FATTOHHON.COM

« Все новости

“ГУМРОҲЛАР” ФИЛЬМИ МАТБУОТ АНЖУМАНИДАН! ВАТАН ҚАДРИ! 26.09.2014 17:23

foto (2)

“ГУМРОҲЛАР” бадиий фильми ёшларни ва умуман барча инсонларни огоҳликка чорлаш, мақсадида, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси асосида “Ватан” киностудиясида яратилган. Фильм ўзбек халқининг осуда, тинч ва фаровон ҳаёти, ҳамда порлоқ келажагига раҳна солмоқчи бўлган ғараз ниятли кимсаларнинг кирдикорларини очиб беришга қаратилган. Фильмнинг асосий ғояси озод ва обод Ватанимизни, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни қадрига етиш, ҳамда бу бахтни қанчалик асраб-авайлашга чорлайди.

foto (3)

Фильм режиссёри Ҳилол Насимов

foto (1)

Фильмда тадбиркор Оллоёр Шукуров (Самандар Ҳамроқулов қаҳрамони) ғаламис кимсалар найрангларига учиб, оиласи ва Ватанидан айрилади ва ўзга юртларда қийинчиликлар гирдобида хор бўлиб, охир-оқибат нақадар аянчли хато қилганини тушуниб етади.

foto (4)

Унинг юртдоши режиссёр Мирза Маҳмудов эса, (Мирза Азизов қаҳрамони) аксинча, ўзга юртлардаги мусофир ватандошлар ҳақида ҳаққоний фильм яратиш истагида бўлиб, сафар чоғи кўплаб мусофирчиликдаги ватандошлар билан суҳбатлашади, ҳамда ўз юртига ғараз билан боқувчи, хориждаги баъзи ғаламис собиқ юртдошларга Ватанимизни қанчалик равнақ топаётганлигини ҳаққоний видеолавҳалар билан исботлаб беради!

Фильмнинг суратга олиш ишлари Андижон, Тошкент ҳамда Америка Қўшма Штатлари ва Туркияда  амалга оширилган бўлиб, актёрлар ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро этишган.

Фильм ғояси ва кучли режиссура, фильм муваффақиятини таъминлаган.

foto (3)

Фильмда Бош ролларни Самандар Ҳамроқулов ва Мирза Азизов ижро қилишган.

foto (2)

Шунингдек, Ҳилол Насимовнинг ўзи ҳам, мусофирчиликда юрт соғинчида яшаётган, фарзандлари, яқинлари нотўғри йўлга кириб, ўзи якка қолган инсон ролини таъсирли ижро қилган.

Фильмда Эркин Комилов, Хайрулла Саъдиев, Бахтиёр Қосимов, Жамила Ғафурова, Сайёра Юнусова, Шаҳло Темировалар ҳам, турли характердаги ролларни талқин этишган.

Фильм саундтрекини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ижро этган.

 foto (6)

27 сентябрь куни “Алишер Навоий” киносаройида мазкур фильмнинг матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 foto (5)

Ҳилол Насимов: - Бугунги кунда бошқа минтақаларда бўлаётган турли зиддиятлар ҳеч кимга сир эмас. Юртимизда эса, тинчлик-осойишталик, фаровонлик. Бизнинг фильмдан мақсадимиз, буни кўра олмаётган кимсаларнинг кирдикорларига назар ташлаш, юртдошларни огоҳликка чорлаш бўлди. Бундан 20 йил аввал, бугунги фаровон ҳаётни, юртимиз озодлигини тасаввур ҳам қила олмай, юртни ташлаб, сиёсий бошпана сўраб кетганларнинг аҳволи ҳозирда нима бўлган? Уларнинг баъзилари кулиб турса ҳам, ичида фиғони фалакка чиқиб турибди. Минг ўзини бахтли кўрсатса ҳам, озгина гаплашилса, ғамли, ўкинчли аҳволда эканлигини дарров пайқаш мумкин. Фильмни суратга олиш жараёнида, биз ўзимиз хорижда бўлиб, шундай инсонлар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг кўплари бизнинг ҳаётимиз, шу ердаги давр билан яшашяпти, яъни юрт соғинчида, юртини қўмсаб яшаяпти. 22 йил олдин, энди нима бўлади, деган қўрқув бўлган, улар юртимизни озод ва обод бўлишини ўйлашмаган ҳам! Энди эса, баъзиларида ортга йўл йўқ! У ерда уларнинг ҳолатини кўргандан кейин, уларнинг дардини, фожеасини чуқурроқ ҳис қилдим ва бу менга фильм ғоясини очиб бериш, ҳамда ўз ролимни ижро қилишимда ёрдам берди.

 foto (6)

Мирза Азизов: - Авваламбор, бу ролга таклиф учун Ҳилол Насимовдан миннатдорман. Бу фильмбарчамизни эзгуликка ва асосийси огоҳликка чорлайди! Ўзга юртларда яшаётган кўплаб ўзбеклар Ватан, деб яшашяпти! Фильмни суратга олиш жараёнларида, хорижда бўлиб, уларга Ўзбекистонда суратга олинган видеолавҳаларни кўрсатганимизда, Ўзбекистон ҳақида гапирганимизда, “Ватан” деб, кўзларидан ёш чиқиб кетяпти. Бундан шуни ҳис қиламизки, биз ўз Ватанимизни, тинч ҳаётимизни қадрига етишимиз керак!

 foto (7)

foto (8) 

Фильм намойишидан сўнг, ОАВ журналистлари фильм ижодкорларига ўз саволлари билан мурожаат қилишди ва мазмунли жавоблар олишди.

Мустақилликка осонликча эришилмаганлигини билиш, бугунги бахтли ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, ҳамда бу бахтли кунларимизга яхши кўз билан қарамаётганлардан огоҳ бўлишимиз учун ҳам, бу каби фильмлар керак!

 “Гумроҳлар” фильми каби, мазмунан кучли фильмлар, ёшларимизда Ватанпарварлик, Ватанга садоқат туйғуларини янада оширади ва бугунги кунда кўз ўрганиб, оддий ҳолдек қабул қилинаётган ютуқларни аслида нечоғлик қадрли эканлигини англатади, деб ўйлаймиз!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto (1)

foto (4)