен шуни ўхшата олармиканман, деган фикрга бораман. Лекин, барибир ёши катта бўлган санъаткор, истеъфони ўйламасдан, “ахир қанча қўшиқларни айтмаганман” деб, ўзига шундай саволлар бериши керак. Сизни шундай фикрлар қамраб олган бўлса, ҳеч қачон “истеъфога кетаман, бориб чойхонада дам оламан” деган фикрларга бормайсиз. Масалан, мен учун нафақага, дам олишга ёки таътилга чиқиш йўқ, ҳаттоки менга шанба куни иш бўлмай қолса, дам оладиган бўлиб қолсам, ўзимни қандайдир ғалати ҳис қиламан! Зерикиб қоламан! Фақат иш бўлиши учун эмас, ана шу пайтда ҳам ижод бўлади! Ҳар куни тадбирлар, кечқурун концертлар, албатта жонли ижрода куйлаймиз! Мана шу ёшгача жонли ижрода куйлаш учун нималарни ўйлаш керак? Нима билан шуғулланиш керак? Атрофимда ёшлар ва уларга ўз билимимни, бошимдан кечирганларимни етказиш, санъаткор сифатида улар билан тажрибаларимни баҳам кўриш ёки, уларга устозлик қилиш, уларга қандайдир ёрдам бериш фикрлари билан яшаб юрсангиз, истеъфо ва дам олиш ҳақидаги фикрлар умуман мияга келмаса керак, деб ўйлайман.

 foto (10)

Акмал Мирзо: - Устоз санъаткор Ортиқ ака Отажонов шундай дегандилар, бир озарбайжон ҳофизи ҳаттоки музлаткични кўрса, томоғига таъсир қилар экан! Музлаткичдан нимадир олиб истеъмол қилиш эмас, ҳаттоки кўрганининг ўзида! Жуда ҳам овозига эҳтиёт бўлиб, сақлаб, ҳар хил нарсалар истеъмол қилмай, овозини асрар экан. Мансур Тошматов-чи? Шу ёшида ҳам жонли ижрода куйлаш ва овозни шу ёшгача сақлай олиш осон иш эмас!

foto (4)

Мансур Тошматов: - Энди авваламбор, хонанда бўлиш, овоз соҳиби бўлиш, ўйлайманки, бу ҳам бир неъмат! Бу нарсани асраш, албатта санъаткор бўлганидан кейин, доимий ҳаёт тарзига айланади. Совуқ сув ичмаслик, аччиқ нарсалар емаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик, тамаки чекмаслик керак. Қайси нарса қайси вақт таъсир қилиб қолиши мумкинлигини билиб бўлмайди! Масалан, раҳматли буюк санъаткор, мен “тоға” деб юрган инсон Таваккал Қодиров, кундуз куни иссиқда, бир соат қўшиқ айтгач, мен ўзим у кишига музлаткичдан косада муздек сув олиб чиқиб берганман! Буни ўзлари айтган! Косада совуқ сув, устида муз, музни синдириб, қизиган томоққа ўшани ичарди! Баъзиларга бу нарса таъсир қилмайди. Лекин, ҳар эҳтимолга қарши, санъаткор ўзини асраши керак, барибир. Масалан, спорт билан шуғулланиши керак, саҳнага юм-.юмалоқ бўлиб чиқмасдан, албатта парҳез сақлаши керак. Агар иложи бўлса, ўша ёшликдаги кийимлари ҳам унга лойиқ келиши керак. Мен шундай фикрдаман. Овқатланганда ҳам, жуда ҳам кўп тановул қилиш керак эмас, масалан, мен куни 2 маҳал иссиқ овқат тановул қиламан, нонушта ва кечки тушлик.  Мени ўзимни ҳам парҳезим бор!

 foto (29)

foto (19)

Fattohhon.com: - Санъаткорнинг бахти, нимада деб ўйлайсиз?

foto (1)

Мансур Тошматов: - Буни бир сўз билан ифодалаш қийин! Авваламбор, ҳар бир инсондек соғ-саломат бўлишимизнинг ўзи катта бахт! Кейин, мана шу ёшга келиб, мухлисларга, шинавандаларга эга бўлиш катта бахт! Овознинг жаранглаб туриши ҳам жуда катта бахт! Ҳазил билан айтганда жанговар ҳолатда эканлигингизни ҳис этишнинг ўзи жуда катта бахт! Чунки, санъаткор бирор тарафдан камчилик бўлиб қолса, ёки бирор нарса қўлидан келмайдиган бўлиб қолса, ўйлайманки, бу санъаткор учун жуда ҳам катта бахтсизлик. Санъаткор саҳнага чиқа олиши, чиқиб импровизация қила олиши, жонли ижрода куйлай олаётгани, санъат шинавандаларини ўзига жалб қила олиши, яъни санъаткорнинг кераклилиги, ўйлайманки, жуда ҳам катта бахт!

 

Fattohhon.com: - Санъатга қадам қўйганингиздан буён қанча йиллар ўтди! Ана шу ўтган вақт, ташқи қиёфа тарафлама эса, қалбан сизни қанчалик ўзгартирди?

Мансур Тошматов: - Инсонда ўзгармайдиган саноқли нарсалар бор, бу биринчи навбатда қалб, деб биламан! Қолаверса, овоз, овозим ўша вақтларда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай жаранглаб турибди. Ёшликда олган ноталаримиз, диапазонимиз, қандай бўлса, ҳозир ҳам, шундай диапазон! Лекин, дунёқараш ҳам ўзгариши мумкин. Албатта, ташқи қиёфа, кўриниш ўзгаради! Аммо, ўша қилаётган ишингизга, санъатингизга иштиёқингиз, бўш бўлиб қолмаса, қалбингиз билан овозингиз ўзгармайди!  

 

Fattohhon.com: - Ўз олдингизга ўша вақтларда қўйган мақсадларингизга қанчалик эриша олдингиз, ёки армон ҳам бўлдими?

Мансур Тошматов: - Армонли пайтлар албатта, кўп бўлган. Уларни эслаб ўтишнинг ўзи армон! Лекин, ўйлайманки, ёшлик пайтимдан бери кўп қилинмаган нарсалар, бажара олмаган, етишмаган нарсаларим кўп. Ана шуларнинг уддасидан чиқиш учун ҳозиргача ҳаракат қиламан! Асосийси, янги асарларни ўзлаштириш, янги айтилмаган қўшиқлар айтиш!

 foto (9)

Акмал Мирзо: - Ёшни таъкидлайвериш ғалати ҳолат, аммо барибир бу рақамга мурожаат қилишимиз керак. 60 ёшга кириб, қилган хулосаларингиз?

 

Мансур Тошматов: - Тўғрисини айтсам, мен ўзимни “60 ёшга кирдим” деб, шундай ҳис қилаётганим йўқ! Чунки, шу нарсаларни ўйлашга ҳам вақт йўқ! Агар “шу ёшга кирдим, нималар қилдим?” десам, қандайдир бир нуқтага келиб қолишим мумкин, деб ўйлайман-да! Фақат мен эмас, ҳар бир инсон, “ёшим бир жойга борди, мен энди қаридим”, дейиши, “охирги давр ўтди”, дегандек гап, назаримда. Мен ўйлайманки, қилинмаган нарсалар кўп, ёзилмаган, айтилмаган қўшиқлар кўп, янги кашф этилмаган юлдузлар кўп. Ана шундай фикрлар билан яшаб юрсангиз, “фалон йил яшаб қўйибману, шу йиллар ичида нима қилдим?” деган фикр ҳам келмас экан! Албатта, яхши кунлар ҳам, ёмон кунлар ҳам бўлган! Лекин, ҳамма нарсадан хулоса шуки, кераклилик борми, овоз борми, соғлиқ борми, демак, бу ҳаётни давом эттириш керак! Ёш билан боғлиқ рақамларни ўйлаш керак эмас, менимча!

 foto (5)

Дастур якунида Акмал Мирзо Мансур Тошматовга “юзга кирганингизда ҳам, шундай тетик, баланд овозларда сиз билан суҳбатлашиш насиб рўз айласин!” деб, тилак билдирди.

foto (32)

 “Чой устида” дастурига таклиф учун, дастур муаллифи, радиобошловчи журналист Акмал Мирзога, ҳамда “Ориат доно” радиоси раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз

foto (31)

foto (33)

foto (7)

foto (6)