FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилиши 2017 йил 25 ноябрь куни соат 11:00 да Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг кичик мажлислар залида ўтказилди.
Ҳайъат йиғилишини бошлашдан аввал Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 855-сонли қарори билан “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органи ҳайъатининг Намунавий регламенти” тасдиқланди. Унга мувофиқ Маданият вазирлиги Ҳайъати аъзоларининг янгиланган сони ва шахсий таркиби Ҳукумат қарори билан тасдиқланди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, Ҳайъат – бу вазирликнинг доимий фаолият кўрсатадиган маслаҳат органи ҳисобланади. Унинг ҳуқуқи ҳам, ваколати ҳам катта.
Ҳайъат йиғилишида вазир, вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари, вазирлик тизимидаги республика ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, театрлар, музейлар, тизимдаги таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.
Ҳозирги кунда, ислоҳотлар даврида Муҳтарам Президентимиз ҳамда, Ҳукуматимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига жуда катта эътибор берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3022-сон қарори билан вазирлик зиммасига юкланган вазифалари юзасидан Вазир ўринбосарлари О.Назарбеков, К.Акилова ва У.Қўқонбоев маъруза қилишди.
Ҳайъат йиғилишида Б.Сайфуллаев барча Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияларининг раҳбарларига ишлаш тартибини тубдан ўзгартириш, Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган 7467 маданий мерос объектларини қайта хатловдан ўтказиш, сабабсиз ҳеч қандай меъёрий ҳужжатларсиз ўзлаштирилган маданий мерос объектларида қурилган биноларни, шахсий мулк сифатида ишлатилаётган ерларни ўрнатилган тартибда чораларини кўриш, 5863 та маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари шакллантириш, Ўзбекистоннинг биринчи сураткаши Х.Девонов яшаб ижод қилган маданий мерос объектини сотилишини бекор қилиш ва сақлаб қолиш масалалари юзасидан тегишли муддатли вазифалар топширди.
Сўнги даврларда, Раҳбарият томонидан вазирлик марказий аппаратида ижро интизомининг бузилиши, топшириқларни белгиланган муддатдан кечиктириб бажариш ҳолатлари бўйича ўринли эътирозлар билдирилди. Бу ҳолат бўйича айрим масъул ходимлар огоҳлантирилиб, айримларига эса интизомий жазо – “ҳайфсан” қўлланилди. Бунда Андижон вилоят бошқарма бошлиғи ишдан озод этилди, Сурхандарё, Навоий вилоят бошқарма бошлиқлари ва Ўзбекистон Консерваторияси қошидаги Академик лицейи в.в.б. директорига ҳайфсан, Жиззах вилоят бошқарма бошлиғига огоҳлантириш эълон қилинди.
Шунингдек, фуқаролар мурожаатларини ўз муддатларида тегишлилиги бўйича қўриб чиқиш, обуналарни ташкил этиш, ички ва ташқи туризмни шакллантириш мақсадида веб-сайти йўқ бўлган ҳар бир тизим ташкилотлари раҳбарларига бир ҳафта муддат ичида веб-сайтларини жорий этиш топшириғи берилди.
Ҳайъат йиғилиши иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 июлдаги 127-сон баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасининг 26-бандида белгиланган “Конституция-ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” мавзуйида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юристлар малакасини ошириш маркази масъул тарғибот гуруҳи маърузачиси Б.Тошев томонидан маъруза қилинди. Шу билан бирга, барча раҳбарларга жойларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан байрам тадбирларини ўтказиш ва тарғибот ишларини олиб бориш вазифалари берилди.
Ҳайъат йиғилишининг кун тартибига қўйилган барча масалалар юзасидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.