FATTOHHON.COM
« Все новостиМуниса Ризаева ўзининг 3 кунлик ижодий кечасининг иккинчи кунини янада позитив руҳиятда ўтказди! Концерт бошланишидан то якунига қадар томошабинларга кучли энергия узатиб, жўшқинлик ва динамикани бир зум ҳам тиндирмади.
Концерт бошиданоқ позитив тарзда раққос йигитлар Римлик қадимги ҳарбийлар кийимида, жўшқин рақс намойиш қилишди. Муниса Ризаеванинг ўзи эса қоронғуликдан рақс билан “Қоп-қора” қўшиғини куйлаб чиқиб келди! Илк қўшиқдан сўнг, томошабинлар билан саломлашгач, концерти жонли ижрода эканлигини маълум қилди! ВИДЕОДА!
Шундан сўнг, концертнинг илк блоки давом этди ва кетма-кет қўшиқлар янгради. Айниқса, Муниса Ризаева Премьера тарзида тақдим этган, интернетда репетиция жараёнида эшитилганидаёқ оммалашиб улгурган “Ёмғир” қўшиғи ҳамманинг олқишига сабаб бўлди!
Муниса Ризаеванинг ўзи ҳам, жонли ижрода куйлаш баробарида ҳар бир қўшиққа мос рақсга ҳам тушди. Айрим қўшиқларга саҳналаштирилган рақс композициялари ўзгачалиги билан олқишларга сазовор бўлди! Масалан, рус тилидаги “Чужеземец” қўшиғига саҳналаштирилган рақс, қадимий бир қабила ва унинг аъзолари ўртасидаги жараённи эслатади. Муниса эса, қабила маликаси сифатида таассурот қолдиради.
Навбатдаги блокни миллий қўшиқларга бағишлаган хонанда “Лол қоламан” деб Хоразмчасига хиром айлаб куйлади. Яқиндагина премьера қилинган, аммо аллақачон томошабинлар кўнглидан жой олган “Аламим бор” қўшиғини ҳамма олқишлар билан кутиб олди!
Дуэтлар борасида иккинчи куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон, афсуски концертда иштирок эта олмади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов билан эса, “Бом-бом” дуэтини бирга куйлашди. Бу қўшиққа саҳна кўринишида болажонлар ҳам иштирок этишди. Орқа фондаги декорация мониторида эса, Муниса Ризаева ва Рашид Холиқовнинг турли малика ва шахзодалар қиёфасига “монтаж” суратлари намоён бўлиб, янада қувноқ кайфиятни вужудга келтирди.
Навбат “Сенсиз” қўшиғига келганда бутун зал Муниса Ризаева билан бирга куйлади!
Муниса Ризаева ҳар бир қўшиққа таъриф бериб, томошабинлар билан самимий мулоқотда бўлар экан, келган меҳмонларга ташаккур билдириб, улар орасида шифокорининг ҳам номини тилга олиб ўтди. Шамоллаш туфайли иситмаси гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушаётган хонанда шифокор назоратида бўлса ҳам, концертни қолдирмаган ва шифокор концертгача келиб, уни кутиб турганлиги маълум бўлди. (Концерт якунига етгачгина, кетиш олдидан саҳна ортида ўзини яхши ҳис қилаётганини айтиб, шифокорига яна миннатдорчилик билдириб хайрлашди)
Концерт давомида Муниса Ризаева томошабинлар учун жуда севимли бўлган “Аҳа-охо” билан “Голливуд” қўшиқларини янги талқинда куйлади! Буларни албатта тинглаш керак!
Концерт давомида яна янги қўшиқлар, турли тиллардаги қўшиқлар янгради. Айниқса, хориж попурриси Мунисани яна бир қиррасини, яъни инглиз тилида ҳам жуда яхши куйлай олишини намойиш қилди!
У Майкл Жексоннинг машҳур қўшиқларидан тортиб, Alisha нинг «Made in India»сигача куйлади!
Концерт давомида яқинлар, дўстлар, ҳамкасблар табриклари ҳам ёмғирдек ёғилди! Гуллар, совғалар...
Дилсўз, Умидахон, Шуҳрат Умар, “Миллион” жамоаси вакили ҳамда, бошловчи Даврон Кабулов ва бошқалар... “Мурад Билдинг” раҳбаригача гул билан табриклашди! Шунингдек, концертнинг иккинчи куни Муниса Ризаеванинг Волидаи Муҳтарамаси ва Отаси, ҳамда опаси ҳам томошабин меҳмон бўлишди.
Концерт давомида Муниса Ризаеванинг шогирди, яқин укаси Ямин ҳам, ўз қўшиғи билан иштирок этди! Саҳнага чиққан “Дизайн” жамоаси вакиллари Ямин билан ўзига хос “кичик суҳбат” орасида унга бир ўзгача маслаҳат беришди!
Шунингдек, “Дизайн” жамоаси вакиллари саҳнада ўзига хос танлов ўтказиб, концерт ҳомийсидан томошабинларга совғалар тақдим қилишди! Бу жараён ҳам жуда кўтаринки кайфиятда бўлди!
Концертдаги ҳар бир рақс, ҳар бир композиция ўзига хос бўлиб,
унга мос монитордаги тасвирлар,
ҳамда саҳна декорацияси ҳам, концертга ўзгача руҳият бағишлаб турди!
Жонли ижрода бўлгани учун, Муниса Ризаева саҳнада вақти-вақти билан сув ҳам ичиб турди, кетма-кет қўшиқлар матнларига қараб туришига ҳам тўғри келди. Жонли ижродаги концертлардаги табиий ҳолат...
Муниса Ризаева микрофонни олиб зал бўйлаб томошабинлар билан мулоқотга киришиб, бирга куйламоқчи бўлганида олқишлар тинмади. Аммо, бу ҳолатни томошабинлар истагандек узоқроқ муддат давом эттириш учун, афсуски микрофон (техник носозлик) имкон бермади! Микрофонни яхшилаб созлаб юбориш ҳақида ҳам, таклифлар бўлди, хонанданинг айтишича созлаб юборилди ҳам, аммо барибир “қайсар микрофон” хонандага бўйсунишни истамади... Бу эса, хонандани асабийлаштирса ҳам, у ўзини йўқотмай куйлашда давом этди ва концертдан сўнг, айтишича ҳақиқий “автопилот”да куйлади!
Муҳими, хонанда ўзи орзу қилганидек ва мухлисларига ваъда қилганидек, жонли ижродаги дастурни тақдим эта олди! Ҳозирча саноқли бўлган, жонли ижрода концерт ўтказа оладиган хонандалар сафига Муниса Ризаеванинг ҳам номи мустаҳкам тарда қўшилди, бу эса, унинг ижодида муҳим қадам бўлгани шубҳасиз!
Концерт якунига етгач, концерт ҳақида “Миллион” жамоаси вакили, бошловчи Даврон Кабулов ҳам жуда илиқ фикрлар билдириб, унга концертда иккинчи блок маъқул бўлганлигини, аммо “микрофон”ни яхшилаб созлаш кераклиги, битта одамнинг айби, бутун концертга таъсир қилгани ҳақида ҳам жон куйдириб айтиб ўтди. Албатта, шу куни меҳмон бўлган ҳамкасблари ҳам, томошабинлар ҳам вазиятни ва Муниса Ризаеванинг ҳолатини тўғри тушунишди...
Концертдан сўнг, шамоллаш туфайли бироз иситмаси чиқиб турган бўлса ҳам, Муниса Ризаеванинг концертдан қанчалик кўнгли тўлгани ва фикрлари билан қизиқдик.
Муниса Ризаева: - Тўғриси, бугунги ҳолатда қандай куйлаганимни билмайман, ҳаммаси автоматик тарзда “автопилот”да куйладим! Тўғрисини айтаман, рақсга тушмайман, рақс бу мен учун эмас, лекин бу сафар мени рақс тушиб куйлагани амаллаб кўндиришди! Эля зўр хореограф ва менга катта ёрдам берди, натижада саҳнада рақс тушиб куйладим. Жамоа жуда ҳам кучли ва мен ҳеч нарсани ўйламасдан концерт ўтказдик. Аввалги йиллар, тўғрисини айтсам ҳамма нарса ўзимнинг бўйнимда эди... Натижада ижрога умуман вақт бўлмасди. Бугун бу сафар эса, жамоа ташкилотчилик билан боғлиқ барча ишни қилди, мен эса, фақат ижодим билан шуғулландим! Фақат мени битта минусим бор, (кулиб) қўшиқ сўзлари ҳеч қачон эсимда қолмайди! Шунинг учун ҳам, қўшиқ сўзларига кўп қарашимга тўғри келди. Албатта, ҳам куйлаш, ҳам рақсга тушиш қийин. Хонанда саҳнага чиқдими, саҳнанинг ўз муҳити, ўз “аура”си бор, ўзига тортиб олади! Сиз у билан курашишингиз керак... Бу тарафлама, ҳар доим қийин, ҳоҳ жонли бўладими, фонограммами, қатъий назар саҳнага чиқса бўлди. Шунинг учун ҳам, ўзим санъатга киришимдан аввал, концертларга келганимда, кўриб камчиликларини айтардим. (кулади ва жиддийлашиб) Ҳозир ҳеч қачон бундай қилмайман! Чунки, ўзим ҳам концертлар ўтказдим ва бунинг нима эканлигини яхши тушундим! Концерт ўтказиш қанчалик қийинлигини ўз бошимдан ўтказиб билдим! Масалан, бу концертга 5 ой тайёргарлик кўрдим, шундан 2 ойи рақсга кетди. Тўғриси, (кулади) бу нарсани автоматик тарзда бажардим, қанчалик уддалаганимни Эля билади! Бу ерда саҳнада қандай ишлаётганингизни билмайсиз-ку, буни четдан кузатган одам билади. Мухлисларим инстаграмга видео қўйишган эди, қарасам яхши... Концертда қўшиқларимдан 5 таси янги ва премьера тарзида янгради, булар: “Сеҳрлаб”, “Ёмғир”, “Бом-бом”, “Чужеземец”, “Ўзингни ая” реп билан бирга! Ҳар хил йўналишларда куйладим! Янги қўшиқларни кўпроқ тақдим этмаганимнинг сабаби, чунки мен мухлисларимни соғинтираман! Чунки, мухлис янги қўшиқни кутиши керак, деб ўйлайман. Янги қўшиқларим ичида, “Ёмғир” қўшиғимни сўзи ҳам, мусиқаси ҳам ўзимники!
- Нима учун концерт ёки, шоу эмас, “Ижодий кеча”?
- Чунки, “шоу” деб атагим келмади! Биринчидан, бу ерда турли тилларда қўшиқлар куйладим, турли йўналишда! Энг асосийси эса, мени Халққа яқин бўлгим келди! Томошабинларга бирга ишлайдиган ижодкорларни таништириб, самимий суҳбат қилиб, улар билан мулоқотда бўлгим келди! Шунинг учун ҳам, концерт ёки шоу эмас, “Ижодий кеча” бўлди!
- Дуэтлар борасида, нима учун айнан Райҳон ва Рашид Холиқов?
- Райҳон билан аввалдан мўлжал бўлган, бирга дуэт айтганмиз. Бугун чиқа олмади, тадбири бор экан, бу учун мухлислардан узр сўрадим. “Шахзод” гуруҳи Рашид акани кичкина вақтимдан яхши кўрардим! Шунинг учун ҳам, Рашид акам билан бирга дуэт куйладим!
-Хонанда Ямин билан ҳамкорлик давом этяптими?
-Ямин ўз ўрнини топган, ўзи ишлаяпти. Лекин, қандай маслаҳат керак бўлса, доим тайёрмиз, келади, маслаҳатлашамиз. Аммо, у мени лойиҳам эмас, мен унга йўналиш, имиж ўйлаб танлаб берганман! Унга DJ Yamin деб, танлаганман! Унга, «биламан, санъатни яхщи кўрасан, лекин ҳали кўп ўрганишинг керак» деганман. Чунки, мени ота-онам ҳам, “биринчи мусиқани яхшилаб ўрган, кейин санъаткор бўлсанг арзийди” дейишарди. Лекин, у DJ Yamin бўлмади, қўшиқ куйлаш тарафи устунлик қилди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
КОНЦЕРТДАН ЁРҚИН ВИДЕОЛАҲЗАЛАР
YOUTUBE.COM ДАГИ
РАСМИЙ