FATTOHHON.COM
« Все новости
5 май куни соат 18.00 да Сармишсой дарасида, “Асрлар садоси” фестивалининг энг ёрқин анъанавий тадбирларидан бири, қадимийлик ва замонавий услубни анъаналар ва маданият билан уйғунлаштирган Миллий либослар фестивали бўлиб ўтди. Унда Республикамизнинг барча ҳудудларидан ўзига хос анъанавийлик ва замонавийлик уйғунлашган либослар, намойиш этилди. Тадбирда фестивалнинг бу йилги мезбон дизайнерларидан ташқари, бошқа вилоятлардан ҳам модельерлар иштирок этишди. Анъанага кўра, Навоий вилояти қизлари моделлар тарзида қатнашишди.
Миллий либослар фестивалида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг бошловчи дизайнерлари билан бир қаторда, Фонд Форум томонидан ўтказиб келинаётган турли фестивал ва либослар намойишларида (“Болажонлар-ширинтойлар” болалар мода фестивали, Art Week Style.uz санъат ҳафталиги) бир неча йил мобайнида ўз тўпламлари билан иштирок этиб келаётган дизайнерлар ҳам бор эди.
Жами 15 та тўпламда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва андижонлик дизайнерлар томонидан яратилган анъанавий миллийлик ва замонавийликни ўзида акс эттирган либослар тақдим қилинди. Навоий миллий либослари Бухоро ва Самарқанд таъсири остида шаклланиб борган бўлиб, 3 та тўплам Навоий вилоятига бағишланган - бири Нурота каштачилигига бағишланган бўлиб, ўтмишда либосларда бундай кашталардан фойдаланилмаган бўлса ҳам, дизайнерлар бу услубдан ўз тўпламларида фойдаланиб кўришди. Иккита тўплам эса, Сармишсой петроглифлари, яъни тош чизгилари элементлари асосида яратилган. Шунингдек, Бухоро, Сурхондарё ва Самарқандга бағишланган қатор этнографик тўпламлар ҳам намойиш этилди. Дизайнерлар адрас, хонатлас, шойи, чарм, крепдешин, бўз, духоба сингари матолардан, ҳамда зардўзлик услубидан фойдаланган ҳолда, замонавий ва миллий либосларни намойиш этишди. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти миллий либосларининг ўзига хос ёрқин кўринишлари, ранглари мавжуд бўлиб, бир-биридан фарқли равишда бетакрор эди. Уларнинг келиб чиқиши, ҳудуд тарихи, миллий ҳунармандчиликнинг ривожланиши ва хаттоки, меъморчилик билан ҳам боғлиқ.
Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти миллий либосларининг ўзига хос ёрқин кўринишлари мавжуд бўлиб, улар алоҳида ҳам, бошқа ҳудудлар уйғунлашган ҳолда ўзига хос кўриниш касб этган эди. Бу ўзига хосликларни эса, айнан ўша вилоятлик дизайнерлар томошабинларга етказиб бера олдилар. Улар турли вилоятларнинг ўзига хос кийиниш маданиятини намойиш этиш билан бир қаторда анъанавий либосларни замонавий кўринишда мухлислар эътиборига ҳавола этишди.
2010 йилда хоразмча ёрқин либослар намойиш этилган эди. 2011 йилда зардўзликка асосланган Бухоро либослари, 2012 йилда эса асосий мавзу – Қорақалпоқ миллий либослари бўлган.
Фестивалда иштирок этмоқчи бўлган дизайнерлар ҳудуднинг тарихий либосларини ўрганиш ишлари устида изланишлар олиб боришди. Натижада “Асрлар садоси”да намойиш этилган ажойиб либослар коллекциялари яратилди. Намойиш этилган коллекция либосларидан энг эътиборни тортгани 2 та эркаклар либослари коллекциялари бўлиб, улардан айниқса, “Машраб” либослар коллекцияси ҳаттоки хорижий меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўзига хос креатив йўналишдаги мазкур либослар, эркаклар либосларида ҳам, миллийлик ва замонавийликни уйғунлаштириш мумкинлигини яна бир бор исботлади. Шунингдек, “Осиё рамзи” дизайнерларининг духоба, атласдан тикилган, ҳақиқий миллийлик нафосатини ўзида мужассам этган либослари, Навоийлик моделлар эгнида томошабинларга бир зум қадимий маликаларни эслатиб, ўтмишга сафар қилдиргандек бўлди.
Тиллақошлар, ипак рўмоллару, ҳозирги замонавий материаллар, шимлар билан уйғунлашган атлас кофталар энг нозик дидли, ўта замонавий қизларимизнинг ҳам гардеробларидан жой олишга арзигуликдир. Либослар намойиши вақтида, ҳар бир ҳудудга мос, ўша ҳудуд шукуҳини ўзига мужассам этган мусиқа садолари, моделларнинг мусиқага мос равишда, майин шабада остида, очиқ ҳавода, подиум бўйлаб, товусдек хиром билан одимлашлари томошабинларда янада қизиқишни оширди.
Мазкур миллий либослар фестивали мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам, янги номларни кашф этилишига сабаб бўлди. Иштирокчилар бир-бирлари билан танишиш, тажриба ва фикр алмашиш имконига ҳам эга бўлишди. Либослар фестивали томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Муниса Алимуҳамедова талаба: - “Асрлар садоси” фестивалига биринчи марта келишим. Менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, “Либослар фестивали” га жуда ҳам қизиққан эдим. Намойиш бошида намойиш қилинган коллекциялардан атлас кофталарни замонавийлик билан уйғулаштира олганликлари менга жуда ёқди. Мен ўзим ҳам либосларда миллийлик ва замонавийлик уйғунлашганини қадрлайман. Доим кийимларимда, албатта миллий либослар элементлари бўлади.
Назокат Собиржонова тикувчи: - Менинг дугонам ҳам Навоийлик моделлар сафида иштирок этмоқда. У бухоро услубидаги либосни намойиш этди. Барча коллекциялар менга жуда ҳам манзур бўлди. Ўзим ҳам келгусида мана шундай коллекциялар яратиб, танловларда иштирок этиш орзуси пайдо бўлди.
Денис Тамилин “Осиё рамзи” модельерлар уюшмаси аъзоси: - Бу либослар коллекциясига узоқ тайёрланган эдим. Олқишлар билан кутиб олишганидан хурсандман. Либосларни Навоийлик 70 дан ортиқ моделлар намойиш қилишди. Ҳаммаси ажойиб ўтди. Менинг “Машраб” эркаклар либослари коллекциям барчага манзур бўлганидан бахтиёрман.
Надежда Славудская “World fashion summit” – Коллекциялар барчани ҳайратга солди. Жуда ҳам рангоранг, ёрқин, қизиқарли ва ўзига хос йўналишларда! Айниқса, эркаклар коллекциялари жуда ҳам ҳайратлантирди. Жуда ҳам ёрқин ва креатив услубда, ҳақиқий янгилик бўлди, деб ўйлайман. Шунингдек, бошқа коллекциялардаги либослар ҳам миллийлиги билан эътиборни ўзига жалб этади.
Шаҳло Камолова модель: - Бу ерда модель сифатила иштирок этганимдан бахтиёрман. Мен “Ўзбекистон ипаги” коллекцияси либосини намойиш этдим. Мени ўзимга Нуротага бағишланган коллекция манзур бўлди. Умуман, “Либослар фестивали” жуда ўзгача руҳда ўтди. Ҳеч қачон очиқ осмон остида, либос намойиш қилмаган эдим. Таассуротларим жуда ҳам бошқача бўлди.
Дилноза Аҳмедова дизайнер: - Ҳозир мен ҳам мазкур “Либослар фестивали”да ўзимнинг “Духоба” аёллар либослари коллекциям билан қатнашдим. Барча либосларим ўзбекона ва миллийликка асосланган. Коллекциядаги либосларимни январь ойидан буён бошлаб тайёрлаб келдим. Менга мазкур фестиваль ўтказилаётган жой, бари ўзгача ноодатийлиги жуда ҳам ёқди. Тоғлар бағрида, шамол эсиб турганида, адирда либослар коллекциясини намойиш этиш, бунинг завқини сўз билан таърифлаш қийин.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова