FATTOHHON.COM

« Все новости

"АСРЛАР САДОСИ" ДОИРАСИДА ХАЛҚАРО АНЖУМАН 07.05.2013 22:00

foto_anjuman(10).jpg

4 май куни соат 15.00 да, VI “Асрлар садоси-2013” анъанавий маданият фестивали доирасида, Бухоро вилояти “Гранд Бухоро” меҳмонхонасида, “Ўзбекистон маданий ва маънавий меросида меъморий битикларнинг ўрни: тадқиқот, кашфиёт ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.

foto_anjuman(7).jpg

Анжуман доирасида, “Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Хива ва Қорақалпоғистон архитектура эпиграфикаси” мавзуларидаги олтита нодир китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

 foto_anjuman(11).jpg

Анжуман иштирокчилари: Эпиграфикачи олимлар (китоб-альбомларни яратиш бўйича иш олиб борган ишчи ва ижодий гуруҳ аъзолари), Франция, Италия, Канада ҳамда ЮНЕСКО мутахассислари, дипломатик корпус, ННТ, ОАВ вакиллари, “Меҳр нури” жамғармасининг “Маънавий билимларни қўллаб-қувватлаш дастури” гранти соҳиблари ва мадраса талабалари. Анжуманда умумий 100 дан ортиқ иштирокчилар иштирок этдилар.

foto_anjuman(9).jpg

Анжуман бир неча қисмларга ажратилган бўлиб, дастлаб, Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар мавзусига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Биринчи қисмда Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган, Хива ва Қорақалпоғистон архитектура эпиграфикасига бағишланган олтита китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ҳар бир китоб билан алоҳида  таништириб ўтилди.

foto_anjuman.jpg foto_anjuman(1).jpg

foto_anjuman(2).jpg foto_anjuman(3).jpg

foto_anjuman(4).jpg foto_anjuman(5).jpg

Китобларни нашр этиш ишлари устида қатор маҳаллий тадқиқотчи ва олимлар иш олиб борганлар. Унда мамлакатимизнинг 6 та ҳудудидаги қадимий меъморий обидаларга битилган ёзувлар, замонавий тилга ўгирилган ҳолда тайёрланган. Уларнинг аксарияти ислом даври ёдгорликлари бўлса ҳам, орасида янада қадимий битиклар туширилганлари ҳам бор.

 foto_anjuman(8).jpg

Кейинги қисм, асосан маърузалардан иборат бўлди.

foto_anjuman(16).jpg

Хорижий иштирокчилардан Профессор, Лувр музейи шарқона маданият ва санъат бўлими раҳбари (Франция) Рокко Ронте, Фан доктори, Римдаги Ла Сапенсия университетидан (Италия) Крузко Фабрицио, Фан доктори, Торонто университети профессори (Канада) Схимелпенек Ван дер Ой, Профессор, ЮНЕСКОнинг Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтидан Шаин Мустафаев маъруза қилдилар.  

Сўнг тарих фанлари доктори, ЎзР ФА қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ҳодими Баҳтиёр Бобожонов, фан доктори, Франция Фанлар академияси Марказий Осиё Археологик тадқиқотлар маркази катта илмий ҳодими Хулио Бендез, ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раис ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ўз фикрларини баён қилган ҳолда, мавзуга оид муҳокамаларни амалга оширдилар.

Анъанага айланиб бораётган “Асрлар садоси” фестивали, миллий маданий меросимизни сақлаш, ҳамда ривожлантириш, Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари маданияти ва ҳунармандчилигини жаҳонга намойиш этиш, ҳамда бойитиш борасида, шунингдек, миллий маданиятимизнинг жаҳонга тарғиботи,  хорижликлар, олимлар, маданият ва санъат мутахассисларни асрий миллий қадриятларимиз билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, араб ҳарфи билан ёзиладиган 36 хат шакли мавжуд бўлиб, турли даврларда уларнинг у ёки бу шаклларидан нисбатан кўпроқ фойдаланилган. Китобат санъати ҳуснихати, кейинчалик меъморий ёдгорликлар ва қабр тошлари битикларида ҳам қўлланила бошланган. Маданий мероснинг мазкур қатламини ўрганиш ҳар жиҳатдан зарур. Чунки, меъморий ёдгорликларимизда, ўзига хос тарихий сирлар яширин назаримизда.  

Меъморий ёдгорликларда ҳуснихатда битилган ёзувлар бир вақтда уч хил вазифани бажарган.

Биринчиси  эстетик вазифа бўлиб, унда ёзув бино деворларига, пештоқлари, равоқлар, бино ёнлари, гумбазлари айланаси ва ҳоказоларга безак берган. Деворлар кўпинча фақат нақш шаклидаги "Оллоҳ" ёки, "Оллоҳ акбар" деган ёзув билан безатилган. Бино пештоқлари ва бошқа қисмларда, ёзувлар турли ислимий нақшлар билан ягона уйғун тизимни ташкил қилган. Мазкур нақш хусусиятларидан келиб чиқиб, бир иншоотда турли хатлар – сулс, кўфий, насх ёки бошқа ёзувлар қўлланилган.

Иккинчиси эса, ғоявий-мафкуравий ва тарбиявий вазифа бўлиб, ёзувлар мазмуни аксарият ҳолларда Қуръони карим оятлари, муборак ҳадислар, Оллоҳ сифатларини ифодалаган.

Учинчи вазифа, бу тарихий-информатив вазифа, битиклар бино кимнинг (қайси бир ҳукмдорнинг) кўрсатмаси билан қачон, қандай тарихий воқеа муносабати билан қурилгани тўғрисида, баъзан бино меъмори ҳақида ҳам, тўлиқроқ маълумот беради. Айрим меъморий битикларда, ҳукмдорнинг фармони, муайян кўрсатмалари, мурожаат шаклидаги сўзлари ёки шеърий байтлар ҳам акс этади.

Тарихимий, миллий қадриятларимизни намойиш этишда, шунингдек, тарих, фалсафа, ҳамда меъморчиликда бундай битикларнинг аҳамияти қанчалик улканлигини сезиш қийин эмас. Тарихий меъморий битиклар, бизнинг миллий бебаҳо маданий-маънавий бойлигимиз, деб ўйлаймиз. Уларнинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта бўлиб, бизни ва буюк аждодларимизни ворисийлик ришталари билан боғлаб туради. Мазкур битикларга кўзингиз тушганида, маънавий, миллий меросимиз, бугунги ёш авлодга ўзлигини, ўз тарихини янада теран англашига нечоғлиқ катта ёрдам беришини сезган ҳолда, ҳақиқий миллий ғурур, ифтихорни ҳис қиласиз.

Шу боис ҳам, "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси ташаббуси ва кўмагида бу хайрли ишга энди жиддий киришилиб, юқоридаги халқаро анжуман каби, кўплаб хайрли ишлар ва тадбирлар амалга оширилмоқда.  

Эслатма: Фонд Форум томонидан нашр этилган “Шарқона хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари” китоби тақдимоти, 2011 йил “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали доирасида, Бухоронинг Жўйбори Калон мадрасасида бўлиб ўтган эди. Мазкур китобни нашр этишда юртимиз олимлари томонидан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида жойлашган дунёга машҳур меъморий обидалардаги мингга яқин ёзувлар ўрганиб чиқилди. “Эпиграфика” термини турли буюмлар (идиш, кийим, сўзана)да ишлатилувчи ҳаттотлик санъатининг ҳар қандай турига нисбатан қўлланилади. Бу ёдгорликлар ҳақидаги нашр, шунчаки уни оммалаштириш бўлибгина қолмай, аждодлар меросини авлодларга етказиш воситаси ҳисобланади. Ёзувларни ўрганиш давомида, Ўзбекистон ўтмишининг ҳали очилмаган қирралари борлиги маълум бўлди. Энг муҳими эса, мазкур ёзувларнинг йўқотилган қисмларини қайта тиклаб, уларни келгуси авлодларга етказишдир.

 foto_anjuman(12).jpg

Бухоро вилояти Мир араб мадрасасининг мударриси хаттот Абдулғофур Раззоқ Бухорий: - Бугунги анжуманда Ўзбекистондаги дуру жавоҳир битикларнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу битиклар халқимиз ва ёш авлод учун беҳад катта аҳамиятга эгадир. Илгари бу ёзувлар ва улардаги сир яширин эди. Бугунги кунда эса, мазкур ёзувларни ўқиб, уларнинг маъносини халққа етказиб бера оляпмиз. Бобокалонимиз Амир Темурнинг ҳам “Куч адолатдадур” сўзлари асли Кўксарой биносига битилган битиклардан биридир. Биз битикларда фақатгина нима ёзилганлигини аниқлабгина қолмай, бу ёзувларнинг қачон ёзилганлиги, ҳаттоки хаттотлар номларигача, шу битикларнинг ўзидан аниқламоқдамиз. Ўзим ҳам хаттот сифатида 40 йилдан буён фаолият олиб бормоқдаман, 7-8 хил ёзувда ёза оламан ва ҳар бир китобга оз бўлса ҳам, ўз ҳиссамни қўша олаётганлигимдан бахтиёрман.

 foto_anjuman(13).jpg

Самарқанд Шоҳизинда ёдгорлик мажмуаси раҳбари, Самарқанд шаҳар бош имом хатиби Умиджон Рустамов: - Мазкур ўтказилаётган анжуман бежиз халқаро анжуман эмас! Дунёнинг турли давлатларидан бу битикларни, бу санъатни ҳақиқий тушунадиган инсонлар, бу кун бу ерга ташриф буюрганлар. Ўзбекистонимизда шундай бой тарихий мерос борки, бу тарихий обидаларимизга битилган битикларимиздир. Улар оят ҳадислар, ўтган аждодларимизнинг ҳикматлари, адабиётимизнинг мумтоз намоёндаларининг ҳикматлари бу ерда ўз аксини топган. Араб имлосида 7 хил услуб бўлса, ана шу 7 хил услубни ана шу “Шоҳизинда” мажмуасида топасиз. 2010 йилда мана шу лойиҳа бошланган бўлса, 2012 йилга келиб “Шоҳизинда” мажмуасида мавжуд бўлган дурдона битикларни ўқиш, таржима ва тадқиқот қилишга муяссар бўлдик. 244 варақдан иборат китоб дунёга келди. Мамнуният билан айтаманки, 700 йилдан буён ҳали ҳеч ким ўқимаган, ҳеч ким билмаган битиклардаги ҳикматларни англашга муяссар бўлдик. Бу Гулнора Каримованинг ташаббуслари билан амалга оширилган мазкур лойиҳа туфайли юз берди. Бу у кишининг тарихимизга бўлган чексиз ҳурматларининг нишонасидир. “Шоҳизинда” мақбарасидаги битикларни 3 ой давомида тадқиқот қилиб, ўқишга муяссар бўлдик. Улар оддий ёзилмаган. Биринчиси, сулҳ услубида устма-уст қилиб,  ёзилган экан. Биринчиси, “Тинчлик фақат розилик билан”, “Қалб яқинлиги фақат яратган билан”, “Гўзал хулқлилик бу кечиримлиликда”, “Дўстлик аҳдига вафо биландир” деб ёзилган экан. Бу “Шоҳизинда”нинг ичида ёзилган 8 қирралик медальон “Шоҳизинда”нинг рамзига айланди.   

 foto_anjuman(14).jpg

Дилрабо Барнаева рассом, педагог: - Неча асрлардан  буён обидалар ичра яширинган сирларнинг очилиши, хаттотларимизнинг тадқиқотлари натижасида амалга оширилди. Бу албатта, катта меҳнат эвазига юзага келди. Мен анжуманда ўзим учун катта маънавий таассурот олдим. Бухорода қайта таъмирланган ёдгорликларимизни бориб, кузатганимда уларнинг пештоқларидаги ёзувларга кўзим тушганида, “уларда нима ёзилган экан” деб, билишга қизиққан эдим.  Буни қарангки, ҳозир мана шу анжуманда тақдим қилинаётган нодир китоблар орқали, эндиликда ҳаммамиз бу сирлардан воқиф бўлишимиз мумкин. Албатта, бу анжумандан олган билимларимни ўз ўқувчиларимга етказаман.

 

Салимахон Файзиева Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими: - Фарғона водийсидаги тарихий обидалар жуда ҳам кам ўрганилган эди. Асосан, Самарқанд, Бухоро обидалари нисбатан кўпроқ тадқиқ қилинган. Фарғонада деярли тарихий обида сақланмаган деган бир стреотип ҳам пайдо бўлган эди. Мазкур лойиҳа давомида эса, мана шу стреотип нотўғри эканлиги маълум бўлди. Фарғона водийсидаам маҳобатли тарихий обидалар сақланиб қолган экан. Уларнинг кўплари Шўролар даврида ва баъзи бир қисмлари зилзилалар даврида бузилиб кетган. Шунга қарамай, бугунги кунгача етиб келган обидалар, ўзларининг меъморий тузилмалари, нақшлари ва битиклари билан бетакрорлигининг гувоҳи бўлдик. Мазкур лойиҳа туфайли бу битиклар илк маротаба илмий тадқиқ қилинмоқда. Обидалардаги нақшларнинг номларини кекса усталар, реставраторлардан сўраб, аниқлаган ҳолатда китобга киритдик. Уларнинг номланишлари, ким томонидан қурилганлиги борасида ҳам аввалги маълумотларда чалкашликлар юзага келган экан. Лойиҳа туфайли, маълумотлар аниқлаштирилди.

 foto_anjuman(15).jpg

Рокко Ронте профессор, Лувр музейи шарқона маданият ва санъат бўлими раҳбари (Франция): - Археолог сифатида шуни айтишим мумкинки, мазкур анжуманни ташкил этишдан мақсад, маданий меросни ўрганишдир. Бу китоблар менда катта таассурот қолдирди. Уларнинг тақдимоти вақтида, ўзим катта қизиқиш билан кузатдим. Музей ходими бўлсам ҳам, ҳар доим бундай имкониятга эга бўлмайман. Мазкур китобларни маданий меросни тарғиб қилишда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Мазкур анжуман ва “Асрлар садоси” фестивали давомида ўзим учун кўплаб янгиликларни қабул қилиб олмоқдаман. Биринчи навбатда, мазкур анжуман учун, Фонд Форумга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 

Давид Схиммельпэннинк ван дер Ойе Профессор, тарихчи: - Мазкур фестивал ва анжуманга келишдан олдин Бухоро ва Самарқанд, обидалар ҳақида ҳеч қандай тўлиқ тасаввурга эга эмасдим. Чунки, уларни фақат суратлар орқали кўргандим. Ўтган йили бир марта қисқа муддат Тошкентда бўлган эдим холос. Бу гал эса, 2 ой муддатга келдим ва батафсилроқ маълумотларга эга бўлмоқдаман. Биринчи навбатда, мени қувонтирган ҳолат, бу ўзбек халқнинг меҳмондўстлигидир. Бу ерда ҳам, юқори билимлар олимлар борлиги мени қувонтирмоқда. Таассуротларим бир олам. Ўзбек халқининг миллий маданияти, миллий қадрият ва обидалари, тарихи менга жуда ҳам манзур бўлди.

 foto_anjuman(23).jpg

Мурод Ражабов актёр: - “Асрлар садоси” ҳозирги кунда миллий анъанага айланиб бормоқда. Мазкур фестиваль биринчи марта ўтказилганда унинг меҳнатини, шу билан бирга аҳамиятини ҳис қилганмиз. Эндиликда бу тадбир халқ тадбирига айланиб, байрам сифатида нишонланмоқда. Мазкур байрам туфайли биз ўз миллий маданиятимизни янада теранроқ англаймиз. Бой тарихимизга нисбатан ифтихор ҳиссини туяпмиз. Фестиваль орқали миллий анъаналаримиз, этнографиямиз, ҳунармандчилигимиз, урфу одатларимизни бугунга қадар яшаб келаётганини сезамиз. Бу жуда ҳам қувонарли ҳол. Бу фестивалнинг ўтказилаётганлиги замондошларимиз учун катта аҳамиятга эга деб ўйлайман.  

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

 foto_anjuman(22).jpg

foto_anjuman(21).jpg

foto_anjuman(17).jpg

foto_anjuman(18).jpg

foto_anjuman(19).jpg

foto_anjuman(20).jpg

foto_anjuman(6).jpg